8 МАРТ БИЛАН... ТАБРИКЛАМАЙМИЗ МУҚАДДИМА
Аллоҳга ҳамдлар, пайғамбарга салавотлар бўлсин. Аммо баъд...
8 март тобора яқинлашмоқда.
Оммавий ахборот воситалари ва рекламаларда аёлларга табриклар йўлланиб, эркакларга бу кунни улар учун бағишлашга чақириқлар янграмоқди.
Узоқ йиллар бу анъана такрорланиб, одатий тус олганидан кўпчилик унга кўникиб қолган. Бу байрамнинг асл моҳияти тарихи ва жамиятдаги ўрни ҳақида жиддийроқ фикр юритиб кўрувчи савияли замондошларимиз кам топилади.
МОЗИЙГА САФАР
Аммо бу байрамнинг келиб чиқиш тарихи, ўтмишга мурожаат қилган баъзи кишиларни хайрон қолдирса, баъзиларнинг эса унга муносабати ўзгариши ҳам мумкин.
8 мартнинг байрам қилинишига сабаб бўлган воқеа - ўтган асрларда Клара Цеткин исмли аёл бошчилигидаги немис феминистларининг сиёсий норозилик намойиши бўлган. Феминистлар - Европада аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашувчи ҳаракат бўлиб, унинг аъзолари асосан фоҳишалардан(!) иборат эди. Улар фоҳишахоналардаги аёлларнинг хўрланиши, калтакланиши ва аянчли аҳволидан норозилик билдириб, ўз муаммоларига мутасаддиларнинг эътибор беришини талаб қилиб намойишга чиққанлар.
Кейинроқ, СССРда коммунистлар мазкур намойишдан ўз ғоялари ва тузумлари учун тамсил олишиб, бу кунни "Халқаро хотин-қизлар куни" деб атадилар ва эътиборни аёлларнинг "порлоқ коммунистик келажак" учун курашдаги роли ва аҳамиятига марказлаштирдилар.
Биз бу байрамнинг қандай нишонлангани, уларда коммунистлар аёлларни қандай эъзозлаганлари ҳақида тўхталмаймиз (сабаби уларнинг байрамлари ҳақидаги таассуротимиз ҳали унчалик эскирган эмас, байрамларнинг барчаси деярли бир хил бўлиб, фақат кунлари ва номлари билан фарқланар, аслида эса коммунистик тузумни улуғловчи бутунлай сиёсий тадбирлар эди).
Коммунистик тузум қулади. "Ўлдинг - ўчдинг" деганларидай, унинг сохта ғояларию, қўланса идеаллари ҳам барҳам топиши кутилган эди, лекин, бугун кўриб турганимиздай, ундай бўлмади. 8 мартни ҳалиям қувониб нишонлайдилар. Нега? Сабаби, аёл зотининг аянчли аҳволи на сиёсий намойишлар, на тузумларнинг ўзгариши билан яхшиланмади. Бугун аёлларимиз ҳануз йилда бир кун бўлса-да, ўзларига инсоний эътибор ва ҳурмат қилинишга муҳтожлар. Наҳотки, тараққиёт чўққисига эришган жамиятларда аёлдай энг мўътабар зот оддий инсоний эътиборга зор аҳволга келтириб қўйилган бўлса?! Бу муаммонинг илдизи қаерда?
Бу муаммонинг илдизи шундаки, мазкур жамиятлар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаган жамият эдилар, яъни аёлга Аллоҳнинг мукаррам бандаси деб қарамасди ва уларга қандай муомала қилингани ҳақида Аллоҳ ҳузурида жавоб беришини инкор этган эди. Энди бу жамиятларда заифларни ҳимоя қиладиган, кучлиларни эса жиноят ва зўравонликдан тийиб турадиган ҲЕЧ НАРСА йўқ, шунинг учун қонун-қоидалари Яратувчининг аёл кишига қўшиб яратган фитратига, унинг тоза табиатига зид эди.
Натижа ҳаммамизга маълум: тузумлар инқироз ва қонли урушлар гирдобида қолди, аёлларининг оқибати эса шу қадар аянчли тус олдики, ҳатто ўзига эътибор сўраб намойишга чиқадиган хорлик бўлди ва бундан кейин ҳам шундай қолаверади.
ИСЛОМДА АЁЛНИНГ ЎРНИ
Наҳотки доно Яратувчи ўз бандаларини бундай хорликда ташлаб қўйган бўлса, ахир У Меҳрибон ва Раҳмли зот-ку?!
Субҳоналлоҳ! Аллоҳ бундай айбу-нуқсонлардан покдир!
Дарҳақиқат Аллоҳ таоло ўз бандаларининг барча ҳолатларидан огоҳ Зот, уларга дунёда бахт-саодатли ҳаёт кечириш йўлини таълим берган ва бу таълимотни ҳаётга татбиқ қилиш намунасини - Пайғамбарини юборгандир. Бу Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) иймон келтирганларнинг ҳаётларидаги барча муаммони мукаммал ва узил-кесил ҳал этувчи ҳукмларни баён қилганлар. Қуйида ушбу ҳукмлардан баъзиларини келтирамиз, уларни ўқигач,бир ўйлаб кўринг: аёл зотига инсоният етишган йўлларнинг яна қайси бири бу қадар юксак ҳурмат-ла қараган экан?
Аллоҳ таоло деди:
“Биз инсонга ота-онасини (яъни уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур) уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буюрдикки), «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!” (Луқмон:14)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида бундай дедилар:
“Аёл киши ҳомиладорликдан бошлаб, то кўз ёригунга, ва гўдагини кўкракдан ажратгунига қадар, Аллоҳнинг йўлида сарҳадларни қўриқловчи аскар кабидир. Агар бу муддатда вафот топса, унга шаҳидлик даражаси берилгай”.
“Ҳомиладор аёлга кундузи рўза тутиб, кечаси намоз ўқийдиган ва Аллоҳ йўлида жанг қилувчи мужоҳид савоби ёзилади”.
“Жаннат – оналар оёғи остидадир” ҳадиси эса исломий ахлоқнинг энг олий мисолидир.
Ҳақиқий мусулмонлар аёлларга, айниқса, оналарга доим ҳурмат ва эҳтиромнинг юксак намунасини кўрсатганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эмизган онаси Ҳалимаи Саъдияни ҳар ҳафта бориб кўрардилар, у кишининг ўтиришлари учун ўз либосларини ечиб, ерга тўшаб берардилар, у кишининг киришлари ё чиқишларида, ҳурматан ўринларидан турардилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларидан оналарни ҳамма вақт эъзозлашни талаб этганлар. Бир киши у зотдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) савол қилди: “Эй Аллоҳнинг элчиси! Менинг энг кўркам суҳбатимга ҳақли киши ким?” “Волиданг” деган жавоб бўлди. Савол уч бора такрорлаганида ҳам “Волиданг” деган жавоб бўлди. Тўртинчи бор сўраганида, “Отанг, сўнгра энг яқининг, сўнгра энг яқининг” (яъни энг яқин қариндошларинг) дедилар.
Она – бизларни узоқ муддат ўз вужудида, сўнг қучоғида кўтариб вояга етказади, сўнг эса ҳаётининг охирига қадар қалбида асрайди. Уларга қанчалар ҳурмат-иззат кўрсатиб, хизматларини бажо айласак-да, онанинг ҳаққини адо эта олмасмиз.
Ҳомиладорлик, фарзанд туғиш, уни тарбиялаб вояга етказиш – узоқ ва машаққатли меҳнат. Аёл ўз зиммасига рўзғор ишларига қўшиб ушбу мажбуриятларни ҳам юкламоғи, ҳақиқатан, энг олий эҳтиром ва бир умр эъзозланишга ҳақлидир.
Исломдан бегона халқлар бу таълимот ва тарбияга, аёллари эса инсоний муносабатга муҳтожлар, чунки динсиз ҳар қандай жамиятнинг энг мазлум ва хўрланган тоифаси – заифлари бўлади. Немис фоҳишалари ўзларини эркакларнинг роҳатига бағишласа-да, ҳар қандай ҳурмат ё эътибордан маҳрум бўлдилар, ҳатто энг хор табақага айландилар. Улардан кейинги Исломдан бегона тузумларда ҳам аёллар аҳволи бундан бошқача бўлмади. Зеро аёл зотини ҳақиқий ҳурмат ва мўътабар мақомга кўтаргувчи ягона йўл – Аллоҳнинг ҳақ йўли – Ислом эди, унинг дақиқ таълимоти, юксак ахлоқи ва покиза тарбияси эди.
Исломдан воз кечган инсоният дунёдаги барча яхшиликдан жудо бўлди. Исломдан воз кечиб, унинг ўрнига яхшироқ бадал ҳануз топа олгани йўқ, топа олмайди ҳам.
Шоир айтганидай:
Иймонингдан воз кечиб, қаерга ҳам боролдинг?
Аллоҳ лафзин унутиб, кимга кўнглинг ёролдинг?
БУГУННИНГ ҲАҚИҚАТИ
Аёлларимиз, қизларимиз ва опа-сингилларимиз ҳақидаги бугуннинг аччиқ ҳақиқат олдида кўзимизни очайлик:
- Бугун ҳаётдаги энг аввалги вазифаси оналик бўлмиш аёл оналикка яроқсиз;
- Бугун она фарзанд ўстириб, роҳатини кўриш эмас, уларга чўри ва хизматкор мартабасида;
- Бугун балоғатга етмаган қизлар “МОДА” номли маъбудга қурбон;
- Бугун минглаган хотин-қизлар гўё Аллоҳга қарши қўзғолонга чиққанлар;
- Бугун соч ва танани бегона нигоҳлардан тўсишга бўлган Аллоҳнинг буйруғи бажарилмайгина қолмай, балки аксинча, ҳижоб оятларига (Аҳзоб:31 ва Нур:59) кофир бўлинмоқда. “МОДА” номли авратлар намойиши ортида ушбу оят ҳукмларига қарши тарғибот авж олган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар аёл киши жозибадор либослар кийиб, ясан-тусан қилиб, хушбўйликлар сепиб, номаҳрам эркакларни ўзига қаратиш учун кўчага чиқса, зинокор билан баробардир”. Бошқа ҳадисда шундай дейилади: “Кўзда ҳам зино бордир. Кўзнинг зиноси – манъ этилган нарсага қараш”.
- Бугун аёлдан ҳаё либоси ечиб олинган. Бугун у бегона кўзлардан жирканмайди, номаҳрамдан сақланмайди ҳам, уялмайди ҳам.
- Бугун аёл нозик табиатига зид равишда энг оғир иш ўринларида. Тонг-саҳарда кўча супуриш ҳам, далада кетмон чопиш ҳам, тик оёқда туриб кеч-тунгача савдо қилиш ҳам, саунада эркакларни чўмилтириш ҳам, эр ва бола-чақага нон топиш, ҳаммаси аёлнинг бўйнида.
- Бугун аёлнинг қиймати тижорий мол қатори. Пакет сотиб оласиз, устида – ярим яланғоч аёл сурати. Яланғоч аёл суратисиз газета ва журналлар бугун паст навли саналади, рекламалар аёлларни ечинтириб кўрсатмасдан ўтмайди. Ҳатто оддий сақич сотиб олсангиз, ичида - ечинган қиз сурати. Аёлнинг қадри, қиймати чайнаб, сўнг тупуриб ташланадиган резиначалик ҳам эмас.
ЙЎҚ! Аллоҳ таоло аёлни таҳқирланиши учун яратган эмас! Аллоҳ инсонни (эркак ва аёлни) Ўзига ибодат қилишдай буюк мақсад учун яратган эди. Аллоҳга ибодат Унинг динини қабул қилиш ва унга амал қилиш билан бўлади. Бу дин бугун – Ислом динидир. Кимки иймон келтириб, мусулмон бўлса, Аллоҳ уни дунё ва охиратда хор қилиб қўймайди. “Албатта Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман. Зеро бировингиз бировингиздандирсиз” (Оли Имрон:195)
Аллоҳ муслима аёлни ҳурматлади, унинг ҳақларини баён қилди, уни эъзозлашни барча мусулмон эркаклар зиммасига юклади. Қуръонда аёллар ҳақидаги "Нисо" сураси – учта энг улкан суранинг бири. Иймон келтирмаган аёлларга эса, начора, иймонсиз яшашнинг хорлик кунларидан бошқа нарса йўқ.
Бугун инсоният аёл зотининг ислоҳига муҳтож. Бутун олам Абу Бакр, Умар, Усмон, Али каби буюк ўғлонларни дунёга келтирувчи оналарга зор. Гўдагини “Бисмиллаҳ” деб эмизгувчи, “Алла” (яъни Аллоҳ) дея роббининг зикри-ла бешик тебратгувчи, Пайғамбар қиссалари бирла фарзандини ухлатгувчи оналар, эрини таҳажжуд намозига уйғотгувчи, унга "Аллоҳдан қўрқ" дегувчи, таомини дуолар ила ҳозирлагувчи рафиқалар, ҳаётини Раббининг ибодати учун бағишловчи муслималар бугунги умматга қанчалик зарурлигини билсалар эди. Зеро, улар сабабли уммат соғаяди ва бугунги хорликдан ўнғалиб, оёққа туради.
Исломда эр киши аёли учун, унинг барча кийим-кечаги ва озиқ-овқат таъминоти учун масъул шахс саналади. Аллоҳ таоло деди: “Уларни (яъни оналарни) яхшилик билан едириб-кийдириш – отанинг зиммасидадир” (Бақара:233).
“Сизларнинг энг яхшингиз – аҳли-аёлига энг яхшироғингиздир” деганлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Энг яхши мусулмон бўлиш учун инсон ўз аҳли аёлига яхшироқ бўлиши шартдир, ана шунда Аллоҳ таоло уларни охират диёрида ҳам бирга қилади: “Ўзлари иймон келтириб, зурриётлари ҳам уларга иймон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини қўшдик ва уларга қилган амалларидан бирон нарсани ҳам камитмадик” (Тур:21), яъни уларнинг дунёдаги бахти турмуши жаннатда ҳам давом этади.
Агар Исломдан бегона йўллар хотин-қизларни йилда бир кун эсга олиб, ясама ҳурмат кўрсатиб, сўнг эса яна бир йил чўрисифат аҳволда ташлаб қўядиган бўлса, ва уларнинг аёллари лоақал бир кун мўътабар бўлишлари билан бахтиёр бўлсалар, у ҳолда дарҳақиқат бундай кунга муҳтож эканлар. Чунки улар Ислом неъматидан маҳрум бўлишгач, энг тубан хорликка маҳкумлар, бунга барча феминист ҳаракатлари, динсиз жамиятлар ва орамиздаги динсиз аёлларнинг аҳволи яққол мисолдир. Биз уларни табрикламаймиз, балки уларнинг аянчли аҳволларига ачинганимиздан, агар Исломни қабул қилиб, унга амал қилсалар, бир умр ҳурмат-эътиборда бўлишларини маълум қиламиз.
Мусулмонлар эса уларга эргашишлари мумкин эмас, чунки, биринчидан, бу динсизларга тақлид ва эргашиш бўлса, иккинчидан, алҳамдулиллоҳки, муслималар эътиборга зор бир йил кутишга муҳтож эмаслар.
СЎНГГИ СЎЗ
Муслималар - оламдаги энг бахтли аёллардир. Улар Раббиларига иймон келтирдилар ва У зотнинг динига инобат қилдилар, эвазига Аллоҳ таоло барча қавмлар орасидан фақат уларни дунё хорлигию-шармандалигидан ва охират азобу-уқубатидан нажот берди."Парвардигорлари тарафидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топгувчилар ҳам уларнинг ўзидир" (Бақара:5)
Бу кун мабодо бировни муборакбод этиш лозим бўлса, фақат муслималарни Ислом неъматига мушарраф бўлгани ҳамда кофира бўлиб қолиш хорлигидан халос бўлгани муборакбод этиш мумкин, ва диндош биродарларимиз сизларни немис фоҳишаларининг намойиши билан табрикламаётгани билан табриклаймиз.