07.07.2010
Элмурод
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўш қирғини билан боғлиқ 1045 та жиноят иши очилган ва Қирғизистон Омбудсмени вакиллари¸ ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, хунрезликларда айбланиб, асосан¸ ўзбеклар қўлга олинмоқда¸ уларга нисбатан қийноқлар қўлланилмоқда.
Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акуннинг айтишича, Жалолобод ва Ўшдаги хунрезликларда айбланиб қўлга олинганларнинг асосий қисми ўзбеклардир.
- Жалолободдаги ҳибсхонада 39 киши сақланмоқда, уларнинг 80 фоизи ўзбеклар, 20 фоизи эса қирғизлардир, деди Турсунбек Акун.
Омбудсменнинг айтишича, унинг вакиллари Бозорқўрғон тумани ҳибисхонасида ҳам бўлишган.
- У ерда сақланаётганлар асосан ўзбеклардир. Улар орасида фақат бир нафар қирғиз йигити бор. Бу ҳибсхонада жами 22 киши сақланмоқда, деди Турсунбек Акун.
Қирғизистон Омбусмени вакиллари олиб бораётган текширув натижасида айрим маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани, уларга нисбатан ноқонуний муносабатда бўлингани аниқланган.
Турсунбек Акуннинг айтишича, қийноққа солинганлар орасида жалолободлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ҳам бор.
Бир неча йил мобайнида милициянинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ва маҳбуслар ҳуқуқлари учун курашиб келган Азимжон Асқаров Бозорқўрғон милицияси томонидан хунрезлик ташкилотчиларидан бири сифатида айбланиб қамоққа олинган эди.
Турсунбек Акун ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров милиция ходимлари томонидан қаттиқ калтаклангани тўғрисида гапириб берди. Омбудсмен бу борадаги маълумотлар ўтиш даври президенти Роза Ўтунбоевага етказилишини маълум қилди.
- Роза Исақовни бу ишни шахсан менга топширган. "Сен бу ишни адолатли текшириб¸ менга маълум қил”, деб кўрсатма берган, деди Турсунбек Акун.
Айни пайтда қирғизистонлик бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари милиция томонидан фақат бир миллат вакиллари қамоққа олинаётгани ва айбни уларга юклашга ҳаракат қилинаётгани мамлакатдаги вазиятни янада беқарорлаштиришга хизмат қилади, деб ҳисобламоқдалар.
- Фақат бир томонни айблаш яхшиликка олиб келмайди. Ўш ва Жалолобод воқеаларида қирғизларнинг ҳам, ўзбекларнинг ҳам, ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг ҳам айби бор. Ҳукумат ва ҳуқуқ – тартибот тузилмалари бундан олдин Бишкек шаҳри атрофидаги туманларда этник туркларга қарши бўлган миллий низоларга панжа остидан қараб келган. Буни ҳам унутмаслик керак, деди ҳуқуқ ҳимоячиси Урмат Қозоқбоев.
Ўш қирғини чоғида бевосита Ўшда бўлиб, вазиятни барқарорлаштириш, ўзбек маҳаллаларидаги аҳволни яхшилашга ҳаракат қилган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова эса айни вазиятда халқаро текширув ўтказилиши шарт¸ деб ҳисоблайди.
- Бу воқеалар юзасидан бор ҳақиқатни айтадиган одам яна норозиликлар, низолар ва хунрезликларнинг бошланишига сабабчи бўлиб қолади. Шу сабабли мен халқаро ташкилотлар Ўш воқеаларини тергов қилиши зарур деган фикрни қўллаб-қувватлайман. Чунки ҳукумат ҳам, бошқа тузилмалар ҳам Ўш воқеалари ҳақида бор ҳақиқатни айтишдан жуда қўрқишади, деди Азиза Абдурасулова.
Ozodlik