Ато қилган ноз-неъматлари учун Аллоҳ таолога ҳамдлар, Унинг бизларга юборган Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамда у зотнинг оли асҳобларига салоту саломлар айтаман.
Эй Аллоҳим, бировга ўргатадиган ва ўзим ўрганадиган илмларимда мени ўз ҳолимга ташлаб қўйма. Ёзадиган нарсаларимдан оладиган насибам нафсимнинг бирор махфий истаги ёхуд шайтон ёки ҳой-ҳавас ортидан келадиган манфур мутаассиблик бўлишидан паноҳ бер.
Эй Аллоҳим, Сендан бизлар билан биродарларимиз ўртасида Ўз ҳузурингдан бир ҳукм чиқаришингни Сендан сўрайман. Токи, у туфайли кўзларнинг пардалари йўқолсин ва у сабали кўнгиллардаги васвасалар, ғаразлар даф бўлсин.
Сенинг розилигингга эришишдан бошқа ният билан иш қилмаслигимиз учун ихлос деб аталмиш неъматни бизга ҳозирлаб қўйишингни ёлбориб сўрайман.
Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан.
Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий
Янги нашр муқаддимаси
«Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир» китоби олдингиларидан фарқланувчи ўзига хос асрдир. Бу китоб бундан олдин ҳам офсет услубида қарийб ўн марта нашр этилган бўлиб, мен шулар орасида иккинчи нашрнинг муқаддимасига ҳеч нарса қўшмаган эдим. Бироқ, ҳозир мана шу янги нашрнинг вужудга келишида фурсатни ғанимат билиб қуйидагиларни айтмоқчиман:
Илмий тил билан ҳамда ҳақорат ва бошқаларни хафа қилмайдиган услуб ёрдамида ҳақиқатни баён қилишлик ана шу ишни қилишга иқтидори бор бўлган ҳар бир киши қилиши вожиб бўлган ишдир. Ва у Аллоҳ азза ва жалланинг: "Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф-наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топувчилардир”, (1) (Оли Имрон:104) деган сўзининг мазмунига дохил бўлади. Бироқ, шундан сўнг шу баён қилишликни баҳс-мунозаралар ва доимий раддиялар силсиласига айлантириб юбориш, шахсий ғалабага эришиш ва нафратини қондириш учун ахлоқсиз иборалар-у ҳақоратли сўзларни ишлатишлик, ана шу бизларга тақиқланган баҳс мунозаранинг ўзгинасидир. Ва бу иш ҳақиқатни баён қилишлик доирасига киришидан ёки юқоридаги ояти кариманинг мазмунига дохил бўлишидан Худонинг Ўзи асрасин!
Ҳақиқатни баён қилиш ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳақиқат ана шу китобдаги баҳсларим давомида Аллоҳ таоло мени муваффақ қилган гаплардир. Модомики одамларда бу китобга бўлган эҳтиёж бор экан Аллоҳнинг иродаси билан янгидан нашр этилажак.
Аммо ана шу ҳақиқатни баён қилишлик мақбул келмасдан ахлоқсиз ва ҳақоратомуз сўзлар билан ҳақорат қилиб юрган кимсаларнинг изидан эргашишга келсак, бас, мен ана ўша нарсаларга шўнғиб қолишдан ёки у томонга оғишмоқдан Аллоҳнинг паноҳини сўрайман.
Баён қилиш учун лозим бўлган доирадан чиқмаган ҳолатда ҳақиқатни баён қилишлик бирлашиш ва ҳамжиҳат бўлишликнинг, соғлом онгни мустаҳкамлашнинг энг муҳим омилларидандир. Ва мен бу ишни қилдим ҳам.
Тортишувлар, баҳс мунозаралар ва ахлоқсиз сўзларга жавоб қайтаришлик эса ҳамжиҳатликни барбод қилувчи энг хатарли омиллардан биридир ҳамда, тафриқа ва хусуматларни келтириб чиқарувчидир. Бундай ишлардан Аллоҳ мени асрашини ва унга шўнғиб қолишдан йироқ этишини сўрайман. Шунингдек, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмаслигини, ҳаммамизни Ўзининг сироти мустақиймида жам қилишлигини, ҳаётимизни Уни рози қиладиган ишлар билан ниҳоялашини сўраб қоламан. Оламларнинг Раббиси бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!
Димашқ. 1405 йил шаъбон ойининг биринчи куни.
1985 йил 21 апрел. Муҳаммад Саид Рамазон Бутий.
Иккинчи нашр муқаддимаси
Мен ушбу рисолани қайта нашр этишда кўп бор тараддудландим. Ана шу тараддудланган вақтимда ўзимга ўзим «Ушбу китобни нашр қилишга қўл уриш билан мусулмонларнинг орасига тафриқа солиб қўймадимми ёки уларнинг бирликларига путур етказмадимми? Ёки бу китобда ёзганларим ичида бировни хафа қилиб қўядиган бирор гап қўшилиб қолмадими? Ёки ёзганларим ичидан бирор бир сатрда беғараз соф илмий баҳснинг савиясини ақлнинг шубҳасини кетказиш ўрнига кўнгилга нафрат солиб қўядиган қуруқ гаплар ва зерикарли тортишувлар даражасига тушириб қўймадимми?», деган саволларни бердим.
Бировни хафа қилиш ёки юксак илмий мунозарани бировларнинг устидан кулиш ё бировларни ёмонлаш даражасига тушириб юборишга келсак, мен ёзганларимнинг ҳаммасини бирма-бир текшириб чиқдим. Бир марта рақибнинг кўзи билан ўқиган бўлсам, иккинчи марта оддий одамнинг кўзи билан ўқиб чиқдим. Аллоҳга шукр, бирор бир инсонни хафа қиладиган маъно ва оҳангдаги бирорта қаторни учратмадим.
Аммо, мана шу илмий баҳсимни нашр этиш билан мусулмонларнинг бирлигига путур етказмадимми, деган эҳтимолга келадиган бўлсак, эътиқодлари ва дунёқарашлари турлича бўлган китобхонлар орасида ушбу китобим ҳақидаги фикрларга қайта-қайта қулоқ солдим. Унга алоқадор менга келган кўплаб мактубларни қараб чиқдим. Шунда, Аллоҳга шукр, жамоат орасига тафриқа, бирлигига рахна солганимни ва ҳамжиҳатлигини барбод қилганимни кўрмадим. Аксинча бу китобнинг нашри юқоридагиларнинг бутунлай тескарисини вужудга келтирди. Зеро, бу китобнинг нашр этилишида бир бирига қарама қарши бўлган иккита таъсир бўлиб, ҳар иккиси ҳам мусулмонларнинг жуда кўп фирқаларини ҳаддан ошиш ҳам, нуқсонга йўл қўйиш ҳам мавжуд бўлмаган мўътадиллик сафида тўплашга ёрдам берди.
Китобхонлар орасида тўртта фиқҳий мазҳаблардан бирортасига тақлид қилишда бидъат ва мутаассибликкача етиб борганлари бор эди. Агар шофеъий бўлса ҳанафийнинг ортида намоз ўқимайди. Ўзи бирор масала ҳақида Қуръон ва Ҳадисдаги далилларни чуқур ўрганиб чиққач, далиллар ўз мазҳабининг зиддига эканини кўриб ҳам ўзининг имомига тақлидини тарк қилишни ўзига ножоиз деб билади. Ана ўша одамлар бу мавзуда менинг ёзганларимни ўқиб чиқиб ўз мутаассибликларидан воз кечдилар ва тўғри тасаввур ва изланишга эга бўлдилар ҳамда бу мавзуда мўътадиллик йўлини тутдилар.
Китобхонлар орасида тўртта имомларга нисбатан ғайриоддий мутлақ жаҳолат йўлини тутганлари бор эди. Улардан бирлари ана шу имомлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига рақобатчи кимсалар холос. Уларнинг ишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатидан одамларнинг нигоҳини ўзларининг мазҳабларига қаратиш бўлган, деб ҳисоблар эди. Шундай қилиб улар ўзлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўртасидан ана шу зарарли рақобатчи тўсиқларни олиб ташлашликни - ўз эътиқодларига биноан,- ўзларининг мажбуриятлари деб билдилар.
Улар ҳам менинг ёзганларимни ўқиб чиққанларидан сўнг афсусланган ва аламланган ҳолларида ўзларининг қаттиқ адашганликларини билдилар ҳамда ана шу тўрт мазҳаб шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишга эришмоқлик учун лозим бўлган восита эканлигини, уларнинг шариат билан рақобатлашувчи тўсиқ бўлиши умуман мумкин эмаслигини тушуниб етдилар. Оқибатда булар ҳам юқоридагилар сингари истиқомат ва мўътадилликка қайтдилар.
Менга келган кўплаб номаларда ва мен кўрган кўпгина биродарлар билан бўлган учрашувларда йўлнинг ўнг-у сўлида сарсон саргардон юрган кўплаб одамларни ҳар бир мусулмон ахтариб юрган кенг ва тўғри йўлда жамлаб қўйган ана шу икки таъсирнинг кўплаб намуналари бордир.
Шундай экан, мен ана шу ишим билан мусулмонларнинг сафини тўзғитган бўламанми ёки уларни бирлаштирганми?! Қилган ана шу ишим билан мен уларни ҳайрат ва ихтилоф саҳросига қулатдимми ёки уларни ёрқин идрок ва соғлом онг бор жойга чиқардимми?
Лекин сиз китобхон айтишингиз мумкин: Сиз ёзган китобингиз асабига теккан, мусулмонларнинг бирлиги ва соғлом эътиқодларига таҳдид соладиган зарарларини топган кишилар бор. Ҳаттоки, уларнинг орасида бу китобни ўқишдан нафратланадиган ва бор жидду-жаҳди билан одамларни уни ўқишдан қайтариб юрганлари ҳам бор, деб.
Бу тўғри гап!.. Одамлар ичида шунақа иш қилганлари ҳам бўлди. Балки, бу китобни тилга олиб бўлмайдиган сифатлар билан сифатлаганлари ҳам бўлди. Уларнинг айримлари сифатлашича мен жоҳил, миш-мишчи ва каззобман!...
Аммо, буларнинг барчаси мен ҳар хил жамоадаги кўплаб одамларнинг мафкурасини бирлаштирмадим ва Ислом дини келганидан бошлаб ҳозирги кунга қадар салафи солиҳларимиз оғишмай келган тўғри йўлни уларга кўрсатиб бермадим, дегани эмас.
Дарҳақиқат, ана шу одамларнинг ўзлари тўрттала мазҳаблар ҳақида улар динда тасодифан пайдо бўлган бидъатдир ва уларнинг динга ҳеч бир алоқаси йўқ, дедилар. Айримлари ана шу имомларнинг китобларини "тўсиб турувчи”лар деб сифатладилар. Бироқ, ана шуларнинг ҳаммаси барча аждодлар билган ва мусулмонлар авлодма-авлод иттифоқ бўлиб ўтган ҳақиқатни ўзгартира олмади. У ҳам бўлса, ана шу мазҳаблар Исломнинг мағзи ва жавҳарининг ўзгинасидир. Ана шу мазҳаблар барча замонларда мусулмонларга динларининг аҳкомларини кўрсатиб, Роббиларининг Китоби ва Набийларининг Суннатига амал қилиш йўлларини енгиллаштириб бергандир.
Ана шу ноҳақ сўзлар тўртала имомларнинг улардан оладиган насибаси бўладиган бўлса, имомларнинг мақомлари ва ўзларини ҳимоя қилаётган ҳолимда менинг улардан оладиган улушим жоҳил ва каззоб деб, китобимники эса айтишга тил хижолат бўладиган сифатлар билан сифатланиши бўлса нақадар оз ва адолатлидир. Лекин мен яна қайтариб айтаман: ёзган китобим билан бировни хафа қилдимми ёки бировга нисбатан пасткашлик қилдимми? Соф илмий баҳсдан бошқа нима деб ёздим? Ана шу ёзганларим билан мусулмонларни ҳайрат ва изтиробга солиб қўйдимми ёки ўша билан уларни ҳайрат ва изтиробдан чиқардимми? Тақдир мусулмонларнинг имомлари ва уламоларига хизмат қилиш билан мушарраф қилган, ана шу қаламнинг омонатини қўлимда кўтариб юрган мен мусулмон одам кўплаб мусулмонларнинг онгига ёпирилиб келаётган булутларни бир неча сатрлар билан парчалаб ташлашга уриниш ўрнига сукут сақлаб ўтирсам ярашармиди?
Ёзганларим орасида бирор кимсага туҳмат қилмаганимни Роббим кўриб турибди.
Мен билан улардан бирининг орамизда бўлиб ўтган мунозаралардан ёзиб олганларимнинг ҳаммаси айни ҳақиқат бўлиб айрим жумлаларни тақозо қилгани учун лаҳжадан адабий араб тилига ўгиришдан бошқа унга ҳеч бир ўзгартириш киритмадим.
Шундай бўлсада ўз-ўзимдан яна қайтариб сўрайман: мусулмонлар ушбу китобни қайта чоп этилишига муҳтожми? Ахир, ўқиб ўрганганлари орасида қайта чоп этишдан беҳожат қиладиган гаплар йўқми?
Ўзимни қаноатлантирган биринчи жавоб шу бўлдики, китобни қайта чоп этишнинг кераги йўқ ва одамларга тарқалиб кетган аввалги минглаб нусхалар етарли ва кифоя.
Бироқ, мен қатъият билан бу китобни ахтариб юрган одамларни кўрдим. Мен сўраганимда менга кўплаб одамлар бу китобни ҳам унинг ичидагиларни ҳам эшитмаган. Бозордаги нусхалари адо бўлганидан сўнг излашга тушган, деган жавоб бўлди. Аллоҳга қасамки, мен бу мавзуда ҳақиқатни билиш учун одамларнинг шунчалик даражада ёниб-куйишларини тасаввур ҳам қилмаган эдим! Мен эркин нафас олаётган ва кўпдан буён ҳақиқат билан ботил улар учун иштибоҳли бўлиб турган бир масалада ҳақиқатни ва унинг далилларини билганларидан кейин қалблари хотиржам тортиб енгил нафас олаётган кишилардан менга селдек мактублар оқиб келади, деб тасаввур қилмаган эдим.
Дарҳақиқат, мен мусулмонлар жамоасининг тўртта мазҳабга амал қилишдан ва обрўли олим бўлган мазҳаббоши имомларидан воз кечишларини қатъият билан истаб юрган манави одамлардан уларнинг қанчалар оғир аҳволга тушган ва тушаётганларини ана шундан кейин билдим. Ана шу жамоаларнинг кўплари авом ёки ярим авом кишилар бўлиб уларнинг қалбаки мафкураларини фош қилиб ташлашга етарли даражадаги илмий иқтидорлари йўқ эди. Шунга қарамай уларда исломий соғлом фитрат ва соф инсоний ақлдан шу қадари бор эдики, албатта, бу дилга оғир ботадиган, ҳақиқатдан олислатиб ботилнинг ичига тиқиб юборадиган чақириқ эканлигини уларга ҳис қилдириб турар эди. Бу мавзуда уларга бирор бир далилни ёки адолатли бирор бир илмий мезонни кўрсатиб берадиган кишиларга бўлган интилишлари ана шу жойда кучаяди. Ана шу пайтда бу мавзуда қўлларида улар учун фойдали ихчамгина бир китоб бўлишига қаттиқ муҳтож бўладилар.
Иш шундай экан мусулмонлар оммасининг ана шу рағбатларига лаббай дейиш ва бу китобни қайтадан чоп этиш лозим эди.
Ҳозир қўлим билан ана шу китобнинг саҳифаларини варақлаб туриб унинг бирон бир сатрини ўзгартиришга эҳтиёж кўрмадим. Шунингдек, бу китобга ушбу муқаддима ва шу китобнинг биринчи нашри вужудга келганидан сўнг мен билан шайх Албоний ўртасида бўлиб ўтган мунозара тақозо этган изоҳотлардан бошқа бирор бир янгилик киритишга ҳам эҳтиёж сезмадим. Агар мен китобда келган гаплардан бирортаси ҳақида қандайдир изоҳ талаб гаплар ёки раддияларни учратганимда эди албатта изоҳ берган ёки ўзгартирган бўлар эдим. Лекин, ўзларини мен баён қилган ҳақиқатнинг рақиблари деб ҳисоблаган кишилардан ҳеч қандай раддия олганим йўқ. Шунингдек, бу китобни қайтадан чоп этишни қаттиқ талаб қиладиган китобхонлардан ҳам ҳеч бир изоҳ ёки қўшимча талаблар менга келгани эмас. (2)
Хулоса шуки, шайх Носируддин Албоний ушбу китоб ҳақида ўзининг нуқтаи назарини билдириш учун мен билан учрашиш нияти борлигини билдирди ва биз ҳақиқатда учрашдик. Мен унинг фикр мулоҳазаларига қулоқ тутиб билдимки уларни икки нарсага жамлаш мумкин:
Биринчиси. Китобнинг "Мазҳабсизлик шариати исломга таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир”, деган номини катта санашлик. Унинг фикрича мен бу китобда ана шу нуфузли номнинг тўғрилигини кўрсатадиган бирор бир ҳужжат келтирмабман!..
Иккинчиси. Унинг фикрича, менинг китобим раддия қилиб ёзилган Хўжандийнинг рисоласида келган гапларни яхши тушунмабман. Зеро у, шайх Носирнинг ўйлашича, мазҳабларнинг ҳақлиги ва келиб чиқишларини ва мужтаҳидлик даражасига етмаган кишиларнинг уларга тақлид қилиши дурустлигини инкор этмайди. Аммо, Хўжандий ўзи тушуниб чуқур ўрганган далилни четга суриб қўйиб мазҳаббоши имомларга таассуб қиладиган кишиларни қоралайди, холос. Мен шайх Носирнинг бу гапига тўлиқ қўшиламан. Шундай экан, бу ўринда Хўжандийга ҳамла қилишнинг ҳеч ҳам кераги йўқ!
Ўртамизда бўлиб ўтган уч соатлик суҳбатда Албоний билдирган фикр мулоҳазаларнинг хулосаси ана шулар эди.
Мен биринчи иш юзасидан унга шундай дедим: Албатта, китобнинг ҳамма жойи унинг исми тўғри қўйилганига далилдир. Чунки, мен бу китобда тушунтирмоқчи бўлган энг асосий нарса - бу саҳобалар, тобеъинлар ва улардан кейингилар замонасида бевосита Китоб ва Суннатдан ҳукм чиқариб оладиган даражага етмаган мусулмонларнинг иши ана шу даражага эришган имомлардан бирига тақлид қилишдир. Уларнинг ҳар бири хоҳласа имомлардан биттасини маҳкам тутсин ва агар истаса, бошқа бир имомни маҳкам ушласин. Саҳобалар орасида Ибн Аббосдан бошқасининг фатвосидан қаноат қилмайдиганлари бор эди. Шунинг учун ундан бошқасига савол бермас эди. Саҳобаларнинг орасидан бирорталари унинг бу ишини қоралагани ҳеч бир тадқиқотчига маълум эмас. Дарҳақиқат, ироқликлар узоқ йиллар давомида Абдуллоҳ ибн Масъуднинг мазҳабини унинг ўзига, у вафот этганидан сўнг унинг шогирдларига тақлид қилганларича маҳкам тутиб яшадилар. Аҳли илмлардан ҳеч бири бу ишга эътироз билдирмаган. Шунингдек, ҳижозликлар ҳам ироқликлар сингари узоқ йиллар Абдуллоҳ ибн Умарнинг, унинг шогирдлари ва асҳобларининг мазҳабини маҳкам тутиб яшадилар. Аҳли илмлардан ҳеч бири бу ишга эътироз билдирмаган. Ато ибн Абу Рабоҳ билан Мужоҳидлар узоқ вақт Маккада фатво бериш билан шуғулланган ягона кишилар эдилар. Халифанинг жарчиси ана шу иккисидан бошқа ҳеч ким фатво бериш билан машғул бўлмасин, деб жар солиб чиқар эди. Халифа ёки одамларнинг бу ишига тобеъинларнинг уламоларидан ҳеч бири эътироз билдиргани йўқ.
Ана шунча гаплардан кейин фатво сўраш ва тақлид қилишликда битта имомни маҳкам тутишлик ҳаром, деб ҳукм чиқариш Аллоҳ бунга ҳеч бир ҳужжат туширмаган ботил бир бидъат бўлмайдими? Мазҳабсизлик шундан бошқа нима бўлиши мумкин?!
Биз ушбу аниқ масалани яна ҳам аниқроқ қилиш учун шундай деймиз:
Мазҳабчилик- бу авом ёки мужтаҳидлик даражасига етмаган инсоннинг бирор бир мужтаҳид имомнинг мазҳабига тақлид қилишидир. Айнан битта имомнинг мазҳабига амал қиладими ёки бирини қўйиб бошқасиникига амал қиладими, барибир. Мазҳабсизлик - бу авом ёки мужтаҳидлик мартабасига етмаган инсоннинг қандай шаклда бўлмасин ҳеч бир мужтаҳид имомга тақлид қилмаслигидир. (Бу) сўзнинг ана шу маъноси араб тилининг ўзидан келиб чиққан. Истилоҳдагиси ҳам шундай ишлатилади. Одамлар ҳам уни шундай тушунадилар. Масалан, сиз бирор одам тўғрисида агар у ажралмаган ҳолда бирор бир партияга тобе бўлиб юрган бўлса, у партиявийдир, деб айтасиз. Айнан битта партияни маҳкам тутадими ёки бирини қўйиб бошқасига аъзо бўладими, бунинг фарқи йўқ. Яна бошқа бир киши ҳеч бир партияга ҳеч қандай шаклда аъзо бўлмаган бўлса, у партиясиздир, деб айтасиз. Бироқ шайх Носир айтишича "мазҳабчилик” сўзининг бу маъноси бугунги кунда ҳар бир мусулмон тушунадиган маъносидан бошқачадир. (Сифату солаатин набий с.а.в: 232с.) Бу одам нимага ўзини ҳар бир мусулмон учун ҳақиқий намуна деб ўйлаб юради, мен билмадим. Унинг ўзи нимани тушунса ҳамма одамлар шуни тушуниши, нимани тушунмаса ҳамма одамлар унга қўшилиб тушунмасликлари ва рад этишлари керак?! Ўртамизда бўлиб ўтган мунозара вақтида менинг "мазҳабчилик” ва "мазҳабсизлик” сўзларига берган ана шу маъноларни у билмаган бўлса демак, ҳамма мусулмонлар унга қўшилиб ўша маънони билмасликлари ва уни рад этишлари керак эканда!
Устоз Носир айтишича мен ана шу маъно билан бутун бошли рисоламни барбод қилдим. Чунки, унинг фикрича бу маънога асосланса одамлар ҳаммаси мазҳабга эргашадиганлардир. Шундай экан, менинг китобим аслида йўқ бўлган бир тасаввур ҳақидаги гапларга айланиб қолибди. Ўзларини салафийликка мансуб деб юрганларнинг ҳаммаси "мазҳабчилик”нинг шайх Носир тасаввур қила олмаган ана шу маъноси билан ҳақиқатдан ҳам бирор бир мазҳабга эргашадиган бўлганларида, яъни, фикрлари ва мазҳаблари бизларга омонат ўлароқ етиб келган мужтаҳид имомлардан бирортасига эргашмоқликдан ажралмайдиган бўлганларида жуда осон бўлар эди. Айнан битта имомга эргашадиларми ёки бирини қўйиб бошқасига эргашадиларми барибир эди. Агар шундай бўлганида ушбуга ўхшаш мавзуда китоб ёзишнинг ҳеч бир кераги бўлмас эди.
Бироқ, афсуски, шайх Носирнинг гапи воқеъликка тўғри келмайди.
Чунки, бизлар кенг ва тўғри йўлга иршод қилишни истаб турганимиз мана шу одамларнинг орасида тўртта имомлардан бирортасига тақлид қилишни қабул қиладиган ҳеч ким йўқдир. Шубҳасиз уларнинг ҳаммалари бевосита Китоб ва Суннатдан ҳукм олишни даъво қиладилар. Биз ана шу одамларнинг орасида бутунлай саводсизларини кўп кўрдик. Худди ўзи санад, далиллар ва ровийларнинг билимдони ва тадқиқотчисидек, токи биз имомнинг далили ва эътимод қилаётган ҳадисини кўрсатиб, кейин эса далилнинг кучи ва саҳиҳлигини, ҳадиснинг санадини ва ровийларининг даражаларини тушунтириб бермагунимизга қадар улардан ҳеч қайсиси тўртта имомлардан бирортасининг фатвосини ҳеч қачон қабул қилмайди. Ана шу тушунтиришимиздан кейин ҳам ё ана шу имомнинг мазҳабини тўғрига чиқаради ёки уни адашганга ва жоҳилликда айблаб энг сўнги хулосасини билдиради. Ана шу одамлар Марсдан ёки бошқа бир оламдан келган эмаслар-ку! Аксинча, улар ҳам бизга ўхшаш одамлар. Барча шаҳар, маҳалла ва қишлоқ аҳолиси уларнинг устидан арз дод қиладилар. Улар шу даражада кўпки, шайх Носир бемалол улар билан бошини осмон қилиб юрайвериши мумкин. Шайх Носир "аллома” деб атаётган ва рисоласини ҳимоя қилаётган ҳамда уни манфаатли китоб деб мақтаётгани ана шу Хўжандийнинг ўз рисоласидаги мана бу гапларининг маъноси нима? У шундай дейди: "Бу даражага эришиш жуда осондир. Бунинг учун "Муватто”, "саҳийҳайн”, "сунани Абу Довуд”, "Жомеъи Термизий” ва "Насоий”лардан бошқа нарсанинг кераги йўқ. Бу китоблар ҳаммага машҳур ва маълум. Уларни озгина фурсатда ўқиб ўрганиш мумкин. Бас, сен ана шуларни ўқиб ўрган. Агар ўзинг буни билмасанг бу борада сендан олдинга ўтиб кетган айрим биродарларинг сен тушунадиган тилда сенга тушунтириб берсалар ана шундан сўнг сенда ҳеч бир узрга ўрин қолмайди”. Ёки: "Баъзи бир масалаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ривоят етиб келган бўлсаю, сен уларнинг қайси олдин ёки қайсиниси кейин айтилганлигининг тарихини билмасанг бас, сен баъзида бунисини баъзида кейингисини олиб уларнинг барчасига амал қилавер”.
Бас, шайх Носир "мазҳабчи”ликнинг биз берган маъносига эътироз билдирган, ва унга асосланадиган бўлса ҳамма одамлар мазҳабга эргашувчилардан бўлишлари керак бўлади, деб даъво қилгани ана шу гаплар ичида мазҳабга эргашишликнинг бирор бир аломатини учрата оласизми? Ахир у "Муватто”, "Саҳийҳайн”, "Сунани Абу Довуд”, "Жомеъи Термизий” ва "Насоий”ларни одамларнинг олдига қўйишлик билан мазҳаббоши имомларга эргашиш ва уларнинг мазҳабини тутишликнинг йўлини тўсиб қўймадими?! Бу китобларнинг барчаси ўзи айтганидек, ҳаммага маълум ва машҳур бўлган китоблар бўлиб жуда ҳам оз фурсат ичида уларни ўқиб ўрганиш мумкин. "Ва мўминлар учун урушда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилди”. (Яъни, бунинг учун ғала-ғовурнинг кераги йўқ. Тарж.) Лозим тутса тутмаса ҳеч бир мазҳабга эргашишликнинг ҳожати қолмади.
Эҳтимол устоз Носир ибну Таймия, ибнул Қоййим ва Шавконийларни қўшиб айтганда барча имомлар биргина аллома Хўжандийнинг шайх Носир жуда ҳам фойдали деб сифатлаётган рисоласида таъкидлаган гапларига хилоф ўлароқ ушбу китобларни ўқиб ўрганишлик билан киши мужтаҳид бўла олмаслигига, одамларга фатво беришда ва аҳкомларни чиқариб олишда фақатгина уларнинг ўзига таяниб иш қилиб бўлмаслиги, балки ана шуларга қўшиб ижтиҳод қилиш даражасига олиб чиқадиган илмий иқтидор ҳам унда мукаммал бўлиши лозимлигига ҳамфикр эканликларини билар.
Демак шундай экан менинг китобим шайх Носир айтганидек барбод бўлмаган. Аммо, афсуски унга одамларнинг эҳтиёжлари бор бўлиб қолаверади. Мен бу китобга эҳтиёж бўлмаслигини қанчалар хоҳлар эдим.
Иккинчи иш юзасидан ўртамизда бўлиб ўтган гапларга келадиган бўлсак бас, у Хўжандийнинг рисоласидаги очиқ ойдин хатолари ва ҳақиқатдан оғишилари бор бўлган ибораларни мен ўз китобимда таъкидлаб ўтган ҳақиқатга мос келадиган қилиб шарҳлашга тушади.
Шундай қилиб, Хўжандийнинг: "Аммо мазҳаблар ҳақида гапирадиган бўлсак бас, улар аҳли илмларнинг айрим масалалар ҳақидаги фикрлари, тушунтиришлари ва ижтиҳодларидир. Ана шу қарашлар ва ижтиҳодларга эргашмоқни на Аллоҳ таоло ва на Унинг Расули бирор кимсага фарз қилган эмас”, деган сўзлари шайҳ Носирнинг назарича ижтиҳод қилишга муносиб бўлганларга тегишли. Унинг "бирор кимсага” деган сўзидан мурод фақатгина ана шулардир!...
Унинг: "Ушбу йўл яъни, ижтиҳод қилишлик,- жуда осон иш бўлиб, бунинг учун "Муватто”, "Саҳийҳайн”, "Сунани Абу Довуд”, "Жомеъи Термизий” ва "Насоий”лардан бошқа нарсанинг кераги йўқ. Бу китоблар ҳаммага машҳур ва маълум. Уларни озгина фурсатда ўқиб ўрганиш мумкин. Бас, сен ана шуларни ўқиб ўрган. Агар ўзинг буни билмасанг, бу борада сендан олдинга ўтиб кетган айрим биродарларинг сен тушунадиган тилда сенга тушунтириб берсалар ана шундан сўнг сенда ҳеч бир узрга ўрин қолмайди”, деган сўзлари унинг наздида мужтаҳидлик ва насслардан ҳукм чиқара олиш даражасига етишган кишиларга тегишлидир. Демак, иборанинг мавҳум жойи ҳам, шарҳ қилиш ёки раддия бериш керак бўладиган жойи ҳам йўқдир!...
Хўжандийнинг: "... Бас, Китоб ва Суннатдан, саҳобалар розияллоҳу анҳумларнинг гапларидан далил мавжуд бўлган жойда уларга амал қилишлик вожиб. Уларни қўйиб олимларнинг гапига ўтилмайди”, дегани шайх Носирнинг фикрича шариат илмларидан бир оз ўқиб ўрганган ва далиллар ва уларнинг маъноларини англаб етган инсон ҳақида айтилган, деб тушунилади.
Ана шунақа... Хўжандийнинг рисоласида келган шунга ўхшаш ибораларининг барчаси (шайх Носирнинг фикрича) биз ёритиб берган ҳақиқатга тўғри келадиган қилиб таъвил қилинади. Унинг фикрича биз Хўжандийнинг ибораларини китобнинг турли мавзеъларида келган қайдлар ва аниқликлар ёрдамида тушунишимиз лозим. Мен унга: "Уламолардан ҳеч ким бунақа ибораларни ишлатмайди. Ушбу услуб билан аввал умумий қилиб гапириб кейин иборадан очиқ ойдин тушуниб турилган маънодан бошқасини ирода қилса. Ҳеч ким ушбу ибораларни сиз тушунаётган каби тушунмайди”, деганимда у: "Бу одамнинг насаби бухоролик, тили аслида ғайри араб. Шундай экан у бошқа араблар сингари (ўз фикрини) тушунтира олмайди. Қолайверса у вафот этиб кетган. Бас, биз унинг- у ҳам мусулмон,- сўзларини энг лойиқ тарзда тушунмоғимиз ва иложимиз борича у ҳақида ҳусни зоннда бўлишимиз лозим”, деб жавоб берди.
Тахминан уч соатлар давом этган ўртамиздаги ёзиб олинган суҳбатда бўлиб ўтган гапларнинг хулосаси ана шулардан иборат.
Шайх Носир шундан кейин яна бир бор учрашиш таклифини билдириб мактуб юборганида мен унга шундай жавоб юбордим: "Яна бир карра учрашиш ҳақидаги таклифингизга келсак, бас, мен олдинги суҳбатларимизда шуни мулоҳаза қилдимки, айтганимдек, биз ундан бирон бир манфаат олмадик. Зеро, на сиз рисола соҳиби Хўжандийни беайб деган тасаввурингиздан қайтдингиз, ва на мен унинг гапларига берган маъноларингиздан қаноатландим. Менимча сиз шайх Муҳиддин ибнул Арабий каби одамларнинг гапларини ҳам Хўжандийнинг гапларини таъвил қилганларингизнинг тўртдан бирича таъвил қилганингизда эди уни кофирга ҳам фосиққа ҳам чиқармаган бўлар эдингиз. Нима бўлганда ҳам кечаги суҳбатингизнинг мазмуни Хўжандийни ҳимоя қилиш ва унинг сўзлари ҳақиқатдан оғишган деб ёзганимни ҳисобга олмасак, мен ўз китобимда ёритиб ўтган нарсалардан бошқа бирор нарсани кўзда тутмаганлигини тушунтириш бўлди. Хўжандий сиз тасаввур қилганингиздек бўладими ёки мен тасаввур қилганимдек бўладими, барибир. Чунки, нима бўлганда ҳам хоссатан, ўзларингиз Хўжандийнинг сўзларидан мен тушунган фикрларни қабул қилмаслигингиздан бахтиёрман. Шунингдек, одамлар орасига унинг гапларини шарҳлаб ва тўғрилаб тарқатаётганингиздан ҳамда (мужтаҳид) имомларга кўрсатаётган эҳтиромингизни, мужтаҳидлик мартабасига етишмаган кишиларнинг мазҳаббоши имомларга эргашишлари зарурлигини унинг ичига қўшиб қўяётганингиздан ҳам бахтиёр бўлдим.
Учрашиш ҳақида гапирадиган бўлсак бас, мен унинг бирор фойдаси бор, деб ўйламайман. Кечаги учрашганимизда мен фақатгина битта нарсани ҳис қилдим. У ҳам бўлса баъзи фойдали ишларни рўёбга чиқаришим мумкин бўлган уч соат вақтимни зое қилганимдир.
Марҳамат қилиб самиймий саломларимни қабул қилсангиз!..”
Ушбу китобим ҳақида менга етиб келган раддиялар-у мунозараларнинг бори мана шу. Ушбу раддиялар мен ёзиб таъкидлаган гапларни янада қаттиқроқ ушлашимга ундайди.
Зеро, мен аниқ билдимки, мазҳабсизлик шариати исломга таҳдид соладиган энг хатарли бидъатдир. Китобимда ворид бўлган гаплар ана шу ҳақиқатнинг тўғри эканлигини очиб беради. Юқоридаги сабаб тақозо қилган айрим қўшимчалардан ташқари унга бирор бир ҳарфни қўшимча қилишимнинг кераги йўқдир.
Мен ҳали ҳам Хўжандийнинг рисоласини очиқ ойдин ҳақиқатдан оғишмайдиган ва танбеҳ бериш ҳамда огоҳлантириш лозим бўлган оғир ва хатарли хатоларга йўл қўймайдиган ҳар бир адолатли араб тушунганидек тушунаман. Аллоҳ таоло бизларни аниқ иборалар ва жумлаларни тушунишимиз учун таъвил қиладиган, қайдлайдиган ва хослайдиган эшиклар очиб, албатта муаллифнинг мақсади мана будир, деб айтишга сўнгра ана шу ибораларни талаб қилинган шаклда!.. тушунишлари, қайдлашлари ва таъвил қилишларини умид қилиб ҳаммага тарқатиб чиқишимизга буюрмаган.
Аллоҳ таоло уларни шу ишларга мажбур қиладиган баъзи ҳолатлар содир бўлиб туришига қарамасдан, сўфийларнинг шатаҳотларини шу қадар ёки унинг яримича таъвил қилишимизга буюрган эмас. Шундай экан, албатта, у илмий ҳақиқатни баён қилаётган вақтида бутунлай аниқ ва шубҳадан ҳоли бўлган очиқ ойдин далилларга таянади, деб айтаётганлари- бир инсоннинг иборалари ҳақида шу ишни қилишимизга қандай қилиб амр қилсин?!..
Ҳақиқатдан ҳам у ўз мақсадини тўғри тушунтира олмаган ва у мен ёзиб таъкидлаган маънолардан бошқа нарсани кўзда тутган эмас, деб фараз қиладиган бўлсак, ҳар ҳолда китобимнинг унга зарари етмайди. Аксинча Хўжандий менга ташаккур айтмоғи ва мен вафот этиб кетганимдан сўнг ҳаққимга дуойи хайр қилмоғи керак бўлади. Сабаби, мен шу ишим билан мусулмонлар унинг сўзларини нотўғри тушунишларининг олдини олдим.
Ундан сўнг, мазҳабсизликка чақирувчилар ва тарафдорлари орасида мен билан шайх Носирнинг ўртасида бўлиб ўтган мунозара ҳақида нотўғри гап сўзларни тарқатиб юрганлари бор. Аммо, ана шу гап сўзларга тўхталиб ўтиш ёки уларга жавоб қайтариш мен учун муҳим эмас. Зеро, менинг умидим бу мавзуда сарф қилган бор меҳнатим шариати исломияга хизмат қилишдир. Мен бунинг эвазини фақатгина улуғ Парвардигоримдан олишни истайман. Ана ундан кейин мана бу одамлар мен ҳақимда нима десалар деяверсинлар!
Бироқ, улар ёлғондан тарқатиб юрган гап сўзларнинг орасидан китобхонга бу ҳақдаги ҳақиқатни очиб беришим учун тўхталиб ўтишим керак бўлган жойлари бор. У ҳам бўлса менинг падари бузрукворим- у кишини Аллоҳ асрасин, у киши ҳам мунозарамизда қисман иштирок этган эдилар,- шайх Носирнинг фикрларини қўллаб қувватлабдилар ва унга қарши чиқишдан мени қайтарибдилар, деган сўзлардир!..
Бу миш-мишларга жим қараб турсам яхши бўлмайди. Йўқса, бу миш-мишлар Дамашқнинг фақийҳи ва тақводор олими шайх Мулло Рамазон уларнинг фикрларини қўллаб қувватлабди ва бу борада мазҳабсизликнинг энг машҳур даъватчиси билан ҳамфикр бўлибди, деган даъволар билан оддий одамларнинг дилларини анави одамларнинг оғишган томонларига жалб қилиш учун тузоққа айланиб қолади.
Шунинг учун ҳам падари бузрукворим - у кишини Аллоҳ асрасин,- бу ҳеч қандай асоссиз ушбу бўҳтоннинг буюклигини, аслида гап бутунлай тескариси бўлганлигини китобхонларга ёритиб беришимни буюрдилар. Мунозарамиз аниқлик билан ёзиб олинган тасма бунинг энг яхши шоҳидидир.
Қадрли китобхон ушбу муқаддима сўнгида отамизнинг бу ҳақдаги ўз имзолари билан ёзилган сўзларини учратади.
Ниҳоят, мен истардимки қарашларига тўғри келмагани учун бу китобим маъқул тушмаган кишилар мени маъзур тутсалар. Истардимки фақатгина Аллоҳнинг розилигини истаб ўтказиладиган мустақил илмий баҳснинг йўлини сақлаб қолган ҳолда уларни рози қилишга йўл топа олсам.
Бироқ, афсуски, ана шу йўлни топишдан ожизман. Эҳтимол ожизлигимининг энг асосий сабаби анави оғайниларнинг кўплари –менга маълум бўлганидек,- ёзилган гапларни ўқишга ва саҳифаларни варақлаб айрим қаторларга кўз югуртиришдан кўпига сабр тоқат қилмаганлари, кейин эса тилларини истаганларича бўш қўйганликлари ва дилларида нафрат билан қолиб кетишларидир. Шундай экан қандай қилиб уларнинг кўнгилларини топиш мумкин? Ваҳоланки, унга олиб борадиган энг асосий ва энг яхши эшиклар батамом ёпиб қўйилган бўлса. Салафи солиҳ уламо ва имомларимиз ҳам баҳс мунозара қилишган. Улардан ҳар ким бошқаларникидан фарқланиб турадиган ўз фикр ва фиқҳий йўналишларини дафтарга қайд қилиб борган. Барчалари бир-бирларининг фикрларини диққат ва эҳтиром ила ўқиган. Ана шунда улар ё ихтилофлик масалаларнинг энг тор доирасида жам бўлишган ёки агар далиллар кучсиз ва шубҳалар кучли бўлса, ҳар ким ўз фикри ва фиқҳий йўналишида қолган. Бироқ улар мунозара мажлисидан тарқалиб кетишларидан олдин ҳар бирлари бошқа бировини ҳурмат қилган, қадрлаган ва билдирган фикрлари учун узрларини айтиб кетишган.
Демак, ўтиб кетган ўша даврларда илмга асосланган мунозаралар илмий уйғонишнинг энг муҳим омилларидан бири бўлган. Балки, иттифоқликнинг ва фикрлар хилма хиллигига барҳам беришнинг энг муҳим омили бўлган. Ана шундай мунозаралар бугунги кунда ҳам юқоридагиларни рўёбга чиқаришнинг энг муҳим гаровидир.
Мен ҳам ушбу китобимни ёзишда айни шу йўлни лозим топдим ва айни ана шу натижаларни кўзлаб иш тутдим. Шундай экан анави оғайнилар нима учун бизга кек ва адоват билан муомала қиладилар?.. Ўзлари норози бўлган ва юз ўгирганлари ҳолатда қандай қилиб бу китоб ва ундаги гапларнинг устидан ҳукм чиқарадилар?
Бир куни анави одамлардан айримларининг фикрлари тўғрисида улар нотўғри фикрлардир, деганимизда битталари: ҳақиқатда бу одам ижтиҳод қилган ва ўз фикрини билдирган. Кейин эса кўнгли таскин топган гапларни ёзган. Шундай экан сиз ҳам ёзинг ва унинг фикрини муҳокама қилинг, дейдилар. Бугун келиб уларнинг насиҳатини бажарамиз ва ўз фикримизни соф илмий доирада ёзамиз, деб турсак ёзганларимиздан нафратланишни бошладилар. Айримлари бизни келишмовчилик сабабларини қўзғатишликда айблаб китобхонларни уни ўқишдан қайтаришга ҳамда ўз вазифамизни қўйиб бошқасига ўтишликни тавсия қилишга тушиб қолдилар!!..
Ҳақиқатда, диний ва ижтимоий зарар босмахоналарда чоп этилаётган илм фаннинг турли хил жабҳаларига оид соф илмий объектив мунозараларда эмас, аксинча, диний ва дунёвий яхшиликларнинг ҳаммаси ана шулардадир.
Лекин, зарарларнинг энг зўри юксак илмий мунозарадан норози бўладиган, кейин унга ҳақорат ё нафрат ёки мутаассиблик ва маънавий қашшоқликнинг турли кўринишлари билан жавоб қайтарадиган кишиларнинг мавжудлигидадир.
Мен Аллоҳ азза ва жалладан тазарруъ қилиб сўрайманки ҳаётим давомида тарқатган барча илмий ишларимдан оладиган насибам бирор инсонга нисбатан ғаразгўйлик ёки дилдаги ғазабни қониқтирмоқлик ёки жоҳилона мутаассибликни алангалатмоқ бўлиб қолишидан сақласин ва тилим билан қаламимни бирор бир мусулмон биродарнинг кўнглини оғритишдан қайтариб қўйсин.
Муҳаммад Саид Рамазон Бутий. Димашқ. 1390 ҳижрий/ 1970 милодий.
manbaa: islom.uz
DAVOMI BOR...