ЎЗБЕКИСТОН 1-САВАТДАН ЖОЙ ОЛДИ
3 июль куни Қатар пойтахти Доха шаҳрида 2011-йилги Осиё чемпионатининг саралаш босқичига қуръа ташланади. “Aspire Dome” мажмуасида ўтказиладиган маросимда 20 та жамоа бешта гуруҳга бўлинади.
Таъкидлаш лозимки, ҳозирданоқ мусобақанинг финал қисмида иштирок этадиган тўртта терма жамоанинг номи маълум. Булар ўтган йилги Қитъа чемпионатининг совриндорлари – Ироқ (чемпион), Саудия Арабистони (кумуш медал соҳиби) ва Жанубий Корея (бронза медали соҳиби), шунингдек, мезбонлар терма жамоаси – Қатар.
Уларга сафига гуруҳ босқичи якунларига кўра, 10 та энг кучли терма жамоалар ва ОФК чақирув Кубоги-2008 ва 2010 ғолиблари қўшиладилар. Жами 16 та жамоа бўлади.
Жамоалар қуръа ташлаш учун саватчаларга бўлинди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси унга кўра, 1-саватчадан ўрин эгаллади.
Апрел ойида квалификацион босқичининг ўйинлари ўтказилган. Ўзбекистон терма жамоаси билан 2010-йилги Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичида бир гуруҳдан жой олган Ливан терма жамоаси ҳар иккала учрашувда Мальдив оролларини мағлубиятга учратди (4:0 ва 2:1) ва омадли жамоаларнинг иккинчи ўнталиги сафини тўлдирди.
Рейтинг 2007-Осиё чемпионатининг натижалари ва унинг саралаш босқичига асосланиб тузилган. Ўйинлар тақвими қисқа муддат ичида ОФК томонидан эълон қилинади.