"Фаррош" шифокор
| | | Sana: Shanba, 19-Сентября-2009, 02:13 | Xatlari # 1 |
Ism:
| [_Risolat_]
| Maqomi:
| [Super User]
| Guruxi:
| [ENG ENG ENG]
| Postlari:
| [3027]
| Xulqi: +
| [814] ±
| Xulqi: -
| [0%] ±
| User xozir:
| [Forumda emas]
| Yurt:
| [Узбекистан]
| Jins:
| [Ayol]
| |
| "Фаррош" шифокор — Ассалому алайкум, яхшимисизлар? Дилдора опа, сиз тузукмисиз? — рўпарасидан чиқиб қолган қўшнисига ҳамда унинг ёнида келаётган шеригига салом берди Муаттар. Дилдора опа энсасини қотирганча хушламайгина алик оларкан: — Воалайкум ассалом! — деди димоғдорлик билан салмоқлаб. Сўнг бошдан-оёқ кўз учида менсимай Муаттарни «рентген»дан ўткизаркан қўшиб қўйди: — Муаттархон, бу дейман яна эски ишингизни бошлабсиз-да, а? — Қайси эски ишим? — ҳайрон бўлиб аёлга тикилди жувон. — Ўзингизни гўлликка солманг, ўргилай! Нима, эсингиздан чиқиб қолдими? Қайси эски иш эмиш! Қайси бўларди, қатиқфурушликда! — хандон отиб кулганча «Бопладимми?» дегандек ёнидаги шеригига юзланди. Муаттар бир лаҳза довдираб турди-да, кейин ўзини қўлга олиб, шундай жавоб қилди: — Йўқ, ҳозир ишга кирганман. — Э-ҳа-а! Шунақа денг? Мен эгнингизга манави оқ халатни илиб олганингизга энди сотувчилик даъвосида оқ халат кийиб, қатиқ сотаётган экансизми, деб ўйлабман! — яна шарақлаб кулди аёл. Унинг тили худди заҳар тўла идишга ботириб олингандек, ҳар бир гапи илоннинг тиши сингари санчиларди! Тоқат қилолмаган жувон тилга кирди: — Нима, сизнингча қатиқ сотиш айбми, Дилдора опа? — ундан бу исённи кутмаган аёл дарров хаспўшлашга тушди: — Йўқ-йўқ, ким сизга айб, деди? Қатиқ сотишнинг ҳам кўча супуришнинг ҳам ҳеч қандай айбли ери йўқ! Бошқа ердан пул келмагандан кейин албатта болаларни боқиш учун кўча супуришга ҳам рози бўлади-да, киши. Бўпти бўлмаса, уйга чиқиб туринг, — дея ҳамроҳини турткилаб, йўл бошлади. Уларнинг ортидан анча пайтгача хаёлларига ғарқ бўлган кўйи термулиб қолган Муаттар кўзларидан ёш думалаётганини сезадиган аҳволда эмасди… — Нега бундай қилдингиз? Ўзи бу аёл ким? — ҳеч нарсага тушунмай савол берди шериги. — Ким бўларди, қўшним! Кечагина қатиқфурушлик билан кун кўриб юрганди. Қулоғимга аллақандай гаплар чалинди. Эшитишимча, қаёққадир ишга кирганмишми-ей! Вой, ўлиб қоламан, келиб-келиб шуни ким ишга оларди! Атайлаб қатиқфурушлигини юзига солдим. Мабодо ишга киргани рост бўлган тақдирда ҳам энди менинг олдимда гапирадиган гапларини ўйлаб гапирадиган бўлади! Қўяверинг, баттар бўлсин! Бир пайтлар елкасини қисиб, қатиқ сотиб юрувди, энди тили чиқиб қолган кўринади. Бурнини ерга ишқаб қўйдим, унча-мунчада ўзига келолмайдиган бўлди! — қийқириб кулди аёл. Шериги бош чайқаб: — Яхши иш қилмадингиз. Қўшнига ёмонлик қилиш гуноҳ. Аввало, қатиқ сотиб тирикчилик қилиш айб иш эмас, ҳалол пешана тери билан пул топиш-ку! Нима қиласиз, бир бечоранинг устидан кулиб? «Мен ҳам эдим сендек, сен ҳам бўларсан мендек!» деган машойихлар. Бу ҳикматли гап бежизга айтилмаган. Ишга кирган бўлса, омадини берсин! Бу қилмишингиз учун тезгина тавба қилинг! — деди-ю, қисқагина хайрлашиб, тезгина юриб кетди. Унинг ортидан афтини буриштириб қараб қолган Дилдора бўлса: «Ҳе, ўргилдим, сендақа насиҳатгўйдан! Бошимга ҳамма домла!» деди ва ортига қайтди. Дилдорадан узоқлашгач, анча енгил тортган аёл бўлса: «Тавба-тавба! Келиб-келиб шу билан борди-келди қилиб юрибманми? Ўз қўшнисига ёмонлик қилишдан тап тортмаган одам, менга яхшилик қилармиди? Эсим борида ундан узоқроқ юрганим маъқул», дея бош чайқаб борарди. * * * Муаттар турмушга чиққандан кейин қишлоқда озгина ишлаб юрди-да, эрининг иши пойтахтда бўлгани боис уч ой ўтиб, кўчиб келишди. Ижарага олинган уй бир хонали бўлиб, эскигина эди. Аксига олиб, ҳомиладорлиги туфайли ишини давом эттиролмай қолди. Сабаби, бошқоронғулиги ниҳоятда оғир кечганидан анча толиқиб қолганди. Турмуш ўртоғи ишлаб топаётган пул ижара тўловидан аранг ортиб, базўр қозон қайнатишгагина етарди. Бир сўз билан айтганда, аксарият янги оилаларда кечадиган «иқтисодий инқироз» уларнинг ҳаётларини ҳам четлаб ўтмаганди. Шунданми, баъзи қўни-қўшнилар уларга паст назар билан қарашар, ўзларининг совуқ муносабатларини илмоқли гаплари билан изҳор қилишни ҳам боплаб қўйишарди. Шундай кезларда Муаттар ўзини бениҳоят хўрланган ва камситилган ҳис қилар, аламини фақатгина кўз ёш тўкиш билан чиқарарди. Эрига зорланиб: «Одамлар нега бировнинг устидан кулиб, лаззатланишади? Камбағаллик шунчалар айбми?» дерди. Баҳодир бўлса: «Қўй, уларга умуман эътибор берма! Бекорга кўзёшларингниям тўкма. Ўзлари ҳам янги турмуш қурган кезлари ким билсин, биздан абгорроқ яшашгандир. Сен унинг ўтмишини билмаганинг учун ўзини катта тутаётгандир, эҳтимол. Яхшиси, соғлигингни, бўлажак фарзандимизнинг саломатлигини ўйла! Кўрасан, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Ҳозирча сабр қилишдан ўзга чорамиз йўқ. Кўряпсан, кечани-кеча, кундузни-кундуз демасдан ишлаяпман. Бу вақтинчалик бир ҳолат. Бир кун келиб, албатта биз ҳам бойиб кетамиз. Ўзим сени айнан ўшаларнинг олдидан машинамда олиб ўтаман!» дея таскин берарди. Биринчи фарзанди туғилганидан сўнг эса, туғруқхона харажатлари, янги кўзи ёриган аёлига кучли-кучли егуликларга кетган харажатлар, камига ижара харажати Баҳодирни анча чарчатиб қўйди. Энди қанча зўр бериб ишламасин, кунма-кун қарзга кириб борарди. Бу ҳолат роппа-роса бир йил давом этди. Тўнғич ўғилчаси эндигина бир ёшдан ошганида ортиқ бардоши қолмаган Муаттар эрига шундай таклиф билдирди: Келинг, мен ҳам сизга озгина ёрдам бераман. —Қандай қилиб? Қўлингда эндигина бир ёшга тўлган бола билан-а? — ҳайратини яширолмай сўради Баҳодир. —Қатиқ сотаман. Ҳарна, ҳеч бўлмаганда кунлик нон пулига яраб қолар… —Бўлмайдиган ишларни хаёл қилмасанг-чи! Бир кунда неча литр қатиқ сотардингу кунига неча пул топа олардинг! Ҳазилниям қойиллатасан-да, хотин! — хотинини фикридан қайтаришга уринди Баҳодир. —Мен ҳазиллашмаяпман, жиддий гапиряпман. Бошида ўн литрдан бошлайман. Юришиб кетса, йигирма-ўттизтага чиқараман. Ҳисоблаб чиқдим, ўн литридан минг сўм қоларкан. Бу дегани, ҳар кунги нон пулимизни кўтаради, деган гап! Сиз ҳам қийналиб, таниш-билишларингиздан ҳадеб қарз сўраб юрмайсиз.Ке, қўй! Бир ками энди «Баҳодирнинг хотини қатиқ сотиб юрган экан!» деган гапни эшитишим қолувди! — деди бу гал қизишиб.Нега жаҳлингиз чиқади? Нима, қатиқ сотиш гуноҳми? Ёки ор қиляпсизми? Ким сенга гуноҳ, деди? Ҳа, ор қиламан! — Муаттар эрини танимай қолди. Сабаби, шу пайтгача ҳали бирор марта Баҳодир хотинига овозини баланд қилиб гапирмаган эди. Йиғини бошлаган ўғлини эмизаркан, Муаттарнинг кўзларидан шашқатор ёш қуйилар, буни эрига кўрсатмаслик учун энгашиб олганча силкиниб-силкиниб қўярди…Баҳодирнинг бўлса кўксига алланарса безовтали оғриқни солиб улгурганди. У кенг ва узун пешайвоннинг у бошидан бу бошига бориб келаркан, тинмай: «Нима бўлганда ҳам хотинимга қаттиқ гапирмаслигим керак эди. Ахир шусиз ҳам мениг топган-топмаганимга кўниб, сабр қилиб яшаб келяпти-ку! Нега унга қаттиқ гапириб, дилига озор бердим? Онасининг энг кенжа қизи бўлатуриб, олти йил ўқиб, олий маълумотли шифокор дипломига эга бўлатуриб, ўз уйида хоҳлаганидек эркин яшашга одатланган бўлатуриб, салкам икки йилдан ошиқ давом этиб келаётган моддий қийинчиликни «чурқ» этмасдан енгиб келяпти-ку!.. Ҳатто онасига бир бор бўлсин: «Мен қийналиб кетдим! Нега менинг эрим бунча омадсиз!» деб нолигани йўқ. Аксинча, қайнонам келган пайтларда рўзғоримиздаги камчиликларни кўриб: «Қизим, нега бунча рангинг кетиб қолди? Ейиш-ичишларингда камчилик борми? Сен янги туққан хотин бўлсанг. Яхши-яхши еб, кучга киришинг керак. Ҳозир энг нозик пайтинг. Парваришга муҳтожсан, эрингга айтиб, керак нарсани талаб қил! Еганинг ҳам болангга сут, ҳам ўзингга қувват бўлишга етмаслигини эркак киши билмаслиги мумкин. Мен узоқда бўлсам, тез-тез хабар ололмасам, бу аҳволда йиқилиб қоласан!» деган пайтларда ҳам «Онажон, сиз сираям ташвишланманг! Куёвингиз рўзғордан гўштни узмайди. Кеча охиргисини ош қилгандим. Ҳамма нарса етарли, ўзимнинг иштаҳам йўқ. Шунинг учун рангим кетиб қолган бўлса керак!» деб менинг айбимни бекитганини неча бор эшитганман… Аслида, қозонимиз яқин орада на гўшт, на ош кўргани йўқ. Қанча-қанча топармон-тутармон эркакларнинг қўлини совуқ сувга урмайдиган танноз хотинлари арзимаган баҳоналарни деб, эри билан ажрашиб кетаётганини ўзим кўриб-билиб юрибман-ку! Мен бундай сабр-тоқатли, оқила хотиннинг оёғини ўпиш ўрнига нималар қилиб қўйдим! Нимаики қилмоқчи бўлса, мен учун, рўзғорим учун қиляпти-ку!..» дея эзилди. Ниҳоят Муаттар эрининг розилиги билан қатиқ сотишни бошлади. Дастлаб, ўзи режа қилганидек, ўн литр сут сотиб олди. Бахтига, унга сут келтириб берадиган киши жудаям инсофли, беш вақт намозни канда қилмайдиган савобпеша инсон бўлиб чиқди. — Синглим, майли ишларингиз юришиб, фойдага кириб олгунингизгача бир литр сутни саккиз юз сўмдан қилиб бераман. Бошқаларга сутниям, қатиқниям литрини минг сўмдан сотаман, биласиз. Аммо мендан минг сўмдан олсангиз, кейин неча пулдан сотасиз? Бунақада ишингиз касод бўлиб қолади. Ёш болали экансиз, бунинг устига ижарада яшаркансизлар, сизни тушунаман. Майли, сиздан келадиган фойдани Худойим бошқа тарафдан бериб, ўрнини тўлдириб юборади! Сиз ҳеч хижолат бўлмасдан, ишни бошлайверинг! Ҳа айганча, ҳозир ўн литр олиб, қатиқ қилиш учун пиширасиз, тўғрими? — деди. — Ҳа, тўғри, — жавоб берди ҳеч нарсага тушунмай Муаттар. — Пиширсангиз, ўн литрингиз тўққиз яримта бўлиб қолади. Сиз ҳозирча ўнтадан сотиб, мижоз ўргатиб олишингиз керак. Шунинг учун яна ярим литр ташлаб бераман. Аммо бунга ҳақ олмайман. Ҳаммаси учун дуо қилсангиз кифоя! — дея яна идишга ярим литр сут қуйди. — Сиз узоқдан келтирасиз, мен учун зарарга кириб қолманг, амаки! — деди Муаттар. — Узоқдан олиб келганим билан мен улгуржи олиб келаман. Сиз мени ўйламанг. Йигирмата-ўттизтага чиқариб олинг, кейин бир гап бўлар! — дея уловига ўтирди Иброҳим амаки. Муаттар улов ортидан анча пайт қараб қоларкан, «Вой, эсим қурсин!» деганча уйи томон югурди.
|
| |
|
| | Sana: Shanba, 19-Сентября-2009, 02:14 | Xatlari # 2 |
Ism:
| [_Risolat_]
| Maqomi:
| [Super User]
| Guruxi:
| [ENG ENG ENG]
| Postlari:
| [3027]
| Xulqi: +
| [814] ±
| Xulqi: -
| [0%] ±
| User xozir:
| [Forumda emas]
| Yurt:
| [Узбекистан]
| Jins:
| [Ayol]
| |
| Шундай қилиб, Муаттар икки ой ичида қатиқ сотишнинг устасига айланди. Ўн литрдан бошланган иш эллик-олтмиш литрга чиқди. Энди Иброҳим амаки унга бир литрини тўққиз юз сўмдан қилиб берар, у юз ҳар литрига сўмдан қўйиб, кунига беш-олти минг фойда кўрарди. Қайси бир саҳиҳ манбада: «Ер юзида биттагина имонли-инсофли киши қолган бўлса ҳам қиёмат қоим бўлмайди», дейилган. Иброҳим амаки Муаттар то оёққа туриб олгунгача уни қўллади, кўмаклашди. Ҳатто қандай қилиб ширин қатиқ ивитиш сирларини ҳам ўргатди. Ўзингиз ўйланг, ҳозирги кунда «Нонимни яримта қилди!» дея тижорат оламининг энг майда кўринишларидан тортиб, улкан кўринишларигача рақобат курашига шўнғиган. Иброҳим амаки бўлса, бир неча йиллрадан буён ўз қатиқ сотадиган ҳудудида ўзи янги рақобатчини тайёрлаб чиқарди. Қасамки, бу мардона иш унча-мунча Хотамтойлик даъвосида юрган бойларнинг қўлларидан келмаган бўларди! * * * Иш шу даражага етдики, Муаттарнинг ивитган қатиқлари ростдан ҳам қаймоқли ва бетакрор таъмга эгалиги сабаб, энди у мижоз излаб, кўча-кўйда қатиқ тўлатилган шиша банкаларни кўтариб юрмайдиган бўлди. Балки мижозлар қўлларида қўша-қўша банкалар билан унинг остонасидан аримай қолди. Табиийки, Муаттарнинг қатиқ сотиб «бойиб» кетаётганига ҳасад қилувчи қўшнилар ҳам дарров топила қолди. Улар Муаттар кўчада кўриниб қолса бас, дарров бир-бирлари билан яширинча шивир-шивирларни бошлаб юборишар, у яқинлашиши билан дарров жимиб қолишаркан, тил учида: «Яхшимисиз, қўшни? Кичкинтой катта бўлиб қолдими? Тижорат қалай, ўхшаяптими?» дейишарди. Муаттар уларнинг ниқоблари остидаги асл башараларини аллақачон кўриб улгурган бўлишига қарамай, қўшничилик ва одамгарчилик одобларидан хабардор бўлгани боис: «Худога шукр, раҳмат! Секин бўляпти», дея ҳол-аҳвол сўрашиб ўтарди. Фарзанди энди бир ярим ёшни тўлдирганида иккинчи фарзанди туғилди. Яна оила аъзолари биттага кўпайди. Эр-хотин қўш ҳўкиз бўлиб, рўзғор юкини тортишда давом этишарди. Ва кўздек яқин қўшнилар ҳам ҲАЁТ аталмиш бешафқат бу кураш майдонида улар билан «елкама-елка туриб», қадамба-қадам ҳар бир хатти ҳаракатларини кузатишда, таҳлил қилишда, ғийбат қилишда, камситишда, масхара қилишда давом этишарди. Баҳодир билан Муаттар кетма-кет тўрт фарзандли бўлишиб, икки ўғил ва икки қизнинг ота-онасига айланишганди. «Камбағални кўчганда кўр!» дейилган нақлни эшитмаган киши топилмаса керак. Бу йиллар ичида ана шу таланиш аталмиш кўчишлардан бир нечтасини бошидан ўтказган Баҳодирнинг оиласи ўз ватанларига тезроқ етишиш орзусида яшарди. Бу ширин хаёл ҳатто Муаттарнинг тушларини ҳам забт этиб улгурганди. Энг кичик боласи икки ёшга тўлгач, Муаттар ўз мутахассислиги бўйича ишлашга қарор қилди. Бу учун албатта, аввал ўқиб, малака ошириб келиши талаб қилинарди. У олти-етти йил соҳаси бўйича ишламасдан, уйида ўтириб қолгани туфайли шунга мажбур эди. Баҳодир яхши бир клиникадан унга ўрин гаплашди. Муаттар малака оширишни бошлади. Сўнг қисқа вақт ичида ишни бошлаб юборди. Ва албатта унинг эрта кетиб, кеч ишдан қайтаётгани бекорчи қўшниларининг нигоҳларидан четда қолмади. Мутахассислигини яхши эгаллагани боис тез орада иши юришиб, яхшигина маошга илинди. Бу пайтда Баҳодирнинг ҳам ишлари анча юришиб қолган бўлиб, икки хонали уй сотиб олишди ва ажара яшаш ташвишидан халос бўлишди. Уларнинг уй олишлари ўзлари учун қанчалар хурсандчилик келтирган бўлса, «Борни кўролмайдиган, йўққа беролмайдиган» ҳасадчи қўшниларининг пайтавасига қурт, ичларига ўт солиб қўйди. Уларнинг онабошиси Дилдора эди. Кап-катта хотин бўлишига қарамай, ҳатто кўзи билан кўрмаган нарсаларини ҳам тўқиб-бичиб, Муаттар ҳақида ғирт туҳмат ва уйдирмадан иборат иғволарни чиқарадиган бўлди. Кунлардан бир кун оппоқ халатда келаётган Муаттарни кўрган Дилдора қош учириб ёнидагиларга шивирлади: — Ўзини кўрсатиш учун эгнига оқ халат кийиб олганини қаранглар! Нима эмиш, клиникада ишлаётганмиш! Шу ёлғон гапга ишонадиган қайси аҳмоқ одам экан? Кеча қатиқ сотиб юрган одам бирдан дўхтир бўлиб қолса-я! Бу худди қурбақа бир юмалаб, шаҳзодага айланди, дейилган эртакка ўхшайди-ку! — хунук товушда кула бошлади. — Дилдора опа, ростдан ҳам қўшнингиз аёллар шифокори экан. Мен ўтган ҳафта тасодифан у ишлаётган клиникага бориб қолдим. Ўз кўзларим билан кўрдим, — деди йигирма беш ёшлардаги келинчак. — Бўлмаган гап! Нима, клиникада кўрган бўлсангиз, у ерда фақат дўхтирлар ишлайди, дегани эмас-ку! Клиникада шифокор ҳам фаррош ҳам оқ халат кияди, ўргилай! Балки Муаттархон бош фаррош бўлиб ишлаётгандир! — беўхшов кулги яна эшитилди. — Йўғ-е, нималар деяпсиз? Жа унчалик фирибгар аёлга ўхшамайди-ку! — деди Дилдоранинг феълидан бир озгина хабардор бўлганидан осонгина енгилишни афзал билиб. — Ҳа, шошмай туринг, ҳали миси чиқиб қолади. Ана ўшанда сизга салом бераман! — деди Дилдора бу гал шанғиллаб. Шу билан суҳбатга якун ясалди. * * * Орадан бир йил ўтиб, Муаттар бош шифокор лавозимига кўтарилди. Бир куни ҳамширанинг: — Муаттар Муродовна! Сизни сўрашяпти! — дея жаранглаган товуши бутун каридор бўйлаб янгради. Сўнг эшик оҳиста очилиб, ҳамширанинг боши кўринди: — Муаттар Муродовна, бир аёл иш сўраб келибди. Эри қамалиб қолибди, ёрдамга муҳтож экан. Беморига қилаётган муолажасини тугатгач, қўлларини юваётган шифокор шундай деди: — Шифокорликками, ҳамшираликками? — Фаррошликка деяпти. — Қани, олиб киринг-чи, ўзи битта фаррош керак бўлиб турганди, — сўнг юзидаги дока ниқобини ечди. Шунда эшикдан қирқ беш ёшлардаги аёл кўринди. Муаттар билан унинг нигоҳлари алҳол тўқнашди. Бу тўқнашув таъсирида аёл ток ургандек сапчиб тушди. Аммо қассоб қўлига тушган эчкидек типирчилагани билан бефойда эканини ўзи ҳам англаб етдими, кутилмаганда хушомад оҳангида: — Му-ат-тар-хон, сиз?!! — деди. Бу пайтда Муаттарнинг хаёлидан фақатгина: «Бировнинг ҳолига сен кулма, зинҳор…» деган ўй лип этиб ўтди… Гулбаҳор Абдуллоҳ Muslimaat.Uz dan olindi!
|
| |
|
| | Sana: Yakshanba, 15-Ноября-2009, 17:53 | Xatlari # 3 |
Ism:
| [Rayyona]
| Maqomi:
| [Foydalanuvchi]
| Guruxi:
| [Kuzatuvchi]
| Postlari:
| [54]
| Xulqi: +
| [20] ±
| Xulqi: -
| [0%] ±
| User xozir:
| [Forumda emas]
| Yurt:
| [Узбекистан]
| Jins:
| [Ayol]
| |
| mashaAlloh haqiqattanham qaytar dunyo deydilar insonlar nega bundayekana hayotimizda ku`rib bilib turib ham u`zimizga saboq olmaymiz eh hom sut emgan bandalar qachon aqlimiz kiradi qachon u`lim soatlari yetib kelganda shundayin afsuslanamiz yana biroz yashay biroz bu`lsada hayrli ishlar qilay gunohlarimga istig`for aytay deymiz afsus ming afsus u vaqtda barchasi bekor. | |
|
| | Sana: Juma, 20-Ноября-2009, 22:50 | Xatlari # 4 |
Ism:
| [жасмин]
| Maqomi:
| [Super User]
| Guruxi:
| [Ashaddiy Forumchi]
| Postlari:
| [2594]
| Xulqi: +
| [290] ±
| Xulqi: -
| [0%] ±
| User xozir:
| [Forumda emas]
| Yurt:
| [Российская Федерация]
| Jins:
| [Ayol]
| |
| Robia, рахмат одамлар уйлаб кадам босишлари керек бугун ким булсанг ертага нима булишингни билмайсан киши.
ДОИМО ГУЗАЛ БУЛИШ ... | |
|
|
|