:::O'zbekona:::Portal:::

Bosh Saxifa | A'zo bo'ling | KIRISH
Juma, 20-Июня-2025, 21:11
Siz bizning qadrdon Mehmon | RSS
MENYU
Islom Olami
Islom Dunyosi [182]
Saodat asri qissalari [11]
Qur'oniy duolar [6]
Mini-Chat
Bosh Saxifa » Статьи » Islom Olami » Islom Dunyosi

Бидъат
БИРИНЧИ ФАСЛ
Бидъат ўзи нима? Унинг турлари ва ҳукмлари

Таърифи: «Бидъат» арабча сўз бўлиб, луғатда «ўтмишда мутлақо бўлмаган нарсани ихтиро қилиш» деган маънони англатади.
Қуръони Каримда Аллоҳ таъоло айтадики: «(У) Еру осмонларни (аввалда мисли бўлмаган кўринишда) пайдо қилгувчидир...». (Бақара: 117)
Мазкур оятда «пайдо қилувчи» сўзи «бидъат қилувчи» ибораси орқали ифодаланган. Бундан мурод эса Еру Осмонни илгари бўлмаган эканлиги ва бу иккисини Аллоҳ таъоло Ўз илми азалийси билан яратганлигидир.
Яна бир оятда эса: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайхи ва саллам), айтинг: «Мен Пайғамбарлардан янги - биринчиси эмасман (яъни мендан аввал хам Аллоҳнинг Пайғамбарлари ўтган-ку, нега сизлар менинг Пайғамбарлигимга хайрон бўлиб, инкор қилмоқдасизлар?!)...». (Аъроф: 9)
Араб тилида агар бир киши янгилик ўйлаб топса ва бу янгилик ўтмишда мутлақо учрамаган бўлса, уни хам «бидъат қилди», яъни янгилик чиқарди дейилади.
Янгилик пайдо қилиш икки хил бўлади:
1. Одатдаги нарсаларда янгилик яратиш. Хозирги илмий кашфиётлар орқали ихтиро қилинган асбоб-ускуна ва техника жихозлари каби. Буларни ихтиро қилиш таъқиқланмаган. Чунки, одатлар динга зарар бермаса ёки зид бўлмаса, уларга қаршилик кўрсатилмайди.
2. Динда янгилик яратиш ва бу ҳаромдир. Чунки динда борига амал қилиб, йўғидан тийилиш буюрилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам дедилар: «Кимки динимизда йўқ нарсани чиқарса, у янгилик қабул қилинмайди – рад қилинади». (Муттафақун алайҳ)
Бошқа бир ривоятда: «Кимки динда бўлмаган ишни қилса, у рад қилинади» дейилган.

БИДЪАТНИНГ ТУРЛАРИ

Динда бидъат чиқариш икки хил бўлади:
Биринчиси: Оғзаки ва эътиқодий бўлиб, Жахмийя, Мўътазила ва Рофизийа каби адашган тоифаларнинг сўз ва эътиқодлари бунга мисол бўла олади.
Иккинчиси: Ибодатларда бўлиб, шаръий бўлмаган ва одамлар ўйлаб топган ибодатлар бунга мисолдир.
Иккинчи турдаги бидъатнинг бир неча хил кўринишлари бор:
1. Ибодатнинг ўзи бидъат бўлади. Яъни шариатда бундай ибодатнинг ўзи йўқ бўлади. Бунга шариатда кўрсатилмаган намозлар ва рўзалар, шунингдек туғилган кун ва бошқа шариатда йўқ бўлган байрамлар мисол бўла олади.
2. Ибодатга бирон нарса қўшиш билан бўлади. Пешин ёки аср намозини беш ракаат ўқиш каби.
3. Ибодатнинг тартиби ёки кўринишини ўзгартириш билан бўлади. Шариатда кўрсатилган тасбеҳ ва бошқа зикрларни жамоат билан жўр бўлиб айтиш ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам суннатларидан ташқаридаги ибодатларни ўзига оғирлаштириб олиш каби.
4. Шаръий ибодатга шариатда кўрсатилмаган вақтларни белгилаб олиш. Шаъбон ойининг ўртасини белгилаб, шу куни рўза тутиш ва кечаси ибодат қилиш каби. Нафл намозлар ўқиш ва Рамазондан бошқа ойларда нафл рўза тутиш шариатда мумкин. Лекин уларнинг вақтини тайин қилиш учун далил керак.
И з о ҳ: Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламнинг душанба ва пайшанба кунлари кўпинча рўза тутганлари, Рамазон хайитидан кейин олти кун рўза тутганлари ривоят қилинган. Шу кунлари ихтиёрий рўза тутиш суннат, мустаҳаб саналади. Шаъбон ойининг хам кўп кунларини Набий соллаллоҳу алайхи ва саллам рўза тутиш билан ўтказганлар, аммо куни белгиланган эмас. Шунинг учун ўзича кунини тайин қилиб қўйиш дуруст эмас. Нафл намозлар масаласида хам шундай.
Бидъатнинг барча турларига нисбатан диннинг ҳукми диндаги ҳар бир бидъат харом ва залолатдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам: «Янги топилган ишлардан сақланинглар, ҳар бир янги топилган иш бидъатдир ва ҳар бир бидъат адашишликдир», деганлар. (Абу Довуд ва Термизий ривояти.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламдан: «Кимки бизнинг ишимизга биз қилмаган нарсани киритса у қайтарилгандир», деган ривоят хам бор. Бу ҳадислар диндаги ҳар бир янгилик бидъат эканига, бидъат эса дин томондан рад этилган залолат эканига далолат қилмокда. Демак ибодат ва эътиқоддаги ҳар бир бидъат харом экан.
Бидъатнинг турига қараб унинг харомлик даражаси ва хукми турлича бўлади. Авлиёларга яқин бўлиш учун уларнинг қабрини тавоф қилиш, улар йўлига садақалар бериш ва қурбонликлар сўйиш, қабр эгаларидан ёрдам сўраб, уларга дуо қилиш каби бидъатлар очик-равшан куфрдир. Бунга – Жахмийя, Мўътазила каби буткул адашган фирқаларнинг гап-сўзлари мисол бўлади. Бу бидъатларни қилувчи шахс эса кофирдир. Қабрлар устига мақбара ва сағаналар қуриш, ўша ерга бориб намоз ўқиб, дуо қилиш каби бидъатлар эса ширкка (Аллоҳга бошқаларни тенг қилиш) олиб борувчи йўлдир. Хавориж, Қадарийя ва Муржиъа каби тоифаларнинг шаръий далилларга тўғри келмайдиган эътиқодлари ва сўзлари каби бидъатлар эса эътиқодий тойилишдир. Тарки дунё қилиш, иссик кунда атайлаб рўза тутиб, офтоб тагида туриш ёки ўзича тақво қилиб ўзини бичдириш каби бидъатлар эса гунохдир.

Э с л а т м а: Бидъатни яхши ва ёмон, яъни, савоб ва гунох бидъатга ажратувчи киши хато қилади. Чунки бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламнинг: «Хар бир бидъат залолатдир», деган сўзларига хилофдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам бу ҳадисларида бидъатнинг хаммасини “залолат” деб атадилар. Бидъатларни яхши-ёмонга ажратган киши эса ўз сўзи билан: «Бидъатнинг хаммаси хам адашиш эмас, балки яхши бидъат хам бор» демоқчи бўлади.

Хофиз ибн Ражаб «Арбаъийн» шархида шундай дейди: «Хар бир бидъат залолатдир», деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламнинг сўзлари умумий бўлиб, диндаги биронта бидъат ундан мустасно бўлиши мумкин эмас. Бу ҳадис диннинг буюк асосларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламнинг ушбу сўзлари: «Кимки дин ишимизда динимизда бўлмаган ишни яратса, у рад қилингандир», деган сўзларига ўхшайди. Кимки динда асли йўқ бўлган бир янгиликни ўйлаб топса ва уни динда бор деб даъво қилса, у адашгандир. Дин ундай кимсаларнинг гап-сўзларидан покдир. Бу бидъат эътиқод, амаллар махфий ёки ошкора сўзлар масаласида бўлишидан қатъий назар, залолатдир.
Бидъатни «Яхши ва ёмон» деб тақсим қилувчилар ўзларига фақат битта далилни топиб олишган. У хам бўлса халифа Умар (р.а)нинг тарових намозига йиғилиб турган пайтларида айтган: «Қандай яхши бидъат», деган сўзларидир. Яна улар «Қуръон бир китобга жамлаб ёзилганида, олимлар қайтармадилар. Ахир бу Пайғамбар соллаллоҳу алайхи ва салламдан кейин ўйлаб топилган ишлар-ку», демоқчи бўладилар. Бу далиллар уларнинг тақсимотларига далил бўлолмайди. Умар (р.а)нинг «Қандай яхши бидъат», деган сўзидан «бидъатнинг» луғавий маъноси тушунилмоғи лозим. Чунки шаръий маъноси тушуниладиган бўлса, бу ишга динда асос бўлмаслиги лозим эди. Лекин тарових намозини ўқишга хам, уни масжидларда жамоат бўлиб ўқишга хам асос бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи ва саллам сахобалар билан таровихни катта жамоат бўлиб ўқиганлар. Кейинчалик инсонлар буни фарз деб ўйламасин деган ниятда алохида ўқиганлар, бошқалар хам ўз уйларида ўқишган. Бир неча йиллардан сўнг Умар (розияллоҳу анҳу)бу ишни қайта тиклаганлар. Бу эса динда янгилик яратиш эмас. Қуръонни ёзишга хам динда асос бор. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам Қуръонни ёзишга буюрадилар, лекин оятлар ёзилган сахифалар тарқоқ холда эди. Кейинчалик сахобалар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) уни сақлаб қолиш учун уларни бир китоб қилиб жамлаганлар.
Ҳадисни ёзишга хам динда асос бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам баъзи ҳадисларни талабларга биноан ёзиб олишга буюрганлар. Ҳадисларнинг хаммаси ёзилса Қуръон билан аралашиб кетишидан қўрқиб, Пайғамбаримиз хаёт вақтларида улар тўлиқ ёзилмаган. Кейинчалик одамлар Қуръон билан ҳадиснинг фарқига бориб, Пайғамбаримиз вафотларидан кейин Қуръон мукаммал бўлгач, ҳадислар хам йўқолиб кетмаслиги учун мусулмонлар томонидан тўпланган. Аллоҳ таъоло уларга Ислом йўлидаги фидоийликлари, Роббиларининг китоби ва Пайғамбарларнинг ҳадисини йўқолишдан ва бузғунчилар қўлида бузилишдан сақлаганлари учун улуғ мукофотлар насиб этсин.

ИККИНЧИ ФАСЛ
Мусулмонлар ҳаётида бидъатларнинг келиб чиқиши ва уларнинг сабаблари

Биринчи:
Мусулмонлар хаётида бидъатларнинг пайдо бўлиши

Бу ерда иккита масалага тўхталамиз:
Биринчи масала: Бидъатларнинг келиб чиқиш вакти:
Шайхулислом Ибн Таймийя ёзади: «Илм ва ибодат масалаларидаги бидъатлар хулафои рошидинлар халифалигининг охирларида пайдо бўла бошлаган. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам: «Мендан кейин ким яна умр кўрса, кўп ихтилофу келишмовчиликларни кўради. Ўшанда менинг суннатим ва мендан кейинги хулафои рошидинлар суннатини махкам ушлангиз», деганлар».[1]
Энг биринчи бидъат тақдир масаласида чиқарилган Қадарийялар бидъати, Муржиъалар бидъати, Шиъалар бидъати ва Хаворижлар бидъатидир. Бу бидъатлар хижрий иккинчи асрда вужудга кела бошлаган ва ўша пайтда хаёт бўлган сахобалар бу бидъатни бошлаганларга қаттиқ қаршилик қилишган.
Кейинчалик Мўътазила тоифасининг бидъатлари юзага келган, мусулмонлар орасида ҳар хил фикрлар, келишмовчиликлар, фитналар ва баъзи одамларда бидъатларга мойилликлар пайдо бўла бошлаган. Кейин Тасаввуф бидъати, қабрларга мақбара қуриш ва бошқа бидъатлар келиб чиққан. Шундай қилиб, вақт ўтган сари бидъатнинг турлари кўпайиб борган.
Иккинчи масала: Бидъатларнинг пайдо бўлиш жойи:
Ислом ўлкалари бидъатларнинг келиб чиқишига караб бир неча хил бўлади. Шайхулислом Ибн Таймийя айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламнинг асхоби киромлари яшаган, ва улардан илму иймон тарқалган шахарлар бешта: Харамайн, икки Ироқ (Куфа, Басра), Шом, булардан Қуръон, ҳадис, фиқҳ илми ва ибодат аҳкомлари келиб чиққан. Худди шу шахарлардан (Мадинадан ташқари) аслий бидъатлар келиб чиққан. Ислом шахри сифатида машхур бўлган йирик шахарлардан бири Куфа (Ироқда) бўлиб, унда Шиъа ва Муржиъа тоифаларининг бидъатлари чиққан ва бошқа шахарларга тарқалган. Бу шахарлардан яна бири Басра бўлиб, ундан Кадарийя, Мўътазила ва нотўғри ибодат қилувчиларнинг бидъатлари чиққан. Кейинчалик бошқа шахарларга хам тарқалган. Шомда эса Қадарийя ва Насабийя бидъатлари келиб чиққан. Жахмийялар эса Хуросон томонларда пайдо бўлган, энг ёмон бидъатлардандир. Шахарларда бидъатларнинг келиб чиқиши у шахарларнинг Мадинадан бўлган узоқлигига хам боғлик эди. Усмон (розияллоҳу анҳу) ўлдирилгандан сўнг Харурийя бидъати келиб чиққан. Мадина шахри эса бидъатлардан пок эди. Бу ердаги баъзи бидъатчилар ўз бидъатларини ошкор эта олмас, бордию эхтиётсизлик туфайли ошкор қилиб қўйишса, Мадина ахли томонидан таъна-ю маломатга қолар эди. Шу сабабли бу ерда Куфа, Шом ва Басра шахарларидаги каби бидъат ва бидъатчилар кенг тарқалмаган эди. Сахих ҳадисларда Мадинага Дажжол кирмаслиги башорат қилинган. Мадинада илм ва иймон Имом Молик даврларигача (хижрий IV аср) давом этган. Унгача бўлган уч аср ичида Мадинада хеч қандай бидъат зохир бўлмаган ва бу ердан Ислом асосларини бузадиган бидъатлар хам келиб чиқмаган.[2]
Юқорида зикр этилган атамалар фирқа ёки тоифа номлари бўлиб, улар ўзларининг бидъатлари ёки уламолар жамоатининг хукмидан бошқача хукм чиқарганлари сабабли ажралиб колган тоифа ва фирқалардир.

Иккинчи:
Бидъатларнинг келиб чиқиш сабаблари

Агар Аллоҳ таъолонинг китоби ва Пайғамбаримизнинг суннати мустахкам ушланса, бидъат ва адашишдан хеч шубхасиз саломат қолинади. «Албатта мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! Бошқа йўлларга (тобе бўлманг) эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр...».[3]
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадис эса бу оятнинг айнан шарҳидир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам тўғри чизиқ чиздилар ва: «Бу Аллоҳнинг йўли», - дедилар. Кейин унинг икки тарафига қисқа чизиқлар чизиб, «Бу йўлларнинг ҳар бирининг бошида биттадан шайтон туриб, инсонларни унга даъват этиб туради»,- дедилар. Сўнг юқоридаги оятни ўқидилар.[4]
Кимки Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг суннатидан юз ўгирса, нотўғри йўлларга ва бидъатларга аралашиб кетади. Бидъатнинг келиб чиқиш сабабларини тўртга бўлиш мумкин:
Биринчи сабаб: Дин қонун-қоидаларини яхши билмаслик. Вақт ўтиб, инсонлар дин қонун-қоидаларидан узоқлашган сайин илм сусайиб, жахолат ва нодонлик юзага келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам бу ҳақда шундай хабар берганлар: «Аллоҳ таъоло илмни инсонлар орасидан суғуриб олиб қўймайди, балки уни олимларни вафот эттириш билан олиб қўяди. Хатто биронта олимни қолдирмайди. Олимлар қолмагач инсонлар нодон кимсаларни бошларига кўтариб, улардан йўл-йўриқ сўрайдилар. Улар хам билмай туриб жавоб берадилар. Натижада ўзлари хам адашадилар, ўзгаларни хам адаштирадилар».[5]
Бидъатни фақат илм енга олганидек, бидъатчини хам фақат олим енга олади. Илм ва олимлар йўқолиб кетса, бидъат ва бидъатчиларга қулай фурсат топилади.
Иккинчи сабаб: Хавои нафсга эргашиш. Кимки Қуръон ва суннатдан юз ўгирса ўз, хавои нафсига эргашади. «Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билинки, улар фақат хавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан хидоятланмаган холда ўз хавойи нафсига эргашган кимсадан хам йўлдан озганрок ким бор?!...».[6]
Бидъатлар хавойи нафсга берилиш натижасида келиб чиққан ишлардир.
Учинчи сабаб: Бир одамнинг сўзини махкам ушлаб олиб, бошқасини тан олмаслик. Бундай қилиш ҳақиқатга эргашиш ва далил хужжатлар билан иш кўришдан инсонни тўсиб қўяди. «(Эй Муҳаммад (алайхис-салом), хавойи нафсини ўзига «Илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган холида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини мухрлаб, кўзи олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким хидоят қила олур?!...».[7]
Хозирги кунда баъзи бир тоифалар мазхабларга ёки тасаввуфга қаттиқ берилиб худди юқоридаги оятда айтилган кишиларга ўхшаб қолмоқдалар. Чунки бу инсонларга Қуръон ва ҳадисга эргашинглар дейилса, улар ўз шайхлари, тариқатлари, мазхаблари, ота-боболари юрган йўллари ва қилган ишларини рўкач қиладилар.
Тўртинчи сабаб: Кофирларга ўзини ўхшатиш: Бу амал хам бидъатга олиб борадиган энг яқин йўллардан биридир.
Имом Термизий ривоят қилган сахих ҳадисда Абу Воҳид ал-Лайсий айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам билан Хунайн деган жойга чиқдик. Биз куфрдан исломга янги кирган кишилар эдик. Мушрикларнинг Сидр деган дарахтлари бўлиб, соясида ўтирардилар, қуролларини унга осиб қўярдилар. У дарахни «Нишонлар дарахти» дейиларди. Биз шу дарахт ёнидан ўтаётганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламга: «Бизга хам уларникига ўхшаган «Нишон дарахти» қилиб беринг» дедик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам: «Аллоҳу Акбар. Бу сўзингиз ўтмишдагилар одатидир, сизлар уни гапириб қўйдингиз. Жоним қўлида бўлган Зотга қасам ичиб айтаманки, Бану Исроил қавми хам Мусо соллаллоҳу алайхи ва салламга шундай деган эди». «Эй Мусо, бизларга хам уларнинг илохлари каби худо қилиб (ясаб) бер», дедилар. У айтди: «Албатта сизлар билмайдиган қавмдирсизлар». [8] Кейин Набий соллаллоҳу алайхи ва саллам: «Аниқки, ўзларингиздан олдингиларнинг одатига эргашиб кетасизлар», дедилар. Мана, кофирларга ўзини ўхшатиш оқибатида Бани Исроил ўз Пайғамбаридан худо ясаб беришни сўради ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайхи ва салламга баъзи кишилар Расулуллоҳдан дарахт ясаб беришни талаб қилишди.
Хозир хам кўпчилик кишилар кофирларга тақлид қилиб турли байрамлар, туғилган кунлар, юбилейлар, хайкаллар, бюстлар, ўликка қилинадиган маросимлар, қабрларга тошлар кўйиш ва бошқалар каби турли хил бидъатлар ўйлаб топмоқдалар.

УЧИНЧИ ФАСЛ
Бидъатчиларга нисбатан Ислом умматининг муносабати

Ахли сунна вал-жамоъанинг бидъатчиларни рад қилиш услуби.
Ахли сунна вал-жамоанинг бидъатчиларга муносабати: Ахли сунна вал-жамоа уламолари хозиргача бидъатчиларга қарши туриб, бидъатларни рад қилиб келмокдалар.

Уларнинг далилларидан айримларини келтириб ўтамиз:
1. Умму Дардо айтади: Абу Дардо ғазабланган холда уйга келди. Мен ундан: «Нима бўлди?», деб сўрадим. “Аллоҳга касамки, одамлар ичида Муҳаммад соллаллоҳу алайхи ва саллам давридаги ишлардан фақат жамоат бўлиб намоз ўқишнигина кўраяпман”, деди Абу Дардо. (Имом Бухорий ривояти)

2. Амр ибн Яхё айтади: Отам менга отасидан эшитганини сўзлаб берди: Бир кун бомдод намозидан олдин Абдуллоҳ ибн Масъуднинг эшиги олдида уни кутиб ўтирардик. Абдуллоҳ ибн Масъуд уйидан чиққач масжидга кетмоқчи эдик. Абу Мусо Ашъарий келиб: “Абу Абдуррохман чиқмадими?” деб сўради. Биз “йўқ” дедик. У биз билан ўтириб кутди. У киши чиққач хаммамиз ўрнимиздан турдик. Абу Мусо Ашъарий: «Эй Абу Абдуррохман, хали масжидда бир ишни рад этдим. Менимча у яхши иш эди», деди. Абу Абдуррохман: «У нима экан?», деди. Бир оз турсанг кўрасан, деди Абу Мусо. Биз масжидга келдик. Кишилар кўлларида тошчалар билан халқа-халқа бўлиб намозни кутиб ўтирганларини кўрдим, ҳар бир халқа ўртасида бир киши туриб, уларга юз марта «Ла илаха иллаллоҳ», денглар, дер, улар шундай қилардилар. Юз марта «Аллоҳу Акбар» денглар, дер, улар шундай қилардилар. Юз марта «Субханаллоҳ» денглар, дер, улар шундай қилардилар. Шунда Абу Абдуррохман: «Эй Абу Мусо, уларга гунохларингизни хисобланглар, савобларингиз хеч камайиб колмайди демадингми?», деди. Шундай деб Абу Абдуррохман халқалардан бирининг ёнига келиб: «Нима қиляпсизлар?», деди. Эй Абу Абдуррохман, майда тошлар (тасбех) билан такбир, тасбех ва тахлилларни санаяпмиз, дедилар. Гунохларингизни сананглар, мен савобларингиз камайиб қолмаслигига кафолат бераман. Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайхи ва саллам уммати, холингизга вой бўлсин, халокатларингиз нақадар яқин келиб қолибди. Пайғам-барнинг сахобалари хали тирик, ул зотнинг кийимлари хали эскирмаган, сув ичган кўзалари хали синмаган бўлса-ю, сизлар халокат жари ёқасига келиб қолсангиз. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар Муҳаммад соллаллоҳу алайхи ва саллам динидан кўра тўғрироқ дин топдингизми ёки залолат эшигини очибсизларми.., деди. Улар «Аллоҳга касамки эй Абу Абдур-рохман, биз яхши ниятда қилдик», дедилар. Шунда у «Кўпчилик яхшиликни хохлайди ва яхши ният қилади, лекин унга етолмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам бизларга келажакда баъзи бир қавмлар чиқишини, уларнинг Қуръон ўқишини, аммо ўқиганлари халқумларидан нарига ўтмаслиги ҳақида айтганлар. Аллоҳга касам ичиб айтаманки, уларнинг кўпчилиги сизлардан чиқса керак деб ўйлаяпман, деди. Улардан юз ўгириб кетди. Амр ибн Салама айтадики: «Нахрувон жангида ўшаларнинг кўпчилиги Хаворижларга қўшилиб, бизга қарши жанг қилаётганини кўрдик». (Имом Тирмизий ривояти)

3. Имом Молик ибн Анаснинг олдиларига бир киши келиб: «Қаердан эхром боғлайман?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам белгилаб берган ва ўзлари хам эхром ўраган мийқотдан боғлайсан, дедилар имом Молик. - Агар узоқроқдан боғласамчи? - Бунақасини хали кўрмаганман. Бунинг нимаси ёмон? Фитнага сабаб бўлишинг мумкин. -Яхшиликни зиёда қилсам кандай фитна бўлиши мумкин? - Аллоҳ таъоло: «Пайғамбарнинг ишига хилоф иш тутадиганлар бирон фитна бўлишидан ёки ўзлари қаттиқ азобга дучор бўлишларидан эхтиёт бўлсинлар», дейди. Агар сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам белгилаб бермаган яхшиликни ўзингга белгилаб олсанг ундан катта фитна борми? Аллоҳга хамдлар бўлсин, уламолар хамиша бидъатчиларга карши курашиб келганлар. Бидъат аҳлига аҳли сунна вал-жамоанинг раддия бериш услуби Ахли сунна вал-жамоанинг барча иши Қуръон ва ҳадис устига қурилган. Бу энг мустахкам аслдир. Улар бидъатчиларнинг бидъатларини баён қиладилар. Сўнг суннатни махкам ушлаш ва бидъатларни инкор қилишга Қуръон ва ҳадисдан далил келтирадилар.
Ахли сунна вал-жамоа уламолари бу борада кўп китоблар ёздилар ва уларда шиъа, хавориж, жахмийя, мўътазила ва ашъорийя кабиларнинг эътиқоддаги бидъат сўзларини инкор қилдилар. Бу каби бидъатларнинг ҳар бири учун хос китоблар хам ёзилган. Мисол учун имом Ахмаднинг жахмийя тоифасига қарши ёзган китобларини, Усмон ибн Саид ал-Баромий, Ибн Таймийя ва унинг шогирди Ибн Қаййим, шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб кабиларнинг сўфийлар, қабрга сиғинувчилар ва бошқа тоифаларга карата ёзган китобларини келтириш мумкин.

Қадимий китоблардан қуйидагиларни хам санаш мумкин:
1 Китобул иътисом. (Имом Шотибий).
2 Китобу иқтизои-с-сиротил-мустакийм. (Ибн Таймийя). Бидъатчиларга нисбатан жуда кўп таъна-танбехлар бу китобда ёритилган.
3 Китобу инкорил-хаводис вал-бидъа. (Ибн Ваззох).
4 Китобул-хаводис вал-бидаъ. (Тортуший).
5 Китобул-боис ала инкорил-бидаъи вал-хаводис. (Абу Шамма).
6 Китобул минхажис-суннатин-набавийя фиррадди алар-рофиза вал қадария (Ибн Таймийя).

Замонавий китоблар мисолида қуйидагиларни айтиш мумкин:
1 Китобул-ибдоъ фи мазоррил-ибтидоъ. (Али Махфуз).
2 Китобус-сунани вал-мубтадиъотил мутааллиқати бил-азкори вассалавот. (Муҳаммад ибн Ахмад).
3 Рисолатут-тахзийр минал-бидъа. (Абдулазиз ибн Боз).
Аллоҳга шукрки, уламоларимиз хали хам бидъатни инкор этиб, бидъат ахлига қарши китоблар ёзмоқдалар. Бу харакатлар мусулмонларни поклашга ва бидъатни йўқолишига катта таъсир кўрсатади, иншоаллоҳ.

ТЎРТИНЧИ ФАСЛ
Хозирги кундаги баъзи бидъатлар

Пайғамбарлик билан бизнинг ҳозирги замонамиз орасида кўп вақт ўтганлиги, илмсизлик, бидъатга чақирувчиларнинг кўпайгани ва кофирларга тақлид қилиш кучайиб кетганлиги сабабли жуда кўп бидъатлар мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам: «Ўзингиздан олдин ўтган умматларнинг урф-одатига эргашиб кетишларингиз аниқ», деб бекор айтмаганлар. (Имом Тирмизий ривояти)
Бу бидъатларнинг баъзилари билан танишиб ўтамиз:
1. Рабиул аввал ойида Пайғамбаримиз туғилган кунлари - "мавлуд"ни нишонлаш.
Бу одат христианларнинг ўз Пайғамбарларининг туғилган кунини нишонлашларига ўхшайди. Оми мусулмонлар ёки адашган уламолар ҳар йили рабиул аввал ойида Муҳаммад соллаллоҳу алайхи ва салламнинг туғилган кунлари муносабати билан масжидларда, уйларда ёки махсус жихозланган жойларда байрам уюштирадилар, уларга кўпчилик ташриф буюради. Бу - христианларнинг Пайғамбарлари туғилган кунни нишонлашларидан олинган. Бундай муносабатлар ширк ва мункар амалларга олиб боради. Мисол тариқасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам номларига битиладиган қасидалар тўқилиши ва буларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам ҳақида хаддан ошиш, баъзиларида Аллоҳни қўйиб, у кишига дуо қилиш ва ундан ёрдам сўраш холатларини олиш мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайхи ва саллам ўзларини хаддан ортиқ мақташдан қайтарганлар: «Христианлар Марямнинг ўғлини (яъни ўз Пайғамбарларини) хаддан ортик мақтаб юборганлари каби сизлар хам мени хаддан ортиқ мақтаманглар. Мен бир бандаман, шунинг учун Аллоҳнинг бандаси ва элчиси денглар». (Муттафақун алайҳ) Баъзилар мавлуд бўлаётган жойга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламнинг руҳлари келади, деб ишонишади. Бу бидъатдаги хунук холатлардан бири – жўр бўлиб қасида айтиш, унга дўмбира чалиб қўшилиш каби бидъатчи тасаввуф ахлининг одатларидан. Баъзи ўринларда фитнага сабаб бўладиган эркагу аёлнинг аралашиб кетишига ўхшаш ношаръий холлар хам юз беради. Мазкур ишлардан холи бўлиб, фақат одамлар йиғилиб, овқатланиб, хурсандчилик қилиб ўтирадиган маросим бўлган тақдирда хам, бидъатдир. (“Хар бир янгилик бидъат, ҳар бир бидъат залолатдир”. Бундан ташқари у байрам ва тантаналарда келиб чиқадиган кўнгилсизликлар ва уларнинг ривожланишига олиб келадиган йўлдир). Бу ишни бидъат дейишимизга сабаб - Қуръонда хам, суннатда хам, ўтган уламоларнинг китобларида хам бунга асос йўқ. Бу маросимни хижрий IV асрда Шиалардан бўлмиш Фотимийлар тоифаси ўйлаб чиқарган. Имом Абу Хафс Тожуддин ал-Фокихоний ўзларининг “Мавлуд ҳақида ўринли рисола” номли китобларида шундай ёзадилар: "Робиул аввал ойида ўтказиладиган «Мавлуд» номли тантана ҳақида бир гурух мусулмонлар менга кўп марта савол бериб, асосли жавоб ва мукаммал изох сўрашди. Мен қуйидагича жавоб бердим: Тавфиқ Аллоҳнинг кўлидадир - «Мен бу тантана ёки маросимга Қуръонда хам, суннатда хам хеч кандай асос кўрмаганман. Ислом динида йўлчи юлдуз бўлган олимлардан биронталари бу маросимни ўтказганликлари хам хеч қаерда айтилмаган. Бу баттол кимсалар ўйлаб топган бидъатдир. Бунинг фақат қорин ғамида юрганлар учун фойдаси бор". Шайхулислом Ибн Таймийя ўзларининг “Тўғри йўлни топиш” номли китобларида шундай дейдилар: «Одамлар христианларга тақлид қилиб ёки Пайғамбаримизни яхши кўриб, хурмат қилганлари учун “мавлуд” бидъатини ўйлаб топишди. Аслида Пайғамбаримизнинг туғилган кунлари ҳақида тарихчилар ҳар хил кунларни айтганлар. Агар бу тўғри ва фойдали иш бўлганида эди, ўтмишдаги солих уламолар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) шу ишни қилган бўлардилар. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламни сиз билан биздан кўра қаттиқрок яхши кўрардилар, кўпрок хурмат қилардилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламни хурмат қилиш ва яхши кўриш у кишига эргашиш, итоат этиш, амрларига бўйсуниш, суннатларини тирилтириш (хох махфий суннат, хох ошкор), у киши олиб келган динни ёйиш, шу йўлда қалби, тили ва кўли билан жиҳодда кўринади. Бу йўл ўтмишдаги мухожир ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам хижрат қилиб келганларида бошпана бериб, у зотга эргашган ансорийларнинг йўлидир. Бу бидъатни йўқотиш учун кўп китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. Мавлуд маросимининг бидъатлиги ва христианларга тақлид эканлигидан ташқари авлиёлар, шайхлар, подшохлар ва бошқа нуфузли кишиларнинг ҳам туғилган кунини нишонлашга йўл очиб беради ва кўп ёмонликларга сабаб бўлади.
2. Баъзи жойларни, кадимий обидаларни ёки инсонларни (хох тирик, хох ўлик) табаррук қилиб олиш
Табаррук - арабча сўз бўлиб, барака сўраш деган маънони англатади. Барака хам арабча сўз бўлиб, яхшиликни зиёда бўлиши ва доимий қолиши маъносини билдиради. Баракани талаб қилиш фақат уни беришга қодир бўлган Зотга қаратилмоги лозим. У зот ёлғиз Аллоҳ таъолодир. Аллоҳдан бошқалар эса (у ким ёки нима бўлишидан қатъий назар) барака беришга хам, уни давомли колдиришга хам қодир эмаслар. Энди баъзи жойларга, обидаларга ва хаёт ёки вафот этган инсонларга бориб, уларни табаррук деб билиш, яъни барака умид қилишга қуйидагича хукм чиқарилади: Агар у одам шу нарса ё кимсалар барака беради деб эътиқод қилса у ширк келтирган бўлади. Агар шу нарса ёки кимсалар сабабли Аллоҳ менга барака беради деган бўлса, у ширк томонга йўл олган бўлади. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламнинг соч ёки соқол толалари, терлари ёки баданларидан чиққан шунга ўхшаш нарсаларни табаррук қилиб олганлар. Бу фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламга хос бўлган ва у кишининг хаётлик вақтларида амалга оширилган. Пайғамбаримизга-ки шундай муносабатда бўлинган экан, демак авлиёларнинг ўзини, қабрини ёки улар босган жойларни табаррук қилиб олиш мутлақо мумкин эмас. Ўтмишдаги солих уламолар хатто Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анху каби ислом оламидаги буюк шахсларни хаётлик вақтларида хам, вафотларидан кейин хам табаррук билишмаган, ёки солих уламолардан биронталари Хиро ғорига бориб намоз ўқиб ёки дуо қилиб келмаган. Хеч бир киши Аллоҳ таъоло Мусо соллаллоҳу алайхи ва саллам билан сўзлашган Тур тоғига бориб намоз ўкиб, дуо қилиб келмаган. Умуман, бирон Пайғамбар ёки авлиёнинг қадами теккан жойларга бориб табаррук қилишмаган. Мадинаи Мунавварадаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам доимий намоз ўқиган жойларини биронталари бориб силаб ўпма-ган ёки Маккадаги қадамлари теккан жойларни тавоф қилмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи ва саллам ўз қадамлари теккан ёки намоз ўкиган жойларини силаб ўпишни умматларига ўргатмаганлар. Шундай экан, қайси асосга биноан бировлар намоз ўқиган ёки ухлаган жойларини ўпиб силаш ёки табаррук қилиш мумкин?! Уламолар бундай ишларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам кўрсатмаларидан эмаслигини таъкидлаганлар.
3. Ибодатлардаги ва Аллоҳга якин бўлиш мақсадида қилинадиган ишлардаги бидъатлар.
Хозир ибодатлар ичида хам бидъат амаллари кўпайиб кетган. Ибодатлар масаласида фақат буюрилган ишларни қилиш керак, айтилмаган нарсаларни кўзига яхши кўрингани учун ўзича ибодатга қўшиб олиши мумкин эмас. Буюрилган ишлар эса далил билан исботланади, далил топилмаган ишлар қуйидаги ҳадисга биноан бидъат бўлади: «Кимки бизнинг ишимиздан бўлмаган бир ишни қилса, у иш рад қилинади».
Хозир далил-хужжати бўлмаган ишлар кўпдир: Масалан: «Фалон намозни ўқишга ният қилдим» - деб овоз чиқариб ният қилиш. Бу бидъатдир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламнинг суннатлари бундай эмас эди. «(Эй Муҳаммад, у аъробийларга) айтгин: «Сизлар Аллоҳга динингларни (иймонларингни, ҳақикий эканлигини) билдирмоқчимисизлар?! Холбуки, Аллоҳ осмонлардаги ва Ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир!». (Хужурот: 16) Ниятнинг жойи қалб бўлиб у тилда эмас, қалбда адо этилади.
Намоздан кейин ўтириб, жамоат бўлиб тасбех ва бошқа зикрларни айтиш хам бидъатдир. Чунки шариатда зикр-тасбехларни ҳар ким ўзи мустақил айтиши кўрсатилган.
Яна дуодан кейин ёки маросимларда ёхуд ўликларга атаб «Фотиха» сурасини ўқиш хам бидъатдир. Ўликларга атаб маросимлар ўтказадиган, таомлар пиширадиган, Қуръон ўқувчиларни ёллаб Қуръон ўқитадиган ва шу билан ўликка бирон фойда етказдим деб ўйлайдиганлар кам эмас. Бу амалларнинг хаммаси бидъат бўлиб, динимизда уларни қўллаб-қувватлайдиган асос йўқ. Улар инсонлар ўзлари ўйлаб топган уйдирмалардир.
Баъзи диний саналарни, масалан, Исро ва Меърож кечаси ёки хижрат қилинган кунни байрам қилиб маросим ўтказишлар бидътдир. Шунга ўхшаш ражаб ойида ражаб умраси деб атайлаб умра қилиш, ўша ерда рўза тутиш, атайлаб ўша куни нафл намозлар ўқиш хам бидъатлар жумласидандир. (Бу амалларга бошқа ойда қанча савоб бўлса бу ойда хам худди шундай. Бу ойда қурбонлик қилса, қурбон хайитидан бошқа ойларда қилган қурбонлик савоби билан баробар ажр бўлади).
Шунингдек, баъзи тасаввуф ахлининг ўйлаб чиқарган маълум усулда ва маълум вақтларда айтиладиган зикрлари хам бидъатдир. Чунки улар шариатда кўрсатилган зикрлар услуби ва вақтига хилофдир. Шаъбон ойининг ўрта кечасида атайлаб фақат намоз ўқиш ва ўрта кунида атайлаб рўза тутиш хам бидъат. (Аммо одатий вақти ва шароити шу кун ёки шу кечага тўғри келиб колса зарари йўқ).
Бундан ташқари қабрлар устига мақбаралар қуриб, у ерларни масжид қилиб олиш хам бидъат саналади. Қабрларни табаррук санаб тавоф қилиш, ўликларга илтижо қилиш ва қабр зиёратига аёлларнинг бориши хам шулар жумласидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни, у ерни масжид қилиб олиб намоз ўкувчиларни ва қабрларга шам ёки чироқ ёқувчиларни лаънатлаганлар.

ХОТИМА

Бидъат - куфрга олиб борувчи йўл. У Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайхи ва саллам кўрсатмаган нарсани динга кўшишдир.
Бидъат гунохи кабиралардан ёмонроқдир. Шайтон гунохи кабирадан кўра бидъат қилувчи билан кўпроқ қувонади. Чунки гунох қилувчи гунох қилаётганини билиб туради ва унга вақти келиб, тавба қилиши мумкин. Бидъат қилувчи эса қилаётган ишини диний амал, савобга эга бўламан деб ўйлайди ва тавба қилиш у ёкда турсин, қилаётган иши гунох эканини хам билмайди.
Бидъат суннат амалларининг йўқолишига олиб келади, бидъатчиларга суннатни ва унга амал қилувчиларни ёмон кўрсатиб қўяди.
Бидъат инсонни Аллоҳдан узоқлаштиради, Аллоҳнинг ғазаби ва азобига дучор қилади ва қалбларнинг бузилиб, корайишига олиб келади.
Бидъатчиларга нисбатан қандай муомалада бўлинади?
Бидъатчи билан бирга даврада ўтириш ёки унинг зиёратига бориш манъ қилинган. Агар унга насихат қилиш ёки қилаётган ишидан кайтариш учун борилса, мумкин. Улар билан алоқа қилиш кишига ёмон таъсир кўрсатади ва нафрат-адовати бошқаларга хам ўтишига сабаб бўлади. Агар уларни бу йўлдан кайтаришнинг иложи бўлмаса, давлат рахбарлари бидъатчиларни манъ қилишлари ва бу йўлларидан кайтаришлари шарт бўлади. Чунки улар исломга жуда катта хавф туғдирадилар. Кофир давлатлар бидъатчиларни қўллаб-қувватлаётгани, Ислом дини оёғига болта уриш учун жуда қулай восита бўлгани боис, бидъат амалларини халқ ичида тарқатишга катта ёрдам бераётганини хам мусулмонлар билишлари лозим.
Аллоҳ таъолодан динига ёрдам бериб, шаҳодат калимасини устун қилишини ва душманларини хор этишини сўраймиз. Аллоҳ таъоло Пайғамбаримизга, У зотнинг оила аъзоларига ва дўст-ёрларига саломлар ва салавотлар юборсин.

Категория: Islom Dunyosi | Joyladi: SARDORMIRZO (07-Декабря-2007)
Ko'rildi: 2014 | Izoxlar: 1 | Reytingi: 4.0/3 |
Barcha Izoxlar: 1

1. SULTON (15:18 Shanba)
cry cry cry
Ro'yxatdan o'tgan Foydalanuvchilargina izox qoldirishlari mumkin.
[ A'zo bo'ling | KIRISH ]
Portalga Kirish
IZLASH
Foydali linklar
Saytga Kirganlar Soni

UzCinema © 2025 |