Исломда дўст ва душман тушунчаси: Аллоҳ йўлида дўстлашиш одоблари.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръон Каримда дейди: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир.» (Ҳужурот: 10) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир…» деганлар. Бу Исломий биродарликнинг ўзига хос одоб ва ҳуқуқлари бўлиб, уларга амал қилинсагина Аллоҳ ва расули ирода қилган биродарлик рўёбга чиқади. Шунга биноан биз қуйида ана шу одоб ва ҳуқуқларни баҳоли қудрат баён қилишга ҳаракат қиламиз.
1. Яхши ният.
Сўзда бўлсин, амалда бўлсин, ҳар бир нарсада яхши ният қилиш лозим. Зотан, амаллар ниятларга қараб эътибор қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Амаллар фақат ниятлар билан (эътиборлидир) ва ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсасигина (бўлади)» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Шундай экан, киши дини ва дунёсида ўзига суянч ҳамда Аллоҳнинг тоат-ибодатида унга ёрдамчи бўладиган бир солиҳ инсон билан дўст ва биродар тутинишга ният қилиши лозим. Мана шу ниятларига қараб Аллоҳ таоло ҳар икки дўстни яхшиликка муваффақ қилиб, уларнинг дўстлик ва биродарлигини асрайди.
2. Солиҳ мўмин киши билан дўст ва биродар бўлиш.
Аллоҳ таоло айтади:
«Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот: 10).
«Сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз» (Оли Имрон: 103).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Фақат мўмин билан дўстлашгин…» (Абу Довуд, Термизий ривоятлари).
Мўмин бўлмаган кишилар билан дўстлашиш эса Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш жумласидан бўлмай, аксинча, иймоннинг ушбу тармоғида хатарли иллат борлигига далилдир. Иймонсиз кимса билан дўстлашиш кишига дунёю охиратда фақат зиён келтиради. Дунёдаги зиёни шуки, кофир ёки фожир кимсадан хотиржам бўлинмайди, ҳар қанча дўстлик изҳор қилмасин унга ишониб бўлмайди, бир кун келиб Ислом аҳлига бўлган адовати, ўз дини аҳлига бўлган муҳаббати ва фожир табиати албатта ғолиб келади, мўмин биродарига хиёнат қилади, унга Аллоҳнинг тоатида ёрдам бериши уёқда турсин, аксинча маъсиятга бошлайди. Охиратда эса унга ашаддий душманга айланади. Аллоҳ таоло айтади: «У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар)»(Зухруф: 67).
3. Аллоҳ учун яхши кўриш.
Яъни, дўст ва биродарга бўлган муҳаббат Аллоҳ учун бўлиши, қариндошлик ёки тижорат каби дунёвий манфаатлар учун бўлмаслиги лозим. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: … бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши…» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Мана шу ҳақиқий муҳаббат, иймоннинг энг мустаҳкам халқаларидан ва энг улуғ тармоқларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳ йўлида дўстлашиш ва Аллоҳ йўлида душманлик қилиш, Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўриш иймоннинг энг мустаҳкам халқаларидан» (Аҳмад ва Ибн Аби Шайба ривоятлари).
Дунёвий мақсад йўлидаги муҳаббат эса ўша мақсад амалга ошиши билан барҳам топади. Бундай муҳаббат вақтинчалик ва беқарор муҳаббат бўлиб, унда на давомийлик, на яхшилик бўлади. Кўпинча у арзимас сабаблар ва оддий зиддиятлар туфайли адоватга айланиб кетади.
4. Биродарига уни Аллоҳ учун яхши кўришини билдириш.
Дўст дўстига уни Аллоҳ учун яхши кўришини айтиб қўйиши ўртадаги дўстлик ва муҳаббат ришталарининг кучайишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар сизлардан бирингиз биродарини яхши кўрса, яхши кўришини унга билдириб қўйсин»(Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари). Ҳатто, унинг уйига бориб, бу ҳақда айтиб, хабардор қилиши суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар сизлардан бирингиз дўстини яхши кўрса, унинг уйига бориб, уни Аллоҳ учун яхши кўришини етказиб қўйсин» (Аҳмад ривояти).
Қаранг, қандай гўзал одоб! Дилга нечоғли таъсирли! Бироқ, бунга амал қиладиганлар нақадар кам! Ҳолбуки, мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ҳаётга татбиқ этишдан, уни ёйиш ва одамлар орасида изҳор қилишдан асло хижолат бўлмаслиги керак. Аслида бу иш унга савоби келиб турадиган солиҳ амаллар ичида энг улуғларидан.
5. Биродарига салом бериш ва унинг саломига алик олиш.
Яъни, учрашган пайтингизда унга салом беришингиз ёки у биринчи бўлиб салом берган бўлса алик олишингиз. Бу, албатта, Исломий салом билан, яъни «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва бароқатуҳ» дейиш билан бўлади. Ушбу саломлашув калималаридан воз кечиш, бунинг ўрнига одатда кофирлар ишлатадиган саломлашув ибораларини қўллаш, масалан: «гуд монинг», «привет» каби ажнабий сўзлар билан саломлашиш, ёки бўлмасам уни «хайрли тонг», «салом» каби сўзларга алмаштириш жоиз эмас. Бироқ, аввал исломий салом билан бошлаб, ортидан бошқа салом лафзларини ишлатса – кофирларнинг саломлашуви бўлмаслиги шарти билан – зарари йўқ. Афзали ва яхшиси – ислом саломи билан кифояланишдир. Зеро, бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, саҳобаларнинг ва уларга яхшилик билан эргашган зотларнинг феълларидан. Ушбу одобга далолат қиладиган ҳадислардан бири шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмоннинг мусулмон устида олтита ҳаққи бор», дедилар. «Улар қайсилар, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашганда: «Агар учрашсанг унга салом бер, меҳмонга чақирса ижобат қил, насиҳат сўраса насиҳат қил, акса уриб, “Алҳамду лиллаҳ» деса «Ярҳамукаллоҳ» деб ташмит айт, бемор бўлса бориб кўр, вафот этса жанозасига қатнаш» (Муслим ривояти).
6. Биродари акса урса унга ташмит айтиш.
Яъни, чучкириб: «Алҳамду лиллаҳ» деса, юқоридаги ҳадисда айтилганидек, унга «Ярҳамукаллоҳ» деб жавоб айтади. Бунга жавобан чучкирган киши «Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу болакум» дейди.
7. Бемор бўлганида бориб кўриш.
Савбондан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: «Албатта, мусулмон киши агар бошқа бир мусулмон биродарини беморлик пайтида кўргани борса, тоинки қайтиб келгунича жаннат харфасида бўлади», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат харфаси деганингиз нимаси?» дейишди. Шунда у зот: «Териб қўйилган меваларидир», дедилар. (Муслим ривоятлари).
Бу унинг кўнглини кўтарадиган ва биродари учун унинг эътиборли эканини ҳис қилдирадиган, дўстлик ришталарини мустаҳкамлайдиган, беморнинг руҳиятига яхши таъсир қиладиган ишдир. Бироқ, бундай пайтларда касал кўриш одобларига риоя қилиш зарур.
8. Дўстнинг чорловини қабул қилиш.
Яъни, дўстингиз сизни бирон таомга чақирса, ақиқа бўлсин, валима бўлсин ё оддий зиёфат бўлсин, унинг чақириғини қабул қилишингиз лозим. Юқоридаги ҳадисда бу ҳақда ҳам сўз ўтди. Бироқ, агар бу зиёфатда сиз ўзгартиришга қодир бўлмайдиган бирон ҳаром ёки мункар иш бўлса, унга бориш жоиз эмас.
9. Дўстга насиҳат қилиш.
Яъни, насиҳат талаб биродарга фойдали бўлган холис насиҳат билан насиҳат қилишингиз, бу эса у учун дини ва дунёсида яхшилик бўлган нарсаларни гапириш билан бўлади. Бу юқоридаги ҳадисда айтилганидек, сизнинг зиммангиздаги унинг ҳаққидир. Насиҳат қилишда аччиқ бўлсада ҳақни айтиш, ёлғон сўзламаслик, алдамаслик лозим. Чунки бу унга нисбатан хиёнат бўлади.
10. Дўстнинг ҳадясини қабул қилиш.
Арзимас ва оз нарса бўлса-да, қўлини қайтармаслик. Зеро, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Чорлаган одамнинг чақириғини қабул қилинглар ва ҳадяни қайтарманглар» (Аҳмад, Табароний, Байҳақий, Бухорий («ал-Адаб ал-Муфрад»да) ривоятлари). Дўстнинг ҳадясини рад этиш кўпинча шайтонга ўртадаги дўстлик ришталарини узиб ташлаши учун имконият эшигини очиб беради.
11. Дўстга ҳадя бериш.
Бу ишга беэътибор бўлмаслик, вақти-вақти билан, ҳар хил муносабатларда имконият даражасида дўст дўстига ҳадялар бериб туриши яхши бўлади. Зеро, бу дўстнинг муҳаббатини зиёда қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек:«Бир-бирингизга ҳадя беринг, муҳаббатларингиз ортади» (Бухорий «ал-Адаб ул-Муфрад»да ривоят қилган).
12. Қайғусига шерик бўлиш.
Яъни, дўст бошига мусибат етганда у билан теппа-тенг қайғуриш, ширин сўз билан далда бериш, керак бўлса моддий ёрдам кўрсатиш. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўмин мўминга нисбатан чор-атрофи бир-бирини маҳкам тутиб турган бино кабидир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
13. Шодлигини баҳам кўриш.
Яъни, дўстнинг хурсанд бўлганига хурсанд бўлиш, унинг шодлигига шерик бўлиш, бирон неъматга эришган бўлса унга ҳасад қилмаслик, аксинча барака тилаб дуо қилиш.
14. Унга яхшилик тилаш.
Яъни, ўзингиз учун яхши кўрган нарсани унга ҳам яхши кўришингиз. Зеро, бу иймоннинг хосиятларидан. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг бирортангиз то ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунича иймони комил бўлмайди» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Шунингдек, ўзингиз учун ёмон кўрган ёмонлик ва зарарни унга ҳам ёмон кўришингиз. Зеро, иймон бусиз мукаммал бўлмайди ва бу чин муҳаббат ва олижанобликнинг белгисидир.
15.Уни ғийбат қилдириб қўймаслик.
Яъни, орқасидан ғийбат қилинганда уни ҳимоя қилиш ва обрўсини сақлаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким биродари йўқлигида унинг обрў-номусини ҳимоя қилса, Аллоҳ уни дўзахдан озод қилишни Ўз зиммасига олди» (Аҳмад, Табароний ривоятлари). Биров уни орқасидан камситмоқчи бўлса, бунга йўл қўймаслик, балки уни бундан ман қилиш. Шундай экан, энди ўзингиз уни ғийбат қилмаслигингиз эса албатта лозим. Чунки бу унинг сизнинг зиммангиздаги ҳаққидир. Яхши дўст ҳеч қачон дўстини ғийбат қилмайди.
16. Унинг айбу нуқсонини беркитиш.
Яъни, барча кўринишларда, хоҳ номусини ҳимоя қилиш билан, хоҳ авратини ёпиш билан, хоҳ айби, хато ва гуноҳини яшириш билан бўлсин, уни ўраш – сатр қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким дунёда мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини яширади» (Аҳмад ривояти). Бу – ўз нафсингиз учун қай даражада бўлишига рози бўлсангиз, биродарингизга ҳам шу даражада бўлиши лозим.
17. Унга хоҳ золим, хоҳ мазлум бўлсин, ёрдам бериш.
Мазлум бўлганда ёрдам бериш – у билан елкама-елка туриб, поймол бўлган ҳақ-ҳуқуқини қайтариб олиш, золим бўлганда ёрдам бериш эса – уни зулм қилишдан тўхтатиш ва тўғриликка қайтариш билан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бер», дедилар. «Золим бўлса қандай ёрдам бераман?» деб сўралганда: «Уни зулмдан тиясан, мана шу унга ёрдам бериш бўлади», дедилар. (Бухорий ривояти).
Мусулмон киши мусулмон биродари унинг ёрдамига муҳтож бўлганида уни ёрдамсиз ташлаб қўйиши жоиз эмас, балки тезлик билан унинг ёрдамига шошилиши керак бўлади.
18. Унинг совчилиги устига совчи қўймаслик.
Яъни, биродари бирон аёлга уйланиш мақсадида ҳаридор бўлган бўлса, то никоҳлангунича ё эса унга уйланиш ниятидан қайтгунича кутиши, шундан сўнг агар истаса совчи қўйиши лозим. Акс ҳолда икки ўртада кўнгилсизлик келиб чиқишига ва адоват пайдо бўлишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўмин мўминнинг биродаридир. Мўмин ўз биродарининг байи устига бай қилиши ва биродарининг совчилиги устига совчи қўйиши ҳалол бўлмайди» (Муслим ривояти).
19. Байи устига бай қилмаслик.
Яъни, бирон нарсага ҳаридор бўлиб турган бўлса у ҳам ўшанга ҳаридор бўлмаслиги, уни сотиб олишини ё сотиб олиш фикридан қайтишини кутиб туриши лозим. Кўпинча мана шу нарса дилларнинг ўзгаришига, муҳаббат ва дўстлик ўрнига адоват ва нафрат ўрнашига сабаб бўлади. Бундай қилишнинг ҳаром эканига далолат қилувчи ҳадис юқорида ўтди.
20. Гап-сўзда ҳам, насиҳат қилганда ҳам, бошқа пайт ҳам биродарига рост сўзлаш ва ёлғон гапирмаслик.
Чунки, бундай қилиш – хиёнат ва алдамчилик бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга хиёнат қилмайди, ёлғон гапирмайди, ёрдамсиз қўймайди. Ҳар бир мусулмоннинг обрўси, моли ва қони бошқа мусулмонга ҳаромдир. Тақво мана бу ердадир – шундай деб қалбларига ишора қилдилар – мусулмон биродарини ҳақир санаш кишининг ёмонлигига кифоядир» (Термизий ривояти).
Мақоламизни эса қуйидаги гўзал ҳадислар билан якунлашни афзал кўрдик:
Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади.
Расулуллоҳ с.а.в.:«Албатта Аллоҳ таоло Қиёмат куни: «Азаматим учун дўст бўлганлар қани? Бугун Мен соя йўқ кунда Ўз соям билан паноҳ бераман», дейди», дедилар.
Имом Муслим ривоятлари.
Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади.
Расулуллоҳ с.а.в.: «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, имон келтирмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. Ва бир-бирларингиз ила дўст бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар. Бир-бирингиз билан дўст бўладиган амалга сизларни далолат қилайми? Ораларингизда саломни жорий қилинглар», дедилар.
Имом Муслим ривоятлари.
Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади.
Расулуллоҳ с.а.в.: «Бир киши бошқа бир қишлоқдаги биродарини зиёрат қилмоқчи бўлди. Аллоҳ таоло унинг йўлига кузатувчи қилиб бир фариштани юборди. Фаришта унинг олдига келиб: «Қаерга боришни хоҳлайсан?» деганида, ҳалиги киши: «Мана бу қишлоқдаги биродаримникига», деди. Фаришта: «Сенинг унда парваришлаб турган бирор мол-мулкинг борми?» деганида, «Йўқ, лекин мен уни Аллоҳ йўлида яхши кўраман», деди. Шунда ҳалиги фаришта: «Мен сенга юборилган Аллоҳнинг элчисиман. Албатта Аллоҳ сени худди уни яхши кўрганингдек яхши кўради», деди», дедилар.
Имом Муслим ривоятлари.
Муаллиф: Аҳмад Саъдуддин.
Таржимон: Муҳаммад Исмоил.
Манбаъ: Ислом нури саҳифаси ҳамда Имом Ан-Нававийнинг “Риёзус-солиҳийн” китобларидан фойдаланилди...
Tamom...