Ўзбекистон футбол Федерацияси расмий сайтининг хабарига кўра, Ўзбекистон 2012 йилги 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини ўтказиш учун ФИФАга 6та шаҳарни тавсия қилди. Булар – Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Муборак ва Ғузор.
Аммо Жаҳон чемпионати барча 6та шаҳарда ўтади дегани эмас, бу шунчаки ЎФФ тақдим этган шаҳарлар холос. Якуний қарорни эса ФИФА мутасаддилари хал қилишади. Бу борада, эътироф этиш лозимки, Ғузор ва Муборак фақатгина ўйинлар ўтказиш учун мўлжалланган, яъни бу шаҳарларда жамоалар доимий равишда истиқомат қилишмайди ва фақатгина учрашувларни ўтказиш учун ташриф буюрадилар. Қолган шаҳарларда эса, жамоалар яшаб, машғулот ўтказиш ва ўйинларда иштирок этиш имкониятига эга бўладилар.
Август ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган ФИФАнинг аёллар футболини ривожлантириш бўйича мутахассиси Моника Штааб, Тошкент, Қарши, Бухоро, Самарқанд каби шаҳарларда аёллар футболининг ҳолати билан танишиб чиққач, "Мени айниқса, Қарши ҳайратлантирди, у ерда аёллар футболини ривожлантириш бўйича шунчаки жаннат яратилган, - деган фикрни билдирганди. – Агар Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай имкониятлар яратилса, сизлар яқин келажакда янги босқичга кўтарилишингиз мумкин”.
|