Шу ўринда намозга эрта келишликнинг фазилатларини ҳам эслатиб ўтсак:
Анас Ибн Молик р.а. Қуръони каримдаги “Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг” деган оятдаги мусобақадан мурод айнан биринчи такбирга интилишдир дейдилар (Ал-Дурр ал-Мансур, 2/314). Тобеинлардан Сайид ибн Жубайр, ҳамда баъзи муфассир уламолар ҳам шу фикрни тасдиқлаганлар. Яна Анас р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда: “Кимки қирқ кун ичида намознинг биринчи ракатига кечикмаса, икки нарсадан омонда бўлади: жаҳаннам олови ҳамда нифоқ (мунофиқлик) дан” (Абдурразоқ ўзларининг Ал-Мусаннафларида саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар).
Шунингдек Расулаллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири Мийсам шундай ривоят қилади: “Масжидга биринчи келган киши билан бирга байроқ кўтарган бир фаришта ҳамроҳ бўлиб келади, ҳамда то у киши намозини ўқиб бўлгунига қадар у билан бирга бўлади, сўнгра унинг уйига ҳам байроқ кўтариб кириб келади” (Ибн Аби Асим ривояти, Ибн Ҳажар ал-Исабаҳ ҳамда Албоний саҳиҳ деганлар).
Масжидга эрта келиб намоз бошланиши кутган инсон намозда тургани каби ажр олади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Сизлардан биронтангиз намозга мунтазир бўлиб ўтирар экан, намозда турган ҳисобланади. Таҳоратини бузмаган ҳолда масжидда ўтираркан, фаришталар унинг ҳаққига: “Аллоҳ, уни мағфират қилгин, Аллоҳ, унга раҳм этгин”, деб дуо қилиб туради” (Имом Термизий ривояти). Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтадилар: “Қай бирингиз намоз ўқийман деб кутиб турсангиз, намоз ўқиётган ҳисобида бўлгайсиз” (Имом Бухорий ривояти).
Шунингдек масжидга эрта келган киши таҳҳиятул масжид намозини ёки бошқа нафл намозини ўқиши ёҳуд азон ва иқома орасида дуо қилиб вақтини унумли ўтказиши мумкин, зеро бу вақт дуолар қабул бўладиган вақтлардандир. Анас розияллоҳу анҳунинг ривоятларидан бирида: “Азон билан иқомат орасида қилинган дуо мустажобдир”,-дейилган. (Суютий роҳимаҳуллоҳ “ал-Жомеус-сағийр”да зикр қилган).
Аллоҳ барчимизни ҳидоятга бошласин.