Нодирани тиббиёт билим юртини битириши билан турмушга узатишди. Эри Икромжон ўшанда Тошкентда Техника университетининг тўртинчи курсида ўқирди. Нодира туғруқхонада ҳамшира бўлиб ишлар, топганини уйга харжлар, кечалари алламаҳалгача дўппи тикиб, рўзғоридан ортиғини «мусофир» эрига жўнатарди. Икромжон деярли ҳар ойда уйга келар, у келган кун Нодира учун чинакам бахтли ва мазмундор бўларди. Икромжон ўқишни тугатиб, заводга муҳандис бўлиб жойлашган бўлса-да, унинг топгани тушлиг-у йўл кирага, сигарету улфатчилигига етмасди. Гоҳида Нодиранинг музхона ёки жавонга, деб йиғаётган пулини ҳам сўраб олар, «ўзим обераман», деб улфатчиликка харжлаб юборарди. Нодира «Кел, йигит киши ўксимасин, кўчада юрганда, улфатлари олдида тили қисилмасин», деб ўзига тасалли берар, кечалари кўзларидан уйқуни ҳайдаб, тиккан дўппиларининг пулини қандоқ қилиб, эрига тутқазиб қўйганини билмасди.
Бу орада Икромжоннинг укасини уйлайдиган бўлишиб, аканинг оиласини «дом»га чиқириш масаласи кўндаланг бўлиб қолди. Қайнота заводда оддий ишчи, дасти қисқароқ. Икромжоннинг топгани маълум. Яна бутун оғирлик Нодиранинг зиммасига тушди. Барча тилла тақинчоқларини, тўйига ота-онаси қилган гилам ва жавонларни сотишди. Камига Нодиранинг пальто, этик оламан, деб йиғиб юрган пулларини қўшишди. Икромжоннинг «Ўзим ҳаммасини обераман», деган ваъдасига ишонди.
Икки хонали хонадонга кўчиб олишди. Нодира яна янги рўзғорни бутлаш учун битталаб жиҳоз тўплашга тушди. Унинг уйим, деб елиб-югуришини, чумоли каби топганини уйга ташишини, ўртоқлари ҳар ойда янги урф бўлган кўйлак кийганида бу кўйлакка атаган пулини қўш қўллаб эрига тутқазарди. Орада икки қизли ҳам бўлишди.
Бир куни Икромжон туманлараро савдо омборида бошлиқ бўлиб ишлаётган баобрў бир одам билан танишиб қолди. Унга Икромжондай олий маълумотли, оёқ-қўли енгил ёрдамчи керак эди, шунинг учун уни ишга таклиф қилди. Бу янги ишга қайнотадан бошқа ҳамма рози бўлди. Айниқса, Нодира қувонди: «Ниҳоят, эри даромадли иш топди, энди одамларга ўхшаб яшашади. Ҳувиллаган уйларига палослару юмшоқ мебеллар, музхона ва рангли телевизор сотиб олишади. Балки эри пулдор бўлиб қолса, сотилиб кетган тақинчоқлари ўрнига узук-балдоқлар олиб берар!» У шуларни ўйларкан, тинмай жилмаяр, ҳар куни янги ишга қатнаётган эрининг атрофида гир айланиб, минг ўргуларди. Аммо янги иш бошига қандай кулфатлар солишини билганида...
Икромжон омборга ўтганига ярим йиллар бўлганида чўнтагида пул кўпайиб қолди. Ичиб келиб, Нодирани хўрлайдиган, камбағал оиладан чиққанини таъна қилиб, кўз очирмайдиган одат чиқарди. Баъзиларнинг қайнотасига ўхшаб, дадаси участка қуриб бермаганини рўкач қилиб, дилини хуфтон қиларди. Гоҳида «нега қиз туғаверасан?», деб зуғум қилишга ўтди. Бунга гўё хотини айбдордай, минг бир баҳона топиб, уни камситишга зўр берарди.
Нодира бўлса, бу хўрликларнинг ҳаммасига индамай чидар, «бир куни ақллари кириб қолар!», деб ўзини овутарди. Эри кўп пул топгани билан рўзғорга деярли қарамас, яна унинг бутун машаққати ва кам-кўсти Нодиранинг зиммасида эди.
«Фалокат қўшалоқ бўлиб келади», деганларидай буниси ҳам ҳолва экан. Бир куни дугонаси эрини бошқа ёш жувон билан бир неча бор кўрганини айтганида, унчалик аҳамият бермаганди. «Балки ишхонасидаги бирорта аёлдир», деб ўзини овутди. Кейин акаси гап топиб келди: «Эринг бир суюқоёқ аёлга уйланиб олибди, кичик тумандан «дом» ҳам олиб берганмиш. Уйини шунақа ҳашаматли қилиб қўйибдики...». У шундай дедию, «ўз уйида сичқон қўлтиқтаёқда юрибди, агар мард бўлсанг, аввал бола-чақангни таъминлаб қўймайсанми, номард?!», деб орқаваротдан бўралаб сўкди. Қайнонаси «Қизим, эрингизни сал жиловлаб олинг, оғзингиздаги ошни олдириб, яна аттанг, деб қолманг!», дея ярасига туз сепди. Шундан кейин эрига бу тўғрида оғиз очди. Очдию балога қолди. Эртаси куни ичиб келиб, роса жанжални қизитди: «Нимага дадамга шикоят қилдинг? Умрим ўғил кўрмай ўтиб кетсинми? Агар шу кунингни ҳам кўп кўраётган бўлсанг, тамом, бугундан бошлаб, уйингга қадам босмайман, ўша шалоқ аканг билан насиҳатгўй даданг боқиб олсин!» Қўни-қўшнидан хижолат бўлган Нодира шундан кейин эрига оғиз очмай қўйди. Аламини ичига ютди. Ўша воқеа сабаб бўлдими ёки эри ўзи баҳона қидириб юрганмиди, ҳар қалай, шундан кейин у уйга онда-сонда келадиган, асосий вақтини кундошиникида ўтказадиган бўлиб қолди.
Нодира бир томондан кундоши борлигидан эзилса, иккинчи томондан бутун умрини, меҳрини, муҳаббатини, садоқатини шу эрига, рўзғорига сарфлаб, яхшироқ ҳаёт кечириш орзусида яшаб, энди оғзи ошга етганда бунинг ҳузурини «ўроқда йўқ, машоқда йўқ» бегона аёл кўраётгани ичини кемирарди. Ўзини қўйгани жой тополмасди. Нима, тақдири, қисмати шуми? Ёки донолар айтганидай, «пахмоқ сочлининг бахти бекамми?» Ёки эрига кўрсатган садоқати, меҳрибончилиги, рўзғорим, оилам деб куйиб-ёнгани, ўзини минг томонга ургани учун худо уни шу тариқа жазоладими? У ярим тунгача ўй сурар, ҳаётини кино лентасидай бирма-бир ўтказиб, таҳлил қилар, қизларининг «дада»лаб хархаша қилишларидан юраги зардобга тўлар, минг хил саволлар миясини чирмар, аммо уларга жавоб тополмай қийналарди. Лекин асло эрини айбламас, гўё ўзи ҳаммасига айбдордай, унинг олдидан ҳам, орқасидан ҳам соясига кўрпача солар, гоҳо катта «марҳамат» кўрсатиб, арзимас бозор билан кириб келганида, қувончдан ял-ял ёниб кетарди. Бу аёлларча мутеликми ёки бемисл вафодорликми – нима эканлигини ҳам тушунмасди. Назарида, унинг бу қилиқлари эрини жонидан ҳам яхши кўрадиган аёлларга хос телба муҳаббатнинг бир кўриниши эди...
... Шу йўсинда орадан тўрт йил ўтди. Икромжон иккинчи аёлидан ўғилли ҳам бўлди. Нодира ҳамон ҳамширалик қилар, кечалари дўппи тикар, икки қизалоғини ўкситмаслик учун оғзидагини уларга илинар, ўзи киймаса ҳам қизларини чақмоқдек кийинтирарди. Гоҳо дугоналари унинг кўнгли учун эрини ёмонлашса, у оғиз очмас, «бир куни инсофга келиб, бирибир уйимизга қайтадилар», дея ўзига тасалли берарди. Эри бўлса, борган сайин омади юришиб, қутуриб борар, энди онда-сонда Нодира билан кўришганда, гўё эски хизматкордай у билан совуқ, тўнг муомала қиларди. Айтишларича, у ҳозир нафақага чиқиб кетган бошлиғи ўрнига ўша омборга раҳбар этиб тайинланганмиш. Янги оқ «Волга»да юришини Нодира ҳам бир неча бор кўрди, ичида жиндай фахрланиб ҳам қўйди...
Бордию эри оғир дардга чалиниб қолмаганида, Икромжоннинг ҳам, Нодиранинг ҳам ҳаётлари шу алпозда қанча давом этиши номаълум эди. Суюкли кенжа хотини учун касалининг тайини, тузалишининг муҳлати мавҳум эр уч ойдаёқ ортиқча бўлиб қолди. Сабаби – бебилиска пулларнинг сувдай оқиб келиши тўхтаган, анча-мунча жамғариб қўйганлари ҳам тугаб борарди. Аранг тўпланган мол-мулкнинг бу қадар тез тугаб бораётганидан ваҳимага тушган жувон охири чидолмай, жанжал кўтарди: «Кўзингизни ёғини еган, йигитлик қувватингизни олган хотинингиз ҳам қарасин, мен қийналиб, жонимдан тўйиб кетдим!», деб аюҳаннос солди.
Охири жони кўзига кўриниб турган Икромжон укасини чақиртириб, эски уйига кўчди. Нодира эрининг аҳволидан чексиз изтиробга тушган, овқат ва уйқуни эсдан чиқарган ҳолда ҳали у шифохонага югурар, ҳали бу шифокорга ёлворарди. Унинг касалини аниқлата олмай, боши қотар, қаерда биронта зўрроқ дўхтир бор, дейишса, эрининг ёнига икки қизини пойлоқчи қилиб, ўша ёққа жўнарди. Икромжон эса, ҳамон ўша-ўша, тузалиш ўрнига тобора силласи қуриб, ҳаёт шами сўниб борарди. Гоҳо ётавериб, эзилган пайтларида кўз ёши ҳам қилиб оларди. Шунда хотини: «Қўйсангиз-чи, дадаси, дард ҳам бир меҳмон, ҳали отдек бўлиб кетасиз. Қизларингизнинг тўйида бел боғлаб турасиз!», деб овутади, тасалли беради, янги-янги дориларни топиб келиб ичиради. Аммо ўзи хўрликданми, эрининг азоб чекаётганига ичи ачишибми, ҳар қалай, қўшни хонага чиқиб, тўйиб-тўйиб йиғлаб оларди...
Кунлар шу тариқа ўтар, эри шифохонадан-шифохонага кўчар, ташхислар алмашар, аммо ўзгариш бўлмасди. Баъзан кундоши қўнғироқ қилиб, «тузукмилар?», деб кўнгил сўраган бўлади, аммо гапининг оҳангидан Икромжоннинг тузалишидан умидини узиб, янги ёр илинжида юрганини сезиб олиш қийин эмасди. Икки қизи дадаларининг атрофидан бир қадам силжимас, оналари ишга кетса, катталардай хизмат қилишарди. Икромжон оғирлашиб қолса, Нодира эрини шифохонага ётқизар, бутун оғирлик яна ўзи ва қизлари зиммасига тушарди. Аммо Нодира ҳеч қачон зорланмас, буни Аллоҳнинг бир синови тарзида қабул қилиб, эри учун жонини ҳам фидо қилишга тайёр эди. Унинг жони эса, акасининг айтишича, филникидан ҳам қаттиқроқ экан...
muslimat.uzdan olindi