Футбол бўйича 2010 йилги жаҳон чемпионатининг саралаш учрашувини кеча миллий терма жамоамиз юқори кўтаринкилик билан ўтказди. Сингапур миллий стадионида бўлиб ўтган учрашувда 7:3 ҳисобида ғалаба қозонган терма жамоамиз аъзолари бугун тонгда Тошкентга қайтиб келишди. Миллий терма жамоамиз бош мураббийи Рауф Инилеев учрашув тафсилотлари борасида Биринчи Спорт Радиоси - “Машъал” каналининг жонли эфирида ўйин борасида фикрларини билдириб ўтди. Ана шу мулоқотнинг матнини эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Рауф ака, сизни ва терма жамоадаги барчани йирик ғалаба билан табриклайман, мухлислар жуда хурсанд бўлишди.
- Раҳмат, бу ғалаба ҳаммани хурсанд қилгани шубҳасиз. Ўйин шиддатли бошланди. Учрашув жараёнида, айниқса, биринчи бўлимда биз катта тезлик билан ҳаракат қилдик. Копадзенинг биринчи бўлиб ҳисобни очиши футболчиларимизга руҳан далда бўлди. Шундан сўнг гарчи гол ўтказган бўлсакда, рақиблар дарвозасини ишғол қилиш бобида қийинчиликка учрамадик. Ундан сўнг Карпенко, Жепаров иккита, Денисовлар гол муаллифлари бўлишди. Биринчи бўлимдаги йирик натижа бизни иккинчи бўлимда бироз тактикани ўзгартиришга олиб келди. Таъкидлаш керак, Сингапурда футболга бўлган эътибор жуда юқори экан. Жуда катта стадион тинмай ўз жамоасини қўллаб-қувватлаб турди.
- Ўйин жуда йирик натижа билан тугади, лекин, асосан ярим ҳимоячилар гол уришган, сабаби нимада?
- Биз бу учрашувда ҳам аввалгиси каби тактика қўлладик. Яъни, ҳужумкор ўйин намойиш этдик. Бир ҳужумчини олдинга қўйган ҳолда ўйинни асосан майдон марказида ушлаб турдик. Бу иш берди. Шацких олдинги чизиқда рақиб дарвозасига катта хавф солган бир пайтда ярим ҳимоячиларимиз гол уриш вазифасини уддалашди.
- Учта тўп ўтказиб юборилганининг сабаби нимада?
- Албатта, биз ҳужумда яхши ўйин кўрсатдик. Лекин, ҳимоячиларимиз ҳужум чизиғидаги каби мукаммал ҳаракат қила олишмади. Биз бу борада кўп иш қилишимизга тўғри келади.
- Максим Шацкихнинг кам гол урганини нима билан изоҳлайсиз?
- Шацких аввалги ўйиндаги каби бу сафар ҳам майдонда ҳақиқий етакчи эканлигини кўрсатди. У ўйинни майдонда туриб бошқарди. Жуда кўп вазиятларда шерикларига гол уриш учун имконият яратиб берди. Яъни, голли вазиятларни содир этиш борасида у жуда кўп иш қилди. Ҳозир айтганимдек, у рақиб ҳимоячиларини эсанкиратиб қўйди. Мени хурсанд қилгани, у учрашувни голсиз тарк этмади.
- Биз Фарход Тожиевни заҳира таркибида кўрган эдик, лекин сиз уни майдонга ҳам туширдингиз, сабаби нимада?
- Биласизми, Фарход ўйиннинг суратини тезлаштирувчи футболчи ҳисобланади. У жисмоний имкониятлари юқорилиги туфайли катта тезлик билан жарима майдончасига кириб рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятларни содир эта олади. Унинг ана шу хусусиятидан фойдаланишга ҳаракат қилдик.
- Денисовнинг алмаштирилиши ҳақида?
- Денисов биринчи бўлимда ўзига билдирилган ишончни оқлади. У керакли ўйинни қилди, олдинда ҳали қийин учрашувлар турибди. Шу сабабли биз Азиз Ибрагимовнинг ҳам майдонга тушишига имконият яратдик. У ҳам ишончли ўйин кўрсатди. Олдинда ҳали қийин учрашувлар турибди, эртадан биз ана шу ўйинларга тайёргарликка киришамиз, бугунча футболчилар дам олишмоқда.