Yana bir uyin Nursiz yakunlandi:
Учрашувнинг биринчи бўлимида ташаббус миллий терма жамоасида бўлсада, Шимолий Корея терма жамоасининг метин ҳимояси (биринчи бўлиб таассуротлари асосида кореяликлар ҳимоясини шундай аташ мумкин) фақат Гейнрихдан иборат ҳужум чизиғимизга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Аксинча қарши ҳужумда кореяликлар жуда хавфли ўйнашди. Фақатгина Игнатий Нестеровнинг маҳорати эвазига дарвозамиз тўрига тўп бориб тушмади. Бир вазиятда Нестеров ўзи билан якка-якка чиққан ҳужумчининг кучли зарбасини қайтарган бўлса, бошқа вазиятда у жарима майдончаси ташқарисига чиқиб тўпни боши билан қайтаришга муваффақ бўлди. Жаримадан берилган зарбани эса Игнатий ажойиб сейв орқали бартараф этди. Биринчи бўлим давомида футболчиларимизда ўзаро бир-бирларини яхши тушунмаслик кўзга ташланиб турди. Рауф Инилеев илк дақиқалардан терма жамоамизни 4-5-1 схемаси остида майдонга туширди.
Иккинчи бўлимда эса ўйин схемаси 4-4-2 га ўзгарди. Натижада терма жамоамизнинг ҳужумкорлиги бироз ошди. Биринчи бўлимда якунланмай қолиб кетган ҳужумларимиз, иккинчи бўлимда ноаниқ зарбалар билан якунланаверди. 65-дақиқада майдонга Улуғбек Бақоев тушганидан сўнг, ўша ноаниқ берилаётган зарбаларга аниқлик кирди-ю, лекин зарба кучи паст бўлгани учун кореяликлар дарвозабонига тўпни ушлаб олиш ортиқча қийинчилик туғдирмади. Ҳа айтганча, Игнатий Нестеров 2-бўлимда яна қаҳрамонлик кўрсатди. 60-дақиқада дарвозабон билан хотиржам бирга-бир вазиятга чиққан ҚХДР футболчиси Игнатийни алдаб ўтди ва бўш қолган дарвозага тўп йўллаётганда Нестеров унинг зарбасига оёқлари билан тўғаноқ бўлди!
Терма жамоамиз томонидан учрашув давомида кам сонли хавфли вазиятлардан бири 77-дақиқада содир этилди. Сервер Жепаров майдон марказидан туриб Улуғбек Бақоевни дарвозабон билар бирга-бир вазиятга чиқарди. Лекин Улуғбекка тезлик етишмади. Натижада дарвозабон тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. Ўйин давомида миллий терма жамоамизнинг қанотлари деярли ишламади. Иккинчи бўлимда ўнг қанотда Иномов ва Ғофуровлар тўпни ҳаводан жарима майдончасига етказишга ҳаракат қилиб турди, бироқ ҳимоячилар ишончли ҳаракат қилишди. Терма жамоамиз ўз ҳужумларини кўпроқ марказдан ташкил қилишга ҳаракат қилди. Лекин йигитларимизга Шимолий Корея футболчилари имкон беришмади.
Сўнгги кунларда қайд этилган натижалар шуни кўрсатмоқдаки, айни вақтда Қатар миллий терма жамоаси бизга нисбатан яхши спорт формасида. Дохадаги учрашувда Рауф Инилеев қарши ҳужумда ўйнаши аниқ. Агар бугун ҚХДРда пайдо бўлган имкониятлар Дохадаги учрашувда бизда пайдо бўладиган бўлса, Шацких, Гейнрих каби футболчиларимиз улардан фойдалана олишига ишонамиз. Қатарда бизни қийин учрашув кутиб турибди. 6 сентябрь куни бўладиган дастлабки расмий учрашувда йигитларимиздан шижоат ва ғалаба кутиб қоламиз!
Ўзбекистон – Шимолий Корея – 0:0
Ўзбекистон: Нестеров, Ашурматов, Алиқулов (Х.каримов, 63), Иномов (Исмоилов, 71), Суюнов, Ахмедов (З.Тожиев, 46), Ҳайдаров, Жепаров, Магдеев (Т.Кападзе, 46), Карпенко (А.Ғофуров, 61), Гейнрих (Бақоев, 65).