“БУНЁДКОР” ОЧЛни МУҲИМ ҒАЛАБА БИЛАН БОШЛАДИ
Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони ва кубоги соҳиби – “Бунёдкор” жорий йилги Осиё Чемпионлар лигаси турнирини жуда муҳим бўлган ғалаба билан бошлади. Анвар Солиевнинг боши билан киритган икки голи “қалдирғочлар”га уч очко тақдим қилди.
Кеча бўлиб ўтган ўйинолди матбуот анжуманида “Бунёдкор” устози Амет Мемет “мухлислар учун чиройли ғалаба қозонишимиз шарт!”, - дея фикр билдириб ўтганди. “Бунёдкор” устозининг ушбу фикрлари учрашувнинг илк дақиқалариданоқ ўз тасдиғини топди. Амет Абдуллаевич бошланғич таркибда уч ҳимоячини майдонга тушириб, марказда бешта ярим ҳимоячига ишонгани, “Бунёдкор”нинг ҳужум тактикасини танлаганидан далолат бериб турарди. Олдинги чизиқда Анвар Солиев ҳаракат қилган бўлса, кўп ҳолларда “қалдирғочлар” ҳужум ташкил этишаётганида Сервер Жепаров Солиевга кўмаклашиб турди. Авваллари “Бунёдкор”нинг ҳужумлари асосан чап қанотдан – Жасур Ҳасанов орқали амалга оширилган бўлса, бу сафар Эдсон Рамос ҳаракат қилган ўнг қанотдан ташкил этилган ҳужумлар ўта хавфли кўриниш олди. Марказдадан эса Жоао Виктор ва Ривалдо жуфтлиги иттифоқликлар дарвозасига хавф солиб туришди.
Стадионга йиғилган мухлислар кутган гол ўйиннинг 27-дақиқасига келиб амалга оширилди. Қатор хавфли ҳужумларни бартараф этишаётган саудиялик бир вазиятда тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборишди. Белгиланган бурчак тўпини Осиёнинг 2008 йилдаги энг яхши футболчиси – Сервер Жепаров жарима майдончасига ажойиб тарзда ошириб берди. Ҳаводан келаётган тўпни Анвар Солиев боши билан “Ал-Иттифоқ” дарвозаси тўрига жойлаб “Жар” стадионини ларзага келтирди. Г-о-о-о-л-л-л-л!
Иккинчи бўлимнинг бошларида ҳисоб 2:0га етди. Илгарилари захирадан майдонга тушиб, халоскор ёки бўлмасам “сеҳрли таяқча” вазифасини бажариб келган – Анвар Солиев “Бунёдкор” сардори Ривалдо бошлаган ҳужумни ажойиб тарзда маромига етказиб қўйди. Ривалдонинг жарима майдончаси ичига ошириб берган тўпини Рамос боши билан дарвозабонни устидан ўтказган ҳолда Солиев томон етказди. Жуда қулай вазиятда турган Солиев тўпни дарвозага осонгина йўллаб ҳисобни 2:0га оширди.
“Ал-Иттифоқ” ҳисобда икки тўп фарқи билан ортда бораётганидан сўнг, жамоа мураббийлари ўйинда тактик ўзгартиришлар амалга оширди. Энди улар ўйиннинг қолган дақиқаларида таваккал қилган ҳолда ҳужумга кўпроқ эътибор қарата бошлашди. “Ал-Иттифоқ”нинг суриялик легионери, ҳужумкор ярим ҳимоячи Муҳаннад Иброҳимнинг захирадан майдонга тушиши билан, айнан ушбу футболчи томонидан бошланган ҳужум гол билан якунланди. Ўнг қанотдан оширилган тўпни иттифоқликларнинг тўпурар ҳужумчиси Солиҳ Башар дарвозага худди Солиев каби боши билан жойлаб қўйди – 2:1.
Ўтказиб юборилган голдан етарли хулоса чиқарган “Бунёдкор” аъзолари учрашувнинг қолган дақиқаларида ўйиндаги ташаббусни ўз қўлларида ушлаб туришди.
Учршаувнинг 74-дақиқасида “Бунёдкор” бош мураббийи Амет Мемет ўйинда “дубль” қайд этган Анвар Солиев ўрнига ёш ҳужумчи Баҳодир Пардаевни майдонга туширди. Ушбу нуфузли турнирда энди-энди тажриба орттираётган Пардаевнинг ҳаракатлари ҳам ёмон чиқмади. Дарвоқе, “Бунёдкор”нинг ғалабасига муносиб ҳисса қўшган Анвар Солиев ОФК расмийлари томонидан учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Анвар Солиев бугунги ҳаракатлари билан 2009 йилдаги Осиёнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун дастлабки очколарини ўз ҳисобига ёзиб қўйди.
“БУНЁДКОР” (Ўзбекистон) – “АЛ-ИТТИФОҚ” (Саудия Арабистони) 2:1
Голлар: Солиев 27 (1:0), Солиев 48 (2:0), Солиҳ Башир 68 (2:1)
Огоҳлантиришлар: Виктор 67, Каримов 77
“Бунёдкор” (Ўзбекистон): Зуҳуров, Каримов, Ғофуров, Гочгулиев, Ҳайдаров (Кападзе 60), Виктор, Ҳасанов, Рамос (Карпенко 80), Ривалдо, Жепаров, Солиев (Пардаев 74)
“Ал-Иттифоқ” (Саудия Арабистони): Ша’иан, Ал-Раҳаб, Ал-Жаман, Ал-Биши, Ал-Ража, Сержио, Ал-Қаҳтони (Ал-Каибари 77), Ал-Барган, Ал-Муҳанам (Ибраҳим 68), Аққал (Тагое 82), Башар
Бош ҳакам: Петр Грин (Австралия)
11.03.2008. Тошкент. “Жар” стадиони. 9120 томошабин