Грипп билан касалланган киши атрофдагилар учун инкубация??? даври охирида хавфли. Бу кўрсаткич касалликнинг 1,2-кунларида юқори даражасига етади. 6,7-кунларда эса, агар шифо олинаётган бўлса, ҳавога чиқариладиган вируслар кескин камаяди ва бемор атрофдагилар учун хавфсиз бўлади. Айримлар эса гриппга дучор бўлса-да, уни оёқда ўтказадилар, ваҳоланки, бошқаларга ҳам юқтиришлари мумкин. Зинҳор бундай қилманг. Аввало, уйга шифокорни чақириш керак (бошқаларга юқтирмаслик учун ҳам поликлиникага ҳам бормасликни маслаҳат берамиз. Ишга боришни-ку хаёлингизгаям келтирманг!). Даволашни шифокорнинг ўзи тайинлайди. Айримлар гриппни даволашда антибиотикларга мурожаат қилишлари табиий. Бу нотўғри. Негаки, грипп - вирус инфекцияси, антибиотиклар эса вирусни ўлдирмайди.
Хонани шамоллатиб туринг - ҳаводаги вирус концентрациясини камайтиради. Аммо елвизак ҳосил бўлмасин.
Тез-тез суюқлик ичиб туриш керак. Турли шарбатлардан фойдаланиш мумкин. Асал ва лимон қўшилган чой жуда фойдали. Агар суюқлик газланган бўлса, газини чиқариб юборган маъқул. Ёғсиз шўрвалар ҳам яхши тадбир.