17 сентябр куни Ўзбекистон Футбол Федерациясининг мажлислар залида ЎФФ Президенти Мираброр Усмонов журналистлар ва умуман футбол жамоатчилиги билан расмий матбуот анжуманини ўтказди. Унда энг аввало, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, таклиф этилган меҳмонлар сифатида терма жамоа мураббийлари, ЎФФ Президенти ҳузуридаги Мураббийлар кенгаши аъзолари, футбол мутахассислари, фахрий футболчилар, федерация ва профессионал футбол лигаси ходимлари, шунингдек, бошқалар иштирок этдилар.
Федерация раҳбари йиғилганлар билан саломлашиб бўлгач, ушбу йиғилишнинг сабабини қуйидагича изоҳлади:
“Куни кеча давлатимиз раҳбари Ислом Абдуғаниевич Каримов билан учрашиб, асосан футбол ҳақида суҳбатлашдик. Президентимиз ҳар қанча банд бўлмасин, футболимизнинг бугунги аҳволига бефарқ эмаслигига яна бир бор амин бўлдим. Шу боис, буни халқимизга етказиш керак”.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сўнгги муваффақиятсиз ўйинларидан кейин мураббийлар штабида ўзгаришлар амалга ошириш, хусусан хориждан мураббий таклиф этиш борасида Мираброр Усмонов шундай деди:
“Терма жамоамиз бош мураббийи Раф Инилеевнинг ўзбек футболига қўшган ҳиссаси жуда катта бўлди. Бу борада гап-сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Аммо Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, хорижлик мутахассиснинг хизматларидан фойдаланиш ҳам ўз самарасини бериши мумкин. Лекин ҳозирги пайтда эмас. Чунки жамоамиз хал қилувчи саралаш босқичининг 2-турини ўйнаб бўлди. Қолаверса, хорижлик мураббий келиб, то бизнинг футбол билан танишиб чиққунича ҳам анча вақт ўтади. Биз ҳозирда шу масала юзасидан фикр юритмоқдамиз, бу масала бизнинг иш режамиздан ўрин олган. Фақат Инилеевга ёрдамчи-маслаҳатчи сифатида олиб келишимиз мумкин”.
2010-йилги Жаҳон чемпионати биз учун ҳозирданоқ армонга айландими, деган саволга жавоб берар экан, ЎФФ президенти кўпчилик учун кутилмаган фикрни билдирди:
“Сир эмаски, футбол жамоатчилиги ҳозирги кунда Жаҳон чемпионати орзуси билан яшамоқда ва терма жамоамизнинг дастлабки икки турдаги қайд этган натижаси кўпчиликнинг дилини хира қилди. Аммо менга айтингчи, Жаҳон чемпионатига чиқиш учун бизда пойдевор борми? Заҳирамизда истеъдодли ёшларнинг сони етарлими? Жаҳон талабларига жавоб берадиган стадионларимиз қанча? Мундиални ҳамма орзу қилади, аммо бу ўзидан ўзи бўлмайди. Яна қайтараман, бунинг учун аввало пойдевор бўлмоғи лозим. Бизда эса, бу нарсага энди-энди эришмоқдамиз. Ёш истеъдодларни тарбиялаш учун “Чиғатой” спорт базаси барпо этилди. Келажакда бу каби режаларимиз жуда бисёр. Насиб қилса, ҳали чиқамиз Жаҳон ареналарига. Шахсан мен бунга ишонаман”.
Миллий чемпионат ўйинларидаги нохолис ҳакамлик масаласи ҳам сенатор Усмоновнинг назаридан четда қолмади:
“Шунча чора-тадбирларимиздан кейин ҳам ҳакамларнинг ўйинларни нохолис бошқариши ва пораҳўрлик масаласи ҳамон давом этиб келаётгани мени ташвишга солмоқда. Узоққа бормайлик, миллий чемпионатимизнинг ОТМК – “Пахтакор” учрашувида Қаҳрамон Йўлдошевга 4 балл қўйилди. Бу нимани англатади? Демак, ҳакам бутун ўйин давомида бир жамоага ён босган ва ўша жамоа фойдасига қарор чиқарган. Бундай ҳакамларни бутунлай ҳакамликдан четлатиш керак, бир умр ҳакамлик останасига яқинлаштирмаслик лозим. Акси ҳолда бизнинг бу борада олиб бораётган ҳаракатларимизни эртага бу каби инсонлар пучга чиқаради. Бугунги кунда ҳар бир ўйин учун ҳакамларга бир миллион сўм миқдорида пул белгиланган. Мен бу масалани кўриб чиқиб, шунингдек, нохолис ҳакамлик масаласини олдини олиш мақсадида келаси мавсумдан ҳакамлар оладиган пул миқдорини 4 миллион сўмгача кўтаришни кўзлаяпмиз”.
“Таъкидлаш лозимки, сўнгги 2-3 йил ичида футболимиз атрофида кўп ва ҳўп гапирилди. Ҳар ким турли хил фикрларини билдирди. Аммо энди маррани белгилаб оладиган вақт келди. Юқорида айтганимдек, асосийси пойдевор яратилмоқда. Энди маррани тўғри қўйиб, пишиқ иш режаси асосида ишласак, ўз мақсадимизга етамиз. Ҳозирда биз камида 5 йиллик иш режасини тузиб чиқяпмиз. Бизнинг асосий мақсадимиз шунчаки Жаҳон чемпионатига чиқиш эмас, балки келажаги бор ўсмирлар ва ёшларни тарбиялаш ва шуларнинг эвазига келажакни барпо этиш. Мен фахр билан тилга оламанки, бу борада бизнинг энг асосий таянчимиз бу давлатимиз раҳбарининг футболга бўлган эътибори. Бу ишончни, эътиборни амалда оқлаш керак”, - деди Мираброр Усмонов якуний нутқида.
ЎФФ матбуот хизмати
Атиф Аъла олган сурат.