Оиша розиаллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй Оиш! Манабу Жиброил, сенга салом айтмоқда», дедилар.
«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи», дедим».
Шарҳ: Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Оиша» ўрнига қисқача қилиб «Оиш» демоқдалар. Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй Абу Ҳир!» дедилар».
Иккисини Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Абу Ҳурайра» ўрнига қисқача қилиб «Абу Ҳир!» демоқдалар.
Анас розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умму Сулайм сафар анжомлари орасида эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғуломлари Анжаша уларга сарбонлик қиларди. Бас, Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Анжаш! Шошма! Биллурларга эҳтиёт бўл!» дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Анжаша» ўрнига қисқача қилиб «Анжаш» демоқдалар. Анжаша розиаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғуломлари бўлиб чиройли овоз соҳиби эди. У шеърни оҳанг ила айтиб оналаримиз розиаллоҳу анҳуннанинг туяларига сарбонлик қилар эди. Анжаша розиаллоҳу анҳу шошилиб юрганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини аёлларга шафқат қилиб секинроқ юришга шу шаклда чақирганлар.