«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик» (Анкабут сураси, 8-оят). Яъни, ота-она хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин, уларга яхшилик қилиш фарзанднинг бурчидир.
«Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга доимо яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут – ҳокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаб ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)» (Исро сураси, 23–24-оятлар).
«Биз инсонга ота-онасини (яъни, уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни, қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур), уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буюрдикки), «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин». (Луқмон сураси, 14-оят).
«Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни, қариндош-уруғлар билан алоқани) боғлайдилар» (Раъд сураси, 21-оят).
«Ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)» (Нисо сураси, 1-оят).
«Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!» (Нисо сураси, 36-оят).
Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ с.а.в. дан «Қайси амал Аллоҳ таолога маҳбуброқ?» деб сўрасам, у зот: «Вақтида ўқилган намоз», дедилар. «Кейин қайсиниси?» десам, у зот: «Ота-онага яхшилик қилиш», дедилар. «Кейин қайсиниси?» десам, у зот: «Аллоҳ йўлидаги жиҳод», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Бола отасининг ҳаққини адо қила олмайди. Фақатгина отасини қул ҳолатида топиб, уни сотиб олиб озод қилгандагина, ҳаққини адо қила олади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Албатта Аллоҳ таоло махлуқотни яратишни тамомлагандан кейин қариндошлик риштаси ўрнидан туриб: «Бу жой (қариндошликдан) узилиб кетишдан паноҳ тиланадиган мақомми?» деб айтганида, Аллоҳ таоло: «Ҳа, сен қариндошлик алоқаларини боғлайдиган кишилар билан боғланмоқлигимга ва алоқани узувчилардан Мен ҳам узилмоқлигимга розимисан?» деганида, қариндошлик риштаси: «Ҳа, майли», деди. Шунда Аллоҳ таоло: «Мана бу марҳамат сен учундир», деди. Расулуллоҳ с.а.в. : «Агар хоҳласанглар, Аллоҳнинг «Агар (имондан) юз ўгирсангизлар, яқинки, сизлар ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир» (Муҳаммад сураси, 22–23-оятлар), деган оятини ўқинг», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Бухорийнинг ривоятларида қуйидагича келтирилган: «Аллоҳ таоло қариндошлик риштасига: «Ким сенга етишса, Мен ҳам етишаман. Ким сендан алоқани узса, Мен ҳам алоқани узаман», деб айтди».
Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, менинг чиройли муомала қилишим учун инсонларнинг қайси бири ҳақлироқ?» деганида, у зот: «Онанг», дедилар. «Кейин ким?» деди. «Онанг», дедилар. «Кейин ким?» деди. «Онанг», дедилар. «Кейин ким?» деди. «Отанг», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Ким ота-онасини қариган пайтларида топса-ю икковларига ёки бирларига (хизмат қилиб) жаннатга кира олмаса, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин!» дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, менинг қариндошларим бор. Уларга силаи раҳм қилсам ҳам, алоқани узишаверади. Уларга яхшилик қилсам ҳам, ёмонлик қилишаверади. Уларга ҳалимлик қилсам ҳам, жоҳиллик қилишаверади», деганида, у зот: «Агар айтганинг рост бўлса, уларнинг оғизларига иссиқ кулни солган бўласан. Модомики, мана шу ҳолатда бўлар экансан, Аллоҳ томонидан бир мададкор уларнинг зиддига сен билан бирга бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Бу ердаги «иссиқ кулни оғизларига солган бўласан» сўзининг маъноси – иссиқ кулни оғзига солган киши қанчалик азият чекса, уларга ҳам шунчалик азоб бўлади, деганидир. Аммо яхшилик қилувчи кишига ҳеч нарса бўлмайди.
Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Ким ризқи кенг бўлишини ҳамда умри узун бўлишини яхши кўрса, қариндошлари билан борди-келди қилсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Анасдан р.а. ривоят қилинади. Абу Талҳа р.а. Мадинада ансорлар ичида хурмоси кўп бадавлат кишилардан эдилар. Бу зотнинг энг маҳбуб мол-мулклари масжиди Набавиййанинг рўпарасидаги Байраҳо номли боғлари эди. Расулуллоҳ с.а.в. бу ерга кириб, ширин, чучук сувларидан ичиб турардилар. Қачонки, «Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз» ояти нозил бўлганида, Абу Талҳа р.а. Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳ сизга «Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз» оятини туширибди. Менга мол-мулкимнинг энг суюклиси Байраҳодир. Мен бу боғимни Аллоҳ учун садақа қилдим. Унинг савоб ва ҳиссасини Аллоҳ ҳузуридан умид қиламан. Эй Аллоҳнинг расули! Буни қаерга муносиб кўрсангиз, ўша ерга сарфланг», деганида, Расулуллоҳ с.а.в. : «Балли, яша! Мана шу фойдали ва ютуққа эриштирувчи молдир. Мен сен айтган сўзларни эшитдим. Бу ҳақда фикрим шуки, сен бу боғни ўз қариндошларинг ва яқинларинг ўртасида тақсимлаб бер», дедилар. Абу Талҳа: «Эй Аллоҳнинг расули, айтганингизни (бажонидил) қиламан», деб ўша боғларини қариндошлари ва жиянларига тақсимлаб бердилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ с.а.в. га юзланиб: «Мен ҳижрат ва жиҳод қилиш учун сизга байъат қиламан. Бунинг савобини эса Аллоҳдан талаб этаман», деганида, Расулуллоҳ с.а.в. : «Ота-онангдан бирорталари тирикми?» дедилар. У киши: «Ҳа, икковлари ҳам тирик», деди. Расулуллоҳ с.а.в. : «Савобини Аллоҳдан талаб қиласанми?» дедилар. У киши: «Ҳа», деди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в. : «Унда ота-онанг ҳузурларига бориб, уларга чиройли муомалада бўлиб, хизматларини қилгин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бу ҳадисдаги лафз имом Муслимникидир. Икковларининг бошқа ривоятларида: «Бир киши келиб жиҳод учун изн сўради. Расулуллоҳ с.а.в. : «Ота-онанг тирикми?» дедилар. У киши: «Ҳа», деган эди у зот: «Улар (га яхшилик қилиш) билан жиҳод айла», дедилар», дейилади.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Бир қариндошидан яхшилик кўргандагина борди-келди қилган одам силаи раҳм қилувчи эмас. Балки ёмонлик кўрганда ҳам борди-келди қилаверадиган киши силаи раҳм қилувчи, дейилади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Мўминлар онаси Маймуна бинти Ҳорисдан р.а. ривоят қилинади. Бу киши Расулуллоҳ с.а.в. дан изн сўрамай туриб, бир чўрини озод қилиб юбордилар. Қачонки, навбат кечаларида Расулуллоҳ с.а.в. бу онамиз ҳузурларига келганларида, «Эй Аллоҳнинг расули, мен чўримни озод қилдим. Бу ҳақда хабарингиз борми?» дедилар. Расулуллоҳ с.а.в. : «Шундай қилдингизми?» дедилар. Бу онамиз: «Ҳа», деганларида, Расулуллоҳ с.а.в. : «Агар буни тоғаларингизга берганингизда савоби кўпроқ бўлар эди», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Абу Абдуллоҳ Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ с.а.в. нинг сир ҳолатда эмас, балки жаҳрий ҳолатда: «Фалончи болалари оиласи менинг дўстларим эмас. Балки Аллоҳ ва солиҳ мўминлар менинг дўстимдир. Лекин улар билан қариндошлик ришталари борки, мен унинг ҳаққини адо қиламан», деб айтганларини эшитдим». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу ҳадис лафзи Бухорийники.
Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. «Менинг никоҳимда бир хотиним бор эди. Уни яхши кўрар эдим. Отам Умар эса уни ёмон кўрардилар. Ва менга: «Хотинингнинг талоғини бер», дедилар. Мен эса кўнмадим. Кейин отам Умар Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларига бориб, бу ҳақда хабар бердилар. Шунда Расулуллоҳ с.а.в. ҳам: «Хотинингнинг талоғини бергин», деб айтдилар». Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.
Баро ибн Озибдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Хола она ўрнидадир», деб айтдилар. Имом Термизий ривоятлари.
Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. : «Киши отасининг дўстлари билан борди-келди алоқаларини қилиши яхшиликларнинг олийсидир», дедилар.
Абдуллоҳ ибн Динор р.а. Абдуллоҳ ибн Умардан р.а. қилган ривоятларида келтирилишича, бадавийлардан бўлган бир киши Макка кўчаларида Абдуллоҳ ибн Умарга р.а. йўлиқиб салом берди. Абдуллоҳ ибн Умар р.а. ўзлари миниб турган эшакка мингаштириб, бошларидаги саллаларини унга ечиб бердилар. Ибн Динор айтадилар: «Биз Ибн Умарга: «Аллоҳ шаънингизни ислоҳ қилсин, бу бадавий бўлса, озгина нарсага ҳам кўнаверса (мунча илтифот қиласиз)?», десак, Абдуллоҳ ибн Умар р.а.: «Бу бадавийнинг отаси отам Умар ибн Хаттобнинг дўстидир. Мен Расулуллоҳ с.а.в. нинг «Киши отасининг дўстлари билан борди-келди алоқаларини қилиши яхшиликларнинг олийсидир», деб айтганларини эшитганман», дедилар». Буларнинг барчасини Имом Муслим ривоят қилганлар.
Абу Усайд Молик ибн Рабийъа ас-Соъидийдан р.а. ривоят қилинади. «Бир куни биз Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларида ўтирган эдик. Бани саламалик бир киши келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, ота-онам вафот этишганидан кейин ҳам уларга бўлган яхшиликни давом эттиришим мумкинми?» деганида, Расулуллоҳ с.а.в. : «Ҳа, уларнинг ҳақларига дуо қилиб, гуноҳларига мағфират сўраб, аҳд-келишувларини бажариб, тирикликларида борди-келди қилинадиган қариндошлар билан алоқада бўлиб, дўстларини ҳурмат қилиш билан ота-онангга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилишинг мумкин», дедилар». Абу Довуд ривоятлари.
Оишадан р.а. ривоят қилинади. «Мен Хадичага р.а. рашк қилганимдек Расулуллоҳ с.а.в. ни хотинларидан бирортасига рашк қилмаганман. Хадичани р.а. ҳеч кўрмаганман. Лекин бу аёл ҳақида Расулуллоҳ с.а.в. кўп зикр қилганлар. Гоҳида қўй сўйиб, унинг аъзоларидан баъзисини ажратиб Хадичанинг дўстларига юборардилар. Гоҳида мен Расулуллоҳга: «Гўёки дунёда Хадичадан бошқа аёл йўқдек гапирасиз», десам, у зот: «Хадича ундай эди ва бундай бўлган эди. Болаларим шу аёлдан эди», деб унинг яхшиликларини зикр қилардилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.