Рисоладаги янги гаплар: уларнинг далиллари ва уларга раддиялар
Мана энди китобнинг бобларидан мунозарамизга дахли йўқ бўлган масалаларни, низосиз ва муттафақун алайҳ бўлган ишларни таъкидлаш учун эгалари келтирган ўша нассларни ҳам чиқариб ташлаганимиздан сўнг- ана шуларнинг барчасидан кейин муаллиф қасд қилган асосий масала бўлмиш янги ва хатарли бир даъвони учратиб турибмиз. У ҳам бўлса, ким бўлишидан қатъий назар мусулмон одамнинг тўртта мазҳаблардан бирига амал қилиши ҳаром ва унинг бу иши кўр кўрона таассубчилик ҳамда очиқ ойдин адашишликдир. Бу ишни қилганлар, ана ўшалар динни парчалаган ва гуруҳ гуруҳ бўлиб олганлардир. (7 саҳифа)
Келинг, бу даъвонинг тўғри тарафини очиб берайлик ва ўша муттафақун алайҳ бўлган учта масалани беркитиб турган пардани олиб ташлайликда у даъвонинг ҳужжатини ва асосларини сўраб кўрайлик. Имомлар унинг учун келтирган далил ва хужжатлар ушбу даъвога умуман дахли йўқ бўлган масалалардир. Шу даъвони қиладиганлар муттафақун алайҳ бўлган ўша масалаларнинг далилларидан бирортасини олиб туришлари ёки ўз даъволарини улар билан қувватлашлари ва уларга таянишлари мумкин эмас.
Рисоланинг муаллифи ана шу даъволари учун қандай далилларга суянди?
Унинг қисқача далиллари қуйидагилардир:
Биринчи далил: Ислом дини ҳар қандай аъробий ёки мусулмон одам тушунадиган бир нечта осонгина аҳкомлардан бошқа нарса эмас, деган даъво. Бунга юқорида (5-6 саҳифалар) келтирган ўша ҳадисларни ҳужжат сифатида келтиради. Албатта, мазҳаблар ҳам аҳли илмларнинг баъзи масалаларни тушунишдаги қарашларидан ташқари нарса эмас. Ана шу қарашларга эргашишни Аллоҳ таоло ҳам Унинг расули ҳам ҳеч кимга фарз қилган эмас...
Биз шундай деймиз: Агар Исломнинг аҳкомлари Расул алайҳис салом ўша аъробийнинг қулоғига қуйганларидан кейин у тўппа тўғри манзилига кетган ўша саноқли ишлар билан чегаралангани тўғри бўлса, Саҳиҳ ва Муснад китоблари мусулмон одамнинг ҳаётига алоқадор турлича аҳкомларни ўз ичига қамраган минглаб ҳадислар билан тўлиб тошмаслиги керак эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сақийф қабиласидан келган гуруҳга бир неча кунлаб Исломнинг аҳкомларини ва Аллоҳнинг уларнинг зиммасидаги мажбуриятларини ўргатаман деб толиққанликларига қарамасдан соатлаб оёғларида тик турмасликлари керак эди.
Ҳақиқатда, Расул алайҳис саломнинг одамларга Исломни ва унинг арконларини талқин қилишлари бир иш, уларга ана ўша арконларни қандай бажариш кераклигини таълим беришликлари бошқа бир ишдир. Нариги иш учун озгина фурсат бўлса кифоя. Бу иш эса меҳнатни, ўрганиш ва сабр тоқатни талаб қилади.
Шунинг учун ҳам Ислом арконларини қисқа муддат ичида умумий тарзда англаб етган ўша мусулмон жамоаларга уларнинг ичларида яшаган ҳолда Исломнинг турли аҳкомлари ва мажбуриятларини уларга таълим беришлари учун ўзларининг энг хос саҳобаларини қўшиб юборар эдилар. Зеро, Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни Нажронга, Алий розияллоҳу анҳуни Яманга, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу билан Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни ҳам Яманга, Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳуни Сақийфга юбордилар. Ана ўшаларнинг ҳаммаларини рисола соҳиби ҳужжат қилиб келтирган ўша Исломни тез англаб оладиган аъробийга ўхшаганларга таълим бериш учун юбордилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатиб тушунтирганларига қўшимча тарзда уларга шаръий аҳкомларни батафсил ўргатишлари учун (юбордилар).
Устоз Носир биз аниқ ёритиб берган ана шу гапларнинг очиқ аксини ифодалайдиган иборалари учун у бухоролик ажам киши бўлганидан ўз фикрини аниқ баён қила олмаган!!, деб Хўжандийни оқлайди ва шу китобни ёзишга қурби етгани учун унга ажру савоблар сўраб дуолар қилади ҳамда бизни мусулмонларнинг сўзларини улар ҳақида яхши гумонда бўлиш принсипига асосан тушунишга чорлайди.
Бизлар эса иборадаги хато билан талаб қилинган маънонинг аксига ҳужжат келтиришликнинг ўртасида қандайдир боғлиқлик мавжуд бўлишидан ажабланамиз. Ҳар ҳолда биз Хўжандийнинг рисоласидан иборадаги хато ва ажамликнинг кўринишларини излар эканмиз ажамлик ёки иборани аниқ ифода қилолмаслик кўриниб турган бирорта жумлага кўзимиз тушмайди. Шундай экан устоз Носир ажам бўлган баъзи сўфийларнинг шатаҳотларини уларнинг ибораларидаги нотўғрилик ва ажамлик асарлари сабабли маъзур тутармикин?! Бу ўринда бизларни чорлаб турган "яхши гумонда бўлиш” принсипига унинг ўзи риоя этармикин?!
Ҳа. Исломнинг илк даврларида Исломдан ўз ечимини ва ҳукмларининг баёнини талаб қиладиган муаммолар оз бўлган. Бунга ўша пайтларда Ислом унчалик кўп ерларга тарқалмагани ва мусулмонларнинг оддийликлари сабаб бўлган. Лекин, кейинчалик Ислом кириб борган ерларнинг кенгайиши, авваллари мавжуд бўлмаган кўпгина анъаналар, урф одатлар ва манфаатлар юзага келиши сабабли бу муаммолар кўпая борди. Ана шулардан барчасининг ўзига алоқадор ҳукмлари бўлиши керак эди. Уларнинг манбаси Китоб ёки Ҳадисдаги насс, Ижмоъи уммат ёки асосга қилинадиган Қиёс бўладими, барибир эди. Чунки, буларнинг барчаси Исломнинг негизи ва мақомидан келиб чиқадиган манбалардир. Аллоҳ таолонинг ҳукми уларни англаб етиш, ўрталаридаги тартиб ва улардан қандай қилиб ҳукм чиқариб олиш учун белгилаб қўйилган шартлар асосида ана шу манбалар бизларни бошлаб борган нарсалардир.
Шундай экан Ислом билан тўртта имомлар ва улар кабилар Исломнинг ана шу асосий манбаъларидан чиқариб олган ҳукмлари ўртасидан қанақа фарқ бор?! Рисола муаллифи қандай қилиб: "Албатта, мазҳаблар ҳам аҳли илмларнинг баъзи масалаларни тушунишдаги қарашларидан ташқари нарса эмас. Ана шу қарашларга эргашишни Аллоҳ таоло ҳам Унинг расули ҳам ҳеч кимга фарз қилган эмас”, дейди.
Ахир бу Исломнинг ёвуз душмани бўлиб танилган олмон шарқшуноси Шахт –қайсарлик ва кибр билан- оғиз тўлдириб гапирган ноҳақ гапларнинг ўзгинаси ку.
Шахт шундай ёзади: "Албатта, мазҳаббоши имомлар таълиф қилиб кетган Ислом фиқҳи фақатгина қонунчилик иши бўлиб у энг сара қонуншунос одамларнинг Китоб ва Суннатга нисбат берилса яхши бўладиган изланишлари самарасидир”. Унинг бу мавзуда ёзган китоби Оврўпадаги Дорулфунунлар ўз талабаларига биринчи бўлиб сабоқ берадиган китобидир.
Агар рисола муаллифи билан олмон шарқшуноси Шахтларнинг гаплари тўғри бўлса, демак, бунинг маъноси "Фуқаролик ҳолатлари ҳақидаги қоидалар”нинг кўпгина ҳукмларига амал қилишлик биз учун шаръан ҳеч нарса эмас. Чунки улар мазҳаббоши имомларнинг ижтиҳодлари ва раъйлари бўлиб рисола муаллифининг таъбири билан айтганда уларга тобеъ бўлишни Аллоҳ ҳам, Унинг расули ҳам ҳеч кимга фарз қилмаган. Шунингдек, эртага уламолар қўмитаси томонидан тузиладиган Исломдаги фуқаролик Кодексига амал қилиш ҳам биз учун шаръан ҳеч нарса эмас. Чунки, унинг кўпгина аҳкомлари ижтиҳодлар ва қарашлар бўлиб Аллоҳ ҳам Унинг расули ҳам уларга амал қилишни бизларга фарз қилиб қўймаган!!.
Ундай бўлса Ислом дин ва давлатдир, деб айтишимиз қандай қилиб тўғри бўлсин?!. Ва нима учун Шахт истаганидек, Ислом фақат диндан иборат эканлигини эълон қилиб ўз хатомизни тўғрилаб қўймаймиз?!
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга исломнинг аҳкомлари ва ҳалол ҳаромдан таълим беришлик вазифасини юклаб зеҳни ўткир, онги тоза ва яхши истинбот қилиши билан ажралиб турадиган саҳобаларини қабилалар ва диёрларга юборар эдилар. Агар Китоб ва Суннатдан аниқ бир ҳужжат уларга керак бўлиб қолса ижтиҳод қилганликлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бу ишларини тасдиқлаганликларига бу уммат ижмоъ қилгандир.
Абу Довуд ва Термизий Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозни Яманга юбораётиб унга: "Агар бирор масалага рўбарў келиб қолсанг нима қиласан?”, дедилар. Муоз: "Аллоҳнинг Китобига қараб ҳукм чиқараман”, деди. "Аллоҳнинг Китобида бўлмасачи?”, дедилар у зот. "Унда Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати билан”, деди Муоз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Агар Аллоҳ Расулининг суннатида ҳам бўлмасачи?”, дедилар. Муоз: "Раъйим билан ижтиҳод қиламан ва бўш келмайман”, деди. (Муоз) дедилар: "Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг кўксимга урдилар ва: ", Аллоҳ расулининг элчисини Аллоҳнинг расули рози бўладиган ишларга муваффақ қилган Аллоҳга шукрлар бўлсин!”, дедилар”.
Ушбу ҳадисни Шуъба Абу Авндан, у Ҳорис ибн Амрдан, у Муознинг дўстларидан, улар Муознинг ўзидан ривоят қилган. Ибнул Қоййим "Иъломул Муваққаъийн” китоби(1\202саҳ.)да бу ҳақда шундай деган: "Бу ҳадис гарчи номлари зикр қилинмаган ровийлардан ривоят қилинган бўлсада, ўша кишилар Муознинг дўстлари бўлгани учун бу ҳадисга унинг зарари тегмайди. Чунки бу ана шу ҳадиснинг машҳурлигини кўрсатади. Чунки бу ҳадисни ривоят қилаётган Ҳорис ибн Амр уни Муознинг битта эмас бир гуруҳ дўстларидан ривоят қилмоқда. Ва бу уларнинг орасидан исми зикр қилинган битта кишидан ривоят қилинганидан кўра машҳурроқдир... Муознинг дўстлари орасида (муҳаддислар томонидан ҳадис тўқишда) гумондор деб топилган, каззоб ва тан олинмаганлари борлиги маълум эмас... Ҳадис илмининг баъзи имомлари: "Бирор бир ҳадиснинг иснодида Шуъбани кўрсангиз, бас, бу ҳадисни маҳкам ушланг”, деганлар. Абу Бакр ибн ал-Хатиб айтадилар: "Убода ибн Насий у ҳадисни Абдураҳмон ибн Ғанамдан, у эса Муоздан ривоят қилган, деган гаплар ҳам бор. Бу муттасил иснод бўлиб ундаги ровийлар ишонарли одамлар сифатида танилганлар. Ҳар ҳолда аҳли илмлар уни ривоят қилиб далил келтирадилар учун ҳам биз бу ҳадис уларнинг наздиларида саҳиҳ экан деган тўхтамга келдик”.”
Булар илмли саҳобаларнинг ижтиҳодлари ва тушунчаларидир. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тасдиқлари ва розиликлари билан одамлар орасида шулар билан ҳукм чиқарар ҳамда шулар асосида иш кўрар эдилар. Бас, шундай экан қандай қилиб улар ҳақида: "Албатта, булар Аллоҳ таоло ҳам Унинг Расули ҳам уларга эргашмоқни ҳеч кимга фарз қилиб қўймаган оддий ижтиҳод ва тушунчалардир”, дейиш мумкин?!
Демак, Исломнинг аҳкомларини тушунишлик биз юқорида эслатиб ўтган ўша ҳадисларни ҳужжат қилганича рисоланинг муаллифи тасаввур қилганидек осон иш эмас ва аҳкомлар ҳам саноқли эмас экан. Аксинча, улар шу даражада бепоён ва кенг қамровликки, турли хил ҳолат ва шароитлардаги хосу-ом ҳамманинг ҳаётига алоқадор барча ҳукмларни ўз ичига қамраб олгандир. Уларнинг барчаси Китоб ва Суннатдан олинган: ё бевосита зоҳирий маъносига қараб, ёки назар қилиш, ижтиҳод қилиш ва истинбот воситасида. Мусулмон одам ана шу икки воситанинг қайси бири ёрдамида ҳукмни тушуниб олса, ўзи ҳақидаги Аллоҳнинг ҳукми ана ўшадир ва ундан юз ўгириши мумкин эмас. Шунингдек, бир киши унинг олдига фатво сўраб келганида шу билан фатво берса, у учун ҳам Аллоҳнинг ҳукми ана шудир. Йўқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз асҳобларини турли қабила ва ўлкаларга юборишлари фойдасиз бўлиб қолар, ўша одамлар уларга қараб: "Сизларнинг тушунча ва ижтиҳодингизга тобеъ бўлишни бизга Аллоҳ ҳам Унинг расули ҳам фарз қилмаган!”, деган бўлар эдилар.
Иккинчи далил: Исломга амал қиламан деган киши Китоб ва Суннатга амал қилиши керак. Бу иккаласи хатодан маъсум. Аммо, мазҳаббоши имомларга эргашишлик эса маъсумни қўйиб маъсум бўлмаганга эргашишлик демакдир. (Рисоланинг 8 ва 12 саҳифалари)
Биз шайх Носирдан сўрадик: "Имомларнинг мазҳабларини, ўзи айтганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг "мазҳаб”ларига муқобил ва шерик қилаётган Хўжандийнинг ушбу мазҳабларни қоралаб айтган: "Эргашиш ва амал қилишлик вожиб бўлган ҳақиқий мазҳаб бу Жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳабларидир”, деган сўзини қандай тушунасиз?”
У эса шундай жавоб берди: "Бу тўғри. Чунки имомларнинг мазҳабларининг ҳаммаси ҳам тўғри эмас. Набий алайҳис салом келтирган нарсада хато бўлмаган бир пайтда имомлар ўз ижтиҳодларида хато қилиб қўйган бўлишлари эҳтимоли бор!”. Биз: "Бироқ, имомларнинг ижтиҳод қилиб эришган самаралари адашадими йўқми, барибир диндан деб эътиборга олинади. Бунга далил у ижтиҳоди учун ажру савоб олиши, модомики ўз хатосидан воқиф бўлмас экан, унга асосан ибодат қилишликнинг вожиб бўлишидир”, дедик. У эса мужтаҳиднинг ижтиҳоди Аллоҳ таолонинг илмидаги ҳақиқатга тўғри келмас экан диндан ҳисобланмайди, деб туриб олди.
Шунда мунозарада қатнашаётганлардан бири- устоз шайх Аҳмад Раъфат Акбозли ундан сўради:
- Ижтиҳод динданми ёки диндан эмасми?
-Диндан.
-Қандай қилиб ижтиҳод диндан бўлиб, ижтиҳод орқали эришилган ҳукм диндан бўлмасин?
-Сиз аҳли илмларнинг мазҳабнинг лозими мазҳаб эмас, деган фикрларига хилоф гаплар билан мени айбламоқчисиз. Ваҳоланки, мазҳаб соҳиби ижтиҳод қилиш диндан, унинг лозими диндан эмас деб очиқ айтиб турибди!!. (Биз таржима қилмасдан айнан ўзини келтираётган "лозим”, "малзум” ва "лузум” калималари мантиқий иборалардир. Масалан, қуёшнинг чиқиши кундуз бўлганини билдиради, десак қуёшнинг чиқиши "малзум”, кундуз бўлиши унинг "лозим”и, қуёш чиққандан сўнг кундуз бўлиши "лузум”идир. Бу ерда эса ижтиҳод қилиш "малзум”, ижтиҳод орқали эришилган ҳукм "лозим”, ижтиҳод қилгандан кейин бирор ҳукмга эришишлик "лузум”дир. Қўшимча маълумот учун: Али ал Журжонийнинг "ат-аърийфот”и "мим” бобига қаралсин.Тарж.)
Сизга "мазҳабнинг лозими мазҳаб эмас” деган ана шу машҳур қоиданинг маьносини тушунишда шайх Носир қизиқ хатога йўл қўйганлигини тушунтириб беришим керак. Аввало, бу қоидани айтганларнинг ўзи уни қайси маънода тушунганликларини шарҳлаб берай: уламолар жумҳури айтадиларки, бир имомнинг ўз мазҳаби борлиги маълум бўлса ва унинг мазҳаби муайян бир принсипга риоя қилса, унинг ана шу принсип келиб чиққан мазҳабга мансублигининг ўзи билан шу принсип унинг мазҳаби деб ҳисобланмайди. Чунки, у икки ўртадаги ана шу лозимликдан бехабар бўлган ёки унга эътибор бермаган бўлиши, натижада лозимини қўйиб малзумини асл деб ушлаган бўлиши мумкин. Эҳтиёткорликнинг тақозоси билан ўзи аниқ қилиб айтмаган гапларни унга нисбат берилмайди. Масалан, мўътазилалар нарсаларнинг зотида яхши ва ёмон сифатлари борки, уларни ақлнинг бир ўзи идрок қила олади, деб ҳисоблайдилар. Аҳли сунна вал жамоа эса бу мазҳабдан нарсалардаги яхши ва ёмон сифатлар аслида уларнинг табиатида бор, яратилган эмас, деган гап келиб чиқади. Натижада Аллоҳнинг нарсаларни яратгувчилик сифати ноқис бўлади ва бундай эътиқод бил иттифоқ куфрдир, дейдилар. Лекин бизлар мўътазилаларга мазҳабларининг ана шу лозимига қараб ҳукм чиқармаймиз ва уларнинг ўзлари аниқ айтмасалар нарсалардаги яхши ва ёмон сифатлар зотийдир, деб айтадилар, демаймиз. Чунки, улар ушбу лозимликка эътибор бермаган ёки уларнинг назарида бу гап ботил бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Аммо улар билан юзма юз бўлганимизда улар ана шу лозимликни тасдиқласалар ана шунда ўзлари тасдиқлаганлари ва аниқ айтганлари сабаблик ўз мазҳабларининг лозими ҳам улар учун мазҳабга айланади. Лозим бўлишнинг ёлғиз ўзи билан эмас.
Бироқ, шайх Носир бу қоиданинг маъноси шуки, одам муайян мазҳабга унинг лозимига амал қилмасдан туриб ҳам эътиқод қилиши тўғридир. Агарчи ана шу лозимликни тушуниб тасдиқлаб турса ҳам!.., деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам шаръий ижтиҳоднинг диндан эканлигига ишонишлик билан ана шу ижтиҳод олиб келган ҳукмларнинг диндан эканлигига ишониш ўртасидаги лозимликни тан олишлик, шу билан бир пайтда ижтиҳод олиб келган ҳукм агар Аллоҳнинг илмида хато бўлса, диндан эмас деган фикрга келиш унинг назарида тўғри иш бўлган бўлар эди. Ҳаммасидан ҳам ажоиби у ўзи тутган йўлнинг тўғрилигига ана шу "мазҳабнинг лозими мазҳабдан эмас!..” қоидасини ҳужжат қилиб келтиради.
Ҳар ҳолда бу одам –катта қийинчиликдан сўнг,- ижтиҳодда хатога йўл қўйиш модомики мужтаҳид ўзининг хатосидан воқиф бўлиб ҳам унда бардоддий бўлмас экан, диндан бўлишига иқрор бўлди. Ана шунда биз унга: "Шундай экан Хўжандий ҳеч бир мазҳаб имоми ўзининг хатоси аниқ бўлган масалада бардоддий бўлмаганини билиб туриб ҳам қандай қилиб тўртала мазҳабларнинг ҳаммаси ҳам ҳақ ва тўғри эмас дейди?”, деган саволни бердик. Ана шунда у Хўжандийнинг мазҳаблардан кўзда тутган асл мақсади уларга эргашгувчилар эканини гапиришга ўтди!!..
У имомларнинг ҳамма фикрлари ҳам тўғри эмас. Чунки улар ўз ижтиҳодларида хато қилган бўлишлари мумкин, шунинг учун уларнинг ҳаммаси диндан эмас, дея қарийб чорак соат мен билан мунозара олиб борди. Қачонки уларни диндан деб тан олишга мажбур бўлиб Хўжандийнинг гапи ботилга айланиб бораётганини кўргач: "Бироқ, бу одам фақат тақлид қилган имомларининг хатоларини кўриб ҳам унга тақлид қилишда доддий этган тобеъларни назарда тутган, айнан имомларнинг фикрларини назарда тутган эмас”, дейишга ўтиб олди.
Шунча гапларнинг барчаси Хўжандийнинг хато қилган ва оғишган бўлишидан сақлаб қолиш, унинг ўзи алломаю рисоласи фойдалилигича қолиши учун бўлди холос.
Раббингиз ҳаққи, менга айтингчи: агар шу иш энг қабиҳ шаклу шамоилдаги таассубчилик бўлмаса, уни нима деб атаган бўлар эдингиз?!..
Биз ана шу ажоиб гапга қўшимча қилиб қуйидагиларни айтмоқчимиз: сизлар бу далил билан кимга хитоб қилмоқдасиз ва кимнинг устидан ҳукм чиқармоқдасиз?.. Агар ўша одамлар муфтий ва имомнинг ёрдамисиз тўғридан тўғри Китоб, Суннат ва бу иккаласига Қиёс қилиш орқали ҳукмни англаб олишга иқтидорли бўлсалар унда сизнинг далилингиз тўғри. Чунки у Аллоҳ ва Расулининг сўзларини бевосита англаб олишдан ожиз бўлмагани ҳолда имомларнинг сўзларига тақлид қилишига рухсат йўқ. Лекин бу юқорида айтиб ўтганимиздек, баҳс ва мунозарамизга алоқаси йўқ масала. Зеро, қадимги ва ҳозирги мусулмонларнинг орасида бу масалада сизлар билан тортишадиган ва баҳслашадиган ҳеч ким йўқ. Агар бу гапларни ҳамма одамларга, ижтиҳод ва истинбот қилиш, далилларни ва уларнинг маъноларини англаб етиш воситаларига эга бўлмаганларга айтаётган бўлсангизлар унда бу ҳақиқатдан ҳам ажоиб гап ва унинг ҳеч бир маъноси тўғри бўлиши мумкин эмас.
Аллоҳнинг каломидаги маъсумлик жойи бу Аллоҳ таолонинг Ўзи шу каломи билан ирода қилган маъносидир. Суннатдаги хатодан маъсумлик жойи эса бу Расул алайҳис салом ўз суннатлари билан ирода қилган маънодир. Аммо одамларнинг улардан оладиган тушунчалари шу одамлар мужтаҳид ё уламо ёки илмсиз бўладиларми, барибир хатодан маъсум бўлишлиги даргумондир.(Башарти Китоб ва Суннатдаги насснинг маъноси ва собитлиги қатъий бўлса, уни ўрганадиган киши араб тилининг билағони бўлса, шунда ҳам уни бехато тушуниши насснинг маъноси қатъийлигидан келиб чиққан бўлади). Агар Китоб ва Суннатдан ҳукм олишнинг воситаси фаҳмлаш бўлса, у иккисини фаҳмлаш биз юқорида истисно қилган сувратдан бошқа пайтда бехато бўлиши мумкин бўлмаган бир уриниш бўлса, у ҳолда авом одамнинг фаҳмлашга уриниб кўриши билан мужтаҳиднинг уриниб кўриши орасида қандай фарқ бор?!... Қуръон хатодан маъсум, сен тобеъ бўлган имом эса адашишдан маъсум эмас деган ҳужжат билан оддий одамни тақлид қилишни тарк этишга чақиришнинг нима кераги бор?! Агар авом ёки жоҳил одамга Қуръондаги нассларни ва Аллоҳ таолонинг ундаги муродини бехато тушуна олиш иқтидори берилган бўлса, одамлар азал азалдан авом ва олимга, муқаллид ва мужтаҳидга бўлинармидилар?!..
Ўйлашимча рисола муаллифи мазҳаббоши имомлар ўз ижтиҳодларини Китоб ва Суннатдан ўзга бир манбаъдан оладилар, бинобарин, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳабларидан алоҳида мазҳаб ва улар Набий алайҳис саломнинг мазҳаблари билан рақобатлашиш ҳамда уни четга итариб ташлаш учун пайдо бўлганлар, деган ҳаёлда бўлса керак. Шунинг учун у ўша мазҳабларга "алданганлар”нинг нигоҳини энг тўғри мазҳабга қаратмоқчи. Бунинг учун уларга Набий алайҳис саломнинг мазҳабида хато воқеъ бўлишидан маъсум бўлган бир пайтда бу мазҳаблар хато воқеъ бўлишидан маъсум эмас, шундай экан маъсумни қўйиб бошқасига қандай қилиб ўтиб кетасизлар?.. деган ҳужжатни келтиради. Бу ғароиб ҳужжатнинг маъносини истаганингиздек тааммул қилиб кўринг. Аллоҳга қасамки, унда биз юқорида айтиб ўтган ана шу маънодан бошқа нарсани ҳечам учратмайсиз.
Учинчи далил: Шубҳасиз, инсон қабрга қўйилганидан сўнг мазҳаби ёки тариқатидан сўралиши ҳақида бирор бир далил мавжуд эмас!...(10 саҳ.).
Кўриб турганингиздек, бу далил рисола муаллифи Аллоҳ инсоннинг зиммасига юклаб қўйган мажбуриятларни билиб олиш учун мезон бу шубҳасиз икки фариштанинг қабрдаги саволларидир, деган эътиқодда эканлигини кўрсатиб турибди. Демак, икки фаришта нима ҳақида савол берса, у фарз, нима ҳақида савол беришмаса, у фарз ҳам эмас, шарийъатга мувофиқ ҳам эмас!.
Билмадим, ақоид китобларидан бирортасида икки фаришта маййитдан зиммасидаги одамларнинг қарзлари ва ваъдалари ҳақида, шаръан нодуруст бўлган савдо сотиқларию муомалотлари ҳақида, аҳлу оиласи ва фарзандларининг тарбисида бепарволиги ҳақида ёхуд беҳудага ўткарган вақтлари ҳақида сўрашлари бормикин?!
Агар Мункар ва Накирлар маййитдан ана шулар ва шуларга ўхшаган нарсалар ҳақида савол беришларига далиллар бор бўлса, унда қарайликчи бу икки фаришта ундан нега ўзи ижтиҳод қилиш ўрнига Шофеъийга тақлид қилгани, нима учун алмаштириб туриш ўрнига битта имом ва мужтаҳидга эргашишни ўзига лозим қилиб олгани ҳақида ҳам сўрашармикин? Агар икки фаришта бу ҳақда сўрасалар, унда рисола муаллифи ҳақ экан, деб гувоҳлик бераман ва гувоҳлик бераманки, мен ва бошқа уламолар ҳамда тадқиқотчилар сахиҳ ҳадисларда келганидек бу иккала фаришталар бир нечта саволларда ўз ифодасини топган исломнинг бор йўқ асослари ҳақида сўрайдилар, Мункар ва Накирларнинг қабрда маййит билан қиладиган ишлари кенг қамровли батафсил ҳисоб китоб қилишдир, деб ҳисоблаган кунимизда хато қилганмиз.
Лекин мен бошқа уламолар ва мусулмонларга ўхшаб ҳали ҳам айтаманки, бу дунёда мусулмонларнинг бўйниларига боғлаб қўйилган мажбуриятлар қабрда икки фаришта улардан сўрайдиган саволлардан кўра кўпроқдир.
Агар яна бир бора рисоланинг муаллифи Китоб ва Суннатдаги далиллардан шаръий аҳкомларни англаб олишда имомларнинг мазҳаблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳабларини четга сурадиган ва у билан рақобатлашадиган мазҳаблар холос, деган эътиқодда эканлигини тасаввур қилмасангиз, ушбу учинчи далилда ҳам бирор бир аниқ маънони ҳаргиз учратмайсиз. Зеро, ана шу имомлар (унинг тушунчасига биноан) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга рақиб ва у зот билан беллашувчи бўлиб майдонга чиққанлар. Табиийки, икки фаришта маййитдан одамларга элчи қилиб юборилган ана шу киши яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муносабати ҳақида сўрашади. Кейинроқ кенг тарқалиб кетган ана шу рақобатчи мазҳаблар ҳақида умуман сўрашмайди!..
Мен ҳурматли китобхондан бунақа услубдаги гаплар билан мени муаллифнинг устидан кулаяпти ва уни ҳақорат қилаяпти, деб ҳисобламаслигини умид қилар эдим. Чунки, Аллоҳ ҳақи, менинг тушунганим шудир ва унинг гапларини тааммул қиладиган ҳар бир одам ҳам шуни тушунади. (Билгилки, эргашишлик ва амал қилишлик вожиб бўлган тўғри мазҳаб шубҳасиз, жаноби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳабларидир, у зот эргашишлик вожиб бўлган буюк имомдирлар. Кейингиси хулафои рошидинлар розияллоҳу анҳумларнинг мазҳабларидир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бирор кишига айнан эргашмоқлик бизларга буюрилмаган. Аллоҳ таоло: "Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар”, деб буюрган. Набий алайҳис салом: "Ўзингизга менинг суннатимни ва хулафои рошидинларнинг суннатларини лозим тутингиз”, деганлар), (12 саҳ.) деганида бу одам ўзи айтган гапларнинг ана шу маъносини аниқ қилиб ифодалаб қўйгандир. Ахир бу гапдан рисола муаллифининг тасаввурича тарих давомида бир нечта мазҳаблар пайдо бўлгани, улардан ҳар қайсиси ташвиқот қилиб одамларни ўзига чорлагани, ана шу мазҳабларнинг орасида энг тўғри мазҳаб бу Жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳаблари эканлиги, аммо ундан бошқаси ботил эканлиги очиқ ойдин кўриниб турмаяптими?!
Сиз эса, эй китобхон, ислом қонунчилиги тарихи ҳақида қанчалик маълумотга эга бўлманг ана шу ажоиб тескари тушунчани англаб етишингиз учун барча ҳақиқатлардан бехабар қолишингиз мумкинми?
Исломнинг баъзи аҳкомларини тушунишда тўртта имомларнинг мазҳаблари билан Зайд ибн Собитнинг ё Муоз ибн Жабалнинг ёки Абдуллоҳ ибн Аббоснинг мазҳаблари ўртасида қандай фарқ бор? Тўртала мазҳаб эгалари билан Ироқдаги Раъй мазҳаби, Ҳижоздаги Ҳадис мазҳаби эгаларининг ўртасидаги фарқ нимада? Ваҳоланки, бу икки мазҳабнинг устунлари саҳоба ва тобеъинларнинг энг саралари бўлганлар. Булар уларга тақлид қилгувчи, улар булар учун тақлид қилинадиган шахслар бўлганлар.
Шундай бўлгач, рисола муаллифи фақатгина шу тўрталаси эмас ўнлаб мазҳабларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳабларига муъориз ва рақобатчи бўлиб келганлар, дейдими? Ёки миллатга қарши чиққан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳабларига шерик бўлган мазҳаблар фақатгина ана шу тўртта мазҳаблар холос. Улардан аввалгиларнинг мазҳаблари эса яхши ва тўғри мазҳаблар бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳаблари билан ёнма ён турадиган мазҳаблардир! дейиши мумкинми?
Рисола муаллифи бу икки сўздан қайси бирини ихтиёр қилар экан, билмадим. Бироқ менинг билишимча бу икки сўзнинг энг ширини ҳам аччиқ, энг афзали ҳам уйдирма ва ёлғондир. Саҳобалар ва тобеъинларнинг ёхуд қолган мужтаҳид имомларнинг ижтиҳодлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ўз Роббиларидан ваҳий ўлароқ олиб келган нарсаларнинг шарҳи ва унга хизмат қилишдан бошқа нарса бўлишидан Худо сақласин. Бироқ, уларнинг ижтиҳодлари ва тушунтиришларидан баъзиси баъзисига тўғри келмай қоладиган бўлса ана ўша бир биридан фарқ қиладиган ижтиҳодлар рақобатчи ва муъориз бўлган мазҳаб эмас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини англаб етиш учун йўл бўлади. Мужтаҳидларнинг ҳаммалари у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларидан ҳужжат сифатида фойдаланган ҳамда у зот ўзларининг сўзларида ирода қилган маънони тушуниб олиш учун ҳаракат қилаётган ҳолларида қандай қилиб у кишига рақобатчи ва муъориз бўлсинлар?!
Тўртинчи далил: Рисола муаллифи Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг "ал-Инсоф” номли китобидан нақл қилиб келтирган гапи. У ўз гапининг доддийида Деҳлавийнинг: "Бас, кимки Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий, Аҳмад ва улардан бошқаларнинг барча сўзларини қабул қиладиган бўлса, Китоб ва Суннатда келган нарсаларга эътимод қилмаса бас, бутун бошли умматнинг Ижмоъсига қарши чиққан ва мўминларнинг йўлларидан юрмаган бўлади”, деган гапини нақл қилади.
Мен айтаманки, ижтиҳод қилишга мутлақо қодир бўлмаган муқаллид ҳақидаги бу гаплар Деҳлавийнинг на "ал-Инсоф” ва на бошқа асарларида келмаган. Аксинча, бир неча ўринларда унинг айтган гаплари бунинг тамоман аксидир.
Валиюллоҳ Деҳлавий "ал-Инсоф” (53саҳ.) ва "Ҳужжатуллоҳил-болиға” (1\132саҳ. Хайрийя матбаъаси) китобларидан ҳар бирида қуйидагиларни айтган:
"Албатта, таҳрир қилинган ва тартибга солинган ана шу тўртала мазҳабларга эргашмоқлик жоиз эканлигига бугунги кунимизгача бутун уммат ёки умматнинг энг мўътамад кишилари якдил бўлиб келганлар. Бу ишда ҳеч кимга сир бўлмаган манфаатлар бор. Хусусан, одамларнинг ҳиммати жуда сустлашган, нафслар шаҳватга берилган ва ҳар бир фикр эгаси ўзининг фикри билан мағрур бўлинган бугунги кунларда”.
Мен рисола муаллифи ва унинг тарафдорларини Деҳлавийнинг номидан муаллиф гапирган гаплардан ҳеч бўлмаса бир қаторини унинг бирор бир китобидан кўрсатиб беришларига чақираман.
Ундан сўнг (Деҳлавий 124-125 саҳифаларда) айнан битта мазҳабга амал қилишда ҳеч бир монеълик йўқлигини тушунтириб шундай дейди:
"Шу билан бирга фатво сўрашлик ва фатво беришлик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларидан бери мусулмонларнинг ўртасида доддий этиб келаётган бир пайтда биров бу ишни қандай қилиб инкор қилади? Доим шу биттадан фатво сўраладими ёки бир унисидан бир бунисидан фатво сўраладими, бунинг фарқи йўқ. Бу рухсат биз юқорида санаб ўтган ишларни ўзида мужассам қилганидан кейин бўлади. Қандай ҳам мумкин бўлмасин. Ахир биз фақиҳ ким бўлишидан қатъий назар Аллоҳ унга фиқҳни ваҳий қилган, унга итоат этишимизни бизга фарз қилган ва у маъсумдир, дея ишонмаймизку! Зеро, биз агар улардан битталарига эргашган бўлсак бунинг сабаби у Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатини яхши билишини билганимиз учундир. Бинобарин унинг сўзи ё Китоб ва Суннатнинг очиқ ойдин маъноларидан олинган ёки истинбот услубларидан бирининг ёрдамида у иккисидан чиқариб олинган ёхуд далиллар ёрдамида ҳукм фалон сувратда фалон иллатга боғлиқ бўлишини билган ва ана ўша билимидан таскин топиб насс келмаган ҳукмни насс келган ҳукмга қиёс қилган бўлади. Гўёки у, менинг билишимча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон шу сабабни учратсанг бас, унинг ҳукми фалондақа бўлади, деб айтганлар демоқчидек. Таққосланган масала ана шу умумийликнинг тагига дохил бўлади ва бу ҳам Пайғамбар алайҳис саломга бориб тақалади. Лекин унинг йўлида гумонлар бор. Йўқса мўмин одам мужтаҳидга ҳеч хам тақлид қилмаган бўлар эди”.
Деҳлавий айтаётган бу гапларнинг рисола муаллифи унинг номидан айтаётган гапларига тескари эканлигини фикрлаб кўринг!! Истасангиз, Деҳлавийнинг "Ҳужжатуллоҳил болиға” ва "ал-Инсоф” китобларига мурожаат қилиб унинг сўзларини биз нақл қилган гаплар билан бир хил эканлигига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Шу нарса аниқки, Деҳлавий бу мавзеда бирор бир масалада ёки барча масала ва аҳкомларда ижтиҳод қила олиш даражасига етган одам учун (ўзидан бошқа мужтаҳидга) тақлид қилмоғи ҳаром эканлиги тўғрисида гапирган. Лекин унинг бу тўғридаги гапи аввал тушунтирганимиздек, биз баҳс юритаётган ва тортишаётган масалалар доирасидан ташқаридадир. Ақли одам уни мужтаҳид бўла олмаган одам учун тақлид қилишнинг ёки муайян бир мазҳабга амал қилишнинг ҳаром эканлигига ҳужжат қилиб кўрсатиши мумкин эмас. Зеро, бу масала бошқа ва унинг гаплари бошқа бир нарсадир. Уларнинг орасини чалкаштириб ташлашнинг қандай сабаби бор билмадим.
Бешинчи далил: Рисола муаллифи Изз ибн Абдуссалом, ибн Қоййим ва Камол ибн Ҳумомлардан нақл қилган гапи. Уларнинг гапларини ана шу рисоласининг нашр этишига сабаб бўлган муддаоси- муайян битта мазҳабга амал қилиш ҳаром, ҳамма одамлар бевосита Китоб ва Суннатдан ҳукм олишлари керак ёки айнан биттасини ушлаб олмасдан мужтаҳид имомларни доим алмаштириб туриш керак деган даъволарига ҳужжат қилиб келтиради. Мазкур олимлардан нақл қилган гапларининг барчаси ана шу ҳужжати йўқ ботил даъвосидан узоқдир. Ўша сўзларни айтганларнинг ўзлари муайян бир мазҳабда бўлиб ҳеч бирлари ўзи танилган мазҳабдан бошқасига ўтмаган бўлсалар уларнинг сўзлари қандай қилиб ўша даъвога ҳужжат бўлсин!! Зеро, Изз ибн Абдуссалом Шофеъий, ибн Қоййим Ҳанбалий ва Камол ибн Ҳумом ҳанафий бўлишган.
Албатта, ана шу олимларнинг барча сўзлари биз баҳс юритаётган мавзедан чиқариб ташлаган ва адолатли уламолардан ҳеч бирлари қаршилик қилмаган ўша учта масалалар ҳақида айтилган. Аммо, у сўзлардан бирортаси рисола муаллифи тарқатмочи ва тарафдорлар йиғмоқчи бўлаётган даъвога далил бўлиши жуда жуда узоқдир.
Энг аввал сизга Изз ибн Абдуссаломнинг гапини келтирамиз. У ўзининг "Қавоидул-аҳком” китоби(2\135)да қуйидагиларни айтган:
"... Ва ҳеч ким тақлид қилишга буюрилмаган кишига тақлид қилмоғи мумкин эмас. Масалан, мужтаҳид мужтаҳидга ёки саҳобага тақлид қилмоғига ўхшаш. Ушбу масалалар уламолар ўртасида ихтилофликдир. Бу масалада хилоф қилганларга Аллоҳ таолонинг: "Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди”,(Юсуф:12) деган сўзи раддиядир. Бундан оддий одамлар мустаснодирлар. Чунки уларнинг вазифалари тақлид қилишдир. Чунки улар ижтиҳод қилиш йўли билан дин аҳкомларини билиб олишга қодир эмаслар. Мужтаҳид ундай эмас. Чунки у ҳукм чиқариб олишга қодир одамдир. Бир киши имомлардан бирига тақлид қилган бўлсаю кейин бошқа бир имомга тақлид қилмоқчи бўлса унинг бу иши жоизми?... Бунда хилоф бор. Танлаб олинган фикр шуки бундай пайтда вазиятга қаралади: агар ўтмоқчи бўлган мазҳабида ҳукм йўққа чиқадиган бўлса унинг ҳукмни йўққа чиқарадиган мазҳабга ўтиши мумкин эмас. Чунки у ўтмоқчи бўлаётган мазҳабда ўша ҳукм нотўғри бўлгани учунгина у йўққа чиқмоқда. Агар иккалаласида ҳукм бир бирига яқин бўлса, унга ўтиб тақлид қилиш мумкин. Чунки саҳобаларнинг замонларидан то тўртала мазҳаб вужудга келгунига қадар одамлар эътироз билдирса эътиборга олинадиган бирор кишининг эътирозисиз тўғри келган уламоларга тақлид қилиб кетаверишган. Агар бу иш нотўғри бўлганида албатта эътироз билдирган бўлар эдилар. Шунингдек, агарчи авло ҳисоблансада, энг юқори савиядаги имомни топиб тақлид қилишлик ҳам вожиб эмас. Чунки, агар шундай имомга тақлид қилиш вожиб бўлса эди саҳоба ва тобеъинлар замонида одамлар юқори ва ўртача савиядаги имомларга ҳеч бир эътирозсиз тақлид қилмаган бўлар эдилар. Аксинча юқори ва ўртача савиядаги имомга тақлид қилишда уларнинг ихтиёрлари ўзларида эди. Энг юқори савиядаги имом ҳаммани ўзига тақлид қилишга чорламаган. Юқори савиядаги имом борлигидан сўраган одамни ўртача савиядаги имом ундан қайтармаган. Булар ақлли одамлар шубҳа қилмайдиган масалалардандир”.
Дарҳақиқат, мен сизга унинг гапларидан бирор ҳарфини қолдирмасдан бутунлигича келтирдим. Токи, бу имом айтган гаплар унинг номидан рисола муаллифи айтаётган гапларнинг тамоман тескариси эканлигини сиз ҳам билиб қўйинг. Зеро, Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ оддий одамлар (мужтаҳид имомга) тақлид қилишлари вожиб деяпти. Рисола муаллифи эса гувоҳи бўлганингиздек адашишликдан холи бўлмаганни қўйиб хато воқеъ бўлишидан маъсум бўлганга эргашишликни лозим қилиб қўймоқда. Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ муқаллид аслида битта имомга эргашишлиги керак, деяпти. Кейин муқаллид бошқа бир мазҳабга ўтишни истаб қолса унинг ҳукми нима бўлиши ҳақида баҳс юритиб бу тўғрида хилоф борлигини зикр қилади ва кўрганингиздек, бошқа мазҳабга ўтишлик маълум бир шартлар асосида жоизлигига (вожиблигига эмас) майл билдиради. Демак Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ муқаллиднинг бошқасига алмаштирмасдан айнан битта мазҳабга амал қилмоғига ҳеч бир монеълик кўрмайди. Рисола муаллифи бўлса амал қилишда ана шу мазҳабларни ўзгартириб туришликни унинг зиммасига ҳам фарз ҳам қарз қилиб қўяди. Ҳаммасидан ҳам қизиғи шуки, у ана шу нарсаларни Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ айтган деб у киши гапирган гапларнинг тамоман аксини гапиради.
Рисоладаги 13-саҳифанинг бошига қаранг. Билмадик, бизнинг бу китобимизга раддия қилиш учун тузилган иттифоқ (яъни, "Мутаассиб мазҳабчилик- бидьатдир” сарлавҳали раддия ёзганлар- шайх Носир, Маҳмуд Маҳдий Истанбулий ва Хайриддин Вонилийлар демоқчи. Тарж.) ана шу ҳақиқатларни тушунтириб бериш ва нисбат берилган уйдирмалардан Изз ибн Абдуссаломни поклаш борасида индамайгина жим ўтиришгани ҳамда унинг ўрнига фақатгина сўкиш ва ҳақоратлаш билан кифояланишгани нима учун экан?
Тўғри. Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ мен сизга нақл қилган гапларидан кейин баъзи фақиҳларнининг ўзлари тақлид қилаётган имомнинг манбаъси кучсизлигини билган, масаланинг моҳиятини аниқлаб ва у билан боғлиқ гапларни унинг заиф эканлигига ҳеч бир эътироз билдира олмайдиган даражада идрок қилиб етган бўлса ҳам Китоб ва Суннатни, ўзининг мазҳабидаги тўғри қиёсларни қўйиб имомга тақлид қилишда қаттиқ туриб олишини маломат қилади. Изз ибн Абдуссалом бу ишнинг хатарли эканлигини узоқ ва чиройли қилиб тушунтиради.
Бироқ, бу гапларнинг рисола муаллифи қилаётган даъволарга нима алоқаси бор?! Ўзининг асоссиз даъволарини қувватлаш учун бу каби ибораларни далил қилишга рухсатни бу одамга ким берди?! Баҳс нима ҳақда кетаётганлигини ва унинг мазмунини билиш учун ана шу қаторлар билан шундоққина кетма-кет келган узун гапларни кўрса бўлмасмиди? У ҳақиқатдан ҳам уни кўрмадими ёки кўриб англаб етди-ю, аммо ўзини билмаганга солиб уни ўқимай ўтиб кетди ва ундан кейинги ибораларни кўчириб олиб Изз ибн Абдуссаломнинг номидан унинг ўзи пок бўлган гапларни гапирдими?!
DAVOMI BOR...