11 август... Йил тақвимида ушбу сана яқинлашар экан, Ўзбекистондаги (умуман олганда, нафақат юртимиздаги) футболга алоқадор барча кишиларнинг юраклари бошқача ура бошлайди. Бундай инсонлар ўзларини қўярга жой топа олмай қоладилар. 1979 йили Украинанинг Днепродзержинск шаҳри осмонидаги авиаҳалокат туфайли оламдан бевақт кўз юмган ажойиб “Пахтакор-79” жамоасининг 17 ўғлони бирма-бир кўз ўнгимизга келади. Тазетдинов, Фёдоров, Ан, Аширов, Корчёнов, Покатилов, Агишев, Куликов, Загуменних, Макаров, Баканов, Чуркин, Эшбўтаев, Бозоров, Собиров, Чумаков, Толибжонов.
Ўша машъум воқеага бугун 29 йил бўлган эрсада, ҳеч ким ва ҳеч қачон “Пахтакор”нинг 79-йилнинг биринчи ярми намунасидаги таркиби хотирасини асло унутмайди. Самога сочилган ўн етти баҳодир хотираси қалбларда абадийдир.
Бугун соат 10:30да “Бунёдкор” футбол клуби раҳбарлари, мураббийлар штаби вакиллари ва футболчилари Боткин қабристонини зиёрат этишиб, “Пахтакор-79” аъзолари қабрлари пойига гулчамбарлар қўйишди. Ўтганларни ёд этиш барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир. Инсон хотираси эса – энг олий ёдгорлик.