Рамазон эшик олдида…
бир йил ўтган умрига ачиниб,
бир гуноҳкор банданинг ўзига қилган хитоби.
Йил ўтди, қилиб гуноҳ,
Хатм этмай каломуллоҳ.
Келди мағфират ойи,
Жаннатга юр, эй гумроҳ!
Ўйнаб-кулиб юрасан,
Қуруқ ётиб, турасан,
Қачон тавба қиласан?!
Ўлим келар-ку ногоҳ!
Қанчалар вафот этди,
Амал сафҳасин ёпди,
Мол-дунё ортда қолди,
Кор этмай сўнгги оҳ-воҳ.
Раҳмат ойи келганда,
Ҳамма тавба қилганда,
Гуноҳларни қил канда,
Кўзинг очиб, бўл огоҳ!
Рўзага етдинг, неъмат,
Ҳар лаҳзаси ғанимат,
Қилиб қўймагин ғийбат,
Фисқу фужур, ҳар гуноҳ.
Жаннат эшиги очиқ,
Дўзах бутунлай ёпиқ.
Ибодатда халойиқ,
Ёлғиз қолдим мен, густоҳ.
Ёмон, гуноҳкор банданг,
Осий, бадкирдор банданг,
Сендан умидвор банданг,
Қалбин очгин, эй Аллоҳ!
Тавфиқ бер, ҳидоят қил,
Кечиргин, иноят қил,
Ғаффорсан, саховат қил,
Бандам, де, Олампаноҳ!