Хабарларга кўра, Швециянинг Стромсунд шаҳридаги уйи олдида отиб кетилган Обид қори Назаров оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.
22 феврал куни Швециянинг Стромсунд шаҳрида, маҳаллий вақт билан соат 13:40 ларда таниқли уламо Обид қори Назаровга ўз уйи подъездида суиқасд уюштирилди.
Маҳаллий швед матбуотида кўра, аввалига отишма овозини ёш болалар эшитиб югуриб келишган. Полиция воқеа жойидан ўқ отар қўрол топилганини айтмоқда.
Обид қори Назаров яшаган кўп қаватли уйнинг атрофи дарҳол полиция томонидан ўраб олинган, жиноятчи излари искович итлар ёрдамида қидирилган.
(Обид қори яшаган кўп қаватли уй)
Озодликка исми сир қолиши шарти билан сўзлаган манбага кўра, номаълум шахс Обид қорига 3 ёки 5 бора ўқ узган ва воқеа жойидан ғойиб бўлган.
Натижада, имом оғир аҳволда Остерсунд шифохонасига етказилган ва мураккаб жарроҳлик амалиётидан ўтказилган.
Шифохонанинг Тез тиббий ёрдам бўлими ходимлари мустақил манба хабарини қисман тасдиқлади.
Яъни расмий маълумотларга кўра, Обидхон Назаров исмли бемор 22 феврал куни тушдан кейин шифохонага келтирилган ва айни дамда ҳам шифохонада қолмоқда.
Лекин шифохона ходимлари беморнинг аҳволига оид бирорта маълумот берилмаслигини айтди.
Айни пайтда маҳаллий матбуотда Обидхон қорининг Умеодаги шифохонага олиб кетилгани ва унинг ҳаёт учун хавфли аҳволда қолаётгани айтилмоқда.
Бироқ ўз манбамиз берган хабарга кўра, амалиёт яхши ўтган.
- Операция ҳозиргина тугади, яхши чиқдилар. Иншоллоҳ, соғайиб кетарлар, дуо қиляпмиз, - дейди бу манба.
Айни кезда Обид қори Назаровнинг оила-аъзолари ва яқинлари билан боғланишнинг имкони бўлмаяпти.
Маҳаллий матбуотга кўра, Обидхон қори Назаров истиқомат қилаётган ҳудуд швед полицияси ва махсус хизматлари ходимларининг қаттиқ назорати остида қолаётганини айтмоқда.
Бу манбанинг сўзларига кўра, ҳодисанинг бевосита гувоҳлари йўқ.
- Аммо, қори акани отган одам ўзбекмас, дейишяпти. Чунки, қори ака ёлғиз юрмайдилар ва у кишининг олдида бирор бегона пайдо бўлса, дарров сезилади. Шунга қараганда, жиноятни бошқа миллатдаги одам қилгандир, дейишяпти, - дейди Озодликнинг Швециядаги манбаси.
Бу воқеа юзасидан Озодлик радиоси дарҳол Стромсунд полицияси ва маҳаллий коммуна раҳбарияти билан боғланишга ҳаракат қилди.
Шаҳар коммунаси расмийси бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини айтди. Полиция эса мурожаатга ҳали жавоб бергани йўқ. Мазкур иш юзасидан бугун маҳаллий вақт билан соат 13:00 полиция матбуот анжуманини ўтказади. Швеция полицияси жиноатчини қидириб топишга ёрдам сўраб жамоатчиликка мурожаат қилди. Мазкур иш бўйича ҳар қандай маълумотга эга бўлган одамлар
+46 (
0)72-53085 01 телефонига қўнғироқ қилишлари мумкин.