Имомга тақлид қилиш ва унинг мазҳабини ушлашнинг маъноси нима?
Адолатли ҳар бир мусулмон биладиган нарса- ижтиҳод қилиш даражасига етмаган киши учун лозим тутадими ёки тутмайдими, барибир мужтаҳид имомга эргашмоқдан ўзгасига рухсат йўқлигини тушунтириб берар эканмиз ана ўша имомга тобеъ бўлиш ва унинг мазҳабини ушлашлик зарурлигининг маъносини ҳам тушунтириб ўтишимиз керак бўлади. Ўша имомнинг мазҳабини унинг шахси учун ушлаганми ёки унинг ўзидаги аниқ бир хусусияти учунми?
Аллоҳ сақласин... Мусулмонлар ичида шу гапни гапирадиганлар бўлишидан Аллоҳ сақласин. Расул алайҳис саломнинг замонларидан то ҳозирги кунга қадар барча мусулмонлар биладиларки, фақатгина Аллоҳнинг шариати одамлар устидан ҳукм чиқаради, фақат угина мусулмонларнинг чироғлари, ҳаёт тарзларининг ва иқтидоларининг асосидир.
Бироқ, Аллоҳнинг ҳикмати ва халоиқлар ичидаги суннати одамларнинг умумий тарзда илму-маърифат борасида, хусусан шариат аҳкомлари борасида бир бирларидан тафовутда бўлишларини тақозо қилгач –ҳамма Аллоҳнинг шариати ва қонунига бўйинсунишлари учун ҳам,- илмсиз одам олимнинг этагидан тутиши, олим одам ўзидан кўра олимроққа эргашмоғи лозим бўлиб қолди. Токи ҳамма битта йўл- ғолиб ва мақтовлик Аллоҳнинг йўли узра бирлашсинлар.
Бу ҳақиқат бизларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қилган иқтидомизга нисбатан ҳам ўз ифодасини топади. Зеро бизлар У зотга иқтидо қилар эканмиз оддийгина бир шахс сифатида гавдаланган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлганликлари учун эмас. Биз У зотга Аллоҳ таолонинг амрларини бандаларга етказгувчи бўлганликлари сабабли иқтидо қиламиз холос. Шунинг учун ҳам: "Китобга эргашмоқлик Суннатга эргашмоқдан кўра авлороқдир, чунки, Аллоҳнинг каломи ким бўлишидан қатъий назар банданинг каломидан кўра эргашишликка ҳақлироқ ва авлороқдир”, дейилмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмоғимизга бизларни у зотнинг Аллоҳ таолонинг хабарчиси бўлганликлари мажбур қилмоқда. Демак, биз у кишига фақатгина ана шу сабаблар учун эргашамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан мужтаҳид имомларнинг у зотдан одамларга еткариш, у зотнинг гапларидаги мазмун ва мақсадни англаш каби ишларининг ўртаси Аллоҳнинг ҳукмларини одамларга еткариш ва У томонидан ўзларига нозил қилинган Қуръонни тушунтириб бериш тарафидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Роббиси азза ва жалла,нинг ўртасидаги ишлар кабидир.
Дарҳақиқат имом Шотибий мен сизга тушунтирган ана шу маънони жуда ҳам чиройли тарзда ифодалаган. У ўзининг "ал-Иътисом” китоби 3/250 да қуйидагиларни айтган:
"Шариат олимининг сўзларига эргашилар, унинг ҳукмларига одамлар бўйинсунар эканлар шубҳасиз, у шариат олими бўлгани, шариатнинг талаби билан ҳукм чиқаргувчи одам бўлгани учундир. Бошқа тарафи учун эмас. Ҳақиқатда у Аллоҳдан еткаргувчи бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан еткаргувчидир. Бас, жоҳил одам ўша олим еткарган нарсани буни Пайғамбар алайҳис салом еткарган, деган илм ёки ғолиби гумон билан қабул қилиб олади. Унинг мутлақ ҳукм чиқаргувчи қилиб тайинланган бўлгани учун эмас. Чунки бу нарса аслида ҳеч ким учун собит бўлмагандир. Бу фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган шариатга берилгандир ва ўша иш маъсумликлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёлғиз у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишлидир”.
Сўнг бундай дейди: "Иш шундай экан демак шариат аҳкомлари зиммасига юклатилган шахс учта ишнинг биттасидан холи эмасдир:
(Биринчиси) шариат аҳкомларида мужтаҳид бўлиши. Унинг ҳукми ўша масалаларда ижтиҳоди орқали эришган нарсадир....
(Иккинчиси) ҳукм чиқаргувчи илми умуман йўқ бўлган нақд муқаллид бўлиши. Ундай одам учун унга етакчилик қиладиган йўлбошчи, ҳукм чиқарадиган ҳоким ва у эргашадиган олим бўлиши керак. Маълумки, муқаллид ўша олимга ҳукм чиқарадиган илмни биладиган одам бўлгани учунгина эргашади. Бунинг далили шуки у агар ўша илмдан бехабар одам эканлигини билса ёки шундай гумони устун келса унга эргашмоғи ҳам унинг ҳукмига бўйинсуниши ҳам ҳалол бўлмайди.
Авом ва ундан бошқалар учун бирор масалада ўша масалани билмаслигини билиб туриб бошқа одамга тақлид қилишни хаёлга келтириши тўғри бўлмайди. Чунончи, бемор одам ўзини агар ақлини йўқотган бўлмаса, шифокорликдан бехабар одамнинг ихтиёрига топширмоғи мумкин эмас. Шундай эканми демак муқаллид муфтийга тақлид қилар экан унга бўйсунишни вожиб қиладиган илмдан хабари борлиги учунгина унга тақлид қилади. Унга фалончи ёки пистончи бўлгани учун тақлид қилмайди. Ушбу жумлада ихтилоф қилишга ҳам ақлан ва ҳам шаръан рухсат йўқ.
(Учинчиси) мужтаҳидлар етган даражага етмаган, бироқ далилни ва унинг мавқеъини тушунадиган, таржиҳ бобида эътиборга олинадиган сабаблар ёрдамида ҳукмнинг иллатини аниқлаш ва бошқаларда таржиҳ қилишга ақли етадиган бўлиши. Ана шунда унинг таржиҳи ё назари эътиборга олинади ёки йўқ. Агар эътиборга олсак ўша тарафидан мужтаҳидга ўхшаб қолади. Мужтаҳид эса ҳукм чиқаргувчи илмга тобеъ ва унга тикилиб қолган одамдир. Унга ўхшайдиган одамлар ҳам шу сингаридирлар. Агар уни эътиборга олмайдиган бўлсак ноилож авомлик даражасига қайтиши керак бўлади. Авом одам мужтаҳиднинг ҳукм чиқаргувчи илм сари юзлангани учунгина унга эргашади. Унинг даражасига тушадиганлар ҳам худди шундай.....”.
Сиз агар таассуб қилмасдан холис ақл билан ушбу китобга юзланиб буни билсангиз ва тасаввур қилсангиз рисола муаллифи айтаётган мана бу гапларнинг хато ва қўпол нодонлик эканлигини англаб етасиз:
"Амал қилиш ва эргашмоқлик вожиб бўлган ҳақиқий мазҳаб шубҳасиз, жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳабларидир. У зот буюк бир имомдирларки у кишига тобеъ бўлиш қожибдир.... Бас, агар асли шундай экан ушбу мазҳаблар қаёқдан келиб қолди? Нима учун бунчалик кенг тарқалиб мусулмонларнинг зиммаларига мажбурият қилиб қўйилди?”. Кейин ана шу мазҳабларга амал қилиб ва эргашиб келаётганлар шаънига сўкиш ва ҳақоратли сўзларни ёғдиради!
Ҳақиқатда рисола муаллифи ушбу китобимизда бир озини зикр қилиб ўтганимиз мазҳабларнинг келиб чиқиши ва олинган манбаълари ҳақида ислом қонунчилиги тарихидан озгина хабари бор ҳар қандай одам биладиган нарсаларни билмагандек қилиб ўзини кўрсатади.
Уларга эргашмоқликнинг ягона сабаби уларни жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳабларидан устун билишдир!! дея одамларни маломат қилади. Ижтиҳод ва тақлиднинг маънолари, мазҳабларнинг келиб чиқиши ҳақида бирор бир илмга эга бўлмаган кўпгина авомларга бу гумон зўр келгани, ушбу алдов уларнинг мафкурасига сингиб кирганидан айримлари: "Тўғри-да, биродар, биз ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тобеълармизми ёки Шофъийнинг? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳаблари олдида мана бу имомлар мазҳабларининг неча пуллик қиймати бор?”, дейдиган бўлиб қолдилар.
Ахир бу ёлғон фикрга ишонтирмоқлик илмли, адолатли ва Аллоҳнинг динида холис бўлган ҳар бир одам ўзига эп билмайдиган алдамчилик эмасми?!
Рисола муаллифи ана шу ажоиб гапини оммага гапираётган вақтида мазҳабларга эргашишнинг тўғри маъносини ростдан ҳам билмасмиди?! Ваҳоланки бошқа уламолар уни юзлаб китоблар ва манбаъларда шарҳлаб кетганлар, билмасликка баҳона бўлмасин учун тарих уларни жуда кўп манбаъ ва масдарларида қайдлаб қўйган бўлса!
Агар у ана шу очиқ-ойдин ҳақиқатни билмаслигига қарамай ана шу хатарли даъвони қилаётган экан демак бу ачинарли ва хунук ишдир. Агар барча олимлар ва зиёлилар сингари уни билган бўлса-ю, ўзининг бидъати одамларнинг онгига сингиб боришига имкон яратиш учун ўзини билмасликка солаётган бўлса, демак масала жуда ҳам оғир ва жуда ҳам қўпол экан!!
Мазҳабга ва мазҳаббоши имомга тақлид қилишни қачон бас қилиш керак?
Бу ерда икки хил ҳолат борки қандай савияда бўлмасин муқаллид бу икки ҳолатда ўзининг имомига эргашиб тақлид қилишда давом этишдан ўзини тийиши керак бўлади.
Биринчи ҳолат: масалалардан бирортасини ўрганишда уни англайдиган ва барча далилларидан хабардор бўлган, улардан ҳукм чиқариб олиш кайфиятини биладиган даражага етган бўлмоғи. Бундай ҳолатда у одам ўша масалада ижтиҳодидан келиб чиқиб иш кўради. Мазҳабининг имоми ортидан эргашишда бардавом бўлиш учун ўзининг илмий малакасини йиғиштириб қўйишга унинг ҳаққи йўқ.
Агар унинг малакаси биттадан ортиқ масалага етадиган бўлса, демак унинг ҳукми ҳам битта масаланинг ҳукми каби бўлади.
Иккинчи ҳолат: динда ўзи тақлид қилиб келаётган имоми тутган йўлнинг зиддига далолат қиладиган бирор ҳадисни кўриб қолса ва ҳадиснинг саҳиҳлигига ҳамда ўша ҳукмга далолат қилаётганига ишончи комил бўлса бас у ҳадиснинг кўрсатмасига амал қилиб ўша ҳукмда имомининг мазҳабига амал қилишдан тўхтамоғи лозим. Чунки тўртала имомларнинг ҳаммалари ўзларининг шогирдлари ва шерикларини агар саҳиҳ ҳадис ўзларининг ижтиҳодларига мухолиф келадиган бўлса унинг кўрсатмасига ўтишни тавсия қилар эдилар. Бинобарин ҳадисга амал қилишга ўтишлик ҳақиқатда тўртала имомлар мазҳабларининг асосидир. Ва бу уларнинг ҳаммалари рози бўлган меъёр ва эътиқоддир.
Лекин бу ишнинг ўз шартлари борки уларни билиш ва уларга риоя қилишлик лозимдир. Олим одамнинг нигоҳи тушган ва имомининг ижтиҳодига хилоф келаяпти деб фикр қилган ҳамма ҳадис ҳам ҳақиқатда ана шу олим тушунган нарсага далолат қилавермайди.
Бу борада имом Нававий ўзининг "ал-Мажмуъ” китобида айтган гапларини эътиборингизга ҳавола қилсак:
"...Шофеъий айтган бу гапнинг маъноси саҳиҳ ҳадисни кўриб қолган ҳар кимса бу Шофеъийнинг мазҳаби, деб унинг зоҳирига қараб амал қилсин деганимас. Бу гап, шубҳасиз, юқорида ўтган сифатлар ёки шунга яқин нарсалар асосида мазҳаб доирасидаги мужтаҳидлик мартабасига етган кишилар учун айтилган. Бу ишнинг шарти шуки, Шофеъий бу ҳадисни учратмаган ёки унинг саҳиҳлигини билмаган, деган ғолиби гумонда бўлсин. Бундай гумонга бориш учун Шофеъийнинг барча китобларини ва ундан сабоқ олган барча шогирдларининг китобларини ва шу кабиларни ўқиб чиққандан кейин мумкин бўлади. Бундай оғир шартга риоя қиладиган одам камдан-кам топилади. Биз юқорида зикр қилган нарсаларни шарт қилиб қўйишларига сабаб Шофеъий ўзи кўрган ва билган ҳадисларнинг зоҳирига амал қилишни тарк қилган. Чунки, ўша ҳадисларнинг айби борлиги ё насх қилингани ёки маълум бир нарсаларга хослаб айтилганлиги, уларнинг бошқача таъвили борлиги ва шу кабиларга унинг далил-исботи бўлган”. (Нававийнинг "ал-Мажмуъ” асари 1/64)
Имомнинг қайсидир ҳадиснинг зоҳиридан воз кечишига ижтиҳодга доир кўпгина сабаблар бор. Ибну Таймия раҳимаҳуллоҳ уларнинг сонини ўнтага олиб борган ва уларга янги бир сабабни ҳам қўшган. У ҳам бўлса шуки олим одамнинг ҳадисга амал қилмаслигига биз билмайдиган ҳужжати бўлиши мумкин. Чунки илмнинг манбаълари кенгдир. (Ибну Таймиянинг "Рафъул-малом анил-аимматил-аълом”и 31-саҳифасига қаранг.)
Биз қачонки мужтаҳид имомнинг ҳадиснинг зоҳирини тарк қилганининг сабаблари ҳақида изланиб ибну Таймия тасвирлаб берган ўнта сабаблардан бирортасини топа олмасак ана шундан кейин бизлар билмайдиган бирорта узри, ўзи айтмаган ҳужжати бордир, деган ҳужжат билан саҳиҳ ҳадиснинг далолатидан воз кечиши мумкин эмас. Чунки олимларнинг хатога йўл қўйишлари уларни билиш, ўрганиш ва улардан кўзда тутилган мақсадни англаб етгандан сўнг шаръий далилларда хато бор бўлишидан кўра кўпроқдир.
Демак мана шулар мужтаҳидлик мақомига етмаган кишиларга нисбатан тақлид қилишликнинг шариатга мувофиқлигининг айни далилларидир. Мана шулар муқаллиднинг муайян бир мазҳабни лозим тутиш тутмаслик жоизлигининг айни далилларидир. Биз уларни ҳеч қандай чигаллик ва парда қолдирмайдиган даражада аниқ ва батафсил зикр қилиб ўтдик. Бас, агар сиз эй китобхон биродарим, адолатли, мутаассибликдан ва худбинликдан озод бўлган одам бўлсангиз мен айтган гапларнинг ҳақиқат эканлигини англаб етасиз.
Аммо, мутаассиблик ва нафсу ҳавога асир одам бўлсангиз унда мен сизга тушунтириб берган ҳамма гаплар бир чақага қиммат бўлиб қолади холос. Сиз унда ўзингизнинг мутаассиблигингиз ва нафсу ҳавоингизни даволаш учун бирор бир чора топишингиз даргумон. Бунинг ягона чораси ўзим ва сиз учун Аллоҳга дуо қилиб нафснинг асирлигидан қутқаришини ва ҳою ҳавасдан йироқ тутишини, бизларга Ўзининг дини учун холис бўлиш ва шариатини англаб етишда адолатли бўлишдек неъматни ато этишини сўрашликдир.
Агар ҳамма одамлар мазҳабсизлик йўлини тутсалар нима бўлади?
Ана шунча қатъий далилларни келтириб ёритиб берганимиздан кейин ўз-ўзимизга савол берайлик: агар ана шу далилларнинг барчасидан воз кечсак ва (ўзимизча ижтиҳод қилган бўлиб) одамларни мазҳабларнинг занжиридан, уларга қарам бўлиб қолишдан қутилишга ҳамда ижтиҳод майдонида сайр қилишга чақирадиган бўлсак нима бўлади?..
Сизга жавобни ўзим бераман: агар ҳамма одамларни уй-жой қурилиши лойиҳаларида муҳандисларга эргашишдан, уларнинг хизматидан фойдаланишдан ва уларга таянишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак нима бўлади. Саломатликлари билан боғлиқ муаммоларда шифокорларга эргашишдан, уларга таянишдан ва уларнинг сўзларига амал қилишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак нима бўлади. Ишлаб чиқариш ва тирикчилик воситаларида ана шу ишлаб чиқаришнинг мутахассисларига эргашишдан, уларнинг билим ва маҳоратларидан фойдаланишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак- агар ҳамма одамларни ана ўша мутахассисларга эргашишни тарк қилишга, унинг ўрнига ўша ишларнинг барчасида ўзлари ижтиҳод қилишга, изланиш ва ижтиҳоддан кейин келадиган шахсий қаноатига эътимод қилишга чақирадиган бўлсак, кейин одамлар ана шу даъватимизни тасдиқлаб шу ишни қилсалар нима бўлади?
Албатта, бу ишнинг орқасидан содир бўладиган нарса бу шубҳасиз цивилизацияни, экин-тикинни ва наслни барбод қиладиган анархиядир. Одамлар уйларини обод қиламан деб хароб қилиб юборадилар, даволанаман деб ўз жонларини ҳалок қиладилар, ишлайман ва саноатлаштираман деб бошларига фақирликни орттириб оладилар. Бунга сабаб шуки улар ижтиҳод ўз ўрнига қўя билмадилар ва шартларига риоя қилмай туриб уни татбиқ қилдилар, одамларнинг ҳамкорлик, ўзаро ёрдам беришлик, илм ўрганишлик ва тўғри йўлни топишда бир бирлари билан боғлиқликларидан иборат Аллоҳнинг борлиқдаги суннатига бепарволик қилдилар.
Бу ҳақиқатни ҳамма, ҳаттоки ёш болаларгача билади. Ҳатто мазҳабсизликка чорлагувчиларнинг ўзлари ҳам биладилар. Бироқ ана шу одамлар айни қонунни дийний мутахассисликлар, ҳалол-ҳаром ҳақидаги аҳкомлар борасида нима учун англаб етмайдилар?! Биз билмаймиз!
Барча одамларнинг ўша дунёвий соҳаларда ижтиҳод қилиш майдонига босиб кирганларида пайдо бўладиган натижа барча одамларнинг шаръий илмлар ва ҳалол-ҳаромга доир аҳкомлар борасида ижтиҳод қилиш майдонига босиб келганда пайдо бўладиган натижанинг айни ўзидир.
Бугун бизларда одамларнинг якка ва жамоат тарзидаги барча ҳолатларига алоқадор такомилига етган бир фиқҳ борки уни мужтаҳид имомлар ва уларнинг уламо издошлари излаб топишган ва ёзиб кетишган. Зеро бугун у кўз ўнгимизда намоён бўлиб ҳол тили билан бизга: сизлар билан ижтимоий, жиноий ва бошқа муаммоларингизда ушбу фиқҳни татбиқ қилишингизнинг ўртасида фақатгина уни ўзларингиз учун афзал бўлган қолипга солишингиз бор холос!, деб турибди. Биз агар ана шу фиқҳий бойлигимизни ҳар бир мусулмон учун ижтиҳод қилиш ихтиёрига бериб қўядиган бўлсак ушбу фиқҳнинг тақдири шамоллар учириб юрган қуруқ ҳашакларнинг тақдири каби бўлиб қолган бўларди.... қарасак мустаҳкам фиқҳ иморатимиз хароб бўлган, деворлари уёқ- буёқларга парчаланиб сочилиб кетган бўлади. Ва бу фақатгина такаббур кимсаларгагина шубҳа қиладиган натижадир, холос.
Бугунги мусулмон учун намоз, рўза, закот ва шахсий ҳаётида учрайдиган дийний муаммоларнин ҳукмларини тўртта мазҳаблардан бирортаси асосида ёзилган шариат аҳкомларининг хулосасини ўз ичига олган кичкинагина бир китобчани ўқиш орқали тушуниб олиши учун кенг имкониятлар мавжуд. Модомики мужтаҳид эмас эканми саҳоба ва тобеъийнларнинг улуғларидан фатво сўраган кўпгина одамлар сингари ҳукмларни англаш ва уларнинг далилларидан хабардор бўлиш унинг учун шарт эмас.
Агар сиз ҳар қайси мусулмонни ижтиҳод қилишга, далилларни ўрганишга мажбур қилсангиз, имомлардан бирортасига тақлид қилгани ҳолатда ҳалол-ҳаромга оид ҳукмларни ёдлаб олиши мумкин бўлган ана шу китоблардан узоқлатадиган бўлсангиз демак бунинг маъноси шуки сиз унга очиқ ва аниқ қилиб: "Сизга учрайдиган муаммолар тўғрисида Аллоҳнинг ҳукми фақатгина шахсий қаноатингиз сизни бошлайдиган нарсадир”, демоқдасиз!.
Ана ундан кейин қарабсизки бутун бошли шариати исломиядан қуруқ ном, мазмунсиз сарлавҳа ва Жуҳо қабристонидек бир бино: занжирлар билан беркитиб қўйилган эшик ўрнатилган бир девор, унинг орқа тарафида эса йиртқичлар ва бўрилар сайр қилиб юрган ташландиқ ер бўлиб турибди-да.
Аммо уни ўша китоблардан ва имомлардан узоқлатиб бўлганингдан сўнг бошқа одамлар ёзган китоблар ва қилган ижтиҳодларга тортадиган бўлсанг бас, сен уни ўша бошқаларга эргаштириб ва уларга тақлид қилишга мажбурлаб қўйган бўлсанг демак бу ишинг билан сен Шофеъий, Абу Ҳанийфа, Молик ва Аҳмадларга тақлид қилишнинг ўрнига фалончига ёки ҳозирги замоннинг писточисига тақлид қилишни унга мажбурият қилиб қўйишдан бошқа иш қилмаган бўласан.
Бундай мажбурлашнинг фақат битта маъноси бор. У ҳам бўлса тўртта имомларга ва уларнинг тобеъларига нисбатан нафрат ва адоват, фалончи- пистончиларга таассуб ва уларнинг ижтиҳодларини кенг тарқатишдир.
Бир марта менинг ёнимда туриб ташаҳҳуд вақтида бармоғини тинимсиз ҳаракатлантирганича намоз ўқиган толиби илмга: "Нимага бармоғингни қимирлатасан?”, десам у: "Чунки бу Расул алайҳис саломдан ворид бўлган суннатдир”, деди. "Бу тўғрида ворид бўлган ҳадис қайси экан ва унинг саҳиҳлик даражаси қандай ва ишора ҳақида айтилган нассдаги бармоқни қимирлатишдан мақсад ана шу доимий қимирлатиб туришлик эканига далил нима?”, дедим. Йигитча: "Мен билмайман. Бироқ бу ҳақда фалончи одамдан сўраб оламан”, деди!..
-Ўша толиб далилни билмас экан- бу борада мен имом Моликнинг мазҳабига амал қиламан, деганида борми, ўзини ҳам бизни ҳам ташвишга қўймаган бўлар ва зиммасидаги вазифасини адо этган бўлур эди.
Шундай қилиб бу одамни тўртта имомлардан бирортасининг мазҳабига амал қилишдан фақат битта иш учун- бошқа бир шахсга тақлид қилдириш учун узоқлатилган холос. Агар ана шу одам умр бўйи шу шахсни маҳкам тутиб фақатгина ундан динни ўрганиб яшаса эди мана бу одамлар тўртала имомларнинг мазҳабларига амал қилиб юрганлар ҳақида айтганларидек қилиб унга: айнан битта мазҳабни лозим тутишлик сенга ҳаром бўлади, дея ҳеч хам айтмаган бўлардилар. Энг ёмон шаклдаги ва энг ашаддий кўринишдаги таассубчиликни ана энди кўрдингизми?!..
(Ана шу мазҳабсизларнинг шариати исломнинг аҳкомларига доир шахсий ижтиҳодлари бўлиб унда жумҳур имомларга хилоф қилишлари ва ўша ижтиҳодларини қувватлайдиган бошқа имомлар билан мувофақатда бўлишлари бизни ташвишга солмайди. Бизни бу ташвишга солмайди. Эҳтимол уларнинг баъзилари айрим фиқҳий масалаларда изланиш олиб борган ва ҳеч бўлмаганда ўзининг эътиқодича ўша масалаларда ижтиҳод қилишга қодир қилиб қўядиган даражада жидду жаҳдини сарфлагандир. Баъзан уларнинг тутган йўлларига қарама-қарши бўлган фикрни учратамиз. Баъзан жумҳур уламолар тутган йўлни афзал биламиз . Баъзан уларнинг ижтиҳодга қодир эканликларини тасдиқламаймиз. Баъзан шароит тақозо қилиб қолганида ана шу ишларнинг барчасида улар билан оға-иниларча тинч мунозаралар олиб борамиз. Лекин назар солиш ва Китоб ёки Суннатдан олинган деган ном билан ўзлари танлаган фикрларидан инкор қилиш учун мавзу ва низо ҳамда шовқин-сурон кўтариш учун сабаб ясаб олмаймиз.
Тўғри.. ташаҳҳуд вақтида бармоғини қимирлатишни ёки таровиҳ намозини саккиз ракаат қилиб адо этишни ўзига афзал биладиган одам билан, ёхуд –ўз эътиқодига биноан- қасддан тарк қилинган фарз намозларнинг қазосини ўқиб олишга ижозат йўқ деб биладиган кимсалар билан бизнинг ҳеч қандай ишимиз йўқ. Зеро имомлар ва фуқаҳолар ичида шу гапларни айтганлари ҳам бўлган. Одамларнинг ҳақиқатда ижтиҳод қилишга лаёқатлари борми ёки йўқми, барибир баъзи фиқҳий масалаларда мужтаҳидликни даъво қилишлари ва ўзлари учун мазҳаблар танлаб олишлари ислом тарихида янгилик эмас.
Бироқ биз рад этаётган ва бизни ташвишга солаётган нарса шуки ана шу одамлар ўзлари амал қилаётган фикр ва қарашларини мазҳаббоши имомларга қарши курашиш ҳамда улар билан мусулмонлар оммасининг ўртасидаги мустаҳкам алоқани кесиб ташлаш, ҳозирги кунда уларнинг кўплари қилаётгани каби масжидлар-у маҳаллаларда бўладиган барча маросимларда фитналар қўзғашлик учун ўткир қурол қилиб олишларидир. Аллоҳнинг йўлига ва динига даъват қилишни тарк қилиб қўйганлар, нотўғри йўлда юрганлар ва уларнинг залолат, шубҳа ва адашишлари билан ишлари йўқ. Аммо ўзларининг ижтиҳодларига қарши иш қилган ёки тўртта имомлардан бирининг мазҳабини бардавом ушлаган ёхуд ижтиҳод қилишга қодир эмаслигини ва тақлид қилишга муҳтожлигини ошкора айтган ҳар қандай диндор билан охири йўқ бўлган тортишувлар қиладилар ва охири улардан нафратланиб залолатга кетганликда айблайдилар, имомларини жоҳилга чиқарадилар, уларнинг китобларини эса занг босган ва ҳақ йўлдан оғишган деб сифатлайдилар!!
Бирор одамни қўлида тасбиҳ билан ўз зикрдаги вазифаларини бажариб ўтирганини кўриб қолсалар уни аҳмоққа чиқарадилар ва залолатга кетган бидъатчи деб атайдилар. Азон айтганидан сўнг муаззин Расул алайҳис саломга ошкора тарзда саловот айтса уни мушрикка чиқарадилар ва қайтиб бу ишни қилишдан огоҳлантирадилар. Одамлар таровиҳ намозини масжидда йигирма ракаат ўқишни афзал билсалар масидда на боши ва на охири бўлмаган фитна қўзғайдилар. Баъзида одамлар бу сабабдан масжиднинг ичида ғала-ғовурлар қилишади ҳатто масжид ичида сўкиб ҳақоратлаш билан овозларни баландлатадилар. Рамазон кечаларидан бирини ҳалигача эслайман. Ўшанда хуфтон намозидан кейин ўн беш нафардан ошиқ бир гуруҳ авом ва оддий одамлар менингт олдимга киришди. Уларнинг юзларида ва овозларида хусумат аломатлари бор бўлиб ўша ердан тўғри менинг олдимга келган эдилар. Ораларидан бир киши туриб саккиз ракаатдан ортиқ таровиҳ намози ҳаром бўлади, деб Аллоҳнинг уйи бўлган масжидни шайтоннинг йўлидаги кураш майдонига айлантириб қўядиган даражада улар билан тортишгани сабабли масжидларида қўзғаган кучли фитнани тўхтатишим учун бирор иш қилишимни мендан ёлбориб сўрашга тушдилар.
Одамлар таровиҳ намозини ўзлари хоҳлаганларидек қилиб ўқисалар буларга нима зарари бор?! Бизларни ҳам ўз эътиқодимизча тақлид қилибми ёки ижтиҳод қилибми намоз ўқишимизга қўйиб берсалар уларга нима зарари бор?!
Уларнинг бор йўқ мақсадлари мужтаҳид имомлардан бирортасининг мазҳаби асосида амал қилмасдан туриб ҳам Китоб ва Суннатдан шариат аҳкомларини англаб олишга қудратимиз етади деб даъво қилиш эмасми ахир?! Мана биз, уларни ўша ишларни қила оламиз, деб даъво қилишлари учун ўз ҳолларига қўйиб қўйдик. Токи ўзлари учун –ўзлари истагандек- янги, ўша тўртта мазҳаблар билан ёнма-ён турадиган ва ибодатга доир масалалардан атига ўнтагинаси узра барпо бўладиган олий бир мазҳабга асос солсинлар, ўзлари истаганларидек қилиб ана шу масалаларни айлантирсинлар ва имомларнинг фиқҳ ва ижтиҳодларидан ўзлари қанча истасалар шунча узоқлашсинлар!
Бироқ ана шуларнинг барчасидан кейин ҳам нима учун бошқаларни жоҳилга, аҳмоққа ва залолатга кетганга чиқаришади?!
Нима учун тўртала мазҳаббоши имомлар ва уларнинг кўплаб асарлари, ижтиҳодлари-ю уларга тақлид қилгувчиларни ёмонлайдилар ва масхара қиладилар?!
"Абу Ҳанийфанинг хатолари” деб атаётган нарсаларни ахтаришлик билан вақтни бекорга зоеъ қилишнинг нима кераги бор?!
Мажлисларда Шофеъийга таъна қилиш, киши зино йўли билан туғилган валади зино қизига уйланиши дуруст деб фатво бергани учун унинг фиқҳини масхара қилиш нима учун?! Агар у Шофеъий ўзининг "ал -Умм” китобида бу тўғрида айтган гапларини ўқиган бўлганида эди албатта ўзининг ғароиб жоҳиллигидан нафратланиб кетган бўлар эди!
Шайх Носирга ўхшаган кимдур айтиши мумкин: "Худо сақласин, бизлар имомларнинг камситмаяпмиз ва уларни ҳеч хам ёмонлаётганимиз йўқ!”, дейиши мумкин. Ҳа, баъзи суҳбат давраларида шундай деган бўлиши мумкин. Бироқ қилиб юрган ишлари айтган гапларига тўғри келмайди. Аксинча, унинг ишлари айтганларининг тескаридир.
Ҳақиқатда тўртала имомларни ҳурмат қиладиган, уларнинг шариатнинг аҳкомларини аниқлаш ва Китоб ва Суннатдан уларни чиқариб олиш учун сарф қилган хизматларини ҳурмат қиладиган киши Ийсо алайҳис саломнинг самодан тушишлари тўғрисидаги ҳадисни шарҳлаб туриб ноўрин ва ножоиз тарзда: "Бу Ийсо алайҳис саломнинг бизнинг шариатимиз асосида иш юритиши ва Инжил ёки ҳанафий фиқҳи ва шу кабилар билан эмас балки Китоб ва Суннат билан ҳукм чиқаришини аниқ ифодалаб турибди!!”, демайди.
Сиз бу гапни бир тааммул қилиб кўринг!! "Инжил ва ҳанафий фиқҳи каби Китоб ва Суннатдан бошқа нарсалар билан эмас”, деган гапини тааммул қилиб кўринг!! Демак бу одамнинг эътиқод қилишича ҳанафий фиқҳи Инжилга ўхшаш бир нарса холос. . шариати исломга, Китоб ва Суннатга алоқаси йўқ бир нарса!!
Ҳақиқатни ўрганишда Аллоҳдан тақво қилади-ю ҳанафий фиқҳи Китоб, Суннат, ва у иккисига қиёслаш асосида чиқариб олинган аҳкомлардан ўзга нарса эмаслигини, ана шу фиқҳнинг имоми-Абу Ҳанийфа розияллоҳу анҳу- бу иши билан Китоб ва Суннатдан аҳкомларни ажратиб олишда у киши розияллоҳу анҳу, баъзи ижтиҳодларида хато қилган ёки тўғри топган бўлишидан қатъий назар Аллоҳга муқарраб бўлган эканлигини, шайтонга яқин бўлиш ниятида Қуръондаги аҳкомларга қарши чиқиш учун Инжилнинг ёнига қўйса бўладиган бошқа бир фиқҳни ихтироъ қилмаган эканлигини билмайдиган бирорта мусулмон бормикин?!
Қолайверса ким айтибдики Ҳазрати Ийсо алайҳис салом Китоб ва Суннатни билишда шайх Носирдан кўра ожиз ҳолда келадилар ҳатто ижтиҳод қила олмаганидан шариат аҳкомларида имомларга тақлид қилишга мажбур бўлади ва уларнинг орасидан айнан имом Абу Ҳанийфани танлаб олади, деб?.
Ҳанафийлар орасида шу гапни айтганлар борлиги тўғрими? Эҳтимол... Эҳтимол аномал тафаккур ва ақл эгаси бўлган бирорта одам шу беҳуда гапларни жавраб юрган бўлиши мумкин.
Бироқ ана шундай вазиятда илмга асосланган энг тўғри йўл шу эдики шайх Носир ана шу гапни айтган одамнинг исмини бизга айтиши, ана шу ибора ёзилган китобдан ўша гап бор жойини бизга аниқлаб бериши, кейин Аллоҳнинг динида холис бўлган ва Исломнинг имомларини ҳурмат қиладиган ҳар қандай киши қила оладиган илмий гап билан унга раддия қилмоғи керак эди. Ва у раддия шуки Ийсо алайҳис салом бевосита Китоб ва Суннатдан шаръий аҳкомларни чиқариб олишга қодир, бу Аллоҳнинг Расули Ийсо алайҳис салом сифатланиши мумкин бўлган ишларнинг энг камдир. Бундай ҳолатда имомларга тақлид қилиш ҳақида бирор нарса ворид бўлмаган.
Шайх Носирнинг бу сингари гапга раддия қилиш баҳонасидан фойдаланиб имом Абу Ҳанийфанинг фиқҳини таъна қилиши ва уни худди Инжил сингари шариати исломиядан бутунлай бошқа бир нарса деб даъво қилиши илмий ва соғлом исломий иш эмасдир.
Сиз, эй муҳтарам китобхон, бундай гаплар бирор бир мусулмоннинг оғзидан чиқишига ишонмасангиз керак. Ундай бўлса Мунзирийнинг "Мухтасари саҳийҳи Муслим” китобига қаранг ва ўша ерда 308 саҳифада шайх Носирнинг унга ёзган шарҳига қаранг.
Китоб нашрининг ташкилотчиларидан бири бизга билдиришича улуғ муҳаққиқ уламолардан бирлари ана шу нотўғри мункар гапни кўрсатиб яқин орада дунё юзини кўрадиган иккинчи нашрдан бу беҳуда гапни олиб ташлашлик лозимлигини тушунтирибди.
Нашриёт шайх Носир ёзган ҳамма гапни омонат билиб ўша хатарли беҳуда гапни чоп этиб юборадими ёки Аллоҳнинг шариати ва барча мусулмонлар биладиган ҳақиқатни омонат билиб агарчи шайх Носир ўз қўли билан ёзган бир қатор гапни қурбон қилиб олиб ташлайдими, биз билмаймиз?!
Биз билмаймиз-у лекин иккинчи чопнинг дунёга келиши, ана шу ишгина масалани ҳал қилади ва шарҳ ёзишга бизнинг ҳам қудратимиз етишини кўрсатиб қўяди. )
Модомики мусулмоннинг ижтиҳод қилишга қурби етмас экан мужтаҳид имомлардан бирортасига тақлид қилмоғи зарур эканлигига келтирган ўша далил- ҳужжатларимизни орқага ташлашни, кейин ҳаммани агарчи лаёқатлари йўқ бўлса ҳам барча одамларни ижтиҳод қилишга, гарчи ўзларидан олдин миллионлаб мусулмонлар эргашиб келган бўлсалал-да, мужтаҳид имомларга тақлид қилишдан воз кечишга, гарчи бу ишлари билан Аллоҳнинг шариайъатини ўзларининг ҳар хил хаёллари ва гумонлари орасида парчалаб ташласалар ҳам ҳалол-ҳаромга доир аҳкомларни Китоб ва Суннатдан ўзлари тушунган ва хаёл қилгандек чиқариб олишга чорлашни қайси бир холис инсон жоиз деб биларкин?!.
Ҳар хил даражадаги ҳамма одамларнинг олдига бу эшикни (яъни, ижтиҳод эшигини) ланг очиб қўйишлик бу шубҳасиз Исломга ва ислом шариатига кўз тикиб турганлар учун ижтиҳод пичоғи билан уни парча-парча қилиб ташлашларига имконият яратиб бериш эканлигини қайси одам билмайди?!
Бизларнинг араб дунёмизда тарихнинг янги воқеасидан бир оз хабари бор зиёли одам Мисрни ўзининг мустамлакаси қилиб олганидан сўнг Британия қайси йўл билан шариати исломияни ўзи хоҳлаганидек қилиб ўйнатиш имконига эга бўлганини билмасмикин?
Лорд Кромернинг фикрича Ислом тараққиётга бўйсунмайдиган қолоқ ва қотиб қолган дин. У миср жамиятини ана шу занжирдан озод этиш йўлларини излар эди... Энг ёрқин ва қулай восита оврўпоча янги жамиятни ривожлантириш кераклигига ишониб юрган ана ўша одамларнинг дилларига ижтиҳод қилиш ғоясини тарқатишлик бўлди. Бир оз ўтмасидан муфтийлик, ал-Азҳарга шайхлик ва мудирлик қилиш сингари диннинг энг ҳассос мансаблари ана ўша одамларга топшириб қўйилди. Ҳатто оврўпоча жамиятнинг кўпгина кўринишлари ва қадриятларига ишониб юрган одамлар Азҳарнинг шайхлари ва уламоларини шартларидан сакраб ўтган ҳолда ижтиҳод қилишга чақиришга тушиб кетдилар. Ҳатто шайх Мароғий мужтаҳиднинг араб тили бўйича олим бўлиши шарт эмас, деган фикргача борди...
Британия элчилари шариати исломия борасида жидду жаҳд қилиб ниҳоят фуқаролик ишлари бўйича қонунни ўзгартиришга эришдилар. Бас, кўпхотинлиликни ва талоқ қилиш ҳуқуқини чегаралаб қўйдилар, мерос масаласида эркак ва аёлнинг ўртасини тенглаштирдилар, ижтиҳодлари орқали фаол равишда ҳижобни қоралайдиган, банклардаги маълум бир фоизларни ҳалолга чиқарадиган фатволарни бердилар. Улар бундай фатво эгаларини фикр ва билим доираси кенг ҳамда Исломнинг руҳиятини тушунадиган кишилар деб баҳоладилар. ("ал-Иттижоҳотул-ватанийя фил-адабил-муъосир” китобининг 2/298 и ва ундан кейинги саҳифаларига ва "Мавқифул-ақли вал-илми вал-олими мин роббил-оламийн” китобининг 4/350 га қаранг. )
Яқин кунларда бўлиб ўтган ана шу воқеалардан нималарни ибрат олишимиз керак? Бизларнинг ўтган барча аждодларнинг ижмолари ила адолатли мужтаҳид имомларнинг қўллари билан бунёд этилган буюк фиқҳ иморатимизни хароб қилиш, кейин ҳамма учун ижтиҳод эшикларини очиб қўйиш, тўртала мазҳабларга амал қилишдан воз кечиш учун қонуний асос қайси? Куни кеча ижтиҳод эшигини бузиб кирган вабо айнан бугун ҳам мавжуд. Бугун ижтиҳод пичоғи билан Исломнинг аҳкомларини пора-пора қилиб ташлашга тайёр турган қўллар кеча шу ишни қилиб кетган қўллардан чандон-чандон кўпроқ.
Эй, сиз, мусулмонларни тек қўйинг, улар барча замон одамлари уларга тақлид қилиш ва эргашиш шариатга мувофиқ иш эканлигига иттифоқ бўлган имомларининг орқасидан эргашиб юришларига қўйиб беринг. Агар ижтиҳод қилишни хоҳласангиз кеча мавжуд бўлмаган, имомлар ўз замонларида улар ҳақида сўз юритмаган янги муаммоларнинг аҳкомларини чиқариш борасида ижтиҳод қилинг. Бизлар сиз учун тўғри фикр ва раъй сўраб, муваффақият сўраб дуолар қилиб турамиз.
Аммо сизлар-во ажаб,- аввалги имомлар сўз юритмаган ижтиҳод қилиш, ҳозирги даврда уларнинг ҳукмини билиш керак бўлган масалалар- ҳаётни, молу давлатни суғурта қилиш каби, яширин ширкат, акционерлик ширкати ва бошқаларнинг турлари каби, бугунги кунимизда ҳаммага таниш ижтимоий таъминот, келишувларга кирадиган эвазлар ва ер эгалари билан ижарачилар ўртасида тузиладиган ҳар хил янги битимлар ва ҳоказо кабилардан юз ўгирасизлар. Ана шуларнинг ҳаммаси ҳақида изланишдан юз ўгирасиз-да яна тўртала имомларнинг ижтиҳодларини аҳмоққа чиқариш, ҳамма одамларни уларга эргашишдан қайтаришда давом этайверасиз!!.
Ҳа, Худо ҳаққи мен ана шу мазҳабсизлардан бирортасини кўрганим йўқки авомлар ҳар куни уларнинг ҳукмларини излаб юрган янги пайдо шу бўлган масалалардан бирортаси ҳақида изланиш олиб борган бўлса. Шубҳасиз, бировлари қуриб ниҳоясига етказилган, аҳкомлари мустаҳкам ўрнашган, унга амал қилганлари учун Аллоҳнинг ҳузурида ҳар бир мужтаҳид ва муқаллидлар маъзур бўлган, ана ўша сабабли улар зиммаларидаги қарзни узган ва бўйинларидаги Аллоҳнинг ҳаққини адо этган нарсани бузиш учун бор кучини сафарбар этади.
Эй, сиз, мусулмонларнинг энг покиза имомлари тузиб кетган, улардан мусулмонлар авлодма-авлод қабул қилиб келган барқарор аҳкомларни ўз ҳолига қўйиб қўйинг-да ҳали ҳеч бир имом назар қилмаган ва баҳс юритмаган, мусулмонлар оммаси Аллоҳнинг улар тўғрисидаги ҳукмларини билмаганликларидан шикоят қилиб юрган ана шу янги пайдо бўлган масалаларда ижтиҳод қилиш учун енгни шимаринг. Агар уларда ижтиҳод қилиб бирор натижага эришсангиз ва улар билан Китоб ва Суннатдаги уларнинг далиллари ўртасини боғлай олсангиз, улардан аҳкомларни қандай қилиб чиқариб олганингизни кўрсатсангиз ана шунда биз сизларга тўртала имомларнинг бошларини сизга топширамиз ва ўз ижтиҳодингиз билан уларнинг ижтиҳодларини насх-бекор қилишингизга сизни қўйиб берамиз ҳамда ҳамма одамларни уларни қўйиб сизларга эргашишларига чақирамиз. (Сиз шу ишни қилинг.. мен шартимда тураман.)
Давоми бор... (инша Аллоҳ)
1. Оятларнинг таржимаси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф-ҳафизаҳуллоҳ-нинг "Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” китоби асосида яратилган "ФУРҚОН” дастуридан олинди. Тарж.
2. Мен бу муқаддимани шайх Носир, Маҳмуд Маҳдий Истанбулий ва Хайриддин Вонилийлар ёзган "Мутаассиб мазҳабчилик- бидъатдир” сарлавҳали раддия ёзганларини билганимдан олдин ёзган эдим. Ана шундан кейин китоб менинг қўлимга тушди. Мен ушбу китобнинг охирида унга жавоб тарзида алоҳида бир илова ёзиб қўйдим.
3. Жозеф Шахт (Joseph Schacht) 1902-йил 15-март ойида Олмониянинг Ротибор шаҳрида (ҳозирги Польша) туғилиб 1969-йил 1-августида Нью Йоркда инсулът билан вафот этган. Араб ва Исломий фанлар бўйича олмон тадқиқотчиси. Унинг бир қанча асарлари мавжуд. Уларнинг ичида энг машҳури 1950 йилда ёзган "Муҳаммад фиқҳининг асослари” бўлиб унда гап Ҳадис ва Суннатнинг пайдо бўлиши ҳақида кетади. Шахт ҳадиси набавийларнинг тўғрилиги борасида одамларда шубҳалар уйғотгани учун мусулмон олимларининг ғазабини қўзғаган. Унинг фикрига кўра ҳадислар иккинчи ҳижрий асрнинг охири билан учинчи ҳижрий асрнинг бошлари ўртасида узоқ вақт давомида тўқиб чиқарилган ёки "ўйлаб топилган” эмиш.. . Қар: http://en.wikipedia.org/wiki/Joseph_Schacht Таржимондан.
4. Бу ердаги "Мўминларнинг йўллари...”дан мурод Аллоҳ таолонинг "Нисо” сураси 115-оятидаги "Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз...” деган сўзидаги "мўминларнинг йўли”дир. Таржимон.
5. Ҳийла бу махфий йўл билан мақсадга эришиладиган воситадир. Уламоларнинг ҳийла ҳақидаги қарашлари унга мажбур қиладиган омилларга қараб бир неча хилдир. Тўлиқ маълумот учун "Фатҳулборий”нинг "ҳийлалар китоби”га қаралсин. Тарж.
Алоуддин Ҳофий таржимаси