Уммул мўминин Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мисвок оғизнинг тозалигига ва Парвардигорнинг розилигига сабабдир», дедилар (Аҳмад ва бошқалар ривояти).
Мисвок тутишнинг, яъни, новда ва шу каби нарсалар билан тиш ва милкни тозалаш ва уларга илашган сариқлик ва ноҳуш ҳидни кетказишнинг машруълиги.
Бундай қилиш ўтган пайғамбарларнинг суннатларидан экани ворид бўлган. Биринчи бўлиб Иброҳим алайҳис-салом мисвок ишлатганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мисвок тутиш оғизни ноҳушликлардан тозаловчи ва Парвардигор таборака ва таолони рози қилувчи иш эканини айтганлар. Мисвокни баён этувчи ва унга тарғиб қилувчи 100 дан ортиқ ҳадислар мавжуд бўлиб, бу эса унинг шариат соҳиби тарғиб қилган ва уни қилишга қаттиқ қизиқтирган суннати муакқада (кучли суннат) эканига далолат қилади. Мисвок тутишнинг бир қанча фойдалари бор, улар ичида энг каттаси мазкур ҳадисда ишора қилинган, оғизнинг поклиги ва Парвардигорнинг розилигига сабаб бўлишидир.
Мисвок ишлатиш – ароқ (arok), зайтун, уржун каби дарахтлар томири ёки новдасидан олинган, титилиб кетмайдиган ва оғизни шилиб, жароҳатлаб қўймайдиган юмшоқ қаламча билан оғизни тозалаш билан ҳосил бўлади.
Мисвокни ҳамма вақт ишлатиш суннатдир. Ҳатто, саҳиҳ қавлга кўра, рўзадор киши ҳам кун бўйи мисвок ишлатиши мумкин. Унинг суннатлиги махсус вақтларда, хусусан таҳоратда яна ҳам кучаяди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимга қийин қилиб қўйишдан ташвиш қилмаганимда эди, уларни ҳар таҳорат қилганда тишларини мисвок билан тозалашга буюрган бўлар эдим», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадис таҳорат қилаётганда, яъни оғиз чайқаш пайтида мисвок ишлатиш суннати муакқада эканига далил бўлади. Чунки, у оғизнинг яхшироқ тозаланишига ва покланишига сабаб бўлади. Шунингдек, хоҳ фарз, хоҳ нафл намоз ўқиш олдидан мисвок ишлатиш ҳам суннатдир. Чунки, биз Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш пайтида ибодат шарафини изҳор қилиб, комиллик ва поклик ҳолида бўлишга буюрилганмиз. Тунги ёки кундузги уйқудан уйғонганда ҳам мисвок тутиш суннати муакқадалардан саналади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда турсалар, оғизларини мисвок билан ишқалардилар. Сабаби, уйқу пайтида ошқозондан ажралиб чиқувчи буғлар (газлар) оғизнинг бўйини ўзгартириб қўяди. Шу ҳолда мисвок ишлатиш оғизнинг бўйини йўқотади. Шунингдек, овқатланиш сабабли оғиз ҳиди ўзгарганда ҳам мисвок тутиш суннати муакқада саналади. Қуръон ўқиш олдидан Аллоҳнинг Каломи тиловати учун оғизни поклаш мақсадида мисвок ишлатиш ҳам суннатдир.
Мисвок билан оғизни поклаш уни милк ва тишларга юргизиш билан бўлади, аввал оғизнинг ўнг томонидан бошлайди, мисвокни (ноҳуш нарсаларни кетказишда ишлатилгани учун) чап қўлда ушлайди.
|