Ўтган сонларда берилган миссионерлар домига тушганлар ҳақида ҳикоя қилгандик. Ушбу воқеаларни ўқиб, бизга фикр билдирганлар, хушёр тортгани ҳақида айтиб миннатдор бўлганлар кўп бўлди. Улар орасида бир аёл эса… Келинг яхшиси, унинг сўзларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Аёл аввалига анча вақт жим қолди. Гапни нимадан бошлашни билмаётгани маълум эди. Унинг муаммоси нимада эканлигини билмаганимиз учун ҳаяжонини босишини кутдик. Ниҳоят чуқур хўрсиниб гап бошлади:
— Мен ўз бошимдан ўтганларни ҳикоя қилиб бермоқчиман. Бу воқеаларга ҳеч нарсани билмай, тушунмай туриб аралашиб қолгандим. Ўшанда оилам жуда оғир аҳволда эди. Эримнинг оёқлари автоҳалокат туфайли шикастланган ва уйдан чиқмасди. У киши ва ейман-ичаман деб турган тўрт бола менинг бўйнимда. Пойтахтга яхши ниятда келгандик. Турмуш ўртоғимнинг топиш-тушиши яхши бўлгани учун қийналмаганмиз. Шунинг учун ўз вилоятимизга кетиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмасдик.
— Озгина сабр қилинглар, оёққа турай, ҳаммаси изига тушади, — дерди эрим ҳам далда бериб.
Ўзим ҳам қишлоққа кетишни истамаганим учун ҳамма қийинчиликка чидашга рози эдим. Ижара уйимиз ёнидаги бозорда савдо билан шуғулланардим. Сақич, сигарета, писта каби майда-чуйдаларга қўшиб нон ҳам сотардим. Буни ҳам ўша ердаги бир аёлнинг ёрдами билан амаллардим. Новвойлар билан ҳам ўша аёл гаплашиб берганди.
— Нонларингнинг бир қисмини шу аёлга бериб кетинглар. Устига эллик сўп қўйиб сотса ҳам, ҳарна-да! Болалари ёш, эри касал…
Очиғи, менга нондан кўпроқ фойда қоларди. Пул топиш муаммо эмасди. Муаммом вақт билан…
Эрталаб икки боламни мактабга, иккитасини боғчага қўяман. Уларга нонушта тайёрлаш бараварида тушлик учун ҳам овқат пишираман. Эримнинг ёнига ҳамма нарсани қўйиб, устини ёпиб кетаман. Тушликда албатта уйга келишим ва болалардан хабар олишимга тўғри келади. Бу пайтда яна кечга овқат қилишга ҳам улгуришим керак. Хуллас, уй ва бозор ўртасида бўзчининг мокисидек қатнардим. Турмуш ўртоғимнинг соғайиши чўзилаётгани хавотирга солар, унинг ўзи бундан ва менинг қийналаётганимдан сиқиларди. Уйимизда асабийлик ва хавотир ҳукмрон. Аввалги хотиржамлик, осойишталикни шу қадар қўмсардикки…
Кўнглимнинг таскин топишини истаб, ёнимдагилардан ширин гап кутардим. Шундай кунларнинг бирида бир кампир келди:
— Иккита нон беринг, — у иккита нонни олиб сумкасига жойлади-ю, қўлидаги китобни нон сават устида унутди.
— Хола, китобингиз қолиб кетяпти, — қўлига тутқаздим.
— Майли, сизда қолаверсин. Яхши китоб. Ўқиб ўтиринг, зерикмайсиз. Менда яна бор.
— Раҳмат, — дедиму китобга бир варақлаб, нарсалар устига қўйдим. Савдо билан унутибман. Эртасига нарсаларимни ёяётиб кўриб қолдим. Шу билан харидор келмаган пайтлар мутолаага ўтиб кетдим. Аввалига тушунмадим. Икки кун ўтиб эса ҳалиги кампир пайдо бўлди:
— Ўқияпсизми? Ёқдими? — чеҳраси ёришди унинг.
— Лекин тушунмаяпман. Қизиқ экан-у…
Шу сўзни айтишим билан кампир ёнимга ўтириб олди. Тавба, иши йўқ эканми, кун бўйи жилмай менга китобни тушунтирди. Шунақа ширин гапириб, таскин бердики, анча тинчландим. У эртасига ҳам, индинига ҳам келди. Кўнглимни кўтарадиган гап айтгани учун суҳбатини жон қулоғим билан тинглардим. У менга илмим йўқлигини айтиб, хоҳласам ўргатмоқчи ҳам бўлди.
— Ростдан ҳеч қаерда ўқимаганман, — тан олдим мен.
Бу кампирга қўл келди. Мени тобора ўзига ром қилаётганди.
— Сени бутунлай таскин берадиган жойга олиб бораман, — деди у бир куни.
Шу тариқа уларга қандай аъзо бўлганимни сезмай ҳам қолдим.
Бунда билимим йўқлиги, ўқимаганим, оқим ва секталар ҳақида маълумотим йўқлиги панд берди. Тушунмаганим учун ҳам уларнинг йўли тўғридек туюлди.
— Бу йўл энг тўғри йўл. Агар чин дилдан ишониб, бизга ишласанг, ишларинг ҳам юришиб кетади, — деди кампир.
Улар эримнинг сиҳатгоҳда даволанишига кўмаклашишди. Кейин бозорда ҳам ўз растамга эга бўлдим.
— Кўрдингми, Худонинг ўзи сенга ёрдам беряпти. Унинг бу ғамхўрлиги учун сен ҳам хизмат қил. Биргалашиб Уни одамларга танитайлик. Мана бу китобларни тарқат.
Ростдан улар олдида қарздордек эдим. Шунинг учун ён-атрофимдагиларга китобларни бериб, гапга ола бошладим. Аммо негадир кўпчилик мендан ўзини олиб қочди. Қаранг, шунда ҳам гап нимадалигини тушунмабман.
— Нега бирорта одамни ишонтира олмаяпсан? — койиган бўларди кампир.
Ундан уялиб яна ишга киришардим. Бу орада менга новвойларни гаплашиб берган аёл дардини айтиб қолди:
— Ишларим орқага кетяпти. Сизиники юришиб кетди. Эрингиз ҳам оёққа турди-да, эркак кишининг топганида барака бўлади ўзи?
— Э-э, опа айтсам гап кўп. Шу пайтгача Худони танимай, қандай унга сиғинишни, ният сўрашни билмай юрган эканман. Бир кампир келиб ўргатди-ю, ишларим юришиб кетди.
— Менгаям ўргатинг унда…
Бу айни муддао эди. Дарров унга китобни бердим. Тушунмаган жойларини тушунтирдим. Ҳатто ибодатхонага олиб боришни ҳам эпладим. Бир ой ўтиб у ҳам бизнинг сафимизда эди. У киши тез киришиб кетди. Аъзо бўладиганларни ҳам кўп тўплай олди. Шунинг учун моддий томондан яхши таъминланди ҳам. Оила-аъзолари, қариндошларини ҳам олиб келишни уддалади. Мен эса бу ҳақда турмуш ўртоғимга айтишга ҳам қўрқардим. Кўнглимнинг бир чети тинч эмас, ичимда кимдир «бу тўғри йўл эмас», деётгандек бўларди. Шу тариқа гап эшитсам ҳам бирор кишини даъват қилолмай юрдим. Ана шундай қийналиб юрган кунларим ҳалиги аёлнинг уйидан қўнғироқ бўлди:
— Опа, онамдан ажралиб қолдик.
— Нима? Нега? Нима учун?
— Автоҳалокат…
— Ҳозир бораман.
Ҳали элликка ҳам кирмаган жувонга жуда ачиндим. Уйли-жойли бўлмаган яна иккита фарзанди қолиб кетди. Шундоғам эри йўқ эди.
— Ўз туманимизга олиб кетамиз, — деди марҳуманинг акаси.
— Йўқ! — қарши чиқди аёлнинг катта қизи. У ҳам онаси ва мен каби миссионерлар домига илинганлардан эди.
— Тинчликми? Бу ерда кўмишнинг ўзи бўлмади. Қаердан жой оламиз? — кўзлари катта-катта бўлди тоғанинг.
— Сиз онамни мусулмонлар қабристонига олиб борасиз. Биз мусулмон эмасмиз…
Воқеанинг бу ёғини гапирмасам ҳам бўлади. Таъзияхона бир пасда тўс-тўполон бўлиб кетди. Ҳозиргина юраги ачиб, кўз ёш тўкиб, жигарини ўз қишлоғига олиб кетмоқчи бўлган киши бирдан юз ўғирди:
— Менинг муртаддан қариндошим йўқ! Сизлар менга, мен сизларга ҳеч ким эмас!
Унинг ортидан бошқа яқинлари ҳам эргашди. Келган таниш-билиш, қўни-қўшни ҳам тарк этди. Бир пасда азахона тинчиди-қолди.
— Мен ўзимизга тегишли бўлган бирорта қабристонни гаплашиб келай? — деди мурҳуманинг қизи.
Орадан икки соатлар ўтди. Ҳалиги қиз бир аҳволда кириб келди:
— Энди нима қиламиз? Онамни қаерга кўмамиз?
Ҳамма унга ажабланиб қаради.
— Биз қабул қилган дин қабристонидаги киши «сизлар бизнинг динга эмас, динимизни ниқоб қилиб олган оқимга аъзо бўлгансиз. Бизнинг қабристонда динсизларга жой йўқ», деди. Ялиндим-ёлғордим… Бўлмади. Кейин ўзимизга тегишли қабристонга бордим. Улар эшитишни ҳам истамади…
Бу гапларни эшитиб қотиб қолдим. Наҳот, бир пайтлар менга яхшилик қилган, ўз синглисидек жон куйдирган аёлни шу кўйга солдим? Рост, у мени деб шу кўйга тушди. Мен бошлагандим уни шу йўлга? Наҳот, уни ҳеч қаерга кўма олишмайди? Буни ўйлаганим сари ўлимдан қўрқдим. Наҳот, мени ҳам шундай тақдир кутяпти? Хаёлимга келган фикр бутун танамга қўрқув, ваҳима ва даҳшат бўлиб тарқади. Воқеанинг якунини билишдан қўрқдим. Болаларимни баҳона қилиб хонадонни тарк этдим. Тўғри, бу виждонсизлик. Аммо бунинг даҳшатини ўша ерда бўлган одамгина ҳис қилиши мумкин. Ҳис қилган одам эса дош бера олмайди. Менинг ҳам бардошим етмади. Ўша кундан бошлаб тавба қилдим. Кириб қолган оламимдан чиқишга уриндим. Минг шукрки, чиқдим ҳам. Аммо ўзимни кечира олмайман. Мен туфайли қабрга ҳам нолойиқ кўрилган аёл учун кечиролмайман…
Н.УСАНБОЕВА ёзиб олди