Главная страница Форум Loggaut
Sahifalar
Kinolar/Yangiliklar
Телепередачи / TV Ko'rsatuv
Индийские фильмы / Hindcha
Узбек фильмы / O'zbek Kino
Приключения / Sarguzashli
Документальные / Hujjatli
Уз Клипы / O'zbek Kliplar
Свадьбы / O'zbek To'ylar
Трейлер / Filmga Treyler
Программы / Dasturlar
Мультфильм / Multiklar
Концерты / Konsertlar
Шоу / Shou Dasturlari
Фантастика / Mo'jizali
O'zbek tilidagi Kinolar
Новости / Yangiliklar
Триллер / Hayajonli
Комики / Qiziqchilar
Ужасы / Qo'rqinchli
Сериалы / Seriallar
Приколы / Prikollar
Комедия / Kulgili
Боевик / Jangari
Статья / Maqola
Разное / Har hil
Ислам / Islomiy
Драма / Drama
Спорт / Sport
Реклама
Mini Chat
FM101 - Online Radio
10 Faol Izoxchilar

[5427]


[2733]


[2244]


[1937]


[1539]


[1500]


[1355]


[1279]


[1263]


[1179]


Siz xam izoxlar(comment) qo'shing va 10 talik ichidan o'rin oling

Bosh Saxifa » 2011 » Avgust » 7 » Шайх Албоний Xадисларида қарaмақаршиликлар! (Хужжатлар асосида) - 2
Шайх Албоний Xадисларида қарaмақаршиликлар! (Хужжатлар асосида) - 2
21:08



Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
"Тўқигани кучли бўлгандан сўнг уни сўкиб юборганга ўхшаб” (Наҳл-92)

АЛБОНИЙНИНГ АЛБОНИЙГА РАДДИЯСИ

1. Маҳмуд ибн Лабийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши ўз хотинини жамлаб уч талоқ қўйгани хабар қилинди. Бас, у Зот ғазабланган ҳолда ўринларидан турдилар-да, сўнгра: 
«Мен ичингизда туриб, Аллоҳнинг китобини ўйин қилинадими?!» дедилар. 
Ҳатто бир одам ўрнидан туриб: 
«Эй Аллоҳнинг Расули, уни қатл қилайми?» деб юборди
».
Насаий ривоят қилган.
Шайх Албоний "Мишкотул масобиҳ” китобининг тахрижида (2/981) заиф деб, ундаги кишилар ишончли аммо Махрама отасидан ривоят қилганида отасидан эшитмаган, дедилар.
Сўнгра юқоридаги сўзларига зид ҳолда, "Ғоятул маром тахрижу аҳодийсул ҳалол вал ҳаром” китобларининг 164 саҳифа, 261-рақамли ҳадисда, уни саҳиҳ деганлар.

2. "Агар сизлардан бирингиз қуёшда турсаю, соя қисқарса яъни, у кишини баъзи қисми сояда ва баъзи қисми қуёшда қолса (соя) томонга ўтиб олсин”, дейилган ҳадис.
Шайх Албоний "Саҳиҳил жомеъис соғийр ва зиёдотуҳу” (1/266/761) китобларида саҳиҳ деганлар.
Сўнгра "Мишкотул масобиҳ” китобининг (3/1337) 4725 рақамли ҳадисда, заиф деганлар.

3. "Жума ҳар бир мусулмонга ҳақ вожибдир”, ҳадисини шайх Албоний "Мишкотул масобиҳ” (1/434) китобида, заиф деб, ҳадисдаги кишилар ишончли аммо Абу Довуд ишора қилганларидек узилиб қолган, деганлар.
Сўнгра "Ирваул ғалил” (3/54) китобининг 592-рақамли ҳадисида саҳиҳ, деганлар.
Эй фикр эгалари бу қарама-қаршилик устида фикр юритинглар!!!

 4. Муҳаррар ибн Абу Ҳурайранинг ҳадисини бир ўринда саҳиҳ, деб бошқа бир ўринда санадида иллатли деб ҳадисни заиф, деганлар.
"Ирваул ғалил” китобида Муҳаррарни иншааллоҳ ишончли, ундаги ҳофизнинг сўзи мақбулдир, исноди саҳиҳдир, дедилар.
"Саҳийҳа”да эса (4/156) бунинг иснодидаги барча кишилар Муҳаррардан бошқаси Бухорийдаги кишилардир. Муҳаррар эса фақат Насаий ва Ибн Можадаги кишидир. Ибн Ҳиббондан бошқа ҳеч ким уни ишончли демаган. Шунинг учун Ҳофиз Ибн Ҳажар ҳам уни ишончли демасдан балки мақбул дейиш билан кифояланган, деганлар.
Эй ақл эгалари тадаббур қилинглар!!!

5. Абдуллоҳ ибн Амрдан марфуъ ҳолда қилинган: "Азонни эшитган кишига жума лозим”, дейилган ҳадисни шайх Албоний "Ирваул ғалил” (3/58) китобида ҳасан ҳадис деганлар. Сўнгра "Мишкатул масобийҳ” (1/434) китобининг 1375-рақамли ҳадисида санади заиф, деганлар.

6. Анас ибн Молик ривоят қиладилар.
"Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ўзларингизга қаттиқлик қилиб олманглар. Аллоҳ ҳам сизларга қаттиқликни тушириб қўяди. Бир қавм ўзларига қаттиқлик қилишган эди, Аллоҳ ҳам уларга қаттиқликни тушириб қўйди”, дедилар.
Шайх Албоний "Мишкот” (1/64) китобининг тахрижида санади заиф, дедилар.
Сўнгра "Ғоятул маром” китобининг 141-саҳифасидаги тахрижда ҳасан ҳадис, дедилар.

7. Оиша (р.а.)нинг: "Ким Набий (с.а.в.)нинг тик туриб бавл қилганлар деса уни тасдиқламанглар. У зот фақат ўтириб бавл қилганлар”, деган ҳадисларини шайх Албоний жаноблари "Мишкотул масобийҳ” (1/117) китобининг тахрижида исноди заиф, деганлар.
Сўнгра "Саҳиҳ ҳадислар силсиласи” (1/345) китобининг 201-рақамли ҳадисида саҳиҳ, деганлар.

8. Абу Довуд ривоят қилган ривоятдаги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Уч тоифага фаришта яқин келмайди: кофирнинг ўлигига, халуқ (заъфарон қўшиб тайёрланган хушбўй) суртиб олган ва таҳорат қилмаган жунубга», деган ҳадисларини шайх Албоний "саҳиҳул жомеъис соғийр ва зиёдатуҳу” (3/71) китобларининг 3056 рақамида саҳиҳ, деганлар.
Сўнгра "Мишкотул масобиҳ” (1/144) китобининг 464 рақамида заиф, деганлар. Бу ривоятдаги кишилар ишончли. Лекин Ҳасан Басрий билан Аммор ораларида узилиш бор. Мунзирий "Тарғиб” китобида айтганларидек уни эшитмаганлар, деб айтдилар.

9. Имом Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилишган:
"Ким шом ва хуфтон намозларида, оёғини йиғиштиришдан олдин "Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку валаҳул ҳамду биядиҳил хойр, юҳйи ва юмийту ва ҳува ъала кулли шайъин қодийр” деб ўн марта айтса, уни ҳар бирига ўнта ҳасанот ёзилиб, ундан ўнта ёмонлик ўчирилиб ва ўн даража кўтарилади, унга ҳар-бир ёқтирмаган нарсадан ва лаънати шайтондан тўсиқ бўлади”, ҳадисини шайх Албоний "Мишкотул масобийҳ” (1/309) китобининг тахрижида, ровийлар орасида Шаҳр бўлгани учун исноди заиф, дедилар
Сўнгра "Саҳийҳа” (1/179) китобларида саҳиҳ, дедилар. Сўнгра ундан ҳам қайтиб, "Саҳийҳу тарғиб” (1/190, 191) китобида уни ҳасан, дедилар.

10. Моликдан ривоят қилинади.
"Ибн Аббос Макка билан Тоиф оралигича ва яна Макка билан Усфон оралигича ва Макка билан Жудда оралигича жойда намозни қаср қилардилар.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (1/426) китобининг 1351-рақамида буни заиф, деганлар. Чунки Ибн Аббосдан санадсиз айтилмоқда. Ибн Аббосдан бу содир бўлиши дуруст эмас, деганлар.
Сўнгра "Ирваул ғалил” (3/14) китобларида, Ибн Абу Шайба ва Ибн Уяйналар Амрдан, у эса Атодан, у эса Ибн Аббосдан қилган ривоятдаги: "Арафа ва батну нахлада қаср қилманглар. Аммо Усфон, Тоиф ва Жуддада қаср қилаверинглар. Агар аҳли ёки чорваси ҳузурига келса мукаммал қилади”, деган ривоятни исноди саҳиҳ, деганлар. 
 
11. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан ривоят қилинади:
"Набий (с.а.в.) аскарларни жиҳозлашни амр қилдилар. Бас туя билан амалга оширилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) садақадаги урғочи туяларни олишни ҳам буюрдилар. Бас бир туя садақадаги икки урғочи туя билан бўлар эди”.
Абу Довуд, Ҳоким, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилишган.
Шайх Албоний "Ирваул ғалил” (5/205) китобидаги 1358-рақами билан ушбу ривоятни ҳасан ҳадис, деб ҳукм қилганлар. Сўнгра "Мишкатул масобийҳ” (2/858) китобининг 2823-рақамли ҳадисида уни заиф, деб ҳукм қилиб, исноди заиф, деганлар.

12. "Ҳабашлар модомики сизларни тарк қилишар экан сизлар ҳам уларни тарк қилинглар. Чунки Каъбанинг конини фақат икки болдири ингичка ҳабаший кавлаб чиқаради”, ҳадисини шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (3/1495) китобининг 5429-рақамли ҳадисида ушбу ривоятни заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳиҳа” (2/415) китобларининг 772-рақамли ҳадисида уни саҳиҳ, деганлар.
Фикр юритинглар, эй ақл эгалари!!!

13. Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади: 
"Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: "Жаннат аҳли ухлашадими?” деб сўраганида, у зот: "Уйқу ўлимнинг укасидир. Жаннат аҳли ўлмайди”, дедилар.
Байҳақий шуъабил иймонда ривоят қилганлар.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (3/1573) китобининг 5654-рақамли ҳадисида ушбу ривоятни заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳиҳа” (3/74) китобларининг 1087-рақамли ҳадисида уни саҳиҳ, деганлар.

14. Убода ибн Сомит (р.а.)дан ривоят қилинади:
"Агар Расулуллоҳ (с.а.в.)жанозада иштирок этсалар, то лаҳадга қўйилгунича ўтирмасдилар. Шунда яҳудий олимларидан бири: "Эй Муҳаммад! Биз ҳам мана шундай қиламизда”, деди. Бас Расулуллоҳ (с.а.в.) ўтириб олдиларда, яҳудийларга хилоф қилинглар, дедилар”.
Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можалар ривояти.
 Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (1/529) китобининг 1681-рақамли ҳадисида бу ривоятни заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳиҳи ибн Можа” (1/258) китобининг 1256-рақамли ҳадисида уни ҳасан, деганлар.

15. Урва ибн Зубайрдан ривоят қилинади:
"Мадинада икки киши бўлиб, бири лаҳад кавлар, иккинчиси кавламас эди. Бу иккисидан қайси бири аввал келса ўшаникига амал қилинади, дейишди. Бас лаҳад кавлайдигани Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келди.
Имом Бағавий "Шарҳи сунна”да саҳиҳ ҳолда ривоят қилдилар. Ҳофиз ибн Ҳажар "Талҳис ал-Ҳабийр”да ҳасан, дедилар.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (1/533) китоби, 1700-рақамли ҳадисида ушбу ривоятни заиф, дедилар. Сўнгра "Саҳиҳи ибн Можа” (1/259, 260) китобининг 1264 ва 1265-рақамли ҳадисларида уни саҳиҳ, дедилар. Субҳоналлоҳ!!!

16. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуда ривоят қилинади: 
«Бир одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан рўзадорнинг қучоқлаши ҳақида сўради. Унга рухсат бердилар. Бошқа биров у зотнинг ҳузурларига келиб сўраган эди, уни қайтардилар. Қаралса, У зот рухсат берган киши чол экан, қайтарган шахс эса, йигит экан».
Абу Довуд ва Байҳақийлар ривоят қилишган.
Шайх Албоний "Мишкат масобийҳ” (1/624) китобининг 2006-рақамидаги ҳадисда ушбу ривоятни заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳиҳи ибн Можа” (1/282) 1369-рақамли ҳадисида уни саҳиҳ, деганлар. Субҳоналлоҳ!!!

17. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки таомланишдан қайтардилар: хамр ичилаётган дастурхонда ўтиришдан ва юзтубан ётиб ейишдан», деди».
Абу Довуд ва Ибн Можалар ривоят қилишган.
Шайх Албоний "Ирваул ғалил” (7/40) китобининг 1982-рақамли ҳадисида ушбу ривоятни заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳиҳи ибн Можа” (2/240) китобининг 2716-рақамли ҳадисида уни саҳиҳ, деганлар. Субҳоналлоҳ шу даражада ҳам зиддият бўладими?!

18. "Гуноҳдан тавба қилувчи худди гуноҳи йўқ кишига ўхшайди” ҳадисини шайх Албоний "Заифа” (2/82) китобларининг 615 ва 616-рақамли ҳадисларида ушбу ривоятни заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳиҳи ибн Можа” (2/418) китобининг 3427-рақамли ҳадисида, уни саҳиҳ, деганлар. Субҳоналлоҳ!!!

19. Расулуллоҳ (с.а.в.) «Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар бўлиб қайта тирилтирурлар. Магар Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан мустасно», дедилар». 
Имом Термизий, Ибн Можа ва Байҳақийлар Убайд ибн Руфоъани отасидан ривоят қилишди.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (2/852) китобининг 2799 ва 2800-ҳадисларида ушбу ривоятни заиф, дедилар. Сўнгра "Саҳиҳа” (2/729) китобларининг 994-рақамли ҳадисида зид айтиш одатларига кўра уни саҳиҳ, дедилар.

20. "Девонлар учтадир. Бир девонки, Аллоҳ кечирмайди. У Аллоҳга ширк келтиришди. Аллоҳ Қуръонда "Алббатта Аллоҳ ширк келтирганни кечирмайди”, деб айтган. Яна бир девонки, у бандаларнинг ўзаро бир-бирларига зулмларидир. Аллоҳ уларни то бир-бирларидан қасос олишмагунича тарк қилмайди. Ва яна бир девонки, Аллоҳ билан ўзларининг ораларидаги аҳамиятсиз ўзаро зулм девонидир. Бу Аллоҳга ҳаволадир. Агар хоҳласа азоблайди. Агар хоҳласа (гуноҳини) ўтиб юборади”, дейилган.
Имом Байҳақий "Шуъабил иймон”, китобида ривоят қилганлар.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (3/1419) китобининг 1419-рақамли ҳадисида ушбу ривоятни заиф, дедилар. Сўнгра "Саҳиҳа” (4/560) китобларининг 1927-рақамли ҳадисида, уни саҳиҳ, дедилар. Ажабо!!!
 
21. "Ким биродари билан бир йил аразлашиб юрса, у гўёки қон тўккандек бўлади”, деб айтилган, Абу Довуд қилган ривоятдаги ушбу ҳадисни шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (3/1401) китобининг 5036-рақамлик ҳадис тахрижида заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳиҳул жомиъ ас-Сағир ва зиёдатуҳу” (5/365) китобининг 6457-рақамли ҳадис тахрижида ва "Саҳиҳа” силсилаларининг (2/635) 928-рақамли ҳадисида саҳиҳ, деганлар.
Мен шу ерда узр манфаат бермасада, узримни айтаман.

22. "Албатта сизларнинг бу насабларингиз бирор кишини сўкиш учун эмас. Сизларнинг ҳар бирингиз одам болаларисиз. Бирор кишининг бирор киши устидан афзаллиги йўқ фақат дини ва тақвосида афзаллиги бор холос...”, деб айтилган имом Аҳмаддан қилинган ушбу ривоятни шайх Албоний "Саҳиҳа” силсилаларининг (3/32) 1038-рақамида саҳиҳ, деганлар. Сўнгра сўзларига хилоф қилиб, айнан шу ҳадисни "Ғоятул маром фий тахрийжи аҳадийсил ҳалол вал ҳаром” китобининг 189-саҳифаси, 310-рақамида заиф, деганлар.

23. "Албатта Аллоҳ фарзларни фарз қилди, сизлар уни зое қилманглар. Ва яна ҳадларни чегаралади. Ундан тажовуз қилманглар. Ва яна нарсаларни ҳаром қилди. Уни бузманглар. Ҳамда кўп нарсалардан, унутмаган ҳолда балки сизларга раҳмат тариқасида сукут қилди, сизлар уни баҳс қилманглар”, деб айтилган, Дорақутний ривоят қилган, имом Нававий ҳасан, деган ушбу ҳадисни шайх Албоний "Ғоятул маром” китобининг 17-саҳифаси, 4-рақамлик ҳадисда заиф, деганлар. Сўнгра Ибн Таймийянинг "Иймон” китоблари тахрижида ҳасан, дедилар.

24. "Аллоҳга исмларнинг яхшиси Абдуллоҳ ва Абдурроҳмандир. Исмларни энг ростгўйи Ҳорис ва Ҳаммомдир. Энг ёмони Ҳарб ва Муррадир”, дейилган.
Бу ҳадисни имом Аҳмад, Абу Довуд, Насаий, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилишган.
Шайх Албоний "Саҳиҳа” (3/33) силсила китобларининг 1040-рақамли ҳадисида саҳиҳ, деганлар. Сўнгра "Ирваул ғалийл” китобларида (4/408) заиф, деганлар.

25. "Эй биродарлар! Бу кун (яъни қабрга тушиш)га тайёрланинглар”, деб айтилган, Хатиб Баро ибн Озибдан ривоят қилган ушбу ҳадисни шайх Албоний "Заифул жомиъис соғийр ва зиёдотуҳу” китобининг (1/114) 245-рақамлик ҳадисда заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳийҳа” (4/344) китобларининг 1751-рақамли ҳадис тахрижида саҳиҳ, дедилар.

26. "Икки дуо рад этилмайди. 1. Азон вақтидаги дуо. 2. бир-бири билан тўқнашиб, мусибатланилганда”, дейилган. Бошқа ривоятда: "Ёмғир остидаги дуо”, дейилган.
Абу Довуд ривоятлари.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (1/212) китобининг 672-рақамлик ҳадисида ундаги "Ёмғир остидаги дуо”, лафзини "Мишкатул масобийҳ” (1/212) китобининг 672-рақамли ҳадисида заиф, дедилар. Сўнгра "Саҳийҳа” (3/453) номли силсила китобларида, 1469-рақамлик ҳадисда саҳиҳ, дедилар. Субҳоналлоҳ!!!

27. "Киши ризқ бўладиган нарсасини зое қилиши гуноҳкор эканига кифоя қилади”, деб айтилган, Абу Довуд, Насаий ва Ҳокимлар ривоят қилган ушбу ҳадисни шайх Албоний "Ғоятул маром фий тахрижи аҳадийсул ҳалал вал ҳаром” китобининг 153-саҳифаси, 245-рақамлик ҳадисда ушбу лафз билан заиф, деганлар. Сўнгра "Ирваул ғалийл” (3/407) китоблари тахрижида ҳасан, дедилар.

28. Муоз: «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, биз гапирган нарсамиз учун, албатта, (иқобга) олинамизми?» деганларида, у зот: Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юзтубан (ёки тумшуқлари ила) туширмаса, нима туширар эди!» дедилар».
Шайх Албоний "Шарҳи таҳовия” китобининг 185-саҳифасида заиф, дедилар. Сўнгра "Саҳиҳул жомиъ ва зиёдотуҳу” (5/30) китобларининг 5012-рақамли ҳадисларида саҳиҳ, дедилар.

29. «Қачон бирингиз жориясини ёки қулини уйлантирса, унинг киндигидан пастига ва тиззаси(дан юқориси)га назар солмасин, чунки у авратдир», дедилар.
Абу Довуд ривоятлари. 
Шайх Албоний "Ирваул ғалил” (6/207) китобининг 1803-рақамлик ҳадисида саҳиҳ, дедилар. Сўнгра "Заийфа” (2/372) номли силсила китобларининг 956-рақамли ҳадисларида заиф, деб ҳукм қилдилар. Субҳоналлоҳ!!!

30. "Расулуллоҳ (с.а.в.) кунларнинг шанба ва якшанбасида рўза тутишни кўпайтирар ва бу кун мушрикларнинг ҳайитидир. Мен уларга хилоф бўлишни хоҳлайман, дер эдилар”.
Шайх Албоний "Ибн Хузайманинг саҳиҳи” (3/318) китобига ёзган таълиқларида, 2168-рақамлик ҳадисида саҳиҳ, дедилар. Сўнгра "Заийфа” (3/219) номли силсила китобларининг 1099-рақамли ҳадисларида заиф, деб ҳукм қилдилар. Бу хусусда фикр юритинглар!!!

31. "Албатта рўзадорнинг оғзини очаётган пайтда дуоси рад қилинмайди”, деб айтилган хабарни шайх Албоний "Ирваул ғалил” китобида заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳиҳа” силсила китобларининг (4/406) 1797-рақамли ҳадисдаги лафзда саҳиҳ, деганлар.

32. "Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сўйиш куни иккита шохли, ола, бичма қўйни сўйдилар. Иккисини юзлантирганларидан сўнг:
«Албатта, мен юзимни осмонлару ерни яратган Зотга, Иброҳимнинг миллатида бўлган, тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман. Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонларданман. Эй бор Худоё, бу Сендан ва Сенга Муҳаммаддан ва унинг умматидан. Бисмиллаҳи ва Аллоҳу Акбар», дедилар сўнгра сўйдилар
».
Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа ва Дорамийлар ривояти.
Шайх Албоний "Мишкат ал-Масобийҳ” китобининг (1/459) 1461-рақамида заиф, деганлар. Сўнгра "Ирваул ғалил” (4/351) китобида иснодини ҳасан, ривоятдаги кишилар Муслимдаги кишилардир. Лекин уларнинг ичида Ибн Ақийл бўлиб, унинг ҳадиси ҳасан мартабасидан тушиб кетмайди, деганлар.
Мен айтаманки, эй шайх Носириддин (Албоний жаноблари)!!! Қандай қилиб унинг ҳадиси ҳасан мартабасидан тушиб кетмасин. Мен ҳозир сизга у киши ҳақидаги муҳаддис уламоларнинг фикрларини келтираман.
* Ҳофиз Заҳабий: "Ибн Ақийлнинг хабари саҳиҳ ва ҳужжат қилиш даражасига етмайди”, деганлар.
* Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний "Таҳзиб ат-Таҳзиб”да Ибн Саъднинг "Унинг ҳадиси мункар бўлиб, ҳадиси ҳужжат қилинмайди. У кучли илмли бўлса ҳам”, деб айтганларини келтиради.
* Бишр ибн Умар: "Ундан ҳадис ривоят қилинмайди”, деган.
* Али ибн Маданий: "Яҳё ибн Саид ундан ҳадис ривоят қилмайди”, деган.
* Ибн Маданий: "Молик уни китобларига киритмаганлар”, деди.
* Суфён ибн Уяйна: "Ҳадиси тарк қилинган”, деди.
* Имом Аҳмад: "Ҳадиси мункар”, дедилар.
* Ибн Маъийн: "Ҳадиси ҳужжат қилинмайди”, деди.
* Абу Зуръа: "Санадларда у ихтилоф қилинган”, деди.
* Абу Ҳотам: "Ривоят қилган ҳадислари енгил бўлиб, кучли эмас”, деди.
* Насаий: "У заиф”, деганлар.
* Ибн Хузайма: "Ёд олиш қобилияти ёмон бўлгани учун уни ҳужжат қилмайман”, дедилар.
* Хатиб: "Эслаш қобилияти ёмон эди”, дедилар.
* Ибн Ҳиббон ҳам уни ёдлаш қобилияти жуда паст бўлиб, ваҳмга биноандир. Одатда бўлмаган хабарларни олиб келар эди. Унинг хабарларидан четланиш лозим, дер эдилар.
Шунча айбловдан кейин ҳам у ровий ҳасан мартабасидан тушиб қолмайдими?!!!

33. "Албатта Аллоҳ Одамни яратди. Сўнгра орқасига ўнг қўлини суртдида, ундан зурриётини чиқарди. Ва: "Мана буларни жаннат учун яратдим. Жаннат аҳлининг амали билан амал қилишади, деди. Сўнгра орқасига яна суртиб, ундан зурриётини чиқарди. Мана булар дўзах учундир. Дўзах аҳлининг амали билан амал қиладилар, деди. Шунда бир киши: "Эй Аллоҳнинг расули! Амал нима учун?” деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Албатта Аллоҳ таоло агар бир бандани жаннат учун яратса жаннат аҳли амалини қилдириб қўяди. Ҳаттоки, жаннат аҳли амалини қилиб вафот этади-да, жаннатга киради. Агар бир бандани дўзах учун яратса дўзах аҳлини амалини қилдириб қўяди. Ҳаттоки у дўзах аҳли амалини қилиб, дўзахга киради”, дедилар”.
Абу Довуд, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоятлари.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (1/35) китобининг 95-рақамлик ҳадисда заиф, деганлар. Сўнгра "Шарҳи Таҳовийя” китобининг 240-саҳифа, 220-рақамлик ҳадисида саҳиҳ, дедилар.

34. Абу Саид Худрийдан марфуъ ҳолда ривоят қилинади.
Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Одамлар сизга тобеъдирлар. Ва, албатта, ҳузурингизга ернинг турли атрофидан динда фақиҳ бўлиш учун келурлар. Ўшалар келган чоғда яхши муомалада бўлинглар», деганлар».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шайх Албоний "Саҳиҳа” (1/503) силсила китобларининг 280-рақамли ҳадисида саҳиҳ, деганлар. Сўнгра "Мишкатул масобийҳ” китоби тахрижида (1/75), 215-рақамлик ҳадисда заиф, деганлар.

35. Али ибн Толқ розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилинади: 
Расулуллоҳ (с.а.в.):
«Қачон бирингиз намозда ҳид чиқарса, у ердан кетиб, намозини қайтарсин. Аёлларнинг орқаларига яқинлик қилманглар! Албатта, Аллоҳ ҳақдин ҳаё қилмас», дедилар». 
Ибн Ҳиббон, имом Аҳмад, Термизий, Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилишган.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” китобининг (1/103) тахрижида, 314-рақамлик ҳадисда ҳасан, деганлар. Сўнгра "Заийфул жомиъ ас-Соғийр ва зиёдотуҳу” (1/209) китобларининг 706-рақамли ҳадисда заиф, дедилар.

36. "Абдуллоҳ ибн Акийм (р.а.) айтдилар. Бизга Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қуйидаги мактублари етиб келди. Унда: "Маййитни териси ва пайидан фойдаланманглар”, дейилган эди.
Имом Термизий ва бошқалар ривояти.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (1/157) китобининг 508-рақамлик ҳадисидаги тахрижда заиф, дедилар. Сўнгра "Ирваул ғалил” (1/76) номли китобларида, 38-рақамлик ҳадисда саҳиҳ, дедилар.
Ахир бу ҳадис шак-шубҳасиз субутли бўлиб, Термизий ва ал-Ҳозимий ҳасан дейишганку! Субҳоналлоҳ!!!

37. "Албатта Набий (с.а.в.) Баний Абдулашҳал масжидига келиб, у ерда шом намозини ўқидилар. Қачонки намозни тугатгач уларни кўрдиларки, намоздан кейин тасбеҳ (нафл) намозини ўқишар эди. Бас у зот: "Бу уйлар намозидир”, дедилар.
Абу Довуд, Термизий, Насаий ва Ибн Можалар ривояти.
Ушбу ҳадисни шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” китобининг (1/370) 1182-рақамлик ҳадис тажрижида буни заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳиҳи Ибн Можа” (1/192) китобларининг 956-рақамида ҳасан, дедилар.

38. «Ибн Журайж Атодан ривоят қиладилар.
Ибн Умар агар жумани Маккада ўқисалар, олдинга ўтиб икки ракат ўқирдилар. Сўнгра яна олдинга ўтиб тўрт ракат ўқирдилар. Агар Мадинада бўлсалар жумани ўқирдилар. Сўнгра уйларига қайтиб, у ерда икки ракат ўқирдилар. Масжидда ўқимасдилар. У зотга бу ҳақда гапирилганида, Расулуллоҳ (с.а.в.) мана шундай қилардилар», дедилар.

Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (1/372) китобининг тахрижида заиф, дедилар. Сўнгра "Саҳиҳут Тирмизий” (1/162) китобларининг 433-рақамли ҳадисида ҳамда "Саҳиҳи Абу Довуд”да 1000-рақамида саҳиҳ, дедилар. Ажабо!!!

39. Али розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Албатта Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўрур. Эй аҳли Қуръон, витр намози ўқинг», дедилар
». 
Абу Довуд, Ибн Можа, Насаий ва Термизий ривоят қилишган.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (1/397) китобининг тахрижида, 1266-рақамлик ҳадисида заиф, дедилар. Сўнгра "Саҳиҳу Ибн Можа” (1/193) китобларининг 959-1169-рақамли ҳадисда саҳиҳ, дедилар.

40. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Албатта, Аллоҳ таоло сизларга бир намозни зиёда қилди. У сизлар учун қизғиш туялардан ҳам яхшидир. У ҳам бўлса, витрдир. У зот сизларга уни хуфтондан то тонг отгунча қилди», дедилар».
Термизий, Абу Довуд ва бошқалар ривояти.
Шайх Албоний "Ирваул ғалил” (2/156) китобининг 423-рақамлик ҳадисида саҳиҳ, дедилар. Сўнгра "Мишкатул масобийҳ” (1/397) китобининг 1267-рақамли ҳадис тахрижида заиф, деб ҳукм қилдилар.
 
41. "Расулуллоҳ (с.а.в.) жума куни минбарга чиқиб: "ўтиринглар, деб айтдилар. Ибн Масъуд ҳам уни эшитгач, масжид эшиги олдига ўтирдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни кўргач: "Эй Абдуллоҳ ибн Масъуд келгин”, дедилар.
Абу Довуд ривоятлари.
Шайх Албоний "Мишкат” (1/445) китобининг 1418-рақамлик ҳадис тахрижида заиф, деганлар. Сўнгра "Ирваул ғалийл” (3/97) китобларида ҳамда "Саҳиҳи Абу Довуд” (966) китобида саҳиҳ, деганлар.

42. "Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилинади.
«Ким жумани бир ракатини топса унга бошқасини ўқисин....
".
Имом Ҳоким ривоятлари. Исноди саҳиҳ ва бунга Заҳабий мувофиқ бўлганлар.
Шайх Албоний "Мишкат ал-Масобийҳ” китобининг (1/445) 1419-рақамида заиф, деганлар. Сўнгра "Ирваул ғалил” (3/84) китобининг 622-рақамли ҳадисида саҳиҳ, деганлар.

43. Атодан мурсал ҳолда ривоят қилинади:
"Албатта Набий (с.а.в.): "агар хутба қилсалар ҳассаларига бир суяниб олардилар”.
Имом Шофеъий муснадларида ривоят қилдилар.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (1/453) китобининг 1445-рақамлик ҳадисда заиф, деганлар. Сўнгра "Ирваул Ғалийл” (3/78) китобида мурсал, саҳиҳ, дедилар.

44. Абу Ҳурайрадан марфуъ ҳолда ривоят қилинади.
«Ким беморни зиёрат қилса осмондан бир нидо қилувчи нидо қилиб, бахтли бўлдинг ва юришинг ҳам бахтли бўлди. Жаннатдан бир манзилни тайёрлаб қўйдинг», дейилган ривоятни Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” китоби тахрижида (1/495), 1575-рақамлик ҳадисида заиф, деганлар.
Сўнгра "Саҳийҳул жомиъ ас-Соғийр ва зиёдатуҳу” (5/322) китобининг 6263, 2632-рақамли ҳадисида саҳиҳ, деганлар.

45. Ажойиб ва ғаройиби шуки, шайх Албоний юқоридаги ҳадисни "Мишкат” китобининг 1575 рақамлик тахрижида заифликка ҳукм қилганлар.

46. Ибн Аббосдан ривоят қилинади:
Набий (с.а.в.):
"Агар "саббиҳисма роббикал аъла”,ни ўқисалар "Субҳона роббиял аъло”ни айтдилар”.
Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Ҳокимлар ривоят қилишган. Ва уни саҳиҳ, дейишган. Заҳабий ҳам бунга иқрор бўлганлар.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (1/272) китобининг 859-рақамлик ҳадисидаги тахрижда заиф, дедилар. Сўнгра "Саҳиҳул жомиъ ва зиёдотуҳу” (4/228) номли китобнинг, 4642-рақамлик ҳадисда саҳиҳ, дедилар. Ажабо!!!

47. Муоз ибн Жабалдан марфуъ ҳолда ривоят қилинади:
Расулуллоҳ (с.а.в.):
"Қайси мусулмон эр-хотинни уч (фарзанди) вафот қилса Аллоҳ икковларини Ўз раҳмат ва фазли билан жаннатга киритади”, деганларида, саҳобалар: "Эй Аллоҳнинг расули, иккита бўлсачи?” дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Иккитаси ҳам”, дедилар. Саҳобалар: "Биттаси бўлсачи”, дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Биттаси бўлса ҳам”, деб, сўнгра: "Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, муддатидан олдин тушиб кетган бола онасини киндиги билан жаннатга тортиб кетади агар (ота-онаси) савоб умид қилган бўлса”, дедилар.
Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти.
Ушбу ҳадисни шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” китобининг (1/549) 1754-рақамлик ҳадис тажрижида заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳиҳи Ибн Можа” (1/268) китобларининг 1304-рақамида саҳиҳ, дедилар.

48. Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинади.
«Расулуллоҳ (с.а.в.) йиғловчиси бор жанозага қатнашишдан ман қилдилар».
Имом Аҳмад ва Ибн Можалар ривояти.
Шайх Албоний "Аҳкамул жанаиз ва бидауҳа” китобининг 70-саҳифасида ҳасан, деганлар. Сўнгра "Мишкатул масобийҳ” (1/549) китобининг 1752-рақамлик ҳадис тахрижида заиф, дедилар. Субҳоналлоҳ!!!

49. Шақиқ ибн Салама Абу Воил ривоятлари: 
«Усмон уч мартадан таҳорат олдилар. Бошлари ва қулоқларини устки ва ички томонига ҳам суртиб, икки оёқларини ҳам уч мартадан ювдилар. Бармоқ учини ҳам ювдилар. Соқолларига сув етказдилар. Юзларини ҳам ювдилар. Сўнгра: Расулуллоҳ (с.а.в.)ни, мени кўриб турганингиздек бажарганларини кўрдим», дедилар». 
Ибн Хузайма саҳиҳларида ривоят қилганлар.
Шайх Албоний "Саҳиҳи ибн Хузайма” (1/86) китобининг таълиқида, 167-рақамлик ҳадисида заиф, дедилар. Сўнгра "Ирваул ғалийл” (1/128) китобларининг 89-рақамли ҳадисда ва "Саҳиҳи ибн Можа” (1/71) 333-рақамлик ҳадисда саҳиҳ, дедилар.
Ахир бу ҳадиснинг асли икки саҳиҳ китобидаку?
"Фатҳул борий” китобига (1/259) қаранг!

50. Абу Ҳурайра айтдилар
Мен: "Эй Аллоҳнинг расули! Агар сизни кўрсам нафсим шод бўлиб, кўзим қувончга тўлади. Менга барча нарсани хабарини берсангиз”, десам у зот: "Барча нарса сувдан яратилгандир”, дедилар. Мен яна: "Эй Аллоҳнинг расули, агар ушласам жаннатга кирадиган нарсани хабарини беринг”, десам, у зот: "Саломни тарат, таом билан таомлантир, қариндош ришталарини боғла ва кечаси одамлар ухлаганида кечаси (намозга) тур сўнгра саломатлик-ла жаннатга кир», дедилар. 
Имом Аҳмад, Ҳоким ва бошқалар ривояти.
Шайх Албоний "Ирваул ғалил” (3/237, 238) китобида саҳиҳ, дедилар. Сўнгра "Заифа” (3/492) силсила китобларининг 9-сатрида заиф, деб ҳукм қилдилар.
Ундан ташқари ўша ерда бу ривоятни Ҳоким саҳиҳ, деб Заҳабий унга мувофиқ бўлганини ҳам зикр қилиб, унга раддия берганлар.
 
51. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон минбарга чиқсалар, биз у зот томон юзланар эдик».
Термизий ривоятлари.
Шайх Албоний "Мишкат” (1/443) китобининг 1414-рақамлик ҳадис тахрижида заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳиҳул жомиъ ва зиёдотуҳу” (4/227) китобларининг 4638-рақамлик ҳадисида саҳиҳ, деганлар.

52. Умму Курз айтадилар.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«(Шумланмасдан) қушни ўз ўрнида қолдиринглар. Ўғил болага икки қўй, қиз болага бир қўй, уларни эркаги ва аёли бўлишининг зарари йўқ», дедилар
».
Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар ривояти.
Шайх Албоний "Мишкат ал-Масобийҳ” китобининг (2/1208) 4152-рақамида заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳиҳи жомиъис соғийр ва зиёдотуҳу” (1/380) китобининг 1188-рақамли ҳадисида саҳиҳ, деганлар.

53. "Яхшиликни замонни барчасида талаб қилинглар. Ва Аллоҳнинг раҳмати пуркалишига тўқнаш бўлинглар. Чунки Аллоҳнинг раҳматини пуркаши бордир. Бандаларидан хоҳлаганига уни етказади. Аллоҳдан авратларни тўсилиши хавфларни омонликка айланишини сўранглар”, дедилар.
Имом Байҳақий Абу Ҳурайра ва Анас (р.а.)дан қилган ривоятлари.
Шайх Албоний "Заийфул жомиъ ас-Соғийр ва зиёдотуҳу” (1/389) китобининг 1001-рақамлик ҳадисида ва яна "Заийфа” силсила китобининг 2798-рақамида заиф, дедилар.
Сўнгра "Силсилатул аҳадийс ас-Саҳийҳа” (4/511) китобларининг 1890-рақамлик ҳадисида саҳиҳ, деганлар.

54. "Абу Разийн ал-Уқайлий: «Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳ халойиқни қандай яратади? Унинг халқ қилишидаги аломат нима? Деганларида, Расулуллоҳ (с.а.в.): "Сен қавмингни қуриб қолган водийси олдидан ўтмаганмисан. Кейин ям-яшил бўлганида ўтмаганмисан”, дегандилар, у киши: "Ҳа”, деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Мана шу Аллоҳнинг халқидаги мўъжизаларидир. Аллоҳ ўликларни мана шундай тирилтирур”, дедилар».
Имом Аҳмад ва Байҳақий ривояти.
Ушбу ривоятни шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” китоби тахрижида (3/1532), 5531-рақамлик ҳадисида заиф, деганлар.
Сўнгра "Саҳийҳул жомиъ ас-Соғийр ва зиёдатуҳу” (1/420) китобининг 1346-рақамли ҳадисида саҳиҳ, деганлар. Субҳоналлоҳ!!!

55. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Қачон бир банданинг боласи ўлса, Аллоҳ фаришталарига: 
«Бандамнинг боласини қабз қилдингизми?» дейди.
«Ҳа», дейдилар.
«Унинг дил мевасини қабз қилдингизми?» дейди.
«Ҳа», дейдилар.
«Бандам нима деди?» дейди.
«Сенга ҳамд ва истиржо айтди», дейдилар. 
Шунда Аллоҳ: 
«Бандамга жаннатда бир уй бино қилинглар ва уни ҳамд уйи, деб номланглар», дейди
».
Термизий ривоятлари.
Ушбу ривоятни шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” китоби тахрижида (1/544), 1736-рақамлик ҳадисида заиф, деганлар.
Сўнгра "Саҳийҳул жомиъ ас-Соғийр ва зиёдатуҳу” (1/279) китобининг 807-рақамлик ҳадисида саҳиҳ, деганлар.

56. Яъла ибн Мурра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳусайн мендандир, мен Ҳусайндандирман. Ким Ҳусайнга муҳаббат қилса, Аллоҳ унга му¬ҳаббат қилсин. Ҳусайн асботлардан бир сибтдир», дедилар
».
Термизий ривоят қилган.
Изоҳ: «Сибт» – «набира» ва «қабийла» маъноларни англатади.
Шайх Албоний "Силсилатус саҳийҳа” (3/229) китобларининг 1227-рақамлик ҳадисида саҳиҳ, деганлар. Сўнгра "Мишкатул масобийҳ” (3/1738) китобининг 6160-рақамлик ҳадисидаги тахрижда заиф, дедилар.

57. Умму ҳабийба розияллоҳу анҳодан ривоят: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким Пешиндан олдинги тўрт ракатни ва ундан кейинги тўрт ракатни муҳофаза қилса, Аллоҳ унга дўзах ўтини ҳаром қилади», дедилар
». 
Имом Аҳмад, Термизий, Насаий ва Ибн Хузайма ривояти.
Ушбу ҳадисни шайх Албоний "Ибн Хузайма” китобининг (2/205) 1190-рақамлик ҳадис таълиқида заиф, деганлар. 
Бунинг исноди заиф, чунки санад ичида нотаниш бўлган Муҳаммад ибн Суён исмли шахс бор, дедилар.
Сўнгра "Саҳиҳул жомеъ ва зиёдотуҳу” (5/317) китобининг 6240-рақамида саҳиҳ, дедилар.

58. Ҳабаший ибн Жунада розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Али мендандир. Мен Алидандирман. Мен адо этишим лозим бўлган нарсаларни фақат ўзим ёки Алигина адо этади», дедилар
».
Термизий, Ибн Можа ва бошқалар ривоят қилишган. Бу саҳиҳдир.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (3/1720) китобининг 6083-рақамлик ҳадис тахрижида заиф, дедилар. Сўнгра "Саҳиҳи ибн Можа” (1/26) китобининг 97-рақамлик ҳадис тахрижида саҳиҳ, дедилар. 

59. Сумама ибн Ҳазан ал-Қушайрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Явмуддорда ҳозир бўлдим. Ўшанда Усмон баланддан туриб:
«Сизни менга қарши қайраган икки соҳибингизни олиб келинг!» деди. Икковлари келтирилди. Иккови худди икки туяга ўхшар эди ёки иккови худди икки эшакка ўхшар эди. Бас, Усмон уларга тепадан туриб: 
«Сизлардан Аллоҳ ҳаққи ила, Ислом ҳаққи ила сўрайман! Айтинг-чи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида у ерда Рума қудуғидан бошқа чучук сув йўқлигини, у зот «Ким хайр учун Рума қудуғини сотиб олиб, челагини мусулмонларнинг челаклари ила бирга қилса, унга жаннат бўлур», деганларида уни мен ўз молимдан сотиб олганимни биласизларми!? Бугун эса, сиз мени ундан сув ичишимни ман қилмоқдасизлар! Мен денгиз сувини ичишга мажбур бўлмоқдаман», деди. 
«Аллоҳ ҳаққи, тўғри», дейишди.
«Сизлардан Аллоҳ ҳаққи ила, Ислом ҳаққи ила сўрайман! Айтинг-чи, масжид ўз аҳлига тор бўлиб қолиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким Оли Фулоннинг бурчагини хайр учун сотиб олиб, масжидга қўшса, унга жаннат бўлур», деганларида уни мен ўз молимдан сотиб олганимни биласизларми!? Бугун эса, сиз мени унда икки ракъат намоз ўқишимдан ман қилмоқдасиз», деди.
«Аллоҳ ҳаққи, тўғри», дейишди.
«Сизлардан Аллоҳ ҳаққи ила, Ислом ҳаққи ила сўрайман! Айтинг-чи, «Қийинчилик» лашкарини мен ўз молимдан шайлаганимни биласизларми!?» деди.
«Аллоҳ ҳаққи, тўғри», дейишди.
«Сизлардан Аллоҳ ҳаққи ила, Ислом ҳаққи ила сўрайман! Айтинг-чи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадаги Сабирга чиққанларида, у зот билан Абу Бакр, Умар ва мен бўлганимда, тоғ ҳаракатга келиб, тошлари паст¬га думалаб тушганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни оёқлари ила тепиб, «Сокин бўл! Сабир! Устингда набий, сиддиқ ва икки шаҳид турибди», деганларини биласизларми!?» деди.
«Аллоҳ ҳаққи, тўғри», дейишди.
Шунда у уч марта: 
«Аллоҳу акбар! Менга гувоҳлик беришди. Каъбанинг Роббиси ила қасамки, мен шаҳидман!» деди
».
Термизий ривоят қилган.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (3/1714) китобининг 6066-рақамлик ҳадис тахрижида Термизийнинг ҳадисни ҳасан деганларини зикр қилиб, уни заиф, дедилар. Сўнгра "Ирваул ғалийл” (6/40) китобининг 39-саҳифасида Термизий ҳасан деганларидек бу ҳадис ҳасан, дедилар. 
Эй ҳадис талабалари фикр юритинглар!!! 

60. Абу Умомадан ривоят қилинади:
"Набий (с.а.в.): "Ким ғазот қилмаса ва ғозийни ғазотга жиҳозламаса ёки ғозийнинг аҳлида яхшилик билан ўринбосар бўлмаса Аллоҳ унга Қиёматдан олдин бир мусибатни солади”, дедилар.
Абу Довуд ривоятлари.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (2/1123) китобининг 3820-рақамлик ҳадис тахрижида заиф, дедилар. Сўнгра "Саҳиҳи Абу Довуд” китобининг 2261-рақамида ва "Саҳиҳи ибн Можа” китобининг 2231-2762-рақамлик ҳадисида саҳиҳ, дедилар. 
 
61. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан марфуъ ҳолда ривоят қилинади: 
«Жоҳилиятдаги мерос тақсими жоҳилият тақсимидир. Исломиятни топгандаги тақсимот исломият тақсимотидир».
Ибн Можа ривояти.
Шайх Албоний "Мишкат ал-Масабийҳ” (2/923) китобининг 3067-рақамлик ҳадис тахрижида заиф, деганлар. Чунки ундаги ровийлар ичида Абдуллоҳ ибн Луҳяъа бордир, деганлар. Сўнгра "Саҳиҳул жомиъ ва зиёдотуҳу” (5/152, 5533) китобларида саҳиҳ, деганлар.

62. Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Жаброил тушиб, менга намоз вақтини хабарини бердилар. Бас, у билан намоз ўқидим, сўнгра у билан яна намоз ўқидим, сўнгра у билан яна намоз ўқидим...., деб бармоқлари билан бешта намозни ҳисоб қилдилар
». 
Ибн Хузайма саҳиҳларида ривоят қилганлар.
Шайх Албоний "Саҳиҳи ибн Хузайма” китобидага тахрижида заиф, деганлар. Сўнгра "Ирва” (1/269, 270) китобида саҳиҳ, деганлар.

63. Абу Ҳурайра (р.а.) айтдилар.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида иситма зикр қилинди. Бир киши уни сўкди. Шунда Набий (с.а.в.):
«Иситмани сўкманглар. Чунки у гуноҳларни худди темирни зангини кетказгани каби кетказади», дедилар.

Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (1/498) китобининг 1583-рақамлик ҳадисида заиф, дедилар.
Сўнгра "Саҳиҳи ибн Можа” (2/258) китобини 2793-рақамлик ҳадисида саҳиҳ, деганлар.

64. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Отлиқлар бизнинг олдимиздан ўтарди. Биз эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эҳромдаги ҳолда эдик. Қачон улар тўғримизга келганларида ҳар биримиз жилбобини бошидан юзига тушириб оларди. Улар биздан ўтиб кетганларида уни очардик».
Абу Довуд ривоятлари.
Ушбу ривоятни шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” китоби тахрижида (2/823), 2690-рақамлик ҳадисида саҳиҳ, деганлар.
Сўнгра "Ирваул ғалил” (4/212) китобининг 1024-рақамли ҳадисида заиф, деганлар. 

65. Абу Зарр айтадилар: 
«Мен кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эшакда мингашиб кетаётган эдим. У зот: "Эй Абу Зарр! Қачон Мадинада оч бўлсангда, тўшагингдан туриб, масжидга етиб олмасанг...”, дедилар.
Абу Довуд ривоятлари.
Ушбу ривоятни шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” китоби тахрижида (3/1485), 1736-рақамлик ҳадисида заиф, деганлар.
Сўнгра "Ирваул ғалил” (8/102) китобининг 101-саҳифасида саҳиҳ, деганлар.

66. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирса ансорларга ғазаб қилмайди», дедилар».

Имом Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (3/1759) китоби тахрижининг 6241-рақамлик ҳадисида заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳийҳа” (3/236) китобларининг 1234-рақамлик ҳадисида саҳиҳ, дедилар.

67. Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Мен Аллоҳнинг ҳузурида Набийларнинг хотимаси деб ёзилгандирман. Одам эса ҳали лойлари ерга ташланган эканида. Мен сизларга аввалги ишимни хабарини бераман. У Иброҳимнинг дуолари ва Ийсонинг башоратлари ҳамда онамнинг тушларики, мени туққан пайтларида онамдан нур чиқиб, Шом қасрларини ёритиб юборгандир», дедилар». 

Имом Аҳмад, Табароний, Ҳоким ва бошқалар ривояти.
Ушбу ҳадисни шайх Албоний "Мишкатил масобийҳ” китобининг (3/1604) 5759-рақамлик ҳадисидаги тахрижда саҳиҳ, деганлар. 
Сўнгра "Заийфул жомеъ ас-Соғийр ва зиёдотуҳу” (2/223) китобининг 2090-рақамида заиф, деганлар. Субҳоналлоҳ!!!

68. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги чиққан ойни кўрсалар: «Аллоҳумма аҳиллаҳу ъалайна бил амни вал иймани вассаламату вал ислами ваттавфиқи лима туҳиббу ва тарзо. Роббуна ва Роббукаллоҳ», деб айтардилар.
(Маъноси: Аллоҳ улуғдир, эй Раббим, бизга бу ойни омонлик, иймон, саломатлик, ислом, тавфиқ, ўзинг яхши кўрадиган ва рози бўладиган ой қил. (Эй ҳилол!) Менинг раббим ҳам, сени раббинг ҳам Аллоҳдир.) Табаронийнинг Ибн Умардан қилган ривоятлари.
Шайх Албоний "Заифул жомиъус соғийр ва зиёдотуҳу” (5/190) китобининг 4411-рақамлик ҳадисда заиф, дедилар. Сўнгра "Саҳиҳи калимут тоййиб” китобининг 70-саҳифасида саҳиҳ, дедилар. 

69. Жобир розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилинади:
«Салом билан бошламаган кишига изн берманглар», деганлар».
Имом Байҳақий Шуъабил ийман китобида ривоят қилганлар.
Шайх Албоний "Саҳиҳа” (2/480) китобининг 817-рақамлик ҳадисида саҳиҳ, дедилар. Сўнгра "Мишкатул масобийҳ” (3/1325) китобининг 4676-рақамида ҳамда (2/1325) 4676 рақамида заиф, дедилар. 

70. Асмо бинти Язиддан марфуъ ҳолда ривоят қилинади:
"Набий (с.а.в.): "Болаларингизни сир ҳолда ўлдирманглар, чунки ҳомиладор аёлнинг сути, чавандозни отидан йиқитиб юбориши мумкин”, дедилар.
(Яъни, эмизикли аёлга жимоъ қилинса, у ҳомиладор бўлиб қолса, эмаётган бола кучсиз бўлиб, вояга етгач отга минганида кучсизлигидан йиқилиб ҳалок бўлиши мумкин).
Абу Довуд ва имом Аҳмад ривоятлари.
Шайх Албоний "Ғоятул маром” китобининг 152-саҳифаси, 242-рақамлик ҳадис тахрижида заиф, дедилар. Сўнгра "Саҳиҳул жомиъ ва зиёдотуҳу” китобининг (6/167) 7268-рақамида саҳиҳ, дедилар.

71. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуни садақа (закот) йиғиб келишга юбордилар. Ибн Жамил, Холид ибн Валид ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббослар закот беришдан бош тортишаётгани хабари берилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ибн Жамил закотни инкор қилмайди, фақат у камбағалдир. Аллоҳ уни бой қилиб қолади. Лекин Холид ҳақида гапирадиган бўлсак, сизлар Холидга зулм қилибсизлар. Чунки у (маблағини) уруш кийими ва ускуналари учун Аллоҳ йўлида ушлаб турибди. Аммо (амаким) Аббоснинг закоти ва шунга ўхшаш мажбуриятлари менинг бўйнимдадир. Эй Умар! Кишининг амакиси отаси каби эканини ҳис қилмасмидинг", дедилар".
Имом Муслим саҳиҳларида, Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилишди.
Шайх Албоний "Ирваул ғалил” (3/350) китобида заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳиҳул жомиъ ас-Соғийр ва зиёдотуҳу” (5/194) китобларининг 5698-рақамида саҳиҳ, деганлар.

72. Оиша (р.о)дан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ (с.а.в.) бавл қилдилар. Умар эса у зотнинг ортларида идишда сув ушлаб турдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Эй Умар бу нима?” дедилар. Умар (р.а.): "Тоҳарот олишингиз учун сув”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ҳар гал бавл қилганимда тоғарот олишга амр қилинмаганман. Агар ана шундай қилсам суннат бўлиб қолади”, дедилар.
Абу Довуд ва ибн Можа ривоятлари.
Шайх Албоний "Мишкатул масобиҳ” (1/118) китоби, 368-рақами тахрижида заиф, деганлар. Сўнгра "Саҳиҳул жомиъ ва зиёдотуҳу” (5/127) китобидаги 5427-рақамли ҳадисда саҳиҳ, дедилар.

73. Ҳузайфа (р.а.)дан ривоят қилинади:
«Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор иш ташвишга солса намоз ўқирдилар.
Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” (1/416) китобининг 1325-рақамлик ҳадисида заиф, дедилар.
Сўнгра "Саҳиҳул жомеъ ва зиёдотуҳу” (4/215) китобини 4579-рақамлик ҳадисида саҳиҳ, деганлар.

74. Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилинади:
"Яман аҳлидан бўлган бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келганида, у зот: "Яманда бирор кишинг борми?” дедилар. У: "Ота ва онам бор”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Иккови сенга изн беришганми?” дедилар. У: "Йўқ”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ота-онанг олдига қайтиб боргинда, улардан рухсат ол. Агар рухсат беришса жиҳод қил. Бордию рухсат беришмаса, уларга яхшилик қилишда (бардавом) бўл”, дедилар.
Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Ҳоким ривоятлари 
Шайх Албоний "Ғоятул маром фий тахрижил ҳалоли вал ҳаром” китобининг 172-саҳифа, 282-рақамлик ҳадисида заиф, деганлар.
Сўнгра "Саҳиҳул жомеъ ва зиёдотуҳу” (1/307) китобининг 905-рақамли ҳадисида саҳиҳ, деганлар. Субҳоналлоҳ! 

75. Абдуллоҳ ибн Амрдан марфуъ ҳолда ривоят қилинади:
"Баний Исроилга келган кун худди пойабзални (бичишда) пойабзал баробар бўлгани каби умматимга ҳам ана шундай кун келади. Ҳатто уларни ичида онаси устига очиқча келгани бўлган. Менинг умматимда ҳам ана шундай бўлади. Баний Исроил етмиш икки миллатга бўлиниб кетган. Умматим эса етмиш уч миллатга бўлиниб кетади. Уларнинг барчаси дўзахдадир, фақат биттаси ундай эмас”, деганларида, саҳобалар: "Эй Аллоҳнинг расули! У ким?” дейишди. Шунда у зот: "Мен ва саҳобаларим (йўлидаги)лар”, дедилар.
Имом Термизий ривоят қилиб ғариб, дедилар.

Шайх Албоний "Мишкатул масобийҳ” китоби тахрижида (1/61), 171-рақамлик ҳадисида заиф, деганлар.
Сўнгра "Саҳиҳул жомеъ ва зиёдотуҳу” (5/79, 80) китобининг 5219-рақамида саҳиҳ, дедилар. Ажабо!!!
 
"Таноқузоти Албоний ал-Возиҳот фийма вақаъа лаҳу фий тасҳиҳил аҳадис ва тазъийфиҳа мин ахтаин ва ғалатат”
(Албонийнинг очиқча зиддиятлари ҳамда ҳадисларнинг саҳиҳ ва заиф қилишда хато ва янглишишга тушиб қолиши)
Муаллиф: Ҳасан ибн Али ас-Саққоф

كتاب: تناقضات الألباني الواضحات فيما وقع له في تصحيح الأحاديث وتضعيفها من أخطاء وغلطات. (بقلم حسن بن علي السَّقَّاف)
 
 

давоми бор Инша Аллоҳ... 

Manbaa: islom.uz

 
 
Kino va boshqa Video fayllar haqida savollar bo'lsa yoki Kino/Video fayllarni ko'rishda muammolarga duch kelsangiz SHU YER orqali xabar berishingiz mumkin!
 
 

Статья / Maqola| Ko'rildi: 3057 | Joyladi: Abdullax| Reytingi: 0.0/0 |
 
 
Barcha Izoxlar:0
Ro'yxatdan o'tgan Foydalanuvchilargina izox qoldirishlari mumkin
[ BIR DAQIQADA RO'YXATDAN O'TISH | KIRISH ]
 

 
 
 
Kirish/Chiqish
Xush Kelibsiz!
 

Nickname: Mehmon
 
 
Yangi Kun Tartib
«  Avgust 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031
Portaldan Izlash

Реклама
Tavsiya Etmoq

Islomiy Saytlar

 
Statistika
 
 

O'zbekistondagi Birinchi Raqamli Portal
UzCinema © 2007-2025 |

Administraciya Portalda joylanayotgan ma'lumot va fayllar uchun hech qanday javobgarlikni o'z bo'yniga olmaydi!

Владельцы и создатели данного сайта не несут ответственность за использование ссылок и информации, представленных на этом сайте. На данном сайте представлены исключительно ссылки на другие ресурсы. Данный проект является некоммерческим, поэтому авторы не несут никакой материальной ответственности. Вся информация и ссылки представлены исключительно в ознакомительных целях и предназначены только для просмотра.