26-mart O'zbekiston va Saudiya Arabiston. БИЗ МУХЛИСЛАР БУНГА ТАЙЁРМИЗМИ?!
Юқоридаги мавзуга қараб ажабланманг. Зеро биз ҳақиқатдан ҳам аниқлаштириб олишимиз зарур… Хабарингиз бор, Ўзбек футбол фанатлари веб сайти 26 март куни Ўзбекистон – Саудия Арабистони ўйинига алоҳида ташаббус билан чиқмоқда, яъни шу куни ватанимизнинг улкан ўлчамдаги байроғини майдон узра ҳилпиратиш орқали терма жамоамиз аъзолари руҳини кўтаришни мақсад қилганмиз. Биз, айнан шу масалада, 16 феврал, шанба куни ЎФФ биносида Ўзбекистон Футбол Федерацияси бош котиби Рахматуллаев Сардор Хамидуллаевич ҳамда ЎФФ маркетинг ва терма жамоалар бошқармаси бошлиғи Никимбаев Алишер Файзуллаевичлар билан учрашдик.
Учрашув давомида бу масалага доир амалга оширилиши лозим бўлган кўплаб ишларга ойдинлик киритилди. Жумладан, Федерация расмийлари мухлисларнинг бундай ҳаракатларидан манфаатдор эканликларига алоҳида урғу бериб, ЎФФ томонидан кўрсатиладиган ёрдамга шахсан Усмонов Мираброр Зуфаровичнинг ўзлари бош бўлиши таъкидланди.
Шу ўринда, биз томондан фақат бир нарса талаб этилади. Ҳақиқий футбол фанатларидан иборат махсус мухлислар гуруҳини тузиш! Махсус гуруҳ (камида 100 киши) алоҳида секторда яратилган катта ўлчамдаги байроқни ҳилпиратиш, терма жамоани ўзига хос равишда қўллаб-қувватлаш учун тайёрланади. Тайёргарликсиз, кам сонли мухлислар ва режасиз кўзлаган мақсадимизга эриша олмаслигимиз аниқ. Шунинг учун махсус гуруҳнинг тузилиши сиз азиз футбол мухлисларининг бевосита иштирокига боғлиқ. Биз тайёргарлик ишларини бошлаб юбордик. Ишимизни давом эттириш эса гуруҳга қўшилишни истаган футбол мухлисларига боғлиқ.
Ундан ташқари, ўйин пайтида байроқ билангина чекланиб қолмасдан биргаликда ҳар хил шиорлар билан чиқиш, барабан ва турли «овоз кучайтиргич»ларни ташкиллаштириш имконига эга бўламиз. Албатта, ташкиллаштириладиган махсус гуруҳни стадионнинг 1та секторига жойлаштириш ва уларни билет (ўз нархида) билан таъминлаш федерация томонидан ваъда қилинди.
Шундай экан, келинг лойиҳани амалда қўллаб-қувватлайлик. «Пахтакор», «Қурувчи», «Нефтчи», «Насаф», «Динамо», «Машъал» ва бошқа клублар мухлисларидан яхлит битта ТЕРМА ЖАМОА ФАНАТлари гуруҳини тузиш вақти етди.
Ҳеч иккиланмасдан бизнинг сафимизга қўшилинг. uff2010@mail.ru манзилига хат йўлланг. Биз сизларнинг мурожатларингизга қараб терма жамоа мухлислари рўйхатини тузамиз. Ҳақиқий мухлисларни рўйхатга олиш шу йилнинг 1 мартига қадар давом этади. Тегишли гуруҳ аъзоларини йиғиб бўлганимиздан сўнг, 26 март кунги Ўзбекистон – Саудия Арабистони ўйинига тайёргарликни бошлаймиз. Агар лойиҳамиз муваффақиятли амалга ошса, бу ишни терма жамоанинг ҳар бир ўйинида амалга оширишни режалаштирганмиз.
Терма жамоамизнинг 2010 йилда ЖАРда бўладиган Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиши учун ҳисса қўшиш ҳар қандай мухлиснинг биринчи рақамли истаги бўлса ажаб эмас. БИЗ МУХЛИСЛАР БУНГА ТАЙЁР эканлигимизни амалда кўрсатиб қўяйлик
Иншоллох, 26 март куни ўйиндан сўнг ғалаба шамоли бутун Ўзбекистон бўйлаб эсади.