Доно қизим, мен бу мавзуни ёздим-у, аввал бошдан сенга битга нарсани билдириб қўяй: Мен шу ҳаётда бирор марта дискотекага бормаганман, фақат студентлигимда бир марта дўстим билан яқинидан ўтганимизда озгина томоша қилиб ўтганман. Ваҳоланки, ҳеч ким бизни тўсмаган эди, бемалол кириб қатнашсак ҳам бўларди. Лекин сенга аввалроқ эслатганим «Бу ёлғончи дунёда даврингни суриб қол!» деган таги пуч гапларни қайта-қайта эшитган бўлсам ҳам, ичим, қалбим тўғри эди, шаънимга нолойиқ, ножоиз жойларга қадам қўймас эдим. Шунинг учун аввалдан ҳам бундай жойлардан ўзимни тортардим, бугунги кунимда ҳам. Дискотека ҳақида тасаввур қиладиганларимнинг, биладиганларимнинг баъзи жойларини телевизор ёки кинода кўрганман, баъзан суҳбатдошларимдан эшитганман, кўп ҳолларда турли газета-журнал ёки китоблардан ўқиганман. Лекин шу жамиятнинг онгли аъзоси бўлганим учун у ерда бўладиган воқеа ва ҳолатларни аниқ биламан.
Бу ҳақда сенга энг биринчи айтадиган гапим: Мен йигит бўла туриб, эр киши бўла туриб бормаган жой — дискотекага сен ҳам борма.
Дискотека дунёдаги кўп мамлакатларнинг халқлари учун бир эрмак сифатида роль ўйнайди. У ерга бекорчилар, нима қилишни билмай, кўнгли бир саргузашт истаб турганлар, қизларни «овлайдиган» йигитлар ва йигитларни «овлайдиган» қизлар боришади. Ўз-ўзидан маълум бўлдики, у жой сенинг ва сен каби ўзининг қадрига етадиганларнинг жойи эмас.
Яқинда бир трамвайга чиқсам, эълон ёпиштириб қўйишган экан. Қизиқсиниб ўқидим. Дискотеканинг эълони экан, фалон вақтда, фалон жойда бўлиши ва кириш нархлари ҳақида ёзилган. Охирида қўшимча қилиб: «Мини-юбкада келган қизлар ўн фоиз арзон нархда чипта олишлари мумкин» деб ёзилган экан.
Хулоса чиқариш ўзингдан.
Эътибор қил, ҳаётда кўпчилик инсонлар учун байрам, тантана, зиёфат, ўйин-кулги, рақс каби нарсалар ёқади. Яна бошқа кўпчилик учун эса тинчлик, тартиб-интизом, одоб-ахлоқ, озодалик каби нарсалар ёқади. Сен ҳам балоғатга етаётган бир инсон бўлганинг учун улардан бировини ўзинг-га маъқул топсанг керак. Унисини ёки бунисини танлашинг учун сенда фикрлаш эркинлиги мавжуд.
Фараз қил, сен бир жойда, масалан, поезд вокзалида турибсан. Олдингда иккита поезд турибди. Иккаласи ҳам сенинг манзилингга борадиган поезд. Вақтинг бемалол бўлгани учун сенда танлаш имкони бор.
Биттасининг шароитлари билан танишиб кўрдингки, йўловчилар эркак-аёл аралаш, ҳаммаси шўх-шодон кийқиришган, бир хили ичиб, бошқа бири эса чекиб ўтирибди, баъзилари рақсга тушишган, баъзилари эса бурчак-бурчакда бир-бирлари билан кучоқлашиб, ўпишишиб кетишяпти, уят-ҳаё деган нарса ҳеч кимнинг хаёлига келмайди, бемалол ҳар ким ўзига ёққан кишиси билан жуфтлашиб кетишига шароит муҳайё қилинган.
Иккинчи поездга ўтиб кўрдингки, аёллар ва эркаклар алоҳида-алоҳида бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда бир-бири билан аралашиб кетмаган, ҳар ким қўлидан келганича одоб сақлаб, хушмуомала бўлишга ҳаракат қилади, эркаклар аёлларга, аёллар эркакларга халақит қилмайди, ҳамма ёқда тартиб-интизом, озодалик; бакирган-қийқирган, жанжал қилган, ичган-чеккан одам йўқ.
Ишончим комилки, сен иккинчи поездни танлардинг, ё мен адашдимми?
Қизим, бу келтирилган мисолни ҳозирги кунимиздаги ҳаётимизга ҳам бемалол татбиқ қилсанг бўлади. Баъзи тўйлар тинч-тотувгина, ортиқча дабдабаларсиз ўтади, аёллар ўз ҳолларича, эркаклар ўз ҳолларича хурсандчилик қилишади, эр-как ва аёллар аралашиб рақсга тушишмайди, ичиб олган одам кўринмайди, тўйдан кейин одамлар бир-бирлари билан ширин ва хуш кайфиятда хайрлашиб тарқалишади.
Баъзи тўйлар эса шовқин-суронга, қийқириққа тўла, қўп одамлар маст-сархуш, аёллар эркаклар билан қўшилишиб рақсга тушишган, тўй майдони дискотекадан ҳам бадтар беҳаёликка «ғарқ бўлган», кимлардир кимлар биландир жанжаллашган, тўй охирига ҳам етмай тўполон бўлиб кетган, натижада одамлар бир-бирлари билан норозилашиб тарқалишган.
Бу икки хил тўйнинг тартиблисини сенга раво кўраман. Оммавий равишда рақсга тушиладиган тўйларга эса худди дискотекага бормаслигингни маслаҳат берганимдек, бормаслигингни тавсия қиламан. Чунки унда дискотекадагидан кўра ҳам кўпроқ беҳаёликлар юз беради, сенга ёмон маънода тикилиб қарашлари ҳам мумкин бўлади. Дискотекадан кўра ҳам ёмонроқ жойи шуки, унда танишлар ва қариндошлар орасида сурбетликлар пайдо бўлади.
Инсонсан, тағин «Одобли қизларга ҳеч нарса мумкин эмас экан-да?!» деган фикрга бориб юрмагин, фақат иложинг борича яхши жойларга бор, яхши дўстлар орттир, сен учун энг фойдалиси — шу. Яна ҳам очиқроғи — тавсия мендан, бориш-бормасликнинг хоҳиш-ихтиёри сенда.
manba:muslimaat.uz sayti