Иблиснинг тарихи Ер юзида инсонлардан олдин жинлар (оловдан яратилган махлуқлар) истиқомат қилишган. Жинлар Аллоҳнинг барча амру-наҳийларини тарк этиб, ер юзида бузғунчилик тарата бошлаганларида, Аллоҳ уларнинг устига фаришталарни юборди. Фаришталар жинларнинг кўпчилик жинларни ҳалок этдилар. Оз сонли жинларгина, орол ва ғорларда жон сақлаб, тирик қолдилар. Осмонга эса фаришталар ўзлари билан кичик бир жинни олиб кетдилар. Унинг номи Иблис бўлиб, у фаришталар билан биргаликда ибодат қиларди ва ўз ибодатида фаришталар билан бир сафда эди. Аммо Аллоҳ таоло лойдан бир махлуқ яратиб, унга нурдан яралмиш фаришталарни сажда қилишга буюрди. Мазкур буйруқ уларнинг садоқатини гўёки синаш эди. Фаришталар, албатта, ушбу буйруққа итоат этиб, барчалари сажда қилдилар. Магар Иблис Аллоҳнинг буйруғидан бош тортди. (Аллоҳ) деди: "Сенга буюрган пайтимда нима сени сажда қилишдан тўсди?" "Мен ундан (Одамдан) яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг", деди у. (Аъроф:12) Иблис, узоқ йиллар фаришталар сафида ибодат қилиб келган Иблис, бирданига такаббурлик қилиб, Раббининг биргина амрига бўйсунмади. Унга жавоб қадай бўлди? Аллоҳ бунга қандай жазо қўллади? (Аллоҳ) деди: "Бас, ундан (яъни, жаннатдан) чиқ! Энди сен, шак-шубҳасиз, (Менинг даргоҳимдан) қувилган - малъунсан. Ва албатта то жазо (қиёмат) кунигача сенга (барчанинг) лаънати бўлур" (Хижр:34-35). Шундай қилиб, Аллоҳни биздан кўра кўпроқ таниган, фаришталар билан бир сафда ибодат қилиб келган Иблис ўз такаббурлиги оқибатида Аллоҳнинг биргина амридан бўйин товлаши биланоқ, кофирлар қаторига ўтди, Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди, Қиёматгача малъунга айланди ва абадул-абад дўзахий бўлди. Мусулмон киши учун мана шу ерда муҳим бир нукта бор. "Мусулмон, муслим" сўзлари "Аллоҳга таслим бўлувчи, Раббининг ҳар бир амрига итоат этгувчи" деган маънони англатади. Мусулмон бугун ушбу номга қанчалик лойиқ? Ҳар қадамда Парвардигорнинг буйруқларини поймол этаётган тавба қилиш ва Раббига қайтишни ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаётган бир пайтда, ўзини "Аллоҳга таслим бўлувчи" деб номлашга ҳақлими? Ё қалбида (аниқроғи хаёлда) ишониб, бироқ диндан ўзига хуш келган ишларнигина қилиб қўйиб, нафсига оғир туюлганларини тарк этиб кетавериш кифоями? Аллоҳ бандаларидан Ўз буйруқларига тўлиқ ва бутунлай итоат қилинишини талаб этади. Агар бундай бўлмаганида, Иблис кофирлардан бўлиб қолмасди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Аллоҳнинг буйруқларига тўлиқ ва бутунлай итоат этмаётган кишилар Иблиснинг йўлидан кетаётган бандалардир ва Қиёмат куни унинг ортидан гуруҳ-гуруҳ бўлиб жаҳаннам қаърига улоқтириладилар. Нақадар ёмон оқибат! Иблисга тавқи лаънат илингач, у Аллоҳдан Қиёмат кунига қадар мухлат бермоғини сўради: "Менга улар тириладиган Кунгача (қиёматгача яшаш учун) муҳлат бер", деди у. (Аллоҳ) деди: "Сен муҳлат берилганлардансан". У айтди: "Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан". (Аллоҳ) айтди: "Ундан (жаннатдан) жирканч ва мағлуб ҳолда чиқ! Қасамки, улардан кимда-ким сенга эргашса, албатта жаҳаннамни сизларнинг барчаларингиз (сен ва сенга эргашганлар) билан тўлдирурман. Эй Одам, сен эса жуфтинг (Ҳавво) билан жаннатни маскан тутиб, хоҳлаган жойингиздан таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки, у ҳолда золимлардан бўлиб қолурсиз. Сўнг шайтон уларни беркитилган авратларини очиб юбориш учун васвасага солди ва: "Парвардигорингиз фақат фаришталарга айланмаслигингиз ёки (жаннатда) абадий яшаб қолмаслигингиз учунгина сизларни бу дарахтдан қайтарди", деди. Ва уларга: "Албатта мен сизларга холисларданман", деб қасам ичди. Бас, алдов билан уларни (тубан ҳолатга) тушириб қўйди. Ўша дарахтдан тотиб кўришлари биланоқ авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. (Шунда) уларга Парвардигорлари нидо қилиб (деди): "Сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва албатта шайтон сизларнинг очиқ душманингиз демаганмидим?!" Улар: "Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр-зулм қилдик. Агар бизларни мағфират ва раҳм қилмасанг, шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз", дедилар. Аллоҳ айтди: "Бир-бирингизга (яъни шайтон инсонга, инсон шайтонга) душман бўлган ҳолингизда (жаннатдан) тушингиз! Энди сизлар учун маълум бир вақтгача (яъни ажалингиз етгунча) ерда қарор топиб фойдаланиш бор. Унда яшайсизлар ва унда ўлурсизлар ва ундан (ҳисоб-китоб учун) чиқарилурсизлар, деди У. (Аъроф:14-25) Шу ўринда савол туғилади: нима сабабдан Иблис кофир бўлди-ю, Одам кофир бўлмади, ахир иккиси ҳам Аллоҳнинг амрига итоат этмади-ку? Сабаб шуки, Одам тавба қилди, лекин Иблис тавба қилишни ўйлаб кўргани ҳам йўқ. Зеро бандалар дунёда, ҳаёт пайтларида тавба қиларканлар, гуноҳлари нақадар улкан бўлса-да, Аллоҳ таоло тавбаларини қабул этади. Аммо вақт бой берилгач, дунёдан ўтгач, Қиёмат кунида тавба-тазарруъ ўтмайди, фақат ажр-мукофот ёки азоб-уқубатга рўбарў қилинадилар. Инсоннинг бу дунёдаги ҳаёти - синов муддати, синовларнинг бири - Иблис. Иблис Одам авлодини Аллоҳнинг ҳақ йўлидан адаштириш учун бор кучини сарфлайди. Аллоҳ бу ҳақда бизни огоҳлантиради: "Эй Одам болалари, шайтон Оталарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни уятли аҳволга солиб қўйиш) учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин! Чунки у ва унинг малайлари сизларни ўзингиз билмайдиган тарафдан кўриб турадилар (яъни қандай алдашганини сезмай қолишингиз мумкин). Албатта Биз шайтонни иймонсиз кимсаларга дўст қилиб қўйганмиз". (Аъроф:27). Иблиснинг малайлари - жин, инсон ва ҳайвонлардан бўлмиш унга ишловчи, унга эргашувчилардир. Шундай қилиб, шайтон (унга лаънатлар бўлсин), Аллоҳнинг ҳузуридан қувилган ўша соатдан бошлаб, бугунги кунга қадар ягона мақсади - Одам зурриётини адаштириш. Мана шу узоқ муддат мобайнида у малъун васваса, алдов ва адаштириш соҳасида ниҳоятда улкан тажриба тўплаб, ўзининг инсонлардан бўлмиш малайларига ўргатади. Бу тажрибали душманга қарши тура олиш учун, душманни таний олиш лозим, унинг кучли ва заиф тарафлари, адаштиришининг услуб ва даражалари, у кира оладиган эшиклар ҳамда унга қарши қўйиладиган қўрғонларни билиш зарур. Улар ҳақида бизга маълумот бера оладиган манбаъ - албатта, Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатидир. Ҳаётда фақат икки йўл бор: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) орқали бизга етказилган Аллоҳнинг йўли ва турфа хил, ранг-баранг, аммо охир-оқибат ловуллаган абадий дўзахга қулатувчи сўқмоқлардан иборат Иблис йўли. Аллоҳнинг йўли абадий жаннатга олиб боради, Иблис йўли - абадий жаҳаннамга. Ақл-хуши соғлом инсон ўзи учун жаннатдан воз кечиб, жаҳаннамга рози бўлмайди. Ушбу рисолада биз Иблис ва унинг йўли ҳақида суҳбатлашамиз. Аллоҳга холис ибодат қилишни истаган ва ўз оқибатини абадий жаннатда бўлишини хоҳлаган мусулмон биродарлар ва муслима опа-сингиллармиз Иблиснинг макр-хийласига қарши тура олиш учун ушбу рисоладаги маълумотлардан фойдалансинлар. Сизларни Аллоҳга топширдик! АДАШТИРИШНИНГ ДАРАЖАЛАРИ БИРИНЧИ ДАРАЖА: куфр (ширк). Куфр - Аллоҳга шерик нисбат қилиш, ҳамда Аллоҳ ва Унинг Расулига (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нисбатан адоватда бўлишдир. Агар Иблис инсонда куфрни пайдо қила олса, иши енгиллашади. Шайтон ундан биринчи бўлиб куфрни талаб қилади, то ўз муродига эришмас экан, тинч қўймайди. Мағлуб бўлиб, кофир ё мушрикка айланган одам шайтоннинг лашкарлари қаторига қўшилади ва Иблис йўлининг даъватчисига айланади. ИККИНЧИ ДАРАЖА: динда йўқ ибодатлар (бидъат). Бидъат шайтон учун фасод ва гуноҳлардан ҳам суюклироқдир, чунки бидъатнинг зарари бевосита динга уради, бу - диндаги вабо, бу - тавбасиз гуноҳ, бу - пайғамбарлар чақириғига қаршилик ва куфру-нифоқ эшигидир. Шайтон инсонни бидъат кўчасига бошлар экан, бу киши унинг ёрдамчисига айланади, мабодо бошлай олмаса, мабодо киши бидъатга қарши бўлса, у ҳолда шайтон унга кейинги даражадаги васвасани қўллайди. УЧИНЧИ ДАРАЖА: катта гуноҳлар (гуноҳи кабиралар). Мазкур икки даражадан сўнг шайтон инсонни катта гуноҳларга васваса қилади, айниқса, агар бу - унга бошқалар эргашадиган олим киши бўлса. Бу билан шайтон одамларни олим кишидан узоқлаштиришни истайди. Сўнг эса унинг хатоларини одамлар орасида ёйиб, янги эргашувчиларни топади. Гуноҳи кабиралардан тийилмаган кишилар энди ўзларини "оқлаш" учун гуноҳларига диндан "рухсат" излайдилар ва ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром қила бошлайдилар. Аслида эса тўғридан-тўғри Иблисга хизматкорлик қилаётган бўладилар. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: "Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир". (Нур:19). ТЎРТИНЧИ ДАРАЖА: кичик гуноҳлар (гуноҳи сағиралар). Кичик гуноҳлар кўпайса, катта гуноҳга айланади ва эгасини ҳалок қилади. Саҳл ибн Саъддан Имом Аҳмад ривоят қилади: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: "Майда гуноҳлардан эҳтиёт бўлинглар. Майда гуноҳларнинг мисоли жар ёқасидаги кишиларга ўхшайди. Биттаси бир қанча ўтин келтирди, бошқаси - яна бир қанча, ниҳоят гулхан ёқишиб, ўзларига таом пиширдилар. Аниқки, кичик гуноҳлар кўпайганда, бандани ҳалок қилади". Агар шайтон бандани бу даражага олиб кира олмаса, кейинги даражага васваса қилади. БЕШИНЧИ ДАРАЖА: мубоҳ (рухсат берилган) ишлар. Шайтон мубоҳ ишлар билан машғул қилиб қўяди (масалан, давомли уйқу, ортиқча таом, либосда исроф ёки вақтни бефойда ўтказиш каби). Агар шайтон инсонни бу даражага олиб кира олмаса ва банда ўз вақтини қадрлаб, солиҳ амаллар қилишга интиладиган кишилардан бўлса, у ҳолда шайтон кейинги даражага васваса қилади. ОЛТИНЧИ ДАРАЖА: иккинчи даражали ишлар. Шайтон бандани иккинчи даражали ишлар билан машғул қилиб, аслида, асосий ишлардан ғафлатда қолдиради. Камдан-кам одам буни фаҳмлай олади. Кўпинча банда Аллоҳдан деб, бирон солиҳ амални бажармоқчи бўлади-ю, аслида шайтондан эканлиги хаёлига ҳам келмайди. Шайтон банда рўбарўсида етмиш яхшилик эшигини очиб, бу эшиклар орқали бир гуноҳга олиб бормоқчи ёки етмиш эшикнинг барчасидан афзал бир яхшилик эшигини ёпмоқчи эканини билмаса, у инсонни кечириш мумкин. Буни фақат барча йўллардан кўра Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йўлини афзал билган, асосий ишларни иккинчи даражали ишлардан фарқлай олган ҳамда барча ишнинг Аллоҳ наздидаги асл қийматини билган зотларгина билиши мумкин. Буни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) меросидан насибадор киши қалбига Аллоҳ таоло тарафидан ато этилмиш нур орқали билиши мумкин. Бу мерос эса фақат у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йўлини ўрганиш ва унга эргашиш орқали қўлга киритилади. Одамларнинг аксарияти ушбу ҳақиқатлардан ғофилдирлар, аммо Аллоҳ таоло Ўз фазлини хоҳлаган кишиларга насиб этади. Инсонни шайтон мазкур олти даражага олиб кира олмагач, инсон ва жинлардан бўлмиш лашкарини унга қарши ташлайди. Улар бандани маломат қилишади, азият етказмоқчи бўлишади, унга турли айбларни тўнкашади, одамларни ундан бегона қилишади ва унинг қалбидаги иймон, сабот, ғайрат ва шижоатни сўндирмоқчи бўлишади. Бугунги жамиятда бу яққол зоҳир. Аллоҳнинг динини маҳкам, Расулининг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йўлида мустақим бўлган ҳар бир зот узоқ-яқиндаги дўсту-душман тарафидан барча адоват, ҳақорат ва камситишларга дучор бўлади. Банда учун фақат Аллоҳ ҳузурида паноҳ излаш йўли қолади. Барча нарсага қодир Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг ёрдамчисидир, ва охир-оқибат тақводорларники. давоми бор - Адаштириш услублари
|