"Дунё ўзбеклари”га Ўшдан келган хат…Ассалому -алайкум қимматли ва азиз миллатдошларим.
Мана икки йилдирки Қирғизистонлик миллатдошларимизнинг бошига тушган оғир кунларни юрагида ўзбек миллатига ҳурмати бор инсонлар ҳеч қачон унутолмайди.
Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган хунрезликни қилган инсонлар икки йилдан буён ҳеч нарса бўлмаганда дунё ҳамжамиятидан уялишаётгани йўқ.
Чунки, баъзи бир миллатдошларимиз бугунги кунда отангни ўлдирганга , онангни бер қабилида иш олиб боришмоқда.
Бизлар бутун дунёга айбдор эмасмиз, деб жар солсак, баьзи бирларингиз миллатдошларингизни қалбларидан хабарингиз йўқми? Кўзингиз кўр бўлса ҳам, қалб кўзингизни каттарок очинг. Қалам эмас қалбим сўзи…
Уруш кунлари гўёки ҳаммамиз бирлашгандек эдик. Сабабини ҳаммамиз яхши билдик. Ўрмонга ўт кетса қуруғи ҳам, ҳўли ҳам тенг ёнади, дегандек, ёппасига қиришдику. Шу кунлар учун ”Ал қасосу минал ҳақ” деб курашайлик.
Мана шу телевидения, газета ёки, бирор бир ташкилотга интервью бераётган кимсалар ўзбекларнинг номидан гапиргани ваколатлари бормикан?
Айтилган сўз, отилган ўқ бўлишини билмайсизми?
Икки йилдан буён баъзи бир инсонлар миллатни келажак ворисларимизга ўзимиздан ҳеч кимга эгилмайдиган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган миллат ғурурини тиклаш ҳақида олислардан сизларга елкадошмиз деб дараклар бериб, бирлашиб дардларимизга дармон бўлиш ниятида юришсаю, Қирғизистонлик бўлатуриб, бахтсизларни орқаларидан бахтли кун кечираётганларингиз ҳам йўқ эмассиз. Бу масалаларни ўзларимиз ўзаро ўзбеклашиб ечадиган вақтлар ҳам келади.
Бошимизда кора калхатлар чарх ураётган вақтларда кимдир жонини, эй пулдор акалар, жон бўлмаса мол тикинглар! Жон сақлаган ботир дейдику. Лекин халқимизда бир мақол бор: Бир гугуртдан олгин сен ибрат, ёндирмоқ учун ёнмоғи керак. Келинглар ёндириш учун бирлашайлик. Бошқа мамлакатларда юрган баьзи бирларингиз кайфу- сафодан ошмай юрган бўлсангиз ҳам ҳисобни охиратга қўйдик.
Нима, сизларда миллатга ҳурмат йўқми? Агар миллатни ҳурмат қилмасангиз, миллат товонини тўлаб, авахталарда жабр тортаётган эр-йигитлар олдидаги қарздорлигингизни ҳис қилиб яшасангиз яхши бўлади деб ўйлайман.
Чунки, ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, яхши кунлари ҳам келиб қолишига уммидвормиз.
Азизлар, сизлардан илтимос, агар миллат учун ҳеч нарса қилмасангиз, қилаётганларга зарар етказманг. Яхши инсонлар кўмагида биз миллатдошларимизни оқлагунимизча жим туринг. Бу қилинаётган ишларга кимлардир бир марта бериладиган қадрли умрларини тикиб фаолият олиб боришмокда.
Бас шундай экан, эртага 10 -июнь куни яраш ошлари, дўстлик ошларида миллатдошларингиз ғурурини оёқ ости қилиб, баьзи бир ташкилотларга ”биз бахтли яшаяпмиз” деб, ЎЗБЕКЧАСИГА АЙТГАНДА ПАХТАКОРЛИК қилманглар!
Бу қалам эмас, қалбим сўзи.
Ўшдан Нурхон Мирзаабдуллаева.
www.dunyouzbeklari.com