Тожикистонлик таниқли хонанда Меҳрибон Равшан Ислом дини амалларига зид тушади, деб қўшиқчиликдан воз кечган.
Тожикистонни оламизми ёки Ўзбекистонни, Ислом динида буюрилмаган эканини айтиб, худди шундай йўлни танлаган қўшиқчиларнинг сони битта эмас.
Аммо таниқли хонанда энди ашула айтмаслигини эълон қилди.
Унга кўра, Ислом динини чуқур ўрганиши натижасида бу касб динга тўғри келмайди, деган хулосага келган.
Чунки кўпинча ашула айтилган жойларда кейинчалик ароғу-шароб ичилади ва аёллар бўлади, деб изоҳлаган Меҳрибон.
Меҳрибон концертларда ҳали ашула айтиши мумкинлиги, лекин фақатгина Исломий мавзуларда куйлашини айтган.
У Тожикистонда Исломга қаттиқ берилгани туфайли ашулачиликни ташлаган биринчи ашулачи эмас.
Бир йилча илгари Ҳажга борган хонанда Малика Сайидзод ҳам қўшиқ куйлашни бас қилган эди.
Айтишларича, Меҳрибоннинг акаси, Ҳотам Равшан ҳам анча олдинроқ диний амалларга зид тушиши важидан қўшиқчиликни ташлаган.
Кейинги йилларда замонавий поп ашулачилиги минтақада, айниқса, Ўзбекистон ва Тожикистонда кучайган. Бу орада Исломий мавзуда ашулалар ҳам айтила бошланган.
Масалан, Юлдуз Усмонова ашулаларида Исломий мавзу ва ҳатто, салавот янграган ҳолатлар бор.
Аммо, афтидан, Исломий уйғониш ва собиқ Шўравий бу республикаларда Ислом динини ўрганиш ҳам кучаймоқда.
Шу боис, ашулачиликни ташлаётган ва умуман, Исломий амалларга зид ишлардан қўл тортаётганлар ҳам кўп учрайди.
Дейлик, Исломга зид, деб аза ва таъзияларда йиғи чиқармаслик одатга кирмоқда.
Тошкент каби шаҳарларда айрим ресторанларда ароқ ва шароб беришмайди.
Яна шароб дўконларининг сони жуда камайган.
Бошқа томондан, махсус Исломий либослар дўконлари ҳам пайдо бўлмоқда.
BBC Uzbek