Фото: Бу сафар Сарисян ҳакамлардан эмас, ўз шогирдларининг ўйинидан норози бўлган бўлса ажаб эмас... Ўзбекистоннинг бронза медали соҳиби, Фарғонанинг “Нефтчи” клуби ОФК Кубогидаги дебютини жуда омадсиз тарзда бошлади. Юрий Саркисян шогирдлари Ливаннинг “Ал-Аҳад” жамоасига қарши кечган учрашувда 1:5 ҳисобида йирик мағлубиятга учрадилар.
“Нефтчи” футболчилари ўртамиёна рақибга қарши ўйинни анча жонли тарзда бошлашди ҳамда Санжар Асқарлиев ва Азамат Жўрамуродовлар тўп киритиш учун қулай имкониятлар юзага келди. Аммо улар уддалай олмаган ишни 37-дақиқада шу куни якка ҳужумчи сифатида ўтказган Алишер Холиқов уддалади. Лекин Юрий Саркисян шогирдлари тунаффусга қадар ташаббусни сақлай олишмади. Ахмад Зрейкнинг тўп узатишидан кейин Солих Садир мувозанатни тиклади – 1:1.
Иккинчи бўлим бошланганига икки дақиқа ҳам ўтмасдан мезбонлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Зрейкнинг аниқ тўп узатиши натижасида Муҳаммад Халави жамоасини олдинга олиб чиқди. Жуниор да Сильва ҳисобни 3:1 га етказиши учун яна 10 дақиқа талаб қилинди. Аҳмад Зрейн 60-дақиқада ҳисобни йирик ҳолга келтириб қўйган бўлса, Солих Садирнинг пенальтидан киритган тўпи умуман “Нефтчи”нинг шармандали мағлубиятига сабаб бўлди – 5:1.
Энди 17 март куни Юрий Саркисян шогирдлари Яманнинг “Ал-Тилол” клубини қабул қиладилар. Ўз навбатида яманликлар 1-турда Баҳрайннинг “Бусайтин” жамоасини қабул қилиб, 1:3 ҳисобида имкониятни бой берганини таъкидлаш лозим.
“Ал-Ахад” (Ливан) – “Нефтчи” (Ўзбекистон) 5:1 (1:1)
Голлар: С.Садир (45+1, 76-пен.), М.Халави (47), Ж.да Сильва (57), А.Зрейк (60) – А.Холиқов (37)
“Нефтчи”: Ю.Цой, А.Холиқов, А.Жўрамуродов (Н.Шоимов, 45), И.Тўҳтахўжаев, А.Муҳиддинов, М.Саидов (с), А.Алижонов, И.Акрамов (Ш.Жумабоев, 73), С.Асқаралиев, С.Мирзаев (Т.Исломов, 76), А.Холиқов.
Огоҳлантиришлар: С.Зайниддин (35), Ж. да Сильва (50) – И.Тўҳтахўжаев (49), И.Акрамов (65).