| Жавоб: Ва алайкум ассалам ва раҳматуллоҳи уа барокатуҳ. Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳим. Алҳамду лиллаҳ вас-солату вас-саламу ала расулиллаҳ. Азиз биродаримиз, саволингиз учун ташаккур. Бу масала бугун кўпчилик янги мусулмонларни ташвишлантираётгани сир эмас. Биз шу муносабат билан, Аллоҳ таолога чин ихлос ила дуо қилайликки, адашган эр ва аёлларни Ўзининг ҳақ динига - Исломнинг кенг ва ёруғ йўлига – ҳидоят қилсин. Ҳидоятга янги келган барча мусулмон биродарлар ва муслима опа-сингилларимизга эса саломлар йўллаймиз. Саволингизга келадиган бўлсак, мусулмон киши ўз фарзандлари Рождествони байрам қилишларини бир неча сабабларга кўра қайтармоғи лозим бўлади. Бу сабабларнинг биринчиси ва энг муҳими ҳақида ҳадиси шарифда таъкидланади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг ғайриисломий байрамни нишонлаётганларини кўриб, қайтарганлар. У зот айтганларки, Аллоҳ таоло бизга икки байрамни инъом этгандир: Ийди Рамазон ва Ийди Қурбон, шунинг учун биз Аллоҳнинг расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган йўлга эргашмоғимиз, ва шу орқали ўзимиз ва фарзандларимизда мусулмон шахсиятни шакллантирмоғимиз зарур бўлади. Сиз фарзандларингиз Рождествонинг ҳашаматли муҳитига шўнғиб кетишларидан (гарчи уни Исонинг туғилган куни сифатида нишонламасангиз-да) қайтариб турмоғингиз лозим бўлади. Аслида эса Исо алайҳис-салом бу кун туғилган эмаслар. Бу кунда қадимий румликлар Митра деб номланувчи бутининг туғилган кунини нишонлаганлар. Кейинчалик эса насоролар румликларнинг байрамларига қарши курашиш пайтида у кунни Исо алайҳис-саломнинг туғилган куни қилиб олганлар. Фарзандларингиз ушбу байрамнинг ҳақиқатини билишга ҳақлидирлар. Шу билан бирга баъзи бошқа байрамлар муносабати билан совға-салом алишмоқ жоиздир, масалан, исломий байрамларда ёки ўқув йилининг якунланишида ва ҳ.к. Агар фарзандларингиз билан биргаликда Рождествони (гарчи диний байрам сифатида бўлмаса-да) нишонласангиз, бу билан Сиз нотўғри намуна кўрсатган ҳамда келажакда уларни қийнайдиган бир зиддиятни пайдо этган бўласиз. Фарзандлар катталардан ўзлари учун намуна олишлари маълум, шундай экан, сиз амалда саҳиҳ ва динга ҳассос бўлмоғингизга тўғри келади, чунки кўпинча майда ва аҳамиятсиз саналган нарсалар аслида ундай эмасдир. Азиз биродар, фарзандларингизни Рождество муҳити билан машғул бўлиб қолишдан сақланг: бу кунларда мумкин қадар улар билан бирга бўлишга ҳаракат қилинг. Масалан, сафарга олиб чиқинг ёки лоақал байрамона телевизион томошалар кўришни ёки савдо расталарини оралашни камайтиринг. Шимолий Америка исломий жамиятининг собиқ президенти д-р Муззаммил Сиддиқ айтади: “Мен ёш фарзандларимизнинг Рождестводаги ҳашаматлару, тантаналардан нақадар чуқур таъсирланишларини биламан. Яхшиси, бу вақтда уларни исломий лагерларга юборишга уриниб кўринг, бу кунларни ўтказишнинг муқобил (alternative) программаларни тузиб беринг. Аммо мусулмон оилаларининг хонадонларга арчалар ўрнатиб, уларни безатишлари ёки уйларини ранг-баранг чироқлар билан ясатишлари бутунлай манъ этилгандир. Фарзандларимизга бизлар мусулмон эканлигимизни ва бу бизнинг байрамимиз эмаслигини тушунтирмоғимиз зарур. Бу – насроний бўлган қўшниларимиз ва танишларимизнинг байрами». Рождествони нишонлаш ўрнига д-р Муззаммил Сиддиқ айтадилар: «Рамазон ва Қурбон ийдларини нишонлаётиб эса, уйларингизни ранг-баранг чироқлар билан ясатмоғингиз, фарзандларга эътибор ва ғамхўрлик ила совға-салом улашмоғингиз жоиздир. Рамазон ва Қурбон ийди кунлари уйлар ва масжидларни зийнатламоқ мустаҳаб амал ҳисобланади. Ҳадисда айтилишича, Рамазонда осмон ўзгача зийнатланади, Рамазон киргач, Аллоҳ таоло жаҳаннам дарвозаларини беркитиб, жаннат дарвозаларини очади”. Биз мусулмонлар ўз байрамларимизга алоҳида аҳамият бермоғимиз зарур. Шундагина фарзандларимиз ўзгаларнинг ботил анъаналарига маҳлиё бўлиб эмас, ўзимизнинг саҳиҳ байрамларимизга содиқ бўлиб ўсадилар, иншоаллоҳ. Афсуски, Рамазон ва Қурбон ийдига етарлича аҳамият бермайдиган мусулмонлар жуда кўп. Баъзилари ҳатто Ийд намозларига келмайдилар, келсалар ҳам бу кунни байрам дам олиш куни қилиб олмайдилар. Натижада, уларнинг фарзандлари исломий байрамлар ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмаслар, уларнинг фикрича, Ислом дини – бу байрами ва тантаналари йўқ бўлган дин. Валлоҳу аълам. яна ушбу бўлимда
|