:::O'zbekona:::Portal:::

Bosh Saxifa | A'zo bo'ling | KIRISH
Shanba, 21-Июня-2025, 15:32
Siz bizning qadrdon Mehmon | RSS
MENYU
Islom Olami
Islom Dunyosi [182]
Saodat asri qissalari [11]
Qur'oniy duolar [6]
Mini-Chat
Bosh Saxifa » Статьи » Islom Olami » Islom Dunyosi

..:: ҲИЖОБСИЗ МУСЛИМАНИНГ 10 БАҲОНАСИ ::..
Бу жамиятлар тўғри йўлдан нақадар узоқлашгани, ва бу узоқлашувнинг ҳаётдаги яққол кўринишларидан бири шуки, - аёллар нафақат рўмолларини ташлаб, лозимларини ечиб ташлаганли, балки таналарининг ҳатто аврат бўлмиш аъзоларини ҳам очиқ намойишининг тобора авж олишидир.
Мусулмон жамиятларда ҳам, гарчи Исломий ҳижоб кенг тарқалаётган бўлса-да, бу муаммо мавжудлигини ҳам афсус билан тан олиш керак.
Шундай экан, бундай тубанликнинг сабаблари қаерда?
Нима учун ўзини мусулмон санаган, намоз ўқиб, рўза тутадиган кўпгина опа-сингилларимиз ҳижоб киймаётирлар?
Биз бу савол билан аёлларнинг турли гуруҳларига мурожаат этдик. Олган жавобларимизни ўрганиб чиқиб, уларда энг кўп учрайдиган қуйидаги 10 асосий сабабни аниқладик. Озгина таҳлил натижасида бу сабаблар, аниқроғи "узр"ларнинг аслида заифлиги, узр ўрнига ўтмаслиги ва шунчаки баҳоналиги маълум бўлди.
Бир неча сатрларда биз билан бирга бўлинг, муҳтарама синглим, келинг, мазкур узрлар билан бирма-бир танишиб чиқайлик-да, сўнгра уларга Қуръон ва ҳадисдан жавоб излаб кўрайлик.

1-узр: "Мен ҳали ҳижобга (унинг фарз, шартлигига) ишониб етганимча йўқ".
Биз бу синглимизга иккита савол қўямиз.
Биринчи савол: Синглимиз ҳақиқатан ҳам Исломнинг ҳақлиги тан оладими?
Жавоб, табиийки, ижобий бўлади. У тан олади, чунки у "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ" дея Ислом ақидасини қабул қилганлигини эълон қилса, сўнгра "Муҳаммад расулуллоҳ" деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган хабарлар барчаси Аллоҳнинг ҳузуридан келган буйруқлар эканлигини тан олган.
Шундай экан, у Исломнинг иймон-эътиқод системаси ва ҳаётдаги амалларни бошқариш мажмуаси эканлигини эътироф этган.
Иккинчи: Энди ҳижобни Ислом қонунининг (шариатнинг) бир бўлаги ва бажарилиши зарур деб эътиқод қиладими?
Агар синглимиз софдил ва ниятида холис бўлса, ва мазкур масаладан ҳақиқатни топиш мақсади бўлса, синглимиздан табиийки тасдиқ жавобини оламиз.
Сиз Унинг илоҳлигига иймон келтирган Аллоҳ таоло Ўз китобида ҳижобга буюрган, ва сиз Пайғамбарлигига иймон келтирган Муҳаммад алайҳис-салом ўз суннатида ҳижобга буюрганлар.
Агар бир киши Исломни ҳақ деб, ўзини мусулмон санаса-ю, аммо Аллоҳ ва Пайғамбарнинг буйруқларини бажармаса, у киши ҳақида нима дейиш мумкин? Мингн афсуски, Аллоҳ таоло оятида "Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида, мўминларнинг сўзи «Эшитдик ва бўйинсундик», (демоқдир). Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир" (Нур:51) деган мўминларнинг қаторида саналмайдилар.
Хулоса: Бу синглимиз Исломни ҳақ деб билса, нега унинг буйруқларини ҳам ҳақ деб билмайди?

2-узр: "Мен ҳижобнинг фарзлигини биламан, аммо онам унга қарши, агар онамга итоат қилмасам, мени оқ қилиши мумкин, ота-онга оқ бўлиш улкан гуноҳ эмасми?"
Бу узрга Аллоҳнинг энг маҳбуб бандаси қисқа ва ҳикматга тўла сўзлар билан жавоб беради: "Яратувчига осийликда яралмишга бўйсиниш йўқ." (Имом Аҳмад ривояти)
Исломда ота-онанинг, хусусан, онанинг ўрни буюк ва ҳурматлангандир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло буни кўп оятларда энг буюк амал - Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилиш - билан бирга ёнма-ён буюрди. Аллоҳ айтади: "Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ва ота-онангизга яхшилик қилингиз!" (Нисо:36)
Ота-онага итоат қилиш бирон чегара билан чекланмаган, магар Аллоҳга гуноҳкор бўлинадиган ўриндагина итоат қилинмайди. Аллоҳ таоло айтади: "Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма!" (Луқмон:15)
Гуноҳда уларга итоат этмаслик аслида ота-онага яхшилик қилишга зид эмас. Шунинг учун оятнинг давомида айтилади: "Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин!" (Луқмон:15)
Хулоса: Қандай қилиб онангизга итоат қилиб, сизни ҳам онангизни ҳам яратган Аллоҳга гуноҳкор бўла оласиз?

3-узр: "Касбим, эгаллаган лавозимим исломий либослар кийишга имконият бермайди".
Бу синглимиз - икки тоифадан бирига мансубдир: биринчи тоифа - холис ва самимий муслималар, иккинчи тоифа - мансаб ва лавозимга эришиш учун ҳижобни "замонавий" мода, косметика ва бошқа жозиба воситалари қаторида кўришни истовчи маккоралар.
Аввал холис ва самимий муслимага жавоб берамиз: - Муслима аёл уйидан исломий ҳижоб шартларига риоя этмасдан чиқиши мумкин эмаслигини, ва бу шартларни ҳар бир муслима билмоғи шарт эканини биласизми? Модомики, сиз зарур дунёвий илм ва маълумотларга эга бўлар экансиз, Аллоҳнинг ғазабидан ва ўлимдан кейинги азоблардан халос этувчи маълумотларга нима учун эга бўлмайсиз?!
Аллоҳ таоло айтади: "Агар билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмларидан сўранглар!" (Наҳл:43). Ҳижобга оид маълумотларни аҳли илмлардан талаб қилинг. Уйдан чиқишга зарурат туғилганда, буни Аллоҳ рози бўладиган ва Шайтонга алданмайдиган қилиб бажаринг.
Бунга сабаб шуки, атрофда сизнинг кўчага пардоз-андоз билан "чиройли бўлиб" чиқишингиздан вужудга келадиган ахлоқий бузуқликлар сизнинг кўчадан кўзлаган эҳтиёжингиздан бир неча баробар каттароқдир. Муслима синглим, агар сиз ўз ниятингизда холис бўлсангиз, сизга ёрдам берувчи минглаб яхшилик қўлларини топасиз, сизнинг аҳволингизни Аллоҳнинг Ўзи енгиллатади.
Аллоҳ таоло айтади: "Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун чиқар йўлни (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур". (Талоқ:2-3)
Маккорага эса айтар сўзимиз: Мансаб ва лавозим деган нарсалар Аллоҳ таолонинг ҳохиши билан насиб бўлади, ясан-тусанлар ва "замонга қараш" билан эмас. Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат қилиш ва Исломнинг покиза амрига бўйсиниш - ҳаётда эришиладиган лавозимларнинг энг олийсидир. Аллоҳнинг сўзларига қулоқ тутинг: "Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир" (Ҳужурот:13).
Хулоса: Касбу-кор ва барча ишларингизни Аллоҳнинг розилиги ва жаннат йўлида бажаринг. Дунё аҳли қийматли санаб юрган ўткинчи матоларни ҳақиқий баҳосини билинг.

4-узр: "Иссиқ кунларда шундоқ ҳам зўрға чидайман-у, энди яна ҳижобга қандай чидаш мумкин!"
Аллоҳ шундай мисол келтиради: "Айтинг: "Агар улар англай олсалар, жаҳаннам оташи янада иссиқроқир!" (Тавба:81)
Дунёдаги иссиқ билан дўзахнинг оташини қандай таққослай олардингиз? Билингки, синглим, Шайтон сизни ўзининг заиф арқонлари билан ўраб дунёнинг иссиғидан охират оловига тортмоқда. Ўзингизни қутқаринг, билингки, қуёш - бахтсизлик эмас, балки неъматдир. У сиз зўрға чидаётган жазирама иссиқдан неча баробар қаттиқроқ иссиқни - охиратнинг тафтини эсга солиб турар экан, унинг қадри-қиймати, аксинча, яна-да ошади.
Аллоҳнинг буйруқларига қайтинг, дунёнинг қулайликларини дўзах азобидан қутулиш йўлида қурбон этинг. Бу азоб ҳақида Аллоҳ айтади: "Улар у жойда (жаҳаннам ўтидан ором берадиган) бирон салқинни ва бирон ичимликни топмаслар! Фақат қайноқ сув ва йирингнигина (тотурлар)!" (Набаъ:24-25)
Хулоса: Жаннат атрофи меҳнат ва нафс ёқтирмаган нарсалар билан, дўзах эса васвасалар, шаҳват ва нафс ҳоҳлаган нарсалар билан ўралган.

5-узр: "Ҳижобни бир кийиб, маълум вақтдан кейин барибир уни ечиб юбормаслигимга кўзим етмайди. Ахир кўп аёллар шунақа қилаяптилар-ку!"
Бу синглимизга шундай деймиз: Агар сиздаги мантиқ дуруст бўлса, ва уни ҳаммага қўлланилса, у ҳолда қанча-қанча одамлар динидан бутунлай воз кечиши лозим бўларди! Баъзи бировлар намозни ташлагани учун, намозни ташласаг-у, баъзилар рўза тутмагани учун рўза тутмасак ва ҳ.к.
Шайтон сизни адаштириш учун қандай йўл топганини кўринг!
Аллоҳ таоло гарчи кичик бўлса-да, аммо бардавом бўлган ихтиёрий амални хуш кўради. Энди фарз бўлган ҳижоб ибодати ҳақида нима дейиш мумкин?! Пайғамбар алайҳис-салом айтади: "Аллоҳ учун энг суюкли амал - кичик ва бардавомидир".
Нима учун ҳижобни ташлаганларнинг сабабларини улардан тийилиш учун изламадингиз? Нима учун сиз ҳижобни ташламаслик сабабларини уларда мустаҳкам туриш учун изламадингиз? Бу сабаблар ичида Пайғамбар алайҳис-салом дуо қилганидай, динда собит қилишни Аллоҳдан дуо қилиш. Бундан ташқари, намоз ва сабр воситасида Аллоҳдан мадад олиш бор.
"Сабр ва салот (намоз ўқиш) билан мадад сўранглар. Албатта у оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишларини ва шубҳасиз, унга қайтажакларини биладиган шикастанафс зотларга (оғир эмасдир)" (Бақара:45-46).
Ҳақ ва тўғри йўлда собит туришнинг яна бир воситаси - Ислом аҳкомларига тўлиқ амал қилишдир, ҳижоб эса - айнан ўша аҳкомлардан саналади.
"Агар улар қилинган панд-насиҳатларга амал қилганларида, ўзлари учун яхшироқ ва иймонларини мустаҳкам қилгувчироқ иш бўлур эди" (Нисо:66).
Хулоса: Агар сиз ҳидоятда мустаҳкам туриб, иймон лаззатини бир татиб кўрганингизда, Аллоҳнинг амрини бир бажариб, бир ташламайсиз.

6-узр: Агар ҳижобга кирсам, ҳеч ким менга уйланмайди.
Аввало, сизнинг "очиқ" ва ҳаммага намойиш бўлиб, Аллоҳнинг ғазабига учрашингизни орзу қиладиган йигит муслима учун эр бўлишга ярамайди.
У - Аллоҳ сақлашга буюрган нарсани сақламайди, ҳимоя қилишга буюрган нарсани ҳимоя қилмайди. Айниқса сизни дўзах сўқмоқларидан жаннат йўлига чиқишингиз учун мутлақо ҳеч нарса қилмайди.
Иккинчидан, Аллоҳга осийлик ва унинг ғазабини келтирувчи вазият асосига қурилган хонадон - вақти келиб, дунё ва охиратнинг машаққат ва бахтсизликлари уйига айланади.
Аллоҳ таолонинг қонуни шундай: "Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз" (Тоҳа:123-124)
Оила - ҳаёт қувончларидан биридир. Бу қувончни Аллоҳ ўзи ҳоҳлаганига беради. Ҳижобга кирган қанчадан-қанча аёллар бор, оилали, ҳижобга кирмаган қанчадан-қанча аёллар бор, оиласиз! Агар кимдир "ҳижобсиз юришим билан бахт-саодатга (яъни оила қуришга) эришаман" деб санаса, билсинки, яхшиликка яхшилик йўллари билан эришилади, гуноҳ ва осийлик йўллари эса ҳеч қачон бахтли оқибатга олиб борган эмас. Исломдаги буюк қоида: "Воситалар мақсадга мувофиқдир".
Хулоса: Гуноҳ ва маъсиятга асосланган никоҳда яхшилик йўқ.

7-узр: Бир аёлни Аллоҳ гўзал қилиб яратган бўлса, нега у гўзаллигини яшириши лозим? Ахир Қуръонда айтилган-ку: "Парвардигорингизнинг неъмати ҳақида бўлса, (кишиларга доимо) сўзланг!" (Зуҳо:11)
Роcтдан ҳам шундайми? Бу синглимиз Аллоҳнинг оятларидан ёққанини ўз райъича талқин қилиб, ёқмаганини, ортга ташлар экан. Акс ҳолда нега мана бу оятларни олмаяпти:
"Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! (Нур:30-31)
"Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир" (Аҳзоб:59)
Бу давоингиз билан, эй синглим, сиз ўзингиз учун янги шариатни пайдо қилмоқдасиз, яъни, Аллоҳ манъ этган ишларни ҳалол қилиб (мусима учун кўчага ясан-тусан қилиб чиқиш (табарруж) ва ҳижобсиз (суфур) манъ этилгандир), буюрганини бекор қилмоқдасиз.
Аллоҳ таоло бизга берган улкан фазлу-марҳамат - бу иймон ва ҳидоятдир. Ҳижоб эса - ҳидоятнинг бир бўлагидир. Энди нега сиз шундай неъматни баён қилмайсиз?
Хулоса: Аёл киши учун ҳижобдан улканроқ яна қандай неъмат бор экан?

8-узр: Мен ҳижоб фарз эканлигини биламан, аммо унга Аллоҳнинг ўзи ҳидоят қилса, шунда кираман.
Биз бу синглимизга ушбу саволни берамиз: Аллоҳ ҳидоят этмоғи учун сиз нима қиласиз? Маълумки, Аллоҳ таоло барча ишлар учун сабабларни яратган. Шунинг учун бемор тузалиши учун дори истеъмол қилади, мусофир манзилига етиши учун маркабига минади ва ҳ.к.
Синглимиз ҳидоятга эришмоқ учун ҳақиқатан зарур сабабларни рўёбга чиқардими? Масалан, Аллоҳдан "Бизларни тўғри йўлга йўллагайсан" (Фотиҳа:6) деб холис сўрадими, ахир Аллоҳ банданинг сўраганини бергувчи-ку?
Ихлосли мўслималар жамоятини ўзингизга лозим тутинг - зеро улар аёл кишининг ҳидоятга сабаб бўлгувчи энг кучли омиллардан биридир - токи Аллоҳ сизни ҳақ йўлига, тақво ва амали солиҳларга йўлласин.
Муслима Аллоҳнинг буйруқларига инобат қилиб, фарзу-вожибларига амал қилмоғи керак, ҳижоб эса ўша фарзларнинг биридир.
Хулоса: Агар бу синглимиз ҳидоятга эришиш ниятида холис бўлса, керакли сабабларни қоим этмоғи лозим.

9-узр: Ҳозир - ҳижобнинг вақти эмас. Ҳали ёшман. Сал каттароқ бўлай, ҳажга бориб келай, кейин ҳижобга кираман.
Ўлим фариштаси келиб, сиздан бошқанинг жонини олиб кетди, ҳозир эса у фақат роббининг амрига мунтазир: ҳаётдаги энг кутмаган бир лаҳзада навбат сизга келади.
Аллоҳ айтди: "Ҳар бир жамоат учун ажал бордир. Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар" (Аъроф:34).
Шуни унутмангки, синглим, ўлим дегани ёшу-қарини фарқламайди, сиз ҳануз ўша улкан маъсият устида, ҳижобсиз ва ҳаёсиз ясан-тусанларингиз билан чексиз Қудрат эгасига қарши исёнда мусобақалашаётганингизда олиб кетиши мумкин.
Синглим, сиз учун балки Аллоҳга итоат ва солиҳ амалларда мусобақалашиш ва Раб таолонинг чақириғига лаббай дейиш яхшироқ эмасми:
"Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга хамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз! Бу (яъни ваъда қилинган мағфират ва жаннат) Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хохлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир". (Ҳадид:21)
Синглим, Аллоҳни унунманг, акс ҳолда У сизни "унутади" ва дунё ва охиратда сизни ўз раҳматидан маҳрум этади. Сиз Аллоҳга итоат этмаслик ва Унга дуруст ибодат қилмаслик билан қалбингиз ҳаққини адо этмаяпсиз. Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида шундай дейди: "Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган (яъни, У зотнинг амр-фармонларига итоат этмаган), бас (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган (яъни, ўзларига охиратда фойда берадиган амаллар қилишдан юз ўгиргириб қўйган) кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ-итоатсиз кимсалардир!" (Ҳашр:19)
Синглим, ёшлигингиздан ҳижобга киринг: гуноҳларга қарши тарзда киринг, чунки Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир ҳамда сизни ёшлигингиз-у ҳаётингизнинг ҳар бир лаҳзаси ҳақида сўроққа тутади.
Хулоса: "Келажак ҳаёт" ҳақидаги хаёлотларга берилиб, орзу-режалар қуришни тўхтатинг. Ҳаётингиз "бугун, ҳозир" ўтиб кетмоқда. "Келажакка" ким ҳам кафил бўла оларди, ахир ҳатто эртага не бўлишини ҳеч бир инсон билмайди-ку!?

10-узр: Агар ҳижобга кирсам, одамлар менга турли "ҳизб ва тоифа"ларни нисбат қилишларидан қўрқаман.
Эй, исломий синглим, Қуръони каримда Аллоҳ таоло дунёда фақат иккитагина тоифа мавжудлигини маълум қилган. Биринчи тоифа Аллоҳнинг буйруқларига амал қилиб, қайтариқларидан тийилувчи кишлардир. Аллоҳ уларга ғалаба ато этади: "Фақат Аллоҳнинг гуруҳигина ғолиб бўлгувчидир" (Моида:56)
Иккинчи тоифа малъун шайтоннинг гуруҳидир: улар Аллоҳнинг буйруқларига амал қилмайдиган, унинг қайтариқларидан қайтмайдиган ва ер юзида бузғунчиликни кўпайтирадиган кишилардир.
Сиз Аллоҳнинг буйруқларига (улар орасида, албатта, ҳижоб ҳам бор), ихлос билан амал қилар экансиз, билингки, сиз Аллоҳнинг ғолиб гуруҳи сафидасиз.
Сиз ясан-тусан қилиб, ўз "гўзаллигингизни намоён" қилар экансиз, билингки, сиз шайтон ва унинг кофиру-мунофиқ "дўстлари" гуруҳидасиз. Нақадар ёмон дўстлар-а!
Кўрмадингизми, синглим, кундан-кунга, йилдан-йилга Аллоҳдан қочиб, шайтон сари қочиб бормоқдасиз?! Бас, шайтондан Алоҳга қочинг! Унинг пок йўлига қайтинг: "Айтинг: "Бас, Аллоҳга шошинглар! Албатта мен сизлар учун У зот(нинг азоби)дан очиқ огоҳлантиргувчидирман" (Зориёт:50).
Ҳижоб - энг олий ибодатлардан биридир. Одамларнинг райъи, ҳоҳиш-истаги ва фикрига тобеъ мавзу эмас, зеро уни машруъ этмиш зот - Билгучи ва Ҳикматли Яратувчидир.
Хулоса: Алоҳнинг розилиги ва раҳматининг умидида, жаннатга кириш ва дўзахдан халос бўлиш йўлида мустаҳкам бўлинг ва одамлар ва жинлардан бўлган шайтонлар васвасасини деворга уринг!
Аллоҳнинг динини озиқ тишлари билан маҳкам тутинг ва мўминларнинг оналари ҳамда саҳобия аёлларнинг (Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин!) юксак намуналарига эргашинг!

Сўнгги сўз
Сиз аёл танаси шайтоннинг бозорида эркаклар қалбини заҳарловчи бир воситага айланган охир замоннинг бугунги кунларида яшаяпсиз.
Турмакланган сочлар, қомтанинг ҳар бир қиррасини яққол намойиш этувчи тор кўйлаклар, оёқ ва қадамларни зоҳир этувчи калта этаклар, юпқа ва пардоз-андозли либослар ҳаммаси шайтон ва унинг аҳлини қанчалик қувонтирса, шу қадар Аллоҳнинг ғазабига ва дунёю-охиратдаги азобига яқинлаштиради.
Бу алфоздаги ҳар бир кунингиз сизни Аллоҳдан узоқлаштириб, шайтонга яқинлаштирмоқда. То тавбага келмас экансиз, ҳар бир кун самодан сизга қарата лаънат ва ғазабни келтирмоқда. Ҳар куни сизни тобора қабрга ва жонингизни суғуришга шай ўлим фариштаси сари яқинлаштирмоқда.
"Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Ва қиёмат кунида ҳеч шак-шубҳасиз ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз. Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, муҳаққақ (бахт-саодатга) эришгай. Бу ҳаёти дунё эса алдагувчи матодир" (Оли Имрон:185)

Тавба кемасидан ўрин ол, синглим,
ўтиб кетмасдан олдин
Лаззатларни кесгувчи меҳмон - ўлим
сенга келмасдан олдин
Кеч бўлмасидан олдин...

Категория: Islom Dunyosi | Joyladi: SARDORMIRZO (07-Декабря-2007)
Ko'rildi: 1785 | Izoxlar: 2 | Reytingi: 5.0/1 |
Barcha Izoxlar: 2

2. uz_girl (18:25 Shanba)
cry cry cry cry tasirlanarli maqola bopti kop narsani urgandim Rahmat..............................

1. shoxrux4101 (19:49 Yakshanba)
Assalom aleykum judayam go'zal maqola. Alloh rozi bo'lsin
Ro'yxatdan o'tgan Foydalanuvchilargina izox qoldirishlari mumkin.
[ A'zo bo'ling | KIRISH ]
Portalga Kirish
IZLASH
Foydali linklar
Saytga Kirganlar Soni

UzCinema © 2025 |