Телевизор бошқаруви қўлингиздами? ХХ асрнинг энг катта кашфиётларидан бири бўлмиш телевизор ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. 100 фоиз десак муболаға бўлару, лекин бугунги кунда телевизор жуда кўп оилаларнинг тўридан жой олди. Ҳатто баъзан бекаларимиз уй ишлари кўпайиб кетган пайтларда болаларни «алдаб туриш» учун телевизор қаршисига ўтказиб, тасаввур дунёси энди шаклланиб келаётган гўдак тарбиясини унинг «измига» топшириб қўйишади. Лекин «бир кўзли» бу матоҳ ҳақиқатдан ҳам тарбия воситаси бўла оладими?
Бола телевизорда нимани кўради?
Бир бола кунига ўртача 3 соатдан телевизор кўрса, бу кўрсаткич бир йилда 1100 соат бўлади. Демак, 70 ёшга тўлган инсоннинг 7-10 йил умри телевизор олдида ўтиб кетаркан. Олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, бошланғич синф ўқувчиларининг катта қисми зўравонлик, куч ишлатиш каби саҳналар тасвирланган кино ва сериалларни севиб томоша қилишларини, жуда озчилик болаларга мўлжалланган кўрсатувларни кўришар экан.
Fарб оламини ташвишга солаётган мактабларда кўпайиб бораётган зўравонлик ҳолатлари ҳам телевизорда намойиш этилаётган сериал ва кўрсатувларнинг таъсири катта бўлаётгани билан боғлиқ. Чунки ҳар қандай муаммонинг ечими куч, зўравонлик билан ҳал қилинишини кўрган бола атрофидагиларга нисбатан беписанд, худбин муомалада бўлади, энг оддий муаммони ҳам куч билан ҳал қилишга уринади.
Ҳиссиётларни ўлдирманг!
Сир эмаски, телевизорда намойиш этиладиган кўпгина фильмларда баъзан очиқчасига, баъзан яширин шаклда бериладиган зўравонлик, қасос олиш саҳналари бор. Энг ачинарлиси эса бу хатти-ҳаракатлар ижобий деб тасвирланаётган бош қаҳрамон томонидан амалга оширилади.
Давомли равишда қон, кўзёши, бир-бирига зулм ўтказиш каби тасвирларни кўрган боланинг ҳиссиётлари ўлиб, дийдаси қотиб бораверади. Машина уриб кетган ёки отиб ўлдирилган инсон кўриниши унга «таниш» бўлгани учун ҳаётда бундай ҳолатларга дуч келганда ҳам кўзидан ёш чиқмайди, ачиниш ҳиссини сезмайди. Чунки телевизор ҳақиқатни худди кино каби қабул қилишга ўргатиб қўяди.
Энг хавфли манба
Ҳар бир инсон телевизорни кўнгилочар восита сифатида қабул қилса-да, бола учун у кўнгил очишдан ҳам кенгроқ тушунчани қамраб олади. Телевизор у учун ҳақиқий дунёга очилган бир дарча, қийнаган саволларига жавоб топиб берувчи ахборот манбаи вазифасини бажаради. Оддий мисол, кўп телевизор кўрадиган болангизнинг сиз билан гаплашаётганида гап-сўзларига, ўзини тутишига эътибор бериб кўринг. Ҳар бир хатти-ҳаракати, ҳатто гап-сўзи билан ўзи яхши кўрган қаҳрамонига тақлид қилишга интилади. Қаҳрамони кўп ишлатадиган сўзлар билан гапиради.
Яна бир жиҳати реклама қилинаётган нарсалар худди унинг ҳаёти шу нарсасиз тўлиқ бўлмайдигандек бола онгида зарурийлик касб этади. чунки болада эҳтиёж тушунчаси тўлиқ шаклланмаган бўлади. Хорижий реклама агентлиги ўтказган бир сўровномада оилаларда сотиб олинадиган маҳсулотларнинг 67 фоизи болалар ҳиссасига тўғри келар экан. Энг хафли томони бола ўзи англаб етмаган ҳолда ўша маҳсулотдан фойдаланганда ёки истеъмол қилганда рекламада ишлатилган шиор ва ҳаракатларни қайтаради. Гўё «Сникерсла, тўхтатма», деб баланд бинодан сакраш каби.
Ҳаё чегараси бузилмаяптими?
Инсон фитрати босқичма-босқич шаклланиб боради. Аввал гўдаклик, сўнг болалик, ўсмирлик давридан ўтиб оила ҳаётига тайёрланиб боради. Лекин телевизорда икки қарши жинс вакиллари ўртасидаги муомалани кўрган боланинг яширин, «ухлаб» ётган ҳиссиётлари уйғониб кетади. Ота-онаси айтиб берган «лайлак воқеаси» уни қизиқтирмай қўяди. Бир куни уч ёшга тўлмаган жияним билан мултьфильм (!) кўриб ўтирган эдик. Шунда кутилмаганда қаҳрамонлар ўпишиб кетса бўладими (Болаларга учун мўлжалланган ғарб мултьфильмларида бундай кўринишлар жуда кўп). Мен ёш бола тушунмаса керак деб беэътибор ўтирган эдим, жияним «Вой, ўпишвотти», деб қолди. Гапиришни энди ўрганган бу боланинг ўпишишдан ҳам «хабари» борлиги жиддий муаммо эмасми?
Шунингдек, хотинчалиш «эркак»лар, бутун бошли қўшинни енгиб, мутлақ устунликка эришаётган аёллар ҳам шарқона тарбия қоидаларига тўғри келмайди.
Хулоса ўрнида
Бир муборак зотга «Телевизор таҳоратни бузадими?» деб савол беришганда, «Бузмайди, лекин бошқаруви қўлингда бўлмаса ахлоқни бузиши муқаррар» дея жавоб берган экан. Биз ҳам мақоламизга хулоса қилмадик. Яхшиси ўзингиз аниқ бир тўхтамга келганингиз маъқул. Қолаверса, ҳар бир нарсанинг яхши-ёмон томони бўлганидек, телевизордан ҳам хайрли мақсадларда фойдаланиш мумкин.
manba:muslimaat.uz