:::O'zbekona:::Portal:::

Bosh Saxifa | A'zo bo'ling | KIRISH
Dushanba, 03-Июня-2024, 01:57
Siz bizning qadrdon Mehmon | RSS
MENYU
Islom Olami
Islom Dunyosi [182]
Saodat asri qissalari [11]
Qur'oniy duolar [6]
Mini-Chat
Bosh Saxifa » Статьи » Islom Olami » Islom Dunyosi

Ихлос

Ихлос ҳақида

Ихлос – динда жуда катта аҳамиятга эга бўлган хулқдир. Ҳақиқий мусулмон ҳамиша ихлосли бўлишга тиришади. Чунки ҳамма амалларнинг қабул бўлмоғи учун асосий шарт – Ихлос.
Инсон ўзининг барча ибодатлари ва амаллари орқали Аллоҳ таоло томон ҳаракат этмоғи, ҳамма сўз ва ишларида Аллоҳнинг розилигини истамоғи Ихлос деб аталади. Ихлос шариатда шундай муҳим амалдирки, Аллоҳ таоло пайғамбарларга ва барча мўминларга ҳар бир сўз ва амалларида ихлос қилмоққа буюргандир. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз -саллаллоҳу алайҳи васаллам - га хитоб қилиб шундай марҳамат қилади:

﴿قُلْ إِنِّي أُمِرْتُ أَنْ أَعْبُدَ اللَّهَ مُخْلِصاً لَّهُ الدِّينَ﴾ [الزمر: 11]

.
Мазмуни: (Эй Пайғамбар), айтинг: «Аллоҳ мени ва менга эргашган кишиларни ягона Ўзига холис ибодат қилмоққа буюрди». Зумар сураси, 11-оят.
Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам - Роббининг буйруғига бўйсуниб, айтдилар:

﴿قُلْ إِنَّ صَلاَتِي وَنُسُكِي وَمَحْيَايَ و َمَمَاتِي لِلّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ﴾ [الأنعام: 162].

Мазмуни: Айтинг, -эй Пайғамбар-: «Албатта, намозим, қурбонлик сўймоғим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир». Анъом сураси, 162-оят.
Саҳиҳ ҳадисда пайғамбаримиз -саллаллоҳу алайҳи васаллам-дан шундай ривоят қилинади:
«Жаҳаннамга энг биринчи улоқтириладиган кимсалар уч тоифа бўлиб, Улар: Қуръонни ёд олган ва шаръий билимларни ўрганган қори-олимлар; бадавлат, пулдор бойлар ва Аллоҳ йўлида жонини қурбон қилган мужоҳидлардир.
Аллоҳ таоло қорига берган неъматларини эслатиб: «Мен сенга расулимга туширган Қуръонни таълим берган эмасмидим?» - деб айтади. Қори: «Шундай», деб Аллоҳнинг берган неъматларини эътироф этади. Аллоҳ ундан: «Ўрганган, ўқиган илмингга қандай амал қилдинг?» - деб сўрайди. Қори: «Кечаю-кундуз Сен учун қуръон тиловати билан машғул бўлдим, Сенинг розилигинг учун туни билан бедор бўлиб, қуръон ўқидим», - деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: «Ёлғон айтаяпсан, сен Мен учун эмас, балки фалончи қори деб ном чиқариш учун ўқирдинг, муродингга етдинг – шундай деб ном чиқардинг», - дейди.
Сўнг бой келтирилади. Аллоҳ таоло унга ҳам: «Мен сенга бойлик ато этиб, ҳеч бир кимсага муҳтож қилиб қўймаган эмасмидим?» - деб неъматларини эслатади. Шунда Бой: «Ҳа, Роббим», - деб Аллоҳнинг неъматларини эътироф этади. Аллоҳ таоло: «Мен берган мол-давлатни нима қилдинг?» - деб сўрайди. Бой: «Сенинг розилигинг учун, қавм-қариндошларга силаи раҳим қилдим, Сенинг учун муҳтожларга, етим-есирларга хайр-эҳсонлар, садақалар қилдим», - деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ таоло: «Ёлғон, бу ишларни сен Менинг учун қилмадинг, балки фалончи сахий деб айтишларини ҳоҳлардинг. Муродингга етдинг – шундай ном чиқардинг», - дейди.
Сўнг Аллоҳ йўлида ўлдирилган киши олиб келинади. Аллоҳ таоло ундан нега ўлдирилганини сўрайди. Мужоҳид: «Мен Сенинг йўлингда жиҳод қилиб, Сенинг розилигинг учун жонимни қурбон қилдим, ўлгунимча жанг қилдим», -дейди. Аллоҳ таоло унга ҳам: «Ёлғон айтаяпсан, сен «фалончи жасур», дейишларини ҳоҳлардинг, шижоатли деб ном қозониш учун жанг қилгансан, мақсадингга эришиб бўлдинг – одамлар сени хоҳлаганингча мақтадилар», -дейди.
Аллоҳ таоло уларни юзлари билан судраб олиб бориб, дўзахга улоқтиришга буюради. Ушбу уч тоифа одамлар дўзахга биринчи ўтқич бўлувчи кимсалардир.

Бу ҳадисда ихлоснинг қанчалик муҳимлиги баён этилмоқда. Мусулмонлар ичидаги энг обрўли, энг ҳурматга сазовор уч тоифа ихлоси йўқлиги учун дўзахга биринчи улоқтирилишини билган ҳар бир мусулмон ҳамма ишларини фақат Аллоҳнинг розилиги учун қилади.

Демак, биз барча амалларимизни Аллоҳ учун холис қилсак, Аллоҳнинг савобига ва розилигига эришамиз.
Қуйида ихлос ҳақида бир неча воқеий ҳикояларни келтирдик, шояд, улардан биз ўзимиз учун керакли хулосалар, ибрат-насиҳат олсак.

Шаҳид ва жаннат.


Мадина шаҳрида яшовчи Бану Абдул-Ашҳал қабиласи ичида Усойрим лақаби билан танилган бир киши бор эди. Унинг асл исми Умар ибн Собит бўлиб, одамлар уни кўпроқ лақаби билан чақирар эдилар.
Пайғамбаримиз -саллаллоҳу алайҳи васаллам-нинг даъватлари Мадина аҳли орасида тарқалиб, ҳар бир хонадонда мусулмонлар кўпайиб бораётган вақт эди. Лекин Усойрим бу ишга унча қизиқмасди, бирон киши мусулмон бўлишни таклиф қилса, қабул қилмас эди.
Учинчи ҳижрий санада Мадина шаҳрига кофирлар бостириб келади. Мусулмонлар шаҳарни ҳимоя қилиш учун Уҳуд тоғи олдига бориб, босқинчилар билан урушадилар. Жанг бошланган вақтда Усойрим қиличини олиб, мусулмонларнинг қўшинига қўшилди ва мушрикларга қарши қаттиқ жанг қилди.
Жангда душман қўли баланд келиб, кўп мусулмонлар ўлдирилди, улардан ҳам кўпроқ мусулмонлар ярадор бўлдилар. Усойрим ҳам жангда кўп жароҳат олиб, кучсизланган ва ерга йиқилиб қолган эди.
Жангдан сўнг ўликларни дафн этиб, ярадорларга ёрдам кўрсатаётган кишилар Усойримни кўриб қолишди. Унинг жароҳатлари оғир эди. Улар бу ишдан ажабландилар, чунки Усойрим шу пайтга қадар мусулмон бўлмаган эди, балки мусулмон бўлиш ҳақидаги таклифларни ҳам рад этарди.
Ундан: Сен нега урушдинг, қавминг тарафини олиб, улар учун куюнганингдан жанг қилдингми ёки исломни хоҳлаб, мусулмон бўлганинг учун урушдингми? - деб сўрадилар.
Усойрим: Мен мусулмон бўлишни хоҳлаб урушдим – деб жавоб берди. – Аллоҳга ва унинг Расулига иймон келтириб, исломни қабул қилдим. Сўнг қиличимни олиб, Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам- билан бирга чиқиб, жанг қилдим, - деди.
Сўнг уларнинг қўлида жон берди.
Одамлар Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам-га Усойрим воқеасини айтиб бердилар. Шунда Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам-: «Албатта, у жаннат аҳлидандир», - дедилар.

Йиғининг сабаби.

Бир куни Умар ибн Хаттоб -розияллоҳу анҳу- Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам-нинг масжидларига чиқиб юрган эди. Қараса, Муоз ибн Жабал -розияллоҳу анҳу- Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам –нинг қабрлари олдида эзилиб йиғлаб ўтирган экан.
Умар-розияллоҳу анҳу-: нима учун йиғлаяпсан? – деб сўради.
Муоз -розияллоҳу анҳу-: Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам- дан «Риёнинг кичиги ҳам ширкдир. Кимда-ким Аллоҳнинг авлиёлари-дўстларига қарши жанг қилса, у Аллоҳга қарши жанг қилибди. Аллоҳ шундай тақводор мўмин бандаларини яхши кўрадики, улар агар мажлисда йўқ бўлсалар, биров уларни қидирмайди, ҳозир бўлсалар ҳам уларнинг бор-йўқлиги билинмайди ва уларнинг қалблари ҳидоят чироғидир», деганларини эшитган эдим, - деди.

Гўзал юз.

Бир жангда Расулуллоҳ-саллаллоҳу алайҳи васаллам - мушрикларга қарши жанг қилишга чиқдилар.
Саҳобалардан бир киши Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам- нинг ҳузурларига келиб: Эй Расулуллоҳ! Мен бир қоп-қора, ҳидим ҳам. кўринишим ҳам ёқимсиз, хунук юзли кишиман. Бунинг устига менда бойлик ҳам йўқ. Агар мен ана шу мушрикларга қарши то ўлгунимча жанг қилсам, қаерда бўламан? - деб сўради.
Бу саҳоба сўзида содиқ киши эди. Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам - унга: «Жаннатда!» - деб жавоб бердилар.
У киши олдинга чиқиб, жасурлик билан жанг қилди. Охири ўлдирилди.
Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам- ўтиб кетаётиб, унинг жасадини кўриб қолдилар. Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам- унга қараб: Аллоҳ таоло юзингни гўзал, ҳидингни яхши қилсин, мол-давлатингни ҳам кўпайтирсин, деб дуо қилдилар.
Сўнг саҳобаларга қараб: Мен уни ҳуру-ийнлардан бўлган аёли билан кўрдим. Аёли унинг жунли кўйлагини тортиб, ичига кириб олаётганини кўрдим, - дедилар.

Махфий ширк.

Бир куни Абу Мусо ал-Ашъарий -розияллоҳу анҳу- туриб, одамларга хитоб қилдилар:
– Эй одамлар, ширкдан қўрқинглар! Албатта, у ўрмалаб келаётган чумолидан ҳам махфийроқдир!
Икки киши Абу Мусо -розияллоҳу анҳу- айтган сўзига қаноат қилишмади. Улар Абу Мусо айтган сўзига далил келтирмаса, мўминларнинг амири Умар -розияллоҳу анҳу-га шикоят қиламиз, деб таҳдид қилдилар.
Абу Мусо -розияллоҳу анҳу- эса уларга қарата шундай деди: Бир куни Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам- бизга хитоб қилиб: «Эй одамлар, бу ширкдан қўрқинглар! Албатта, у ўрмалаб келаётган чумолидандан ҳам махфийроқдир», - деган эдилар. Шунда саҳобалардан бири туриб: Ё Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам-, ширк ўрмалаб келаётган чумолидандан ҳам яширин бўлса, биз ундан қандай сақланамиз? – деб савол қилди. Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам-: «Эй Аллоҳим, биз Сендан билиб туриб ширк келтириб қўймоқдан паноҳ тилаймиз ва билмаган нарсаларимизга истиғфор айтамиз», деб айтинглар, – деган эдилар.

Ибодатжўй киши ва икки тилла танга.


Бану Исроилда бир ибодатжўй, тақводор киши бор эди. Бир куни яқинидаги бир қишлоқ аҳлининг дарахтга ибодат қилаётганини эшитиб қолди.
У Аллоҳни қўйиб, қаердаги бир дарахтга ибодат қилаётганларидан аччиғланиб, болтасини олди-да, шу дарахтни кесиб ташламоқ учун йўлга тушди.
Унга йўлда Иблис қари чол суратида йўлиқиб, қаерга кетаётганини сўради.
Ибодатжўй киши унга қаерга, нима мақсадда кетаётганини айтди. Иблис уни мақсадидан қайтаришга уринди, ҳатто у киши билан уришди. Курашда ибодатжўй киши ғолиб бўлиб, Иблисни ерга йиқитди.
Куч билан мақсадига ета олмаган Иблис энди бошқача йўл тутди. Ибодатжўй кишига дарахтни кесмасликни, бунинг эвазига ҳар куни икки тилла танга олишни таклиф қилди. Ибодатжўй киши Иблиснинг бу таклифига рози бўлди.
Биринчи ва иккинчи кунлари уйидан келишилган пулни топди. Учинчи куни эса ҳеч нарса топмади.
Иблиснинг лақиллатгани учун қаттиқ ғазабланиб, яна болтасини олиб дарахтни кесиш учун жўнади.
Иблис яна унга қари чол суратида йўлиқиб, уни дарахтни кесишдан тўхтатмоқ учун у билан бирга уришди. Бу гал Иблис уни енгиб қўйди.
Ибодатжўй киши: Сен бу гал мени қандай енгдинг? – деди.
Иблис: Сен биринчи гал Аллоҳ учун ғазаб қилган эдинг, амалинг ҳам Аллоҳ учун холис эди. Шу сабабли Аллоҳ сени мендан сақлади. Аммо бу гал сен икки тилла танга учун ғазабландинг, шу сабабли сени енгдим, - деди.

Тешик соҳиби.

Бир жангда мусулмонларнинг душманлари мустаҳкам бир қалъа ичкарисига тўпланиб яшириниб олдилар. Мусулмонларнинг лашкарлари қалъага ёриб кира олмади. Мусулмонлар душман таслим бўлгунича қамал қилмоққа қарор қилдилар.
Бир куни тонг вақтида қарасалар, мустаҳкам қалъа деворини кимдир тунда ёриб, бир тешик пайдо бўлиб қолибди. Бундай жасоратли ишни ким қилди экан, деб ҳамма ҳайрон бўлиб қолди.
Мусулмонлар қўмондони: Буни ким қилди? - деб сўради.
Қўшиндан бирон киши жавоб бермади.
Қўмондон бундай жасоратли ишни бажарган қаҳрамон ўзини яшираётганини билиб: Аллоҳни орага солиб айтаман, ушбу тешик соҳиби тунда ҳузуримда ҳозир бўлсин, – деб буюрди.
Мусулмонлар ўз раҳбарларининг буйруғини – Аллоҳ ва расулининг буйруғига зид бўлмаса – дарҳол бажо қилардилар.
Кеч киргач, қўмондон ҳузурига юзига парда тутган бир киши кириб келди.
Қўмондон ундан: Тешик соҳиби сенмисан? – деб сўради.
У: Ҳа, - деди.
Қўмондон: Сени кимлигингни билай, юзингни очгин, - деди.
У киши: Менда учта шарт бор. Шу шартларга рози бўлсангиз, юзимни очаман. Биринчи шартим: мени ўзингиздан бошқа бирон кимсага билдирмайсиз. Иккинчи шарт: менга мусулмонларга бериладиган ғаниматдан ортиқ нарса бермайсиз. Учинчи шарт олдингидай оддий аскарликда қоламан, - деди.
Қўмондон у киши ўзининг амали Аллоҳ таоло учун холис бўлмоғини, хўжа кўрсинга ҳамда риё учун бўлиб қолмаслигини хоҳлаётганини билиб, унинг шартларига рози бўлди.

Ихлосли киши.

Бир куни Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам- асҳобларига бир воқеани сўзлаб бердилар.
Бани Исроил қавмидан бўлган бир киши: Мен Аллоҳ учун садақа қилай, деб ният қилган экан. Бир куни тунда садақага атаган нарсасини олиб чиқиб, бировга берибди. Иттифоқо, садақа олган киши ўғри экан. Тунда ҳеч кимга билдирмай ихлос билан садақа қилмоқчи бўлган киши адашиб, садақасини ўғрининг қўлига тутқазиб келган экан.
Эртасига одамлар: Кеча кимдир ўғрига садақа берибти, деб гапиришди.
Садақа берган киши бундан хабар топиб: Эй Аллоҳим, барча ҳамду санолар сенга бўлсин! Мен янглишиб ўғрига садақани қилибман, – деди. Сўнг қайтадан садақа қиламан деб, садақасини олиб чиқипти-да, бу кеча бир зинокорнинг қўлига берибди.
Эртасига одамлар: Тавба, бу кеча кимдир зинокорга садақа қипти, - деб гап-сўз қилиб юбордилар.
Садақа берган киши яна: Эй Аллоҳим, барча ҳамду санолар Сенга хосдир! Мен янглишиб, бир зинокорга садақа қилиб қўйибман, - деди. Албатта, қайта садақа қиламан, - деди-да, садақасини олиб чиқиб, бир бойнинг қўлига тутқазиб келипти.
Эртасига яна одамлар гапиришипти: Ия, бу кеча кимдир бой-бадавлат одамга садақасини бериб кетибди!
Садақа берган киши: Эй Аллоҳим, барча ҳамду санолар Сенга бўлсин! Мен ўғрига, зинокорга ва бойга садақа қилиб қўйибман, - деб ўкинди.
Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам- саҳобаларга шундай хабар бердилар:
Мана шу садақа берган киши қилган садақасининг барчаси нолойиқ кишиларнинг қўлига теккани қаттиқ хафа бўлиб юрган экан, Аллоҳ унинг садақасини қабул қилгани тушида маълум бўлипти. Тушида: Ихлос ва тўғри ният билан қилган садақангни Аллоҳ қабул қилди. Ўғрига берган садақанг уни ўғирлик қилмоқдан, зинокорни зинодан тийилмоғига сабаб бўлар. Бой киши ҳам сендан ибрат олиб, Аллоҳ учун хайр-эҳсон қиладиган бўлар, – деб аён бўлди.

Умму Қайснинг муҳожири.

Маккаллик қулларидан бири аслзода араб қизлардан бўлмиш Умму Қайс деган аёлга уйланмоқчи бўлиб юрарди. Умму Қайснинг оиласи уни қулга турмушга беришга рози бўлмадилар.
Бу воқеа Ислом дини келиши арафасида юз берган эди. Ислом дини келгач, Умму Қайс ҳам исломни қабул қилди. Сўнг ҳижрат қилишга изн берилганда Умму Қайс ҳам мусулмонлар қатори Мадинага ҳижрат қилди.
Ҳалиги қулнинг ҳали ҳам Умму Қайсда кўнгли бор эди. У ҳам Умму Қайсга эргашиб, унга уйланмоқчи бўлиб, Мадинага ҳижрат қилди. Шу сабабли саҳобалар у кишини «Умму Қайснинг муҳожири» деб номладилар. Чунки у Аллоҳ ва унинг Расули учун холис ниятда ҳижрат қилмай, бу аёлни деб ҳижрат қилган эди.
Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам-: Амаллар ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кишининг ниятидаги бўлади. Кимки Аллоҳ ва унинг Расули учун ҳижрат қилган бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунёга эришмоқ учун ёки бирон аёлга уйланмоқ учун бўлса, унинг ҳижрати нимани деб ҳижрат қилган бўлса ўша нарса учун бўлади, – дедилар.

Ихлос калимаси.

Ривоят қилинишича, бир куни Набий -саллаллоҳу алайҳи васаллам- саҳобалар билан ўтиргандилар.
– Ким: (لا إله إلا الله) – яъни, Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай ҳақ маъбуд йўқ, деб ихлос билан айтса, албатта, жаннатга киради, – дедилар.
Шунда саҳобалар -Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин-: Эй Аллоҳнинг элчиси -саллаллоҳу алайҳи васаллам-, ушбу калимани қандай қилса, ихлос билан айтган бўлади? - деб сўрадилар.
Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам-: Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан тийилса, ихлос билан айтган бўлади, - дедилар.
Шунинг учун банда «(لا إله إلا الله) – яъни, Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай ҳақ маъбуд йўқ», деб айтиши билан ундан Аллоҳ учун қалбида ихлос қилмоғи, Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмаслиги ҳамда ибодат-тоатларни ёлғиз Аллоҳ учун деб қилмоғи талаб этилади. Чунки Аллоҳ фақат ихлос билан қилинган ва Унинг улуғ юзи кўзлаб қилинган амалларни қабул қилади.
Расулулоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам-: Банда ихлос билан «(لا إله إلا الله) – яъни, Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай ҳақ маъбуд йўқ», деб айтадиган бўлса унга осмон эшиклари очилиб, ҳатто аршгача олиб борилади, катта гуноҳлардан тийилмоқ шарти билан, - деб марҳамат этганлар.

Ихлоснинг савоби.

Бир жангдан бироз олдин Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам- одамларни жиҳодга чиқмоқга ундадилар. Фақир мусулмонлардан бир нечаси келиб, ўзларида жиҳодга чиқмоққа етарли нарсалар йўқлигини айтдилар. Набий -саллаллоҳу алайҳи васаллам-дан қўшин билан бирга чиқмоқ учун от-улов, қурол-аслаҳалар билан таъминлаб, ёрдам кўрсатишни сўрадилар.
Набий -саллаллоҳу алайҳи васаллам- уларга мулойимлик билан қўлларида ҳеч нарса йўқлигини айтдилар. Улар ортларига қайтиб кетар эканлар, жиҳодга чиқа олмаганликлари учун қаттиқ эзилиб, кўзларидан ёшлари дув-дув тўкилар эди…
Аллоҳ таоло уларнинг ихлоси ва садоқатини кўриб, уларнинг қайғуларини енгиллаштирди – уларга ҳам ихлослари туфайли жиҳодда қатнашган ажрини, улушини ато этди.
Набий -саллаллоҳу алайҳи васаллам- асҳобларига ўша кишиларни Аллоҳ таоло енгилик ва ажр билан сийлаганлигини хабар бердилар. Набий -саллаллоҳу алайҳи васаллам-: Мадинада бир қанча одамлар қолди, Биз қайси ердан юрмайлик ёки қайси водийдан ўтмайлик, улар ажрда бизлар билан тенгдир. Уларни фақат узр тўсиб қолди, – деб марҳамат қилдилар.

Ихлос ва нажот.

Ривоят қилинишича, аввалги умматлардан уч киши сафарга чиқишган экан. Кеч киргач, тоғдаги бир ғорга кириб тунадилар. Кутилмаганда тоғдан бир харсанг тош кўчиб, ғор оғзини тўсиб қўйди. Ҳар қанча ҳаракат қилишмасин, тошни қимирлата олмадилар.
Шунда улар Аллоҳдан нажот истаб дуо қилдилар, ўзларининг қилган солиҳ амалларини орага қўйиб, ёлвордилар.
Улардан бири: Эй Аллоҳим! Менинг жуда ҳам қари ота-онам бор эди. Улар тановул қилмасдан олдин на таом татирдим, на бир сув ичардим. Бир куни таомни кўтариб келсам, ота-онам ухлаб қолишибди. Мен то ота-онам уйғонгунларига қадар уларнинг устларида қўлимда таом билан туриб кутиб чиқдим, – деди.
Сўнг иккинчиси: Эй Аллоҳим, Сен ўзинг биласан, мен амакимнинг қизини қаттиқ яхши кўрар эдим. У муҳтож бўлиб, мендан оз-мунча нарса сўраб турар эди. Бир куни келганида, мен билан бирга зино қилмоққа рози бўлсанггина, сўраган нарсаларингни бераман, деб шарт қўйдим. У менга: Аллоҳдан қўрққин, деб насиҳат қилди. Шунда, эй Аллоҳим, мен Сендан қаттиқ қўрқиб, унинг ҳожатидаги нарсаларни шундай бериб юборган эдим, – деди.
Сўнг учинчиси: Эй Аллоҳим, менга бир мардикор хизмат қилар эди. Бир куни у ҳаққини олмасдан кетиб қолди. Мен эса унинг иш ҳаққига қорамол сотиб олиб, тижорат қилдим. Моллар ниҳоятда кўпайиб кетди. Бир мунча вақт ўтгандан кейин у қайтиб келиб, мендан иш ҳаққини талаб қилди. Мен барча молларни шундайлигича бериб юборган эдим, – деди.
Уларни ҳар бири сўзининг охирида: Эй Аллоҳим! Агар шу ишни Сенинг розилигинг учун қилган бўлсам, бизни бу ердан қутқаргин, – деб дуо қилган эдилар.
Шунда харсанг тош ўрнидан силжиб, ғорнинг оғзи очилди ва улар ихлосларининг мукофотига ғордан эсон-омон чиқиб кетдилар.

Қиммат баҳо жавоҳирлар солинган идиш.

Саъд ибн Абу Ваққос Қодисия жангидан сўнг Кисронинг қасрига тушдилар ва Амр ибн Муқарринга ўлжаларнинг бешдан бир қисмини Байтул-молга юбориб, қолганини жангчиларга тақсимлаб бериш учун уларнинг ҳаммасини йиғиб келтиришни амр этдилар. Шундан сўнг таърифу тавсифдан юқори бўлган саноқсиз моллар олдиларида тўпланди.
Мана булар Форс подшоҳлари овқатланадиган тилла ва кумуш идишлар тўлдирилган катта-катта қоплар…
Анавилар Кисронинг кийимлари, тақинчоқлари, ҳамда дуру жавоҳирлар билан безатилган дубулғалари тахлаб солинган, нафис ёғочдан ясалган сандиқлар…
Мана булар эса нафис безаклар ва ғаройиб ашёлар билан тўлдирилган қутилар…
Ушбулар бўлса навбатма-навбат ҳукм сурган Форс подшоҳларининг қинида сақланаётган қиличлари…
Тарих давомида форсларга бўйин эгган подшоҳ ва қўмондонларнинг қиличлари…
Хизматчилар мусулмонларнинг кўз ўнгида бу ўлжаларни ҳисоблаб турар эканлар, сочлари тўзғиган, бошига чанг ўрнаган бир киши ҳажми катта, вазни оғир бир хумни иккала қўли билан кўтариб кириб келди.
Синчиклаб қараб, бундай ажойиб идишни ҳечам кўрмаганлари ва йиғиб келтирган нарсалари ичида бунга тенг келадиган ёки яқинлашадиган ҳеч нарса йўқлигига ишонч ҳосил қилдилар.
Ичини кўрганларида у қимматбаҳо жавоҳирларга тўлдирилган эди.
– Бундай катта хазинани қаердан олдинг? – деб сўрашди.
– Фалон жангда, фалон жойда қўлга киритдим.
– Ундан бирон нарсани ўзингга олдингми?
– Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин – деди у. – Худо ҳаққи, ушбу хум ҳам, Форс подшоҳларининг барча мулклари ҳам менинг наздимда тирноқ парчасидек қийматга эга эмас. Агар бунда Байтул-молнинг ҳаққи бўлмаганида эди, уни ўрнидан кўтармаган, олдингизга олиб келмаган бўлардим.
– Аллоҳ сени ҳурматласин, кимсан ўзинг? – деб сўрадилар.
– Йўқ, – деди у одам. – Аллоҳга қасамки, мени мақтанглар деб сизларга отимни айтмайман ва бошқаларга ҳам мени мақташлари учун ўзимни танитмайман. Лекин мен Аллоҳга ҳамд айтаман ва Унинг савобидан умид қиламан.
Кейин у одамларни қолдириб, чиқиб кетди.
Одамлар ўзларидан бир кишига унинг кетидан бориб, у ҳақда хабар олиб келишни буюрдилар.
У бояги одам ўз шерикларининг ҳузурига етиб олгунча кетидан билдирмай кузатиб борди ва шерикларидан унинг кимлигини суриштирди.
– Ие, уни танимайсанми? – дейишди унинг шериклари. – У Басра зоҳиди Омир ибн Абдуллоҳ-ку.

Аллоҳга йўлиқмоқлик.

Бир куни Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам-нинг ҳузурларига бир киши келди-да, Аллоҳнинг юзини истаб, жанг қилмоқчи эканини маълум қилди. Аслида у одамлар уни кучли, қўрқмас, дейишларини хоҳларди.
Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам- у кишига жавоб бермай сукут қилдилар. Сўнг Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи нозил бўлди:
«Кимда-ким, Роббининг ҳузурига боришдан (яъни, қиёмат ҳақ деб иймон келтириб, қилаётган яхши ишларининг савобини олишдан) умидвор бўлса, унда шариатига мувофиқ солиҳ амаллар қилсин ва Роббига ибодат қилаётганида бирон нарсани шерик келтирмасин». Каҳф сураси, 100-оят.
Аллоҳ таоло фақат ўзининг юзи учун холис бўлиб, Ундан бошқа нарса ҳоҳланмаган амални қабул қилади, деб таълим берувчи оятлар жуда кўп.
Ҳадис қудусийда пайғамбаримиз -саллаллоҳу алайҳи васаллам- шундай хабар берганлар: «Аллоҳ таоло: Шериклар ичида шерикликдан энг беҳожати Менман. Кимки мен учун бир амал қилиб, унда Менга шерик қўшса, Мен ундан ва унинг қилган шеригидан ҳам безорман», – деб айтди.

Қайтарилган намоз.

Бир куни Набий -саллаллоҳу алайҳи васаллам- асҳобларининг хузурига чиқиб, уларга қарата: Эй одамлар, ширки сароирдан сақланинглар, – дедилар.
Саҳобалар: Эй Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам-, ширки сароир нима? – деб сўрадилар. Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам-: Бир киши туриб намоз ўқий бошлайди, одамларнинг унга қараб турганини кўриб, намозини чиройли ўқишга ҳаракат қилади. Мана шу ширки сароирдир, – дедилар.
Расулуллоҳ -саллаллоҳу алайҳи васаллам- ушбу сўзлари билан одамлар қараб турганини билса, намозини чиройли қилиб ўқийдиган, аксинча, бирон кимсанинг ўзига қарамаётганини билса, намозини ёмон ўқийдиган инсонларни огоҳлантирдилар.
Албатта, ҳар бир мусулмон киши одамлар кўрсин деб намозини чиройли қилмаслиги, балки, Аллоҳнинг розилигини умид қилиб, амалларини гўзал-чиройли қилмоғи лозим.
Одамлар қараб турган вақтида намозини гўзал адо этсаю, холи қолганда намозини чала қилиб, ёмон ўқийдиган бўлса, унинг мана шу қилиғи Роббига бўлган эътиборсизлигидир, дейилади.
 
 
Категория: Islom Dunyosi | Joyladi: SULTON (25-Июля-2009)
Ko'rildi: 1532 | Izoxlar: 2 | Reytingi: 5.0/1 |
Barcha Izoxlar: 2

2. Mumtoza18 (22:39 Shanba)
yahshi ALLOHIMrozi bolsin

1. Sh0k1r0v (21:50 Yakshanba)
Allox rozi bo'lsin omin
Ro'yxatdan o'tgan Foydalanuvchilargina izox qoldirishlari mumkin.
[ A'zo bo'ling | KIRISH ]
Portalga Kirish
IZLASH
Foydali linklar
Saytga Kirganlar Soni

UzCinema © 2024 |