:::O'zbekona:::Portal:::

Bosh Saxifa | A'zo bo'ling | KIRISH
Dushanba, 20-Мая-2024, 20:16
Siz bizning qadrdon Mehmon | RSS
MENYU
Islom Olami
Islom Dunyosi [182]
Saodat asri qissalari [11]
Qur'oniy duolar [6]
Mini-Chat
Bosh Saxifa » Статьи » Islom Olami » Islom Dunyosi

Аҳли қибла ортидан намоз ўқиш жоизлиги

Аҳли қибланинг яхшисию фожири ортидан намоз ўқиш жоиз, деб биламиз. Улардан ўлганларига жаноза ўқиш жоиз, деб биламиз.

Шарҳ: Ушбу иборада икки масала бор:
Биринчиси: Намозда ҳар бир яхшига ва фожирга иқтидо қилиш жоизлиги.
Иккинчиси: Ҳар бир яхши ва фожирга жаноза ўқиш жоизлиги.
Биринчи масаланинг далили:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир яхши ва фожир ортидан намоз ўқийверинглар»-деганлар. (Дора Қутний ривоят қилган).
2-»Саҳиҳи Бухорий»да Абдуллоҳ ибн Умар ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳулар Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий ортидан намоз ўқиганлари ривоят қилинган. Ҳажжож фосиқ ва золим бўлгани эса, маълум ва машҳур. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ал-Валид ибн Уқба ортидан намоз ўқир эдилар. У эса, ароқ ичар эди.
3-Шунингдек, яна «Саҳиҳи Бухорий»да ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар сизларга намозга ўтадилар. Агар тўғри қилсалар сизга ҳам, уларга ҳам фойда. Агар нотўғри қилсалар, сизга фойда, уларга зарар»-деганлар.
Ҳеч ким шак-шубҳа қилмайдики, фожирдан мурод, эътиқодида бидъат йўқ одамдир. Чунки, ширк соҳиби ва эътиқодий бидъат соҳиби мўмин бўлмайди. Унга қандоқ қилиб иқтидо қилиб бўлади?!
Имомлар иттифоқ қилганларки, бидъати ва фосиқлиги билинмаган одамнинг орқасидан намоз ўқиса бўлади. Иқтидо қилувчи имомнинг эътиқоди қандоқ эканини билиши шарт эмас. Шунингдек, бу ёки у нарсада қандоқ эътиқоддасан?-деб имтиҳон қилиш ҳам шарт эмас. Ҳоли номаълум одамга намозда иқтидо қилинаверади.
Тўғриси, ўз бидъатига даъват қилаётган бидъатчининг ва фосиқлиги маълум фосиқнинг ортидан намоз ўқилаверади. Агар у тайинлаган имом бўлиб, ундан бошқанинг ортида ўқиш имкони бўлмаса. Ўки у жума, ҳайит ва арофот намозларига имом бўлса. Бундоқ имом ортидан намоз ўқишни барча салафу халаф жоиз кўрганлар. Лекин, аввал айтилганидек, унинг бидъати эътиқодий. бўлиб ижмолий ақийдаларга бирор нарса зиёда ёки нуқсон қилмаган бўлиши шарт.
Бидъатчи ва фосиқнинг ортидан намоз ўқиш жоизлиги билан бирга, макруҳликдан холий эмас. Аммо қайта ўқиш лозим бўлмайди. Чунки, Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Масъуд каби саҳобаи киромлар фожир бошлиқлар ортидан жума ва жамоат намозларини ўқиганлар, аммо қайта ўқиб олмаганлар.
Бунинг маъноси, бидъатчи ва фожирни имом қилиб қўйиш керак, дегани эмас. Балки, уни кетказиб, яхши, тақводорни имом қилиш керак.
Иккинчи масала далили:
Саҳобаи киром розияллоҳу анҳулар золим бошлиқларнинг жанозасини ўқиганлар. Уларни жанозасиз кўммаганлар. Осийлар ва гуноҳи кабира қилганларни ҳам шундоқ қилганлар.
Аммо, бу умумий ҳукмдан Ислом давлатига қарши чиққан боғийлар, йўлтўсарлар ва ўзини ўлдирганлар истисно қилинади. Уларга ибрат учун жаноза ўқилмайди. (Имом Абу Юсуф, ўзини ўлдирганга жаноза ўқиса бўлади, деганлар).

Улардан бирортасини жаннатга ёки дўзахга туширмаймиз.
Шарҳ: Яъни, Аҳли қиблалардан муайян бир кишини, бу аҳли жаннатдир ёки бу аҳли дўзахдир, деб айтмаймиз, демоқчи. Магар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: аҳли жаннат, деб айтган бўлсалар, айтамиз. Мисоли, жаннат башорати берилган ўн киши. Агар умумий қилиб, гуноҳи кабира қилганларни Аллоҳ дўзахга киритади, сўнгра шафоатчилар шафоати ила чиқаради, десак ҳам, муайян шахс ҳақида бу гапни айтмаймиз. Муайян шахсни жаннати ёки дўзахи, деб гувоҳлик бермаймиз. Чунки, ҳақиқат махфийдир. Яхшиларга умид қиламиз. Ўмонларга хавф қиламиз.
«Ва уларга, модомики зоҳир бўлмаса, куфр, ширк ва нифоқ ҳақида гувоҳлик бермаймиз. Сирларини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қиламиз».
Шарҳ: Яъни, бирор одамнинг кофирлиги, мушриклиги ва мунофиқлиги ҳақида ҳукм ёки фатво чиқармаймиз. Модомики улардан бу нарсалар очиқ-ойдин сиртга чиқмадими, ичларидагини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қиламиз. Чунки, биз зоҳирга қараб ҳукм чиқаришга амр қилинганмиз.
Ўзимиз билмаган нарсага эргашишдан қайтарилганмиз.
Далил:
1-»Эй иймон келтирганлар, бир қавм бошқа қавмни масхара қилмасин. Шоядки, улар булардан яхши бўлсалар». (Ҳужурот сураси, 11)
2-»Эй иймон келтирганлар, кўп гумондан четда бўлинглар. Албатта, баъзи гумон гуноҳдир». (Ҳужурот сураси, 12)
3-»Ўзингнинг илминг бўлмаган нарсанинг ортидан тушма. Албатта, қулоқ, кўз ва қалб, ана шуларнинг ҳаммаси у нарсадан масъулдирлар», (Ал-исро сураси, 36) оятлари.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уматларидан бирор кишини ўлдиришни жоиз, деб ҳукм чиқармаймиз. Магар шаръий ҳукм ила қасос учун, муртадлик учун ва зинокорлик учун ўлдирилиши лозим бўлганларга шундоқ ҳукм бўлур.
Далил:
1-»Ким мўминни қасддан ўлдирса, бас, унинг жазоси жаҳаннамдир. У ерда бардавом қолур. Аллоҳ унга ғазаб қилгандир, лаънатлагандир ва аламли азобни тайёрлаб қўйгандир», (Нисо сураси, 93) ояти.
2-Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Лаа илаҳа иллаллоҳ», деб ва Мени расулуллоҳ, деб шаҳодат келтирган мусулмон одамнинг қони фақат уч нарса билангина ҳалол бўлур: уйланган зинокор, жонга жон ва динини тарк қилиб жамоатдан ажраган», деган ҳадиси шарифлари. (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Категория: Islom Dunyosi | Joyladi: SULTON (10-Июля-2009)
Ko'rildi: 1731 | Izoxlar: 10 | Reytingi: 5.0/1 |
Barcha Izoxlar: 0
Ro'yxatdan o'tgan Foydalanuvchilargina izox qoldirishlari mumkin.
[ A'zo bo'ling | KIRISH ]
Portalga Kirish
Login:
Parol:
 
Eslab qolsinmi
IZLASH
Foydali linklar
Saytga Kirganlar Soni

UzCinema © 2024 |