Ёш боланинг танглайини кўтариш, катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Аҳли солиҳ, фазилатли кишиларнинг бу ишни қилишлари марғубдир. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Менинг ўғлим туғилганда уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. У зот уни Иброҳим, деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди». Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. У зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар ўта хурсанд бўлар эдилар. Янги туғилганларга Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар. Мана, Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу ҳам ўз ҳаётларида ёрқин из қолдирган бу ҳодисани шавқу-завқ ила ҳикоя қилиб бермоқдалар:
«Менинг ўғлим туғилганда уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим».
Ана шу ишга тақлид қилиб янги туғилган фарзандни аҳли солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган.
«У зот уни Иброҳим, деб номладилар»
Демак, аҳли фазл, олим ва муқтадо кишилар томонидан янги туғилган фарзандларга исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки ундоқ кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри тасарруф қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғилларига Иброҳим номини қўйганлари ҳам бунинг бир мисоли.
«хурмо ила танглайини кўтардилар»
Ёш боланинг танглайини кўтариш, катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Аҳли солиҳ, фазилатли кишиларнинг бу ишни қилишлари марғубдир.
«ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар»
Бу иш энг марғуб ишдир. Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болалар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб дуо қилишлари жуда ҳам яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор бермоқлари керак.
Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир ғулом ақийқаси гаровидир. Унинг учун еттинчи куни сўйилур, сочи олинур ва исм қўйилур»-дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда янги туғилган фарзандга оид бир неча нарсалар зикр қилинмоқда:
1- «Ҳар бир ғулом ақийқаси гаровидир».
Демак, ҳар бир янги туғилган фарзанднинг баъзи бир ишлари унга ақийқа қилишга боғлиқ бўлиб турар экан. Агар ақийқа қилинса, ўша ишлар юзага чиқади, бўлмаса, худди гаровга олингандай юзага чиқмай тураверади.
Баъзи уламоларимиз, жумладан, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Аъто ал-Хуросонийлар, ҳар бир фарзанднинг, агар гўдаклигида ўлиб кетса, ота-онасига шафоатчи бўлиши унинг ақийқасига боғлиқдир. Агар унга ақийқа қилинган бўлса, қиёматда жаннат эркатойларидан бўлади ва агар жаннатга олдин ота-онам кирмаса, мен кирмайман, деб туриб олади. Шундоқ қилиб у ўз шафоати ила ота-онасининг жаннатга киришига сабаб бўлади, деганлар.
Имом ал-Лайс ва Довуд аз-Зоҳирий ва бошқалар эса, янги туғилган фарзанднинг яхши униб-ўсиб, бахтли-саодатли бўлиши унинг ақийқасига боғлиқдир, шунинг учун ақийқа қилиш вожибдир, деганлар.
Лекин жумҳури уламолар «ақийқа» қилиш суннати муаккада, деганлар.
«Унинг учун еттинчи куни сўйилур».
Ақийқа фарзанд туғилганининг еттинчи куни қилинади. Агар еттинчи куни имкони бўлмаса, ўн тўртинчи ёки йигирма биринчи куни қилинади.
Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ақийқа еттинчи, ўн тўртинчи ва йигирма биринчи куни сўйилур», деганлар.
Агар у кунлари имкони бўлмаса, имконини топганда қилаверади.
Янги туғилган фарзандга ақийқа қилиш отанинг фарзанд олдидаги бурчидир.
«сочи олинур»
Бу иш ҳам фарзанд туғилганининг еттинчи куни амалга оширилади. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, бу сочга нифос қони теккан бўлади. Шунинг учун ҳам у боладан кетказилиши лозим бўлган нопок, озор берувчи нарсалар қаторига қўшилган. Ўша еттинчи куни олинган соч вазнида кумуш ёки унинг қиймати садақа қилиниши ҳам мазкур озордан холос бўлганлик шукронаси бўлса, ажаб эрмас.
«ва исм қўйилур»
Янги туғилган фарзандга исм қўйиш ҳам еттинчи куни қилинадиган ишлардан бири. Ҳар бир янги туғилган фарзандга яхшилаб исм қўйиш ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчидир.
Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндошмоғи лозимдир. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки исми унга зийнат бўлиб турсин.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, исмларнинг яхшиси, бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир, деганлар. Шунинг учун, Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи, Абдуллоҳ, Абдурроҳман, Абдуссаттор ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи, Ҳамидуллоҳ каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади.
Шунингдек, Пайғамбарларнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларимизнинг исмлари яхши исмлари ҳисобланади.
Қизларга ҳам ўтган аҳли иймон момоларимиз, саҳобия аёллар ва эзгулик маъносини англатувчи исмлар қўймоқ керак.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Уриш, Хўтик, Абдулуззо каби ноқулай исмли саҳобаларнинг исмларини яхши исмларга алмаштирганлари машҳур.
Шунингдек, У зот баъзи саҳобия аёлларнинг исмларини ҳам яхши исмларга алмаштиганлар. Бинобарин, бази кишилар тушунмай ноқулай номлар билан аталиб қолган бўлсалар, дарҳол номларини Исломий исмларга алмаштириб олсалар яхши бўлади.
Анас розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Абу Толҳа туғилганда уни Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз туяларига қатирон суркаётган эканлар. Бас, у зот:
«Сенда хурмо борми?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
Сўнгра у зотга бир нечта хурмо узатдим. У зот уларни ўз оғзиларига солиб чайнадилар. Кейин бувакнинг оғзини очиб уларни унинг оғзига солдилар. Бувак уни тили билан сўрди. Шунда Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ансорийда, хурмони яхши кўради» дедилар ва уни Абдуллоҳ деб номладилар». Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Мазкур Абдуллоҳ ровий Анас ибн Молик розиаллоҳу анҳунинг она бир укалари бўлади.
Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламга буваклар келтириларди. У зот уларга барака тилаб дуо қилар ва танглайларини кўтариб қўяр эдилар». Муслим ривоят қилган.
ХУНУК ИСМНИ ГЎЗAЛ ИСМГА ЎЗГАРТИШ
Саъид ибн Мусаййиб розиаллоҳу анҳудан, отасидан, бобосидан ривоят қилинади: «У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганида: «Исминг нима?» дедилар.
«Ҳазн», деди.
«Сен Саҳлсан», дедилар.
«Отам менга қўйган исмни ўзгартирмайман», деди.
Ибн Мусаййиб «Шундан кейин бизда маҳзунлик доимий бўлиб қолди», деди. Бухорий, Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳазн-қийинчилик. Саҳл-осонлик. Саъид ибн Мусаййиб розиаллоҳу анҳунинг боболари Ҳазн ибн Абу Ваҳб Қарашийнинг бир оғиз хатолари ила бутун бошли бир уруғ қийинчиликка қолган экан. Шунинг учун хунук исмларни гўзал исмларга ўзгартишдан зинҳор бош тортмаслик керак.
Ибн Умар розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умарнинг бир қизи Осия-гуноҳкор деб номланар эди. Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Жамила деб номладилар». Муслим, Абу Довуд ваТермизий ривоят қилган.
Муҳаммад ибн Амр ибн Ато розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қизимни Барра деб номладим. Зайнаб бинти Абу Салама менга «Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам бу исмдан наҳий қилганлар. Мен Барра деб номланган эдим. Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзингизни ўзингиз мақтаманг. Аллоҳ сизлардан ким яхшилик аҳли эканини билувчидир», дедилар.
«Уни нима деб номлайлик?» дейишди.
«Зайнаб деб номланглар», дедилар».
Шарҳ: Баррада яхшилик маъноси бор. Шунингдек, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз розиаллоҳу анҳонинг исмларини ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Баррадан Зайнабга ўзгартирганлар. Зайнабда бўлиқлик маъноси бор экан. Шунингдек, гўзал ва хушбўй бир дарахт ҳам Зайнаб деб аталар экан.
Ибн Аббос розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Жувайриянинг исми Барра эди. Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Жувайрия деб номладилар. У зот Барра-яхшиликнинг олдидан чиқди» дейилишини ёқтирмас эдилар». Иккисини учовлари ривоят қилган.
Усома ибн Ахдарий розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган ҳайъат ичида Асрам номли киши бор эди. Бас, Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Исминг нима?» дедилар.
«Мен Асрамман», деди.
«Йўқ! Сен Зуръасан», дедилар».
Шарҳ: Асрам-терилган-кесилган. Зуръа-зироат.
Шурайҳ ибн Ҳонеъдан, у ўз отаси розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўз қавми ҳайъати ила борганида у зот улар уни Абул Ҳакам деган куня ила аташаётганини эшитдилар. Бас, Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам уни чақириб:
«Албатта, Аллоҳнинг Ўзи ҳакамдир ва ҳукм фақат У зотнинг ўзигагинадир. Нима учун Абул Ҳакам деб кунялангансан?» дедилар.
«Қачон қавмим бир нарсада ихтилоф қилиб қолсалар олдимга келар эди. Мен ораларида ҳукм чиқарардим. Бас, икки тараф ҳам рози бўлар эди», деди.
Шунда Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу қандоқ ҳам гўзал. Сенинг фарзандинг борми?» дедилар.
«Менинг Шурайҳ, Муслим ва Абдуллоҳларим бор», деди.
«Қай бирлари каттаси?» дедилар.
«Шурайҳ», дедим.
«Сен Абу Шурайҳсан», дедилар».
Шарҳ: Ҳакам исми Аллоҳ таолонинг Ўзига хос исм бўлиб ҳукми радд қилинмайдиган ҳоким, ҳукм ундан бошланади, ҳукм у ила интиҳо топади маъноларини билдиради. Шунинг учун бу исм ила бандани номлаб ёки кунялаб бўлмайди.
Бу ҳадиси шарифдан кишини ўз болаларининг каттасининг исми ила кунялаш кераклиги келиб чиқади.
Ушбу ҳадиси шарифда исмлари зикр қилинган Шурайҳ розиаллоҳу анҳу кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баракотлари ила энг машҳур олим ва қозилардан бирига айландилар. У киши ўзлари тобеъинлардан бўлсалар ҳам ҳазрати Али розиаллоҳу анҳунинг давларида бош қози бўлиб хизмат қилдилар. Кўпгина саҳобаи киромлар ҳам у кишидан фатво сўрар эдилар.
Масруқ розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар розиаллоҳу анҳуга дуч келган эдим: «Сен кимсан?» деди.
«Масруқ ибн ал-Аждаъман», дедим.
«Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ал-Аждаъ-шайтон» деганларини эшитганман», деди». Учовини Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, бировни ал-Аждаъ деб номлаб бўлмас экан.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-Осс, Азиз, Атала, Шайтон, ал-Ҳакам, Ғуроб, Ҳубоб исмларини ўзгартирганлар. Шиҳобни Ҳишом деб атаганлар. Ҳарбни Силм деганлар. Музтажиъни Мунбаъис деб номлаганлар. Афира деган ерни Хазира деб атаганлар. Шуъабуз Залолани Шуъабул Ҳуда, Баниз Заня ва Бани Муғвияни Бани Рошда деб номлаганлар». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: ал-Осс-исёнчи, Азиз-Аллоҳ таолонинг исми бўлгани учун бандага қўйиб бўлмайди. Атала-қўпол. Шайтон-маълум исм. ал-Ҳакам-Аллоҳ таолонинг Ўзига хос исм. Ғуроб-узоқ маъносини англатади ва энг ифлос қушлардан бирининг номи. Ҳубоб-шайтоннинг исмларидан бири. Шиҳобни Ҳишом деб атаганлар. Чунки Шиҳоб учқун дегани. Шиҳобиддин бўлса дуруст бўлади. Ҳарбни Силм деганлар. Чунки ҳарб уруш дегани, Силм тинчлик дегани. Музтажиъни Мунбаъис деб номлаганлар. Чугки музтажиъ-ёнбошлаган дегани, мунбаъис-ҳаракатга тушувчи дегани. Афира деган ерни Хазира деб атаганлар. Афира-қуруқ деган, хазира-ям-яшил дегани. Шуъабуз Залола-Залолат дарасини Шуъабул Ҳуда-ҳидоят дараси деганлар. Баниз Заня-Зино болалари ва Бани Муғвия-Зония болаларини Бани Рошида-Рушд болалари деб атаганлар.
Шундан қабиҳ маънодаги исмларни гўзал маънодаги исмларга ўзгартириш мустаҳабдир деган ҳукм чиққан.